Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Овқатга пашша тушса...

07:34 / 28.02.2016 | eski savollar | 3359

Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  овқатга пашша тушса уни икки қанотини ҳам овқатга чўктиришни айтганлар. Пашша тушган овқатни eйиш кeракми ёки уни ташлаб юбориш кeракми?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом!  

عَنْ َأِبي هُرَيْرَةَ  رضي الله عنه، عَنِ النَّبِيِّ  صلي الله عليه و سلم قَالَ: إِذَا وَقَعَ الذُّبَابُ فِي إِنَاءِ أَحَدِكُمْ فَلْيَغْمِسْهُ كُلَّهُ ثُمَّ لْيَطْرَحْهُ فَإِنَّ فِي أَحَدِ جَنَاحَيْهِ شِفَاءً وَفِي الْآخَرِ دَاءً. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَزَادَ: وَإِنَّهُ يَتَّقِي بِجَنَاحِهِ الَّذِي فِيهِ الدَّاءُ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки бирортангизнинг идишига пашша тушиб қолса, унинг ҳаммасини суюқликка ботирсин, сўнгра ташлаб юборсин. Чунки унинг икки қанотининг бирида шифо, бошқасида дард бор», дедилар».Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.Абу Довуд: «Ва албатта, у (пашша) дард бор қаноти ила ҳимояланади»ни зиёда қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сиз билан биз – умматларига идишимиздаги суюқликка пашша тушиб қолса, қандай тасарруф қилишимиз ҳақида маслаҳат бермоқдалар. Бу маслаҳатга биноан, идишдаги суюқликка тушган пашшанинг суюқликка тушмай қолган томонини ҳам ботириб туриб, сўнгра олиб ташлаш керак экан. Бу сиртдан қараганда ғаройиб туюлади. Пашша ва унга ўхшаш ҳашаротлар таомга тушганда иложи борича уни ўша нарсага кам теккизишга ҳаракат қилиш мантиққа тўғрига ўхшайди. Бу ҳадис билан танишувчи ҳар бир инсонда шу каби фикр пайдо бўлишини эътиборга олган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги гапни нима учун айтганларини шарҳлаб: «Чунки унинг икки қанотининг бирида шифо, бошқасида дард бор», дедилар».Имом Абу Довуд келтирган ривоятда эса:«Ва албатта, у (пашша) дард бор қаноти ила ҳимояланади» деб, пашша бирор суюқликка тушиб, хатарга йўлиққанда ўзини сақлаш учун дард бор қанотини хатар томонга тўғрилашини баён қилдилар. Демак, ҳар бир пашша таомга тушганда, албатта зарарли қаноти билан тушар экан. Мазкур зарарни даф қилиш учун унинг шифоли қанотини ҳам таомга ботириш керак экан. Бу ҳадиси шарифга нисбатан одамларнинг муносабати тарих давомида ўзгариб келган. Пай¬ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давр¬ларида саҳобаи киромлар ўз одатлари бўйича бу ҳадиси шарифни эшитишлари билан дарҳол «Эшитдик ва бўйсундик», деб, амал қилиб кетаверишган. Кейинчалик ҳадиси шарифларни чуқур ўрганган ва улардан турли ҳукмларни чиқарган уламоларимиз эса «Бировнинг идишига пашша тушиб қолса, уни аввал ботириб, кейин олиб ташлаши керак», деб айтганлар ва ёзганлар. Ундан сўнг асрлар ўтиб, баъзи бир чала олимлар пайдо бўлиб, пашшани таом ёки ичимликка ботириб олиш илмга тўғри келмайди, пашшада турли микроблар бўлади, у суюқликка қанча кўп ботса, микроблари шунчалик кўп тўкилади, дея бонг урдилар. Бу фикрни баъзилар Исломни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни қолоқликда, жоҳилликда айблаш учун ишлатдилар. Баъзи бир Исломни ўзича «ҳимоя» қилмоқчи бўлганлар эса ушбу ҳадисни тўғри эмас, заиф ҳадис, деб эълон қилишга шошилдилар. Лекин илм ривожланиши билан ҳамма нарса ўз ўрнига тушди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жоҳил эмас, олим эканлар. Олим бўлганларида ҳам, мўъжиза гапларни айтадиган олим эканлар. Бу ҳадиси шариф саҳиҳ экан. Саҳиҳ бўлганда ҳам, Имом Бухорий ривоят қилган саҳиҳ ҳадис экан. Турли ҳашаротларнинг, жумладан, пашшанинг ҳам тузилиши, таркиблари чуқур ўрганилди. Уларнинг баъзиларида ҳам дард, ҳам шифо мавжуд эканлиги аниқланди. Уларнинг дард бор жойи инсонга тегса, ачишиб оғриши, қичиши, қизариб ёки кўкариб, шишиб чиқиши, ҳасосия (аллергия) ва бошқа каттароқ офатларга ҳам сабаб бўлиши аниқланди. Шу билан бирга, ўша ҳашаротлар ўзлари билан турли касалликларнинг микробларини ташишлари ҳам равшан бўлди. Яна ўша зарари бор ҳашаротларнинг баъзиларида шифо, яъни  фойдали хусусиятлар ҳам борлиги аён бўлди. Мисол учун, асалари ҳам чақади, ҳам асал беради. Энг қизиғи, ҳамма ҳашаротларда ҳам ўзини ҳимоя қилиш сезгиси, воситаси бор экан. Улар ўзларига нисбатан хавф-хатарни сезганда ўша воситани ишга солар эканлар. Шунинг учун ҳам кўпчилик ҳашаротларни билмай, босиб олсак, дарҳол чақиб олар экан. Бу туйғу уларда табиий бўлиб, хавф-хатар пайдо бўлганда ўз-ўзидан ишга тушар экан. Ҳайвонот оламини яхши ўрганган олимларнинг таъкидлашларича, бу ҳадисда пашша ҳақида келган гап ҳақ экан. Пашшада заҳарлаш қуввати бор экан. Агар пашша бирор жойга қулайдиган бўлса, ўзини ҳимоялашга уриниб, заҳарли қаноти ила қулар экан. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг зарарини кесиш мақсадида суюқликка иккинчи, шифоли қанотини ботириб олишни маслаҳат берган эканлар. Шу билан бирга, таъкидлаш лозимки, ҳадисда пашшани ботириб, олиб ташлаш айтилган, холос. У тушган ичимлик ёки таомни тановул қилиш амр қилинмаган. Кўнгли тортган тановул қилсин, кўнгли тортмаган қилмасин. Бу ерда Пай¬ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам пашшанинг зарарини қандай қилиб йўқотиш ва ҳалол нарсани зое қилмаслик маслаҳатини берганлар, холос. Бу нарсани яхшилаб тушуниб олиш, мўмин-мусулмон киши бундай саҳиҳ ҳадис ила собит бўлган нарсага эътироз қилмаслиги керак. Агар у бунга ўхшаш нарсаларни тўғри тушуниб етса, жуда яхши. Агар тушуна олмаса, мен тушуна олмаяпман, илмим етмаяпти, деб, одоб сақлаши зарур. Дарҳол эътироз билдиришга шошилмаслиги керак. Чунки мазкур нарсани у билмаса, бошқалар билади, бугун билинмаса, эртага ёки юз йил, минг йил ўтгандан кейин билинади. Кўпгина оят ва ҳадисларнинг сир-асрорлари аср¬лар ўтиб, илм ривожланиши билан кашф бўлмоқда.("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat