Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Кусуф ва хусуф намози ҳақида

00:00 / 18.04.2011 | eski savollar | 3770

Ҳазрат, сизнинг «Ҳадис ва Ҳаёт» асарингизни ўқишим жараёнида менда бир неча саволлар пайдо бўлди. Ушбу саволлар мазмунини қуйида баён этишга ижозат бергайсиз:

Ҳазрат, сиз «Ҳадис ва Ҳаёт»нинг 7-жузи, 12-боб – «Суннат қилинган намозлар ҳақида», «Кусуф намозининг турлари», 41-бетда кусуф намозини ўқишнинг бир неча турларини келтиргансиз ва «Ҳар ким ўз мазҳабида танланган турини ўқиса, афзал бўлади», деб ёзгансиз. Лекин ҳанафий мазҳаби бўйича қайси тури қабул қилинганлиги айтилмаган. Ҳазрат, ҳанафий мазҳаби бўйича кусуф намозини қай тарзда ўқиш қабул қилинган?

Ҳазрат, ҳанафий мазҳаби бўйича хусуф намозини қай тарзда ўқиш қабул қилинган?

Жавобларингиз учун олдиндан ташаккур. Аллоҳ илмингизни янада зиёда ва мартабангизни Ўз ҳузурида янада улуғ қилсин. Аллоҳим қилаётган хайрли ишларингизни янада баракотли ва бардавом айласин. Қимматли вақтингизни олганим учун рози бўлгайсиз. Аллоҳ сизни ва оила аъзоларингизни ҳамиша Ўз паноҳида асрасин.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

«Кусуф» сўзи қуёш тутилишига, «хусуф» сўзи ой тутилишига нисбатан ишлатилади.

Бу икки намоз ҳақида ҳанафий фиқҳ китобларимизда қуйидагилар айтилган:

 КУСУФ ВА ХУСУФ НАМОЗИ

Қуёш тутилганда жуманинг имоми одамлар билан икки ракъат нафл намоз ўқийди.

Ўша намоз худди Жума ва икки ийд намозлари каби бўлади.

عَنْقَبِيصَةَ الْهِلَالِيِّ قَالَ: كُسِفَتِ الشَّمْسُعَلَى عَهْدِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَخَرَجَ فَزِعًا يَجُرُّ ثَوْبَهُ وَأَنَا مَعَهُ يَوْمَئِذٍ بِالْمَدِينَةِ، فَصَلَّى رَكْعَتَيْنِ، فَأَطَالَ فِيهِمَا الْقِيَامَ، ثُمَّ انْصَرَفَ وَانْجَلَتْ، فَقَالَ: «إِنَّمَا هَذِهِ الْآيَاتُ يُخَوِّفُ اللهُ بِهَا فَإِذَا رَأَيْتُمُوهَا فَصَلُّوا كَأَحْدَثِ صَلَاةٍ صَلَّيْتُمُوهَا مِنَ الْمَكْتُوبَةِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ وَالْحَاكِمُ. 

Имом Абу Довуд, Насоий ва Ҳоким Қобийса ибн Мухориқ Ҳилолий розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида қуёш тутилди. У зот кийимларини судраганларича дахшатга тушган ҳолда чиқдилар. Икки ракъат намоз ўқидилар. Иккисида узоқ қиёмда турдилар. Сўнг қуёш очилганда қайтдилар ва: «Булар оят-белгилардир. Аллоҳ таоло улар билан бандаларини қўрқитади. Қачон уларни кўрсангиз, энг яқиндаги ўқиган фарз намозингиз каби намоз ўқинг», дедилар».

Камол ибн Ҳумом: «Ўшанда бомдод намозидан кейин, қуёш икки найза бўйи кўтарилганда тутилган эди», деган.

Иккисида қироатни махфий ва узоқ қилади.

عَنْسَمُرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَصَلَّى بِنَاالنَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَفِي كُسُوفٍ لَا نَسْمَعُ لَهُ صَوْتًارَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.

 Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуёш тутилганда бизга имом бўлиб намоз ўқидилар. Биз у зотнинг овозларини эшитмадик».

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Чунки қуёш кундузи тутилади. Кундузи жамоат намозларида қироат махфий бўлади.

وَقَالَتْعَائِشَةُ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا:كُنَّا فِي صَلَاةِ كُسُوفٍ فَحَزَرْتُ قِرَاءَتَهُ في الرَّكْعَةِ الْأُوْلَىبِسُورَةِ الْبَقَرَةِ، وَفِي الثَّانِيَةِ بِسُورَةِ آلِ عِمْرَانَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

 Оиша розияллоҳу анҳо дедилар:

«Кусуф намозида эдик. У зотнинг қироатларини биринчи ракъатда Бақара сурасига, иккинчисида эса Оли Имронга тахмин қилдим», деганлар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Қироат махфий бўлганидан қайси сурани қироат қилганларини билиб бўлмаган. Шу билан бирга, қироат узоқ бўлгани ҳам билиниб турибди.

Сўнгра то қуёш очилиб кетгунча дуо қилади.

Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шунга амр қилганлар.

عَنْأَبِي مُوسَى رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَقَالَ: إِنَّ هَذِهِ الْآيَاتِ الَّتِي يُرْسِلُ اللهُ لَا تَكُونُ لِمَوْتِ أَحَدٍ وَلَا لِحَيَاتِهِ، وَلَكِنَّ اللهَ يُرْسِلُهَا يُخَوِّفُ بِهَا عِبَادَهُ، فَإِذَا رَأَيْتُمْ مِنْهَا شَيْئًا فَافْزَعُوا إِلَى ذِكْرِ اللهِ وَدُعَائِهِ وَاسْتِغْفَارِهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ юборадиган ушбу оятлар бировнинг ўлими ёки ҳаёти учун бўлмайди. Лекин Аллоҳ уларни бандаларини қўрқитиш учун юборади. Улардан бир нарсани кўрсангиз, Аллоҳга зикр ва дуо қилишга, истиғфор айтишга шошилинг», дедилар».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Бу намозда жумага ўхшаган хутба қилинмайди. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқишга амр қилганлар. Хутба қилишга буюрмаганлар.

Агар имом ҳозир бўлмаса, худди хусуфдаги каби якка-якка ўқийдилар.

Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хусуф намозини жамоат билан ўқиганликлари нақл қилинмаган. Шунинг учун хусуф намози уйларда оддий нафл намозлари каби ўқилади.

Валлоҳу аълам.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077

Топ рейтинг www.uz Openstat