Шайx ҳазратлари, ақийдавий масалаларда чуқур кетиб бўлмаслигини биламан, лекин сизга бермоқчи бўлган саволим қуйидагича:
1. Ақийдавий масалаларда «аросат» тушунчаси борми? Агар бор бўлса, Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда бу ҳақда маълумот келганми?
2. Ақоид илмидан дарс берувчи бир устоз: «Аросат жаннат билан дўзаx ўртасида. Унда роҳат ҳам, азоб ҳам йўқ. Унга гуноҳлари ва савоблари тенг келиб қолган одам тушади», дедилар. Шу фикрга сайқал бериб ўтсангиз. Чунки мен шу пайтгача аросат ҳақида маълумот топа олмадим. Ўша устоздан сўраганимда эса у устоз менга Қуръони Каримдаги бир оятни келтирган эдилар, у оятни сизнинг «Тафсири Ҳилол» китобингиздан қараганимда, унинг тафсири бошқачароқ, яъни жаннатдаги олий даражадагилар Жаннат билан Дўзаx ўртасидаги баланд девор устидан Дўзаx аҳлининг ҳолини кўради, деган маънода келган. (Xато қилган бўлсам, узр). Устознинг келтирган фикрларига қандай қарайсиз?
«Аросат» арабча «ал-арсату» сўзининг жами бўлиб, «биноси йўқ кенг майдон» деган маънони билдиради. Ақийда илмида бу сўз икки хил маънода ишлатилади. Биринчиси – қиёмат аросати, яъни қиёматда одамлар жамланадиган кенг майдон. Иккинчиси – жаннат аросати, яъни жаннатга киришидан олдин одамлар тўпланадиган кенг майдон.
Сиз айтган домла «Аъроф» билан «Аросат»ни чалкаштириб қўйганга ўхшайдилар.
Валлоҳу аълам.