Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Сиз айтган ҳолат «васваса» дейилади.

00:00 / 24.04.2010 | eski savollar | 3623

Кишининг ақлига ақийдасига шубҳа соладиган фикрлар келганда ва ҳар гал «Астағфируллоҳал Азим» деса ҳам, шубҳали фикрлар безовта қилаверса, киши бироз тўxталиб, ана шу шубҳалардан халос бўлиш учун бироз фикрларига эрк бериб, баъзи чегаралардан чиқиб тафаккур қилса бўладими? Масалан, ақийдага хилоф фикрлаб, сўнг «Сен шундай ҳисоблаб тур, лекин мана буларни рад қилолмайсан-ку. Буни ҳам рад қилдинг, аммо мана буни-чи? Хўп, буни ҳам рад қилдинг, мана бу илмий ҳақиқатни-чи?» дея фикр юритса ва шу тариқа натижа чиққанидан кейин дарҳол тавба қилса, кофир бўлмайдими? Яъни киши ақлидаги ақийдага хилоф фикрлар учун кофир бўлмайдими? Киши бу шубҳаларга юқоридагидек фикрларга эрк бериш йўли билан ечим топишга ҳаракат қилса, тўғри бўладими ёки бундай фикрлар келганда истиғфор ёки бошқа бирон калимани айтиш дурустроқ бўладими?


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Ақийдаги оид нарсалар ўйлаш билан эмас, олимлардан, устозлардан илм олиш, ўқиб-ўрганиш билан шакллантирилади. Сиз айтган ҳолат «васваса» дейилади.

ВАСВАСА

Араб тилида паст овозга далолат қилиш учун «васваса» сўзи ишлатилади. Арабларда «нафси васваса қилди» деган ибора ҳам бор.

Васвасанинг яна бир маъноси «аралаш-қуралаш махфий гап» деганидир.

Демак, бир нарсанинг қалбда қарор ва хотиржамлик топмай, қайта-қайта такрорланишига «васваса» дейилади.

Уламолар истилоҳида: «Васваса – шайтон қалбга соладиган нарсадир».

Роғиб: «Васваса – хотирага келган ёмон нарса», деган.

Кафавий: «Васваса – адаштириш учун айтилган махфий гап», деган.

Савдо ғолиб келиб, зеҳни алғов-далғов бўлиб қолиши хасталиги ҳам «васваса» дейилади.

Ибн Қайюм: «Васваса – нафсга махфий ташланган нарсадир. У фақат ташланган одамга эшитиладиган даражадаги махфий овоз бўлиши ёки шайтоннинг бандага қиладиган васвасаси каби овозсиз бўлиши мумкин», деган.

Нафсда воқе бўладиган ёмон нарса васвасадир.

Нафсда воқе бўладиган яхши нарса илҳомдир.

Нафсда воқе бўладиган қўрқинч ийжасдир (яъни ваҳима).

Нафсда воқе бўладиган яхшилик режаси умиддир.

Васваса учун жазо йўқ. Фақат у жазмга айланмаслиги керак. Васваса тилдаги гапга ва жисмдаги амалга айлангандагина жавобгарлик ҳам юзага чиқади.

Иймонсиз кимсалар шайтоннинг инсондан бўлган ёрдамчиларидир. Ҳам иймонсиз бўлиб, ҳам фаҳшу мункар ишларга бошидан шўнғиган кимсалар эса инсондан бўлган шайтонлардир. Уларнинг васвасаси шунинг учун ҳам жуда хатарлики, улар ҳамманинг кўз ўнгида ҳар хил бузуқ ишларни тап тортмай қилаверадилар. Ҳар қандай ҳаром ишдан ор қилмайдилар, бузуқи, бемаъни, куфр гап-сўзларни ўзларига шиор қилиб, бошқаларни ҳам ўз ортларидан эргаштиришга ҳаракат қиладилар.

Ҳолбуки, иймонли киши хаёлига келган куфроний ўй-фикрлардан ҳам ҳазар қилади. Бу ҳақда бир қанча ҳадислар ҳам ворид бўлган.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّا نَجِدُ فِي أَنْفُسِنَا شَيْئًا مَا نُحِبُّ أَنْ نَتَكَلَّمَ بِهِ، وَإِنَّ لَنَا مَا طَلَعَتْ عَلَيْهِ الشَّمْسُ، قَالَ: «أَوَ قَدْ وَجَدْتُمْ ذَلِكَ؟» قَالُوا: نَعَمْ، قَالَ: «ذَاكَ صَرِيحُ الْإِيمَانِ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ الْمُفْرَدِ.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Хаёлимиздан баъзи нарса ўтади. Бироқ қуёш нури тегиб турган ҳамма нарса бизга мулк қилиб берилса ҳам, уни айтишни истамаймиз», дейишди.

«Шуни топдингизми?» дедилар.

«Ҳа», дейишди.

«Ўша равшан иймондир», дедилар».

Имом Бухорий «Адабул муфрад»да ривоят қилган.

Васвасага учраган киши уни беркитиши, ҳеч кимга айтмаслиги матлубдир. У ҳақда гапириш қабоҳатдир. Васваса билан мияни машғул қилиш натижасида турли хатолар юзага келади. Бунинг чораси шуки, мазкур васвасани тарк қилиб, фойдали иш билан машғул бўлиш керак.

Ҳадисда келган масала тасаввуф илмида кенг баён қилинган муҳим масаладир. Шайтон хароба қалбларни эгаллаб олади, шунинг учун уларни васваса қилишнинг кераги ҳам бўлмайди.

Покланиб, тақвонинг маълум бир даражасига етиб борган, Аллоҳ таолога яқинлашиб қолган қалблар борки, шайтон уларга ҳарчанд осилса ҳам, йўлдан ура олмайди. Шайтон энди бундай қалбларга васваса қилишдан умидини узади.

Бироқ покликка, холисликка интилаётган, нафс билан жиҳод қилаётган қалблар борки, шайтон ана шу қалбларга жидду жаҳд билан осилиб, уларни васваса қилади.

Демак, инсоннинг қалбида турли шайтоний васвасалар бўлиб туриши яхшиликнинг аломати экан. Чунки бундай қалб иймонга, ихлосга томон интилаётган бўлар экан. Шунинг учун шайтон талвасага тушиб, унга кўпроқ ҳужум қилаётган, васвасага солаётган бўлар экан.

Хаёлига келган шайтоний фикрлардан ўзи ҳам қўрқиб кетаётган инсон буни яхшилик аломати деб билиб, янада бардам бўлиб, тақвони, ибодатни, зикрни ўзига лозим тутиши керак экан.

عَنْ عَبْدِ اللهِ قَالَ: سُئِلَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنِ الْوَسْوَسَةِ، قَالَ: «تِلْكَ مَحْضُ الْإِيمَانِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Абдуллоҳдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан васваса ҳақида сўрашди. У зот: «У айни иймондир», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифнинг маъносини сал бошқача қилиб айтсак, «Васваса айни иймондир» бўлади. Бу қанақаси? Ахир васваса – шайтондан, иймон – Раҳмондан-ку! Васваса Иймоннинг кушандаси-ку! Қандай қилиб у айни иймон бўлиши мумкин? Бу гап «Олов – сувдир» деганга ўхшамайдими? Ушбу ҳадиси шариф билан дастлаб танишган одамда шунга ўхшаш саволлар пайдо бўлиши табиий.

Аммо каминада бу саволлар пайдо бўлмади. Чунки ушбу сатрлар ёзилишидан йигирма бир йил олдин ўтган тажриба бу маънони тушунишга ёрдам берди. Умумжаҳон Исломга даъват қилиш куллиясига – ўқишга янги келган пайтим эди. Бирдан қалбга васваса тушиб, бўлмағур фикрлар хаёлга ўралашиб қолди. Дунё кўзимга тор кўриниб, ҳеч нарса татимайди. Бировга айтишнинг иложи ҳам йўқ. Бу ҳолат бир неча кун давом этди. Сиқилиш, ташвиш юқори чўққисига етди.

Ана шундай оғир дамда кўзим Ҳаким Термизийнинг араб тилидаги «Муридлар одоби» китобига тушди. Муаллифи Термизий бўлгани учун, ўз ватандошимиз экан деб, китоб дўконидан харид қилган эдим. Китобни қўлга олдим. Тўғри келган жойини очиб, ўқий бошладим. Васваса ҳақида гап борар эди: «Мурид қалбига васваса тушса, яхшилик аломати деб билсин. Чунки шайтон уни йўқлаб қолибди. Одатда шайтон обод бўлаётган қалбларни васваса қилишга уринади. Хароба қалблар шундоқ ҳам унинг мулки ҳисобланади, овора бўлиб, уларни васваса қилиб ҳам ўтирмайди. Шайтон обод қалбларни хароба қилиш умидида уларни васваса қилади. Уриниб-уриниб, ниятига эриша олмагач, ташлаб кетади», дейилган эди.

