Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Бизни мусулмон қилиб яратган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин, Сарвари олам Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга бутун умматларининг салавоту дуолари бўлсин! Ҳурматли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло илмингизни Ўзи истаганча зиёда қилсин! Сизга бир саволим бор эди. Доғистон шаҳрида туғилган Али исмли бола ҳақида Ислом олами нима дейди?
- Ва алайкум ассалом! «Доғистон шаҳри» эмас, «жумҳурияти» десангиз, тўғри бўларди. Мусулмон инсон илм-маърифатли, ўзи яшаб турган даврнинг илғор одами, ҳамма эзгу нарсаларда бошқаларга гўзал намуна бўлиши лозим. Жумладан, шаҳар билан жумҳуриятнинг фарқига бориши керак. У ерда туғилган Али исмли бола ҳақида Ислом олами ҳеч нарса демади ва демайди ҳам. Бунга ўхшаган ҳодисалар кўп бўлган ва бўлиб туради. Ислом дини унга ўхшаш ҳодисаларга асосланган эмас. Ислом ваҳийга, илмга, ақлга, фаросатга ва маърифатга асосланган диндир. Агар дунёга ақл кўзи билан жиддийроқ назар солсангиз, мўъжиза бўлмаган нарсанинг ўзи йўқлигига шоҳид бўласиз. Ҳар бир инсоннинг туғилиши, вояга етиши, насл қолдириши, фикрлаши, гапириши ва ҳоказо амалларнинг ўзи бетакрор мўъжизалардир. Ана шу оддийдек туюлиб қолган мўъжизаларнинг мўъжизалигини таъкидлаш, одамларга эслатиб қўйиш учун ҳам Аллоҳ таоло баъзи бандаларини ана шу хислатлардан маҳрум қилиб қўяди. Яъни инсон ўзи хоҳлаган вақтда туғила олмайди, соғлом бўла туриб, насл қолдира олмайди, баъзилар фикрлашдан, баъзилар эса гапиришдан ожиз бўлишади.
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077