Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Аҳли-илм кишиларни ҳурмат қилиш

00:00 / 24.02.2011 | eski savollar | 2868

Ассалому алайкум, ҳурматли Устоз. Маълумки, аҳли илм ва аҳли Қуръон мақомига Аллоҳ насиб этган кишилар сазовор бўлади ва уларнинг ҳурматини қилиш биз – оддий фуқароларга лозим бўлади. Ҳозирги даврда аҳли илм ва аҳли Қуръонларга ҳурмат тобора камайиб кетмоқда, ҳаттоки тўй ва маъракаларга телефон орқали таклиф қилиш билан кифояланиб қолинмоқда. Устоз, сиздан илтимос, аҳли илм ва аҳли Қуръонларнинг мартабаси қандай эканлигини ва уларга қандай муомалада бўлиш лозимлигини баён қилиб берсангиз. Жавобингиз учун олдиндан катта раҳмат. Савол беришда хатога йўл қўйган бўлсам, узр сўрайман.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

ИЛМ ВА УЛАМОЛАР ФАЗЛИ ҲАҚИДА

Аллоҳ таоло:

إِنَّمَا يَخْشَى اللَّهَ مِنْ عِبَادِهِ الْعُلَمَاءُ

«Аллоҳдан бандалари орасида фақат олимларигина қўрқарлар», деган (Фотир сураси, 28-оят).

Аллоҳ таолонинг қудратини ҳис этиб, бу дунёнинг Яратувчиси борлигини англаб етиб, ақли билан Аллоҳни таниган ва Ундан қўрққан одамгина олим ҳисобланади. Аммо мазкур махлуқотларнинг тарихи, тузилиши, таркибидаги моддалари, хусусиятлари ва бошқа турли маълумотларни тўлиқ ўрганиб ҳам, уларни яратган Зот – Аллоҳ таолони танимаган ва Ундан қўрқмаган одам ўта жоҳил ҳисобланади.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Илм гапнинг кўплигида эмас. Илм қўрқишнинг кўплигидадир», деган эканлар.

Имом Ҳасан Басрий: «Олим, Аллоҳдан ғойибона қўрққан одамдир, Аллоҳ қизиқтирган нарсага қизиққан, Аллоҳ ёмон кўрган нарсадан қочган одамдир», дея туриб: «Аллоҳдан бандалари орасида фақат олимларигина қўрқарлар» оятини тиловат қилар эканлар.

Яна У Зот айтади:

قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ

«Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!» деб айт» (Зумар сураси, 9-оят).

Албатта, тенг бўлмайдилар. Биладиганлар иймон келтириб, ибодат қиладилар. Билмайдиганлар эса куфр келтириб, исён этадилар.

У Зот яна шундай марҳамат қилади:

وَتِلْكَ الْأَمْثَالُ نَضْرِبُهَا لِلنَّاسِ وَمَا يَعْقِلُهَا إِلَّا الْعَالِمُونَ

«Ушбу мисолларни одамлар учун келтирурмиз. Лекин уларга олимлардан ўзгаларнинг ақллари етмас», деган (Анкабут сураси, 43-оят).

Ушбу уч оятда илм ва уламолар фазли ҳақида сўз кетмоқда.

Биринчи оятда Аллоҳдан қўрқиб, Уни улуғлаш фақат илмли кишилар томонидангина содир бўлиши таъкидланмоқда.

Демак, илмсиз киши Аллоҳдан қўрқмайди ҳам, Уни улуғламайди ҳам. Тажриба ушбу Қуръоний ҳақиқатни тасдиқлади. Турли илмлар бўйича мутахассис бўлган олимлар илм орқали Аллоҳни таниганларини, иймон-эътиқодсиз яшаш мумкин эмас, деган фикрга келганликларини қайта-қайта айтмоқдалар.

Иккинчи оятда биладиганлар билан билмайдиганлар, яъни илмлилар билан илмсизлар тенг бўла олмасликлари ҳақида сўз кетмоқда. Илмли кишининг доимо устун туриши ва фазилатли ҳисобланиши, илмсизда эса бу нарсалар бўлмаслигига ишора қилинмоқда.

Учинчи оятда эса келтириладиган масалаларни англаб, улардан ўрнак олиш учун ҳам илм зарур эканлиги таъкидланмоқда. Бу ҳам илмни ва олимни улуғлашдир.

عَنْ مُعَاوِيَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ يُرِدِ اللهُ بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِي الدِّينِ، وَإِنَّمَا أَنَا قَاسِمٌ وَاللهُ يُعْطِي، وَلَنْ تَزَالَ هَذِهِ الْأُمَّةُ قَائِمَةً عَلَى أَمْرِ اللهِ لَا يَضُرُّهُمْ مَنْ خَالَفَهُمْ حَتَّى يَأْتِيَ أَمْرُ اللهِ». رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ.

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди. Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради. Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

«Фиқҳ» сўзи луғатда бир нарсани дақиқ жойларигача тушунишни англатади. Шариат ҳукмини дақиқ жойларигача тушуниш ҳам «фиқҳ» дейилиши шундан. Ана шундай малакага эга бўлган одам «фақиҳ» дейилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди», демоқдалар.

Демак, дин таълимотларини яхши тушунадиган бўлиш банда учун катта бахт-саодатдир. Унга Аллоҳ таоло яхшиликни ирода қилганининг аломатидир. Демак, диний илмни бандага Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. Шунинг учун ҳам Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гапларининг давомида: «Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради», демоқдалар. Бундан, мен Аллоҳ берган илмни етказаман, холос, ҳақиқий берувчи Аллоҳнинг Ўзи, деганлари тушунилади.

عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «مَنْ سَلَكَ طَرِيقًا يَبْتَغِي فِيهِ عِلْمًا سَهَّلَ اللهُ لَهُ طَرِيقًا إِلَى الْجَنَّةِ، وَإِنَّ الْمَلَائِكَةَ لَتَضَعُ أَجْنِحَتَهَا رِضَاءً لِطَالِبِ الْعِلْمِ، وَإِنَّ الْعَالِمَ لَيَسْتَغْفِرُ لَهُ مَنْ فِي السَّمَوَاتِ وَمَنْ فِي الْأَرْضِ حَتَّى الْحِيتَانُ فِي الْمَاءِ، وَفَضْلُ الْعَالِمِ عَلَى الْعَابِدِ كَفَضْلِ الْقَمَرِ عَلَى سَائِرِ الْكَوَاكِبِ، إِنَّ الْعُلَمَاءَ وَرَثَةُ الْأَنْبِيَاءِ إِنَّ الْأَنْبِيَاءَ لَمْ يُوَرِّثُوا دِينَارًا وَلَا دِرْهَمًا إِنَّمَا وَرَّثُوا الْعِلْمَ، فَمَنْ أَخَذَ بِهِ أَخَذَ بِحَظٍّ وَافِرٍ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَلَهُ الْلَّفْظُ.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: «Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўядилар. Олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир. Анбиёлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар. Лафз Термизийники.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу умрларининг охирида Дамашқда яшаганлар. Бир куни ҳузурларига мадиналик бир одам келади. Абу Дардо розияллоҳу анҳу унга: «Сени бу ерга нима келтирди?» дейдилар. У киши: «Мени фақатгина сендан эшитган бир ҳадисим келтирди», дейди. Ана шунда Абу Дардо розияллоҳу анҳу ушбу ҳадисни айтганлар: «Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди».

Худди шу маънодаги жумла бундан олдинги ҳадисда ўтди: «Фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўядилар».

Баъзи таъвилларда: «Уларнинг оёқ остиларига қанотларини қўядилар», дейилган. Бошқа бир таъвилда эса: «Фаришталар учишдан тўхтаб, илм билан машғул кишиларни ўраб олишади, уларнинг раҳматлари ва нурларидан иқтибос олишга уринадилар», дейилган. Нима бўлганда ҳам, ушбу таъвилларнинг ҳаммаси толиби илмларнинг Исломда қадрлари баландлиги ва илм талаб қилиш улуғ даража эканлигига далолат қилади.

«Олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар».

«Осмонлардаги зотлар»дан мурод – фаришталар. «Ердаги зотлар»дан мурод – инсу жин ва ҳайвонлар. Истиғфор айтиш эса бировнинг ҳаққига дуо қилишдир. Олим киши илм олгани учун, одамларни Аллоҳнинг йўлига чақиргани ва ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳ таоло уни яхши кўради. Шунинг учун ҳам унинг муҳаббатини фаришталарга, бутун махлуқотларга солади. Шу муҳаббат туфайли улар олимнинг ҳаққига дуо қиладилар. Бу эса диний илмлар олими бўлиш нақадар фазл эканлигини кўрсатади.

«Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди».

Олим – диний илмларни яхши билувчи шахс. Обид – ибодат қилувчи, доимо ўзи учун ибодат билан машғул киши. Осмонга қараган одамга ой катта бўлиб кўринади, у ер юзига нур сочади. Юлдузлар эса кичкина бўлиб кўринади, уларнинг нури ўз атрофини зўрға ёритиб туради. Қоронғи кечада осмонга боққан инсон ойнинг юлдузлардан қанчалик афзал эканлигини дарҳол мулоҳаза қилади. Олим кишининг фазли ҳам шундайдир. Обидлар юлдузлар каби фақат ўзлари учун ёруғлик чиқарсалар, олим киши қоронғи кечада нур сочган ой каби жоҳилият зулматида юрган одамларга Ислом ҳидояти нурини сочади. Обиднинг манфаати фақат ўзи учун бўлса, олимнинг манфаати ҳамма учун бўлади.

«Олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир».

Шу жумла бу ерда гап диний олимлар ҳақида кетаётганига далолатдир. Демак, уламоларимиз оддий кишилар эмас, набийларнинг меросхўрларидир.

«Анбиёлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар».

Чунки уларга Аллоҳ таоло мол-дунёни бермаган. Аллоҳ таоло уларга илмни берган эди. Шунинг учун ҳам: «Улар илмни мерос қолдирганлар».

Жумладан, Набиййимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам фақат илмни мерос қилиб қолдирганлар.

«Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди».

Яъни қайси бир одам ўша набийлардан мерос қолган илмни олса, улуғ насибани олган бўлади. Набийлар меросидан ҳам улуғ насиба бўлиши мумкинми?!

Илм талаби йўлига кирган одамга Аллоҳ таоло Жаннат йўлини осонлаштириб қўйишини аввалги ҳадисда кўрдик.

Энди толиби илмни рози қилиш учун фаришталар унинг оёғи остига қанотларини қўйишлари, уни ўраб турган Аллоҳнинг раҳматидан баҳраманд бўлишга уринишлари ҳақида сўз юритайлик.

Инсоф билан айтайлик-чи, бизда шу тасаввурнинг ўзи борми?

Илм талаб қилиш шу даражада улуғ иш эканлигини тушуниб етганмизми?

Бу ишга фаришталар ҳам ҳавас қилишини англаймизми?

Аввал англамаган бўлсак, энди англашимиз керак. Ислом илмни ҳар бир мусулмонга бешикдан қабргача фарз қилганини эслаб, дарҳол ўзимиз учун фарзи айн бўлган диний илмни талаб қилишга киришайлик! Бир ҳарф, бир сўз, бир жумла бўлса ҳам ўрганиб, унга амал қилиш ҳаракатида бўлайлик! Ўзимиз ўрганишимиз билан бирга, оила аъзоларимиз, фарзандларимиз, қўни-қўшни ва таниш-билишларимизга ҳам ўргатишга ҳаракат қилайлик! Турли илмларни ўрганаётган талабаларимизни қўллаб-қувватлайлик, уларга ўзлари танлаган йўл қанчалар улуғ эканлигини тушунтирайлик! Илм талаб қилиш фаришталар ҳам ҳавас қиладиган иш эканлигини одамларимизга уқтирайлик. Толиби илмларни фаришталар ўраб туришини, уларнинг оёқлари остига қанотларини қўйиб туришини ҳаммага англатайлик! Фаришталар ҳавас қилган одамларга биз ҳам ҳавас қилайлик, улар ҳурмат қилган одамларни биз ҳам ҳурмат қилайлик!

Ҳадиси шарифда олим кишига осмону ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтиши таъкидланмоқда.

Диний олим Ислом таълимотларини кишиларга етказиш орқали кўп яхшиликларни амалга оширади. Ундан ва у тарғиб қилган яхшиликлардан ҳамма фойда топади. Чунки Ислом таълимотлари бутун мавжудотлар учун кони фойдадир. Шунинг учун ҳар бир мўмин-мусулмон олимнинг ҳаққига яхшиликлар тилаб, Аллоҳ таолога дуолар қилади. Унга доимо яхшилик етишининг тарафдори бўлади. Ихлосли мусулмонлар қадимдан бу улкан маънони яхши тушуниб, унга амал қилиб келганлар. Улар ўз уламоларини ғоятда ҳурмат қилганлар, эъзозлаганлар. Ҳар бир ишни улардан сўраб, шариатимизга мослаб бажаришга ҳаракат қилганлар. Ихлосли мусулмонлар уламоларни доимо ўз раҳбарлари, руҳий устозлари деб билганлар. Уларнинг сўзларидан чиқмаган ҳолда уламоларимизга хизмат қилиб, кўнгилларини олишга, дуоларига сазовор бўлишга ҳаракат қилиб келганлар. Халқимизнинг ўз уламоларига бўлган муносабати доимо таҳсинга сазовор бўлган. Вақти келса, оддий мусулмонлар ўзлари емай, уламоларга егизган, ўзлари киймай, уларга кийгизган.

Биз ҳам уламоларимизнинг ҳурматларини жойига қўйишимиз, осмондаги зотлар – барча фаришталар ҳурматлаган зотларни биз ҳам ҳурмат қилишимиз лозим. Ердаги зотлар – инсу жин ва ҳайвонлар ҳурмат қилган зотларни биз ҳам иззат қилмоғимиз лозим. Жин ва ҳайвонлар уламоларнинг ҳаққига қай тарзда истиғфор айтишини, ҳурмат қилишини Аллоҳ таоло билади. Аммо биз – инсонлар уламоларни қандай ҳурмат қилиш лозимлигини ўзимиз яхши биламиз. Агар уламоларни ҳурмат қилишни ўрнига қўймасак, бу ҳадисда зикр қилинганлар қаторидан чиқиб қоламиз.

Олимнинг обиддан қанчалик афзал эканлигини билиб олдик. Энди олим бўлишга, ҳеч бўлмаса, обид бўлишга уринайлик. Олим ҳам, обид ҳам бўлмасак, ким бўлишимиз мумкин? Жоҳил ва бетавфиқ бўлишимиз мумкин, холос. Бундан бошқа «мартаба» ҳам йўқ, аслида!

Олимнинг афзаллиги нимада? Ҳадиси шарифда «Олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир», деб баён қилинмоқда. Дунёдан ўтган авлод келажак авлодга ниманидир мерос қолдиради. Кейинги авлодлар эса ўша меросни қабул қилиб оладилар ва ундан фойдаланадилар. Яхшидан яхшилик, ёмондан ёмонлик, золимдан зулм, одилдан адолат мерос қолади ва ҳоказо.

Инсоният тарихида Аллоҳнинг «танланган бандаси» бўлиш бахтига муяссар бўлган, доимо инсониятни Аллоҳнинг ҳидоятига бошлаб келган набий алайҳимуссаломдан нима мерос қолган? Уламолар улардан нимани мерос қилиб олганлар?

Эҳтимол, уламоларни ҳурмат қилишимиз улар набий алайҳимуссаломга меросхўр бўлганларидандир. Эҳтимол, меросга олган нарсаларидандир. Ҳа, ҳадисда айтилганидек, «Анбиёлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар илмни мерос қолдирганлар».

Уламолар ана ўша муқаддас меросни қабул қилиб олган улуғ зотлардир. Улар ўша илм ила кишиларни Аллоҳнинг динига, тўғри йўлга, Ислом шариатига чақирувчи, набийлар ва уларнинг охиргилари – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ишлари давомчиларидир. Уламолар кишиларга Қуръони Карим, суннати шариф ва шариати Ислом таълимотларини баён қилувчи ҳидоят юлдузларидир. Улар кишиларни ҳидоят йўлига чақириб, залолат йўлидан қайтарадилар. Исломга чақириш эса икки дунё саодатига чақиришдир, бу дунёнинг фаровон турмушига, охиратнинг жаннати маъвосига чақиришдир. Шунинг учун олимлар ҳар қанча ҳурматга, эъзозга сазовордирлар. Уламоларимизни ҳурмат қилсак, набийларнинг меросхўрларини ҳурмат қилган бўламиз. Уламоларимизни ҳурмат қилсак, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросхўрларини ҳурмат қилган бўламиз. Уламоларимизни ҳурмат қилсак, ўзимизни икки дунё саодатига чақираётган кишиларни ҳурмат қилган бўламиз, ўзимизни бу дун­ёнинг фаровон турмушига ва охиратнинг жаннати маъвосига чақирувчиларни ҳурмат қилган бўламиз.

Шу йўл билан ҳар биримиз набийлар қолдирган меросдан олишга ҳаракат қилайлик, улуғ насибага эришайлик!

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «خَصْلَتَانِ لَا تَجْتَمِعَانِ فِي مُنَافِقٍ؛ حُسْنُ سَمْتٍ وَلَا فِقْهٌ فِي الدِّينِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мунофиқда икки хислат жам бўлмайди – гўзал шакл ва динда фақиҳ бўлиш», деганлар».

Термизий ривоят қилган.

Набий алайҳиссаломнинг бу ҳадиси шарифлари хабар шаклида келса ҳам, буйруқ маъносини ифода қилмоқда.

Ул зотнинг «Мунофиқда гўзал шакл ва динда фақиҳ бўлиш жам бўлмайди», деганлари «Эй умматларим, гўзал шаклга эга бўлайин ва динда фақиҳ бўлайин десангиз, мунофиқ бўлманглар», деганларидир. Демак, ушбу ҳадисни ҳаётимизга татбиқ қилиб, гўзал шаклга эга бўлишга, Ислом динида фақиҳ бўлишга ҳаракат қилишимиз лозим.

Гўзал шаклга эга бўлиш том маънода гўзал бўлишдир. Исломда ҳар бир нарса гўзал бўлишига тарғиб қилинади. Демак, том маънода гўзал бўлишга ҳаракат қилмоғимиз лозим.

Динда фақиҳлик – Ислом динини дақиқ тушуниш эса икки дунёмизнинг саодати учун ниҳоятда зарурдир. Динда фақиҳ бўлиш дегани «Иймон нимаю куфр нима, Ислом нимаю нифоқ нима, савоб нимаю гуноҳ нима, ҳалол нимаю ҳаром нима, жаннат нимаю дўзах нима, жаннатга нима билан эришиладию дўзахга нима сабаб бўлади?» каби муҳим масалаларни тўлиқ билиш деганидир.

Мунофиқ бўлмайлик десак, ушбу ҳадиси шарифда кўрсатилган икки нарсани ўзимизда жамлашга уринишимиз лозим. Бу билан эса икки дунёмизнинг саодатини таъминлаган бўламиз.

Валлоҳу аълам.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077

Топ рейтинг www.uz Openstat