Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Соқит бериш

02:57 / 28.11.2018 | Одилбек | 923
Ассалому алайкум! Менинг онам Андижон шахрида жойлашган қаландархонадаги эшон боболар қабри қўйилган хонадонларга соқит садақа (қуруқ чой, сўйилган хўроз, 2 кг ун, 4 та нон, сут ёки сутни пули 10000 сўм ва думба ёғи) бериб келишга одатланган. Бизга хам шуни беришни буюрадилар. Шу қилаётган ишлари тўғрими? Онам айтишларича 2-жахон уруши вақтида тоғалари жангларга киришдан олдин шу соқит беришни оналарига хат ёзиб айтар экан, тоғалари 5 йил жанглардан омон қайтган эканлар. Шу шу ихлоси баланд...

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

- Ва алайкум ассалом! Хонадон эгалари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг авлодларидан бўладиган бўлса ёки хўжалардан бўладиган бўлса садақа олиш ва одамларни уларга бериши ҳалол эмас.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳлларига, оила аъзоларига закот олиш умуман жоиз эмас.
Бу жуда ҳам улуғ бир қоидадир. Кишиларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қариндош бўлганлари учун садақалардан маҳрум қилиш бошқа камбағалларнинг эътиборини ва ташвишини қилишдан иборатдир. Агар Оли Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга садақа олиш жоиз бўлганида, ҳамма уларга беришга ҳаракат қилар эди. 

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَرَّ بِتَمْرَةٍ فِي الطَّرِيقِ، فَقَالَ: لَوْلَا أَنْ تَكُونَ مِنَ الصَّدَقَةِ لَأَكَلْتُهَا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлда ётган хурмо ёнидан ўтдилар ва:
«Агар садақа бўлмаганида, уни еган бўлар эдим», дедилар».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Шарҳ: Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига ҳам садақани ҳаром қилгандир. Садақани емасликлари у зотнинг пайғамбарликларининг белгиларидан биридир.
Салмон Форсий розияллоҳу анҳу аҳли китобиланинг билимдонларига шогирд тушганида улар «Охирги замон пайғамбарининг белгиларидан бири – садақани емаслиги», деб айтган эдилар. Ана шу пайғамбарни излаб, Мадинаи мунавварага келиб қолган ва бир одамнинг боғида қарол бўлиб юрган Салмон Форсий Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўша ерга келганларини эшитиб, саватда хурмо олиб боради. У зот: «Бу хурмо ҳадями, садақами?» деб сўрайдилар. «Ҳадя», деган жавобдан сўнг ундан ейдилар. Иккинчи сафар «Садақа», дейилганида «Ундай бўлса, бизга тўғри келмайди», деб, қўлларини тортадилар. Ана шунда Салмон Форсий у зотнинг ҳақиқий Пайғамбар эканликларига ишонадилар. 

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: أُتِيَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِلَحْمٍ، فَقُلْتُ: هَذَا مَا تُصُدِّقَ بِهِ عَلَى بَرِيرَةَ، فَقَالَ: هُوَ لَهَا صَدَقَةٌ وَلَنَا هَدِيَّةٌ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ  

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга гўшт келтирилди. Мен:
«Бу Барийрага садақа қилинган», дедим. У зот:
«Бу унга садақа, бизга ҳадя», дедилар».
Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Барийра Оиша онамиз томонларидан озод қилинган, асли чўри аёл бўлиб, у кишининг хизматларини қилиб юрар эди. Демак, садақа олиши ҳалол бўлган одам уни олиб, ўзига мулк бўлгандан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ёки у зотнинг оли байтларига ҳадя қилса бўлади. Бу ҳолатда у нарсанинг садақалик сифати қолмай, ҳадяга айланган бўлади. 

كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا أُتِيَ بِطَعَامٍ سَأَلَ عَنْهُ، فَإِنْ قِيلَ هَدِيَّةٌ أَكَلَ مِنْهَا، وَإِنْ قِيلَ صَدَقَةٌ لَمْ يَأْكُلْ مِنْهَا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَمُسْلِمٌ  

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қачон таом келтирилса, у ҳақида сўрар эдилар. Агар «ҳадя» дейилса, ундан ер эдилар. Агар «садақа» дейилса, ундан емас эдилар».
Термизий ва Муслим ривоят қилганлар. 

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ الْحَارِثِ الْهَاشِمِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَسَاقَ حَدِيثِاً حَتَّى قَالَ: إِنَّ هَذِهِ الصَّدَقَاتِ إِنَّمَا هِيَ أَوْسَاخُ النَّاسِ، وَإِنَّهَا لَا تَحِلُّ لِمُحَمَّدٍ وَلَا لِآلِ مُحَمَّدٍ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالنَّسَائِيُّ  

«Абдуллоҳ ибилан Ҳорис ал-Ҳошимий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган узун ҳадисда, жумладан:
«Албатта, ушбу садақалар одамларнинг киридан ўзга нарса эмас. Албатта, улар Муҳаммадга ҳам, Муҳаммаднинг оли байтига ҳам ҳалол бўлмайди», дейилган.
Муслим ва Насаий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зоти бобаракотнинг оли байтларига садақа ва закотларнинг ҳалол бўлмаслигининг ҳикмати шу. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat