Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Пора ҳақида

00:00 / 09.09.2010 | eski savollar | 4291

Ҳурматли Шайx ҳазратлари! Мен «Пора берган ҳам, олган ҳам жаҳаннамга киради», деган маънодаги ҳадисни ўқиб, қаттиқ таъсирланиб кетдим. Бугунги кундаги аҳволимизни олсак, бу нарсани яxшилаб ўрганиб, ундан сақланишга ҳаракат қилишимиз лозим. Шунинг учун, сиздан илтимос, пора ҳақида кенгроқ маълумот берсангиз ёки қайси китобингиздан топишимиз мумкинлигини айтсангиз. Олдиндан ташаккур.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

ПОРА ҲАРОМДИР

حَدَّثَنَا أَبُو كُرَيْبٍ مُحَمَّدُ بْنُ الْعَلَاءِ، حَدَّثَنَا أَبُو أُسَامَةَ، حَدَّثَنَا هِشَامٌ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ أَبِي حُمَيْدٍ السَّاعِدِيِّ، قَالَ: اسْتَعْمَلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَجُلًا مِنَ الْأَزْدِ عَلَى صَدَقَاتِ بَنِي سُلَيْمٍ، يُدْعَى: ابْنَ الْأُتْبِيَّةِ، فَلَمَّا جَاءَ حَاسَبَهُ، قَالَ: هَذَا مَالُكُمْ، وَهَذَا هَدِيَّةٌ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «فَهَلَّا جَلَسْتَ فِي بَيْتِ أَبِيكَ وَأُمِّكَ حَتَّى تَأْتِيَكَ هَدِيَّتُكَ إِنْ كُنْتَ صَادِقًا»، ثُمَّ خَطَبَنَا، فَحَمِدَ اللهَ، وَأَثْنَى عَلَيْهِ، ثُمَّ قَالَ: «أَمَّا بَعْدُ، فَإِنِّي أَسْتَعْمِلُ الرَّجُلَ مِنْكُمْ عَلَى الْعَمَلِ مِمَّا وَلَّانِيَ اللهُ، فَيَأْتِي فَيَقُولُ: هَذَا مَالُكُمْ، وَهَذَا هَدِيَّةٌ أُهْدِيَتْ لِي، أَفَلَا جَلَسَ فِي بَيْتِ أَبِيهِ وَأُمِّهِ حَتَّى تَأْتِيَهُ هَدِيَّتُهُ إِنْ كَانَ صَادِقًا، وَاللهِ لَا يَأْخُذُ أَحَدٌ مِنْكُمْ مِنْهَا شَيْئًا بِغَيْرِ حَقِّهِ، إِلَّا لَقِيَ اللهَ تَعَالَى يَحْمِلُهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ، فَلَأَعْرِفَنَّ أَحَدًا مِنْكُمْ لَقِيَ اللهَ يَحْمِلُ بَعِيرًا لَهُ رُغَاءٌ، أَوْ بَقَرَةً لَهَا خُوَارٌ، أَوْ شَاةً تَيْعَرُ»، ثُمَّ رَفَعَ يَدَيْهِ حَتَّى رُئِيَ بَيَاضُ إِبْطَيْهِ، ثُمَّ قَالَ: «اللَّهُمَّ، هَلْ بَلَّغْتُ؟» بَصُرَ عَيْنِي، وَسَمِعَ أُذُنِي.

Абу Ҳумайд Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Сулаймнинг закотига Азд қабиласидан Ибн Утбия деган бир кишини омил қилдилар. У келгач, ундан ҳисобот олганларида у: «Бу сизларнинг молингиз, бу эса ҳадя», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар гапинг рост бўлса, ҳадянг келгунча ота-онангнинг уйида ўтиравермабсан-да?» дедилар. Кейин бизга хутба қилдилар, Аллоҳга ҳамду сано айтиб, сўнг шундай дедилар: «Аммо баъд. Мен Аллоҳ мени мутасадди қилган ишга бир кишини омил қиламан, у эса келиб, «Бу сизларнинг молингиз, бу эса менга совға қилинган ҳадя», дейди‑я! Агар гапи рост бўлса, ­ҳадяси келгунча ота-онасининг уйида ўтиравермабди‑да! Аллоҳга қасамки, сизлардан бирор киши бундан (закот молидан) бирон нарсани ҳақсиз равишда олар экан, Қиёмат куни Аллоҳ таолога ўшани кўтариб олган ҳолда йўлиқади! Ўшанда мен сизларнинг ичингиздан ё ўкириб турган туя, ё бўкириб турган сигир ёки маъраб турган қўй кўтариб Аллоҳга йўлиққан кимсани албатта таниб оламан!»

Кейин қўлларини кўтардилар, ҳатто қўлтиқларининг оқи кўринди. Сўнг: «Аллоҳим, етказдимми?» дедилар. Буни кўзим билан кўриб, қулоғим билан эшитдим».

Бухорий, Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган. Лафз Муслимники.

Ушбу ҳадиси шарифда пора олиш ҳаром эканлиги ҳақида сўз кетмоқда. Аммо бу ҳукм қоғоздаги ёки қонун чиқарувчи томоннинг қуруқ гапи эмас, бошқа исломий ҳукмлар каби ҳаётий тажрибага йўғрилган ҳолда, татбиғига аралашган ҳолда содир бўлмоқда. Бу эса Ислом ҳукми қуруқ хаёл ёки турли фаразлардан холи, ҳаётий тажрибалар ила тасдиқланган воқеий ҳукм эканлигига ёрқин далилдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Асад қабиласига мансуб Ибн Утбия исмли кишини садақа омили – закот олувчилик вазифасига тайинладилар. Амалдор бўлиб олган Ибн Утбия розияллоҳу анҳу ўз иш жойларига – закотини йиғиб олиши лозим бўлган диёрга жўнаб кетдилар. Маълум вақт ўтиб, ишни бажариб қайтиб келдилар. Йиғиб келган закотни Байтул молга «Бу сизларнинг молингиз», деб топширдилар. Аммо у кишининг ҳузурида топширилган мол-мулкдан ташқари, яна баъзи нарсалар қолди. Ибн Утбия розияллоҳу анҳу ўша қолган нарсалар нима эканлигини баён қилиб: «Мана бу эса менга ҳадя қилинди», дедилар. У кишининг фикрича, ҳадя олишга ҳақлари борлигидан ана шундай тасарруф қилдилар. Биров ўз кўнглидан чиқариб берганидан кейин бўлаверади-да. Закот тўлиқ олиб келиб топширилган бўлса, ҳадяни молнинг эгаси ўз ихтиёри билан берган бўлса, нима учун олмасин?! Ҳар бир жамиятда, ҳар бир тузумда, ҳар бир шахс худди шундай ўйлайди. Аммо Исломда ундай эмас. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Утбия розияллоҳу анҳунинг мазкур гапларини эшитишлари билан дарҳол ўринларидан турдилар ва минбарга чиқиб, кўпчиликка бу ҳақдаги илоҳий ҳукмни баён қилишга ўтдилар. Аввал одатдагича, гапнинг бошида Аллоҳ таолога ҳамду сано айтдилар. Кейин эса асосий мақсадга ўтдилар:

«Мен Аллоҳ мени мутасадди қилган ишга бир кишини омил қиламан, у эса келиб, «Бу сизларнинг молингиз, бу эса менга совға қилинган ҳадя», дейди‑я!»

Гапнинг сиёқидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Утбия розияллоҳу анҳунинг қилган ишлари, айтган гапларидан қаттиқ ҳаяжонга тушганликлари яққол билиниб турибди. Хутбанинг давомида бу ҳолат янада очиқ-ойдин янгради:

«Агар гапи рост бўлса, ҳадяси келгунча ота-онасининг уйида ўтиравермабди‑да!»

Набиййимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам амалини ишга солиб, ҳадя олган одам қиёмат куни ўша олган нарсаси туфайли албатта жазога тортилишини Аллоҳнинг номи ила қасам ичиб, таъкидлаб туриб, баён қилмоқдалар:

«Аллоҳга қасамки, сизлардан бирор киши бундан (закот молидан) бирон нарсани ҳақсиз равишда олар экан, Қиёмат куни Аллоҳ таолога ўшани кўтариб олган ҳолда йўлиқади! Ўшанда мен сизларнинг ичингиздан ё ўкириб турган туя, ё бўкириб турган сигир ёки маъраб турган қўй кўтариб Аллоҳга йўлиққан кимсани албатта таниб оламан!»

Қиёмат куни ўз даҳшати билан ҳаммаёқни қамраб олган. Ҳамма ўзи билан ўзи овора. Отанинг бола билан, боланинг ота билан, онанинг қизи билан, қизнинг она билан, эрнинг хотини билан, хотиннинг эри билан иши йўқ. Ҳамма ўз нажотини кўзлаб, зорланиб, кўзлари қўрқинчга тўлиб турибди: қилча бўлса ҳам нажот арқонини изламоқда, қилча бўлса ҳам ёмонлик аломатидан қўрқиб турибди. Шундай бир пайтда бу дунёда порага туя олган кимса бўйнида пишқириб турган туяни аранг кўтариб, қомати букилиб, иши расво бўлганидан ўкиниб, зор-зор йиғлаб келмоқда, унинг ёнида бошқа бири бўйнида бўкириб турган сигирни, яна бошқаси маъраб турган қўйни кўтариб келмоқда... Демак, буларниг сўроқ-саволи, ҳисоб-китоби, далил-гувоҳи ўзлари билан.

Туя, сигир ва қўйлар ўша вақтда закот омиллари(ишчилари)га берилиши эҳтимоли кучли поралар сифатида зикр қилинмоқда. Мазкур ҳайвонлардан бошқа нарсаларни, жумладан, пулни олганларга ҳам ўзига яраша шармандали ҳолат бўлади. Уларнинг барчалари ўз жазоларини албатта оладилар.

Мазкур ҳукм Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан етказилиши керак бўлган илоҳий ҳукм эди. Шунинг учун ҳам уни етказиб бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кейин қўлларини кўтардилар, ҳатто қўлтиқларининг оқи кўринди. Сўнг: «Аллоҳим, етказдимми?» дедилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолога ёлвориб, икки қўлларини қўлтиқларининг оқи қўрингунча баланд кўтаришлари ва икки марта қайта-қайта «Аллоҳим! Етказдимми?!» дейишлари иш қанчалар муҳим эканлигини яна бир бор таъкидлайди.

Демак, қиёмат кунидан умиди бор ҳар бир шахс пора олмаслиги керак.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَامَ فِينَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ذَاتَ يَوْمٍ، فَذَكَرَ الْغُلُولَ، فَعَظَّمَهُ وَعَظَّمَ أَمْرَهُ، ثُمَّ قَالَ: «لَا أُلْفِيَنَّ أَحَدَكُمْ يَجِيءُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ عَلَى رَقَبَتِهِ بَعِيرٌ لَهُ رُغَاءٌ، يَقُولُ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَغِثْنِي، فَأَقُولُ: لَا أَمْلِكُ لَكَ شَيْئًا، قَدْ أَبْلَغْتُكَ، لَا أُلْفِيَنَّ أَحَدَكُمْ يَجِيءُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ عَلَى رَقَبَتِهِ فَرَسٌ لَهُ حَمْحَمَةٌ، فَيَقُولُ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَغِثْنِي، فَأَقُولُ: لَا أَمْلِكُ لَكَ شَيْئًا، قَدْ أَبْلَغْتُكَ، لَا أُلْفِيَنَّ أَحَدَكُمْ يَجِيءُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ عَلَى رَقَبَتِهِ شَاةٌ لَهَا ثُغَاءٌ، يَقُولُ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَغِثْنِي، فَأَقُولُ: لَا أَمْلِكُ لَكَ شَيْئًا، قَدْ أَبْلَغْتُكَ، لَا أُلْفِيَنَّ أَحَدَكُمْ يَجِيءُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ عَلَى رَقَبَتِهِ نَفْسٌ لَهَا صِيَاحٌ، فَيَقُولُ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَغِثْنِي، فَأَقُولُ: لَا أَمْلِكُ لَكَ شَيْئًا، قَدْ أَبْلَغْتُكَ، لَا أُلْفِيَنَّ أَحَدَكُمْ يَجِيءُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ عَلَى رَقَبَتِهِ رِقَاعٌ تَخْفِقُ، فَيَقُولُ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَغِثْنِي، فَأَقُولُ: لَا أَمْلِكُ لَكَ شَيْئًا، قَدْ أَبْلَغْتُكَ، لَا أُلْفِيَنَّ أَحَدَكُمْ يَجِيءُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ عَلَى رَقَبَتِهِ صَامِتٌ، فَيَقُولُ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَغِثْنِي، فَأَقُولُ: لَا أَمْلِكُ لَكَ شَيْئًا، قَدْ أَبْلَغْتُكَ».
وَحَدَّثَنَا أَبُو بَكْرِ بْنُ أَبِي شَيْبَةَ، حَدَّثَنَا عَبْدُ الرَّحِيمِ بْنُ سُلَيْمَانَ، عَنْ أَبِي حَيَّانَ. ح وَحَدَّثَنِي زُهَيْرُ بْنُ حَرْبٍ، حَدَّثَنَا جَرِيرٌ، عَنْ أَبِي حَيَّانَ وَعُمَارَةَ بْنِ الْقَعْقَاعِ، جَمِيعًا عَنْ أَبِي زُرْعَةَ، عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، بِمِثْلِ حَدِيثِ إِسْمَاعِيلَ، عَنْ أَبِي حَيَّانَ. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орамизда туриб, ўлжага хиёнат қилиш ҳақида гапирдилар, унинг улкан гуноҳлигини, бундай қилиш нақадар улкан (гуноҳ)лигини айтиб, сўнг шундай дедилар: «Қиёмат куни бирортангизнинг бўйнида ўкириб турган туя билан келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, мени қутқаринг!» деганини кўрмайин! Мен «Сен учун ҳеч нарса қўлимдан келмайди, мен сенга етказганман», дейман. Қиёмат куни бирортангизнинг бўйнида пишқириб турган от билан келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, мени қутқаринг!» деганини кўрмайин! Мен «Сен учун ҳеч нарса қўлимдан келмайди, мен сенга етказганман», дейман. Қиёмат куни бирортангизнинг бўйнида маъраб турган қўй билан келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, мени қутқаринг!» деганини кўрмайин! Мен «Сен учун ҳеч нарса қўлимдан келмайди, мен сенга етказганман», дейман. Қиёмат куни бирортангизнинг бўйнида чинқириб турган жон билан келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, мени қутқаринг!» деганини кўрмайин! Мен «Сен учун ҳеч нарса қўлимдан келмайди, мен сенга етказганман», дейман. Қиёмат куни бирортангизнинг бўйнида ҳилпираб турган мато билан келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, мени қутқаринг!» деганини кўрмайин! Мен «Сен учун ҳеч нарса қўлимдан келмайди, мен сенга етказганман», дейман. Қиёмат куни бирортангизнинг бўйнида тилсиз мол (тилла-кумуш) билан келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, мени қутқаринг!» деганини кўрмайин! Мен «Сен учун ҳеч нарса қўлимдан келмайди, мен сенга етказганман», дейман».

Имом Муслим ривоят қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ношаръий йўл билан даромад орттиришнинг оддий ўғриликдан бир неча марта оғир гуноҳ эканлигини такрор-такрор айтиб, унинг оқибати нима бўлишини очиқ-ойдин баён қилиб қўйганлар. Шундан кейин ҳам мазкур гуноҳга қўл урган одам қиёмат куни ўзидан кўраверади. Ўша – даҳшати гўдакларнинг сочини оқартириб юборадиган ҳисоб-китоб кунида у ўз олган нарсасини – туямиди, отмиди, молмиди, қўймиди ёки бошқа бирор тирик жонмиди ёки бўлмаса кийиладиган кийиму тилла-кумуш, жарақ-жарақ пулмиди, ҳамма-ҳаммасини бўйнида кўтариб келади ва ўзига яраша жазосини олади.

Исломда пора олишнинг ҳаром қилиб қўйилиши қанчалик ҳикматли эканлигини ҳаёт тажрибаси қайта-қайта тасдиқлади. Шахсий бойлик орттиришга ўрганган ҳаромхўр ўзи учун келадиган бир тийинлик шахсий фойда учун жамоатчиликнинг миллион сўмини қурбон қилишга доимо тайёр туради.

عَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: بَعَثَنِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِلَى الْيَمَنِ، فَلَمَّا سِرْتُ أَرْسَلَ فِي أَثَرِي فَرُدِدْتُ، فَقَالَ: «أَتَدْرِي لِمَ بَعَثْتُ إِلَيْكَ؟ لَا تُصِيبَنَّ شَيْئًا بِغَيْرِ إِذْنِي فَإِنَّهُ غُلُولٌ، «وَمَن يَغْلُلْ يَأْتِ بِمَا غَلَّ يَوْمَ الْقِيَامَةِ»، لِهَذَا دَعَوْتُكَ، فَامْضِ لِعَمَلِكَ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Яманга (ишга) юбордилар. Жўнаб кетганимдан кейин орқамдан одам юбордилар. Қайтариб олиб келишди. Шунда у зот: «Сенга нима учун одам юборганимни биласанми? Менинг изнимсиз бирор нарсани олмагин. Чунки у ўлжадир. «Кимки ўлжага хиёнат қилса, қиёмат куни хиёнат қилиб олган нарсаси билан келади» (Оли Имрон сураси, 161-оят). Шунинг учун сени чақирган эдим. Энди ишингга кетавер», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз одамларидан бири – Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яман вилоятига волий этиб тайинладилар. Муъоз розияллоҳу анҳу Яманга жўнаб, йўлда кетаётганларида ортларидан одам юбориб, қайтариб олдириб келдилар. Чунки қайта тайинланиши лозим бўлган, давлат аҳамиятига молик ўта муҳим гап бор эди. У гап қуйидагича: «Менинг изнимсиз бирор нарсани олмагин. Чунки у ўлжадир. Кимки ўлжага хиёнат қилса, қиёмат куни хиёнат қилиб олган нарсаси билан келади».

Демак, тайинланган ҳақдан бошқа нарсани олиш мутлақо мумкин эмас. Агар изнсиз бирор нарсани олса, аввалги ҳадисда айтилганидек, игнача нарсани олса ҳам, қиёмат куни жавоб беради.

Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга қайта тайинламоқчи бўлган муҳим гап шу эди. У зотнинг бошқа ҳеч қандай гаплари йўқ эди. Бу маънони у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз гаплари сўнгида: «Шунинг учун сени чақирган эдим. Энди ишингга кетавер», деганларидан ҳам билиб оламиз.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: «لَعَنَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الرَّاشِيَ وَالْمُرْتَشِيَ فِي الْحُكْمِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ وَالتِّرْمِذِيُّ بِسَنَدٍ صَحِيحٍ. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳукмда пора берувчини ва пора олувчини лаънатладилар».

Абу Довуд, Аҳмад ва Термизий саҳиҳ санад ила ривоят қилишган.

Пора араб тилида «ришва» деб аталиб, шаръий истилоҳда ҳақни йўққа чиқариш ва ботилни юзага чиқариш учун бериладиган нарсага айтилади. Мисол учун, бировнинг бир нарсада ҳаққи бор, ўша ҳақни олиш учун ҳукмига қараб турибди. Иккинчи бир одам келиб, ўзи ҳақдор бўлмаса ҳам, пора бериб, ўз фойдасига ўша нарсани беришини сўрайди. Кўриниб турибдики, бу ҳолатда пора берувчи ҳам, пора олувчи ҳам ноҳақ иш қилмоқда: бировнинг ҳаққига хиёнат қилиб, ўз фойдасини кўзламоқда. Ушбу ҳаром ишни қилганлари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икковларини ҳам лаънатламоқдалар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг лаънатлари жуда оғир жазодир. Чунки лаънат бировнинг Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлишини сўрашдир. Аллоҳнинг маҳбуб Расули Аллоҳдан сўраган нарса бўлмай қолмаслиги ҳаммага маълум.

Одатда пора олувчини қоралаш маъносида кўп гапирамиз-у, пора берувчи тўғрисида гапирмаймиз. Ҳолбуки, ушбу ҳадиси шарифда «пора» берувчи олдин зикр қилинмоқда. Чунки пора деб номланган иқтисодий, ахлоқий, ижтимоий жиноятни бошловчи пора берувчидир. Бошқа ҳолларда кўпроқ тама қилганлиги учун пора берувчи мажбур бўлиб берганини эътиборга олганга ўхшаб кўринамиз. Аммо ўша «мажбур» бўлиш ҳам икки хил бўлади. Бу ҳолда пора берувчини қандай қилиб узрли дея олишимиз мумкин? Мутлақо мумкин эмас. Ундай пора берувчи пора олувчига қўшилиб, лаънатга дучор бўлишида ҳеч шубҳа йўқ.

Иккинчи ҳолатда пора берувчи порахўрнинг тамаси туфайли ўз ҳаққига эришиш учун пора беришга мажбур бўлади. Баъзи тобеъинлар ва уламолар: «Ушбу ҳолатда пора берувчи узрли ҳисобланади, лаънатга учрамаслиги умид қилинади», деганлар. Лекин бошқа баъзи уламоларимиз: «Бу ҳолатда ҳам пора берувчи узрли ҳисобланмайди», деганлар.

Ушбу масалада келган бошқа бир ҳадиси шарифда учинчи бир шахс – пора берувчи билан пора олувчи ўртасида турган воситачи ҳам лаънатланган.

عَنْ ثَوْبَانَ قَالَ: لَعَنَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الرَّاشِيَ وَالْمُرْتَشِيَ وَالرَّائِشَ، يَعْنِي الَّذِي يَمْشِي بَيْنَهُمَا. رَوَاهُ الْإِمَامُ أَحْمَدُ.

Савбондан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчини, пора олувчини ва воситачини, яъни икковлари ўртасида юрувчини лаънатладилар», дейилган.

Имом Аҳмад ривоят қилган.

Порахўрлик қанчалик ёмон иллат эканлигини ҳамма яхши билади. Ҳаммадан ҳам кўра бу ишнинг ёмонлигини мусулмонлар яхши биладилар. Чунки бу иш улар учун нафақат бу дунёга, балки охиратга ҳам тегишли масаладир. Аммо, минг афсуслар бўлсинким, кўпгина жамиятларда инсонлар порахўрлик балосидан жафо чекмоқдалар. Порахўрлик туфайли ботил ҳаққнинг устидан, нопоклик поклик устидан, зулм адолат устидан, хиёнат омонат устидан, харомхўрлар покиза инсонлар устидан ғолиб келмоқдалар. Аллоҳ таоло барча мўмин-мусулмонларни тўғри йўлдан адаштирмасин.

Валлоҳу аълам.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077 

Топ рейтинг www.uz Openstat