Қалбимга ялт этиб ёруғлик тушди. Хурсанд бўлиб кетдим. Ориз бўлган нарса васваса эканини тушундим. Унинг нима учун бўлаётганини ҳам англадим. Мана бугун эса, Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинким, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васваса ҳақида «У – айни иймондир», деб айтган ҳадисларини ҳеч қийинчиликсиз тушуниб турибман.

Демак, киши вақтида англаб етиб, Аллоҳ таолодан дарҳол паноҳ сўраса, қалбига тушган васваса унга зарар етказа олмас экан. Бу эса ақийдавий, руҳий-маънавий соғломлик учун ниҳоятда зарурдир.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «يَأْتِي الشَّيْطَانُ أَحَدَكُمْ فَيَقُولُ: مَنْ خَلَقَ كَذَا؟ مَنْ خَلَقَ كَذَا؟ حَتَّى يَقُولَ: مَنْ خَلَقَ رَبَّكَ؟ فَإِذَا بَلَغَ ذَلِكَ فَلْيَسْتَعِذْ بِاللهِ وَلْيَنْتَهِ». رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ.

Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шайтон бирингизга келиб, «Буни ким яратган? Уни ким яратган?» дейди ва ниҳоят «Роббингни ким яратган?» деб ҳам сўрайди. Ана шунга етганда у Аллоҳдан паноҳ сўрасин ва бас қилсин», дедилар».

Учовлари ривоят қилишган.

Бу ҳадиси шариф мўмин кишига васваса зарар қилмаслиги ҳақидаги гапни тасдиқлаш учун келтирилган.

Ушбу ҳадиси шарифда инсон хаёлидан кечадиган баъзи васвасалар шайтондан эканлиги баён қилинмоқда. Шу билан бирга, ўша шайтон васвасасини қайтариш йўли ҳам кўрсатилмоқда.

Шайтон Одам Ато билан ўзи орасида бўлиб ўтган машҳур можародан буён Одам боласига душман. У қиёмат кунигача одамзодни васваса қилишга қасам ичган. Шунинг учун ҳам инсон ҳаргиз бу лаънатланган душманини унутмаслиги керак.

Гоҳида хаёлига келиб қоладиган васвасали фикрлар, «Уни ким яратган, буни ким яратган?» каби саволлар бора-бора «Роббингни ким яратган?» каби телба фикрга олиб келиши ҳам турган гап.

Шунинг учун мазкур ҳолат юзага келганда, дарҳол «Аъуузу биллаҳи минаш-шайтонир-рожийм», деб Аллоҳ таолодан паноҳ сўрасин. Ҳамда мазкур хаёлларни бас қилсин, миясидан қувсин! Шу билан иш тугайди. Ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб кетади. Акс ҳолда оқибати чатоқ бўлиши мумкин.

Юқоридаги ҳадисдан қуйидаги хулосалар келиб чиқади:

1. Шайтоннинг васвасаси ҳақдир, яъни шайтон кимларнидир васваса қилиши айни ҳақиқатдир.

2. «Буни ким яратди, уни ким яратди?» дея васваса қила бориб, охири «Роббингни ким яратди?» дейишгача бориши ҳам мумкин.

3. Ана шундай ҳолатларда Аллоҳ таолодан паноҳ сўраш лозим.

4. Бундай саволларни дарҳол бас қилиш керак.

Сиртдан содда кўрингани билан бу ҳадисда зикр қилинган масала ниҳоятда муҳимдир. Васваса – кишилар учун энг нозик ва энг хатарли нарса, у ақийда бобида зарар етказади. У туфайли инсон диндан чиқиб, кофир бўлиши ҳеч гап эмас.

Ушбу ҳадисда ана шундай катта муаммони ҳал этишнинг йўли тақдим этилмоқда. Ҳозирги кунда мусулмон оламидан ташқарида васваса хасталигига учраганлар кун сайин кўпайиб кетаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Руҳий ва асабий касаллар сони тинимсиз ўсиб бормоқда. Бу эса ушбу ҳадиси шариф ва кейинги келадиган ҳадисларнинг ҳикматига инсоният қанчалик муҳтож эканини кўрсатади.

وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «يَأْتِي الشَّيْطَانُ أَحَدَكُمْ فَيَقُولُ: مَنْ خَلَقَ السَّمَاءَ؟ مَنْ خَلَقَ الْأَرْضَ؟ فَيَقُولُ: اللهُ، فَمَنْ وَجَدَ مِنْ ذَلِكَ شَيْئًا فَلْيَقُلْ: آمَنْتُ بِاللهِ وَرُسُلِهِ». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Шайтон биринчи келиб: «Осмонни ким яратган? Ерни ким яратган?» дейди. У: «Аллоҳ», дейди. Ким шунга ўхшаш бирор нарсани сезса, дарҳол «Аманту биллаҳи ва русулиҳи» – «Аллоҳга ва Унинг расулларига иймон келтирдим», десин».

Икки шайх ривоят қилишган.

Бу ҳадиси шариф аввалроқ ўтган ҳадисни тафсир қилиб келмоқда. Васвасанинг аввалги босқичидаёқ Аллоҳ таолога ва У Зотнинг набийларига бўлган иймонни эълон қилиб, шайтонни қувиш маслаҳат берилмоқда.

عَنْ شَهْرِ بْنِ حَوْشَبٍ قَالَ: دَخَلْتُ أَنَا وَخَالِي عَلَى عَائِشَةَ، فَقَالَ: إِنَّ أَحَدَنَا يَعْرُضُ فِي صَدْرِهِ مَا لَوْ تَكَلَّمَ بِهِ ذَهَبَتْ آخِرَتُهُ، وَلَوْ ظَهَرَ لَقُتِلَ بِهِ؟ قَالَ: فَكَبَّرَتْ ثَلَاثًا، ثُمَّ قَالَتْ: سُئِلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ ذَلِكَ، فَقَالَ: «إِذَا كَانَ ذَلِكَ مِنْ أَحَدِكُمْ، فَلِيُكَبِّرْ ثَلَاثًا؛ فَإِنَّهُ لَنْ يَحِسَّ ذَلِكَ إِلَّا مُؤْمِنٌ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ الْمُفْرَدِ.

Шаҳр ибн Ҳавшабдан ривоят қилинади:

«Мен тоғам билан Оишанинг ҳузурига кирдим. Шунда у: «Биримизнинг кўнглида агар уни гапирса, охирати куядиган нарса пайдо бўлади. Агар юзага чиқса, у сабабли қатл қилинади», деди.

У (Оиша) уч марта такбир айтди. Сўнг шундай деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўша нарса ҳақида сўралган эди, у зот: «Агар бирортангизда ўша нарса бўлса, уч марта такбир айтсин. Зотан, буни фақат мўмингина ҳис қилади», дедилар».

Имом Бухорий «Адабул муфрад»да ривоят қилган.

Яъни кўнгилга келаётган васвасанинг ёмонлигини ва уни айтса, охирати куйишини ҳис қилиш ҳақиқий мўминга хос ҳолатдир.

Ўша пайтда мўмин кишини шайтон васваса қилаётган бўлади. Агар у дадил бўлиб, уч марта «Аллоҳу акбар!» деса, шайтон орқа-олдига қарамай қочади.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لَنْ يَبْرَحَ النَّاسُ يَسْأَلُونَ عَمَّا لَمْ يَكُنْ، حَتَّى يَقُولُوا: اللهُ خَالِقُ كُلِّ شَيْءٍ، فَمَنْ خَلَقَ اللهَ؟!» رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ الْمُفْرَدِ.

Анас ибн Моликдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар бўлмаган нарсаларни сўрайверадилар. Ҳаттоки «Ҳамма нарсани Аллоҳ яратган. Унда Аллоҳни ким яратган?» дейишади», дедилар».

Имом Бухорий «Адабул муфрад»да ривоят қилган.

Шунинг учун бизда, яъни Аҳли сунна вал жамоа мазҳабида воқеликда йўқ нарсани сўраш мумкин эмас. Воқеликда йўқ нарсани сўрайвериш ўша нарсанинг воқе бўлишини сўраш, исташ бўлиб қолади.

Тарихдан маълумки, шундай бўлди ҳам. Инсон ўзига ана шу кулфатни тили билан сотиб олди. Шунинг учун бундан ниҳоятда эҳтиёт бўлиш керак.

Бу ҳам шайтоннинг катта ва кучли васвасаси доирасига киради. Бундай ҳолатдан мўмин банда эҳтиёт бўлиши лозим.

Ибн Касир ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббосдан нақл қилади. У киши Аллоҳ таолонинг Ан-Нас сурасидаги «ал-Васвас ал-Хоннас» деