Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Фақат икки нарсадан бошқада ҳасад йўқ

00:00 / 27.10.2010 | eski savollar | 2613

Ассалому алайкум, Ҳазрат! Мен яқинда Исмоил ал-Буxорий ҳазратларининг ҳадисларидан бирини ўқиганимда савол туғилди. Ҳадис қуйидагича:

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Икки нарсадан ўзгасига ҳасад қилиш жоиз эмас, бири – кишига Аллоҳ таоло ҳалол мол-дунё берса-ю, уни ҳақ йўлда сарфлаётган бўлса, иккинчиси – кишига Аллоҳ таоло илму ҳикмат ато этса-ю, у шу туфайли олий мақомга эришиб, одамларга билганини ўргатаётган бўлса» (Илм китоби, 16-боб).

Мен бу ерда ҳалол мол топиб сарфлаётган одамга ва илм ўрганиб, ўргатаётган одамга ҳасад қилса бўлади, деган маъно бор, деб тушундим. Сиз нима дейсиз?

Аллоҳдан сизнинг соғлиғингизни сўраб қолувчи, Мусулмонбек.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- Ва алайкум ассалом! Сизнинг тушунмовчилигингизнинг асосий сабаби, ҳадиснинг чала таржимасини ўқиб, ўзингиз хулоса чиқаришга уринганингиз. Дастлаб, баъзи араб тилини чала билиб, сўзма-сўз таржима қилишга уринган одамлар «ҳадис» деб, қўлларига тушган нарсани таржима қилаверишган. Уларнинг таржималарида хатолар ҳам етарлича бўлган. Уларни ўқиган одамлар орасида тушунмовчиликлар, келишмовчиликлар ва жанжаллар чиққан. Шу нарсаларни эътиборга олган ҳолда мен мисрлик олим шайх Мансур Али Носиф ал-Ҳусайний қаламига мансуб «Ат-тож ал-жомеъ лил усул фий аҳадийсир-Расул» китобларини асос қилиб олган ҳолда (бу китобда ҳадислар маълум боблар асосида, аммо ҳеч қандай шарҳсиз келган) «Ҳадис ва Ҳаёт» номли туркум китоблар ёзиб, ундаги ҳадисларни кенгроқ шарҳ қилиш орқали ҳадисларни тушунишда одамларимизга ёрдам беришга ҳаракат қилдим. Алҳамдулиллаҳ, уларни ўқиб, жуда катта фойда олганлар ниҳоятда кўп бўлди. Аммо сиз, муҳтарам, ўқимаган экансиз. Яна ушбу мавзуга қайтиб, маълумотлар беришга ҳаракат қиламиз.

عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: قَالَ: «لَا حَسَدَ إِلَّا فِي اثْنَتَيْنِ: رَجُلٌ آتَاهُ اللهُ مَالًا فَسَلَّطَهُ عَلَى هَلَكَتِهِ فِي الْحَقِّ، وَرَجُلٌ آتَاهُ اللهُ الْحِكْمَةَ فَهُوَ يَقْضِي بِهَا وَيُعَلِّمُهَا». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фақат икки нарсадан бошқада ҳасад йўқ. (Биринчиси) Аллоҳ бир одамга молу дунё берса-ю, у ўшани тўғри йўлда сарф қилса, (иккинчиси) Аллоҳ бир одамга илм берса-ю, у ўша илми ила ҳукм чиқарса ва таълим берса», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: «Ҳасад» аслида бошқага берилган неъматнинг заволини орзу қилишни англатади. Бу гуноҳ иш ҳисобланади. Гоҳида «ҳасад» сўзи «ҳавас қилиш» маъносида ҳам келади. Яъни, бошқа кишига берилган неъматни кўриб, унинг ўзида ҳам бўлишини орзу қилиш маъносида ишлатилади. Бунга араблар «ғибта» дейдилар. Ушбу ҳадиси шарифдаги «ҳасад» сўзи ана ўша «ғибта» – «ҳавас қилиш» маъносида келган.

Демак, фақат икки нарсадагина бировга берилган неъматни кўриб туриб, ўзига ҳам ўшандай неъмат берилишини орзу қилиш мумкин.

«(Биринчиси) Аллоҳ бир одамга молу дунё берса-ю, у ўшани тўғри йўлда сарф қилса».

Яъни, «менга ҳам Аллоҳ шу одамга бергандай молу дунё ато қилганида, мен ҳам шу одамга ўхшаб уни яхшилик йўлида сарфлар эдим», деб ҳавас қилиш мумкин.

«(Иккинчиси) Аллоҳ бир одамга илм берса-ю, у ўша илми ила ҳукм чиқарса ва таълим берса».

Мана шундай одамга ҳам бошқа мусулмонлар ҳавас қилишлари мумкин. Илм билан ҳукм чиқариш ўша илм тақозо этган нарсага ўзи амал қилиш ва одамларни ҳам шунга чақиришдан иборатдир.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Молу дунёни тўғри йўлда сарфлашга тарғиб.

2. Молу дунёси йўқ кишилар ҳам агар молу дунёси бўлса, яхшилик йўлида сарфлашни орзу қилишларига тарғиб.

3. Илмга амал қилиб, уни одамларга ўргатишга амр.

4. Бошқаларни ҳам илм олишга, унга амал қилиб, бошқаларга ўргатишга тарғиб.

Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat