Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ислом бу дунё ва охиратга бўлган муносабатда ҳам мўътадилликни йўлга қўйган

00:00 / 22.11.2010 | eski savollar | 2229

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ! «Бу дунё охират ҳаётининг олдида энг арзимас нарсадир», деган гапни эшитганимдан сўнг бу дунёга умуман қизиқишимни йўқотдим. Маслаҳат беринг, устоз. Илтимос, менинг ҳаққимга дуо қилиб қўйинг, Аллоҳ таолонинг Ўзи тўғри йўлга солиб қўйсин. Бизларга ҳам сизга ўхшаб, хайрли илм соҳиби бўлишни Аллоҳ таолонинг Ўзи насиб айласин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

- Ва алайкум ассалом! Ислом бу дунё ва охиратга бўлган муносабатда ҳам мўътадилликни йўлга қўйган.

Аллоҳ таоло бу ҳақда Қуръони Каримнинг Қосос сурасида қуйидагиларни айтади:

وَابْتَغِ فِيمَا آتَاكَ اللَّهُ الدَّارَ الْآخِرَةَ وَلَا تَنسَ نَصِيبَكَ مِنَ الدُّنْيَا وَأَحْسِن كَمَا أَحْسَنَ اللَّهُ إِلَيْكَ وَلَا تَبْغِ الْفَسَادَ فِي الْأَرْضِ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ الْمُفْسِدِينَ 

«Ва Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни излагин, бу дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек, сен ҳам яхшилик қил. Ер юзида бузғунчиликни истама. Албатта, Аллоҳ бузғунчиларни суймас» (77-оят).

Аллоҳ таоло берган молу дунёга қандай муносабатда бўлиш кераклиги ушбу ояти каримада ўз аксини топган. Мусулмон банда қўлига молу дунё тушганда ўзини худди шу оятга мос тутмоғи лозим.

«Ва Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни излагин...»

Мусулмон одам аввало Аллоҳ таоло берган мол-дун­ё билан охиратни излашга интилади. Яъни мол-мулкини шариатда кўрсатилган, охиратда фойда берадиган жойларга сарфлайди. Ҳаром-хариш, гуноҳ, фисқу фужур ва беҳуда ишларга сарф этмайди. Чунки беҳуда ишларга сарфланган мол-дунё бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам фойда бермайди. Аксинча, икки дунёда ҳам зиён келтиради. Лекин мусулмон одам охиратни ўйлаб, бу дунёсини тарк қилиб – унутиб ҳам юбормайди.

«...бу дунёдаги насибангни ҳам унутма»

Бу дунёда ҳам яхши яшаб, Аллоҳ таоло берган мол-дунёдан ҳалол йўл билан, такаббурлик қилмай фойдаланади. Чунки Аллоҳ таоло ҳалол-пок ризқларни бандалар фойдаланишлари, ҳузур ва лаззат олишлари, сўнгра уларни берган Зотга шукр қилишлари учун яратган. Ана шунда тавозели, ширин ва бахтли-саодатли ҳолга эришилади.

«Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек, сен ҳам яхшилик қил».

Ҳалол-пок мол-дунё Аллоҳнинг бандасига берган ҳадяси ва яхшилигидир. Ўша илоҳий неъматдан баҳраманд бўлган ҳар бир банда бошқа одамларга ҳам яхшилик қилиши керак. Турли сабабларга кўра ноқулай иқтисодий ҳолатга тушиб қолган биродарларига ёрдам бериши, бева-бечора, фақир-мискинларнинг ҳолидан хабар олиши, мусулмонлар манфаати йўлида хайру эҳсонлар қилиши шу жумладаги ишлар қаторига киради.

«Ер юзида бузғунчиликни истама. Албатта, Аллоҳ бузғунчиларни суймас».

Мол-дунёга қувониб, унга ишониб, бузғунчилик – фасод ишларга берилиш ҳеч тўғри келмайди. Аллоҳ таоло бузғунчиларни хуш кўрмайди. Шунинг учун улар икки дунёда хору зор бўладилар.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин!

Валлоҳу аълам.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077

Топ рейтинг www.uz Openstat