Ассалому алайкум, ҳурматли Шайх ҳазратлари! Саволим қуйидагича: «Маънавият» ва «маърифат» сўзларига ҳар қадамда дуч келамиз. «Маърифат» сўзи тўғрисида бироз тушунчамиз бор, лекин маънавиятни жуда кенг тушунча деб биламиз. Шу икки тушунчани Ислом қандай ойдинлаштиради ва уларга қандай тўлиқ таъриф беради? Саволимдаги хатоликлар учун узр. Қимматли вақтингизни аямай, жавоб берганингиз учун олдиндан раҳмат.
- Ва алайкум ассалом! Ушбу икки сўз арабча сўзлар бўлиб, уларнинг бизнинг тилимизда ҳозирги кундаги ишлатилишининг динимизга боғлиқлиги йўқ. Шунинг учун уларнинг маъноси ҳақида араб тили асосида сўз юритиш мумкин, холос. «Маърифат» сўзи «арафа» феълидан олинган «миймий масдар»дир. Унинг маъноси – «билимдонлик». «Маънавият» эса «маъно» сўзининг жами бўлиб, моддийнинг тескариси – «моддий бўлмаган нарсалар» маъносини англатади.
Исломий нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, маърифатнинг, яъни билимдонликнинг асоси ўзининг кимлигини, ҳаётдаги ўрнини ва мақсадини, бурчи ва масъулиятларини англашдан бошланади. Ана шуларни тўғри англаб етмаган инсон ҳар қанча билимли бўлса ҳам, маърифатли ҳисобланмайди. Бинобарин, маърифатнинг аввали Ҳақ таолонинг борлигини мушоҳада этишдан бошланади. Тасаввуф таълимотига кўра инсонни камолотга етказувчи йўллардан бирининг «маърифат» дея аталиши ҳам бежиз эмас.
«Маънавият» деганда инсоннинг руҳий олами, онги, ақли ва тафаккурининг жами, яъни дунёқараши тушунилади.
Маънавият руҳнинг мавжудлигини ва тананинг ўлимидан кейин ҳам яшаб қолишини, бинобарин, бу дунёда ҳам, охиратда ҳам танасининг ҳар бир қилган амали учун масъул эканини англашдан бошланади. Шу ҳақиқатни англаган лаҳзадан бошлаб инсоннинг маърифати ва маънавияти ўсиб, ривожланиб боради. Аммо руҳнинг мавжудлигини, инсон барча амаллари учун бу дунёда ҳам, охиратда ҳам масъул эканини англамасдан туриб, ҳар қанча кучли ақл соҳиби бўлса ҳам, кенг маърифатли ва юксак маънавиятдаги шахс бўлиш мутлақо мумкин эмас. Аксинча, Яратувчи Зотнинг борлигини, руҳнинг мангу ўлмаслигини идрок қилолмаган одамнинг маънавияти ҳар доим кемтик бўлиб қолаверади. Зеро, «маърифати ва маънавияти юксак» инсонгина аввало ўзи, оиласи ва жамияти учун нима яхши, нима ёмон эканини англай олади. Ҳолбуки, эллик ёки олтмиш йилдан кейин тупроққа қоришиб, баданини қурт-қумурсқалар еб, абадий йўқ бўлиб кетадиган одам учун «яхшилик» ёки «ёмонлик», «разиллик» ёки «эзгулик» деган тушунчаларни фарқлашнинг нима аҳамияти бор?
Бугунги кун кишилик жамиятининг энг оғриқли муаммоларидан бири ҳам айнан мана шудир.
Ҳар қандай бузуқликдан, бекорчи уриш-жанжаллардан, ўғрилик, қотиллик, нашавандлик каби иллатлардан жамиятни, хусусан, ёшлар онгини тозалашнинг бирдан-бир йўли маърифат ва маънавиятга, яъни ҳар бир инсонга хос бўлган диндорлик туйғусига, динга етарли аҳамият беришдан иборатдир.
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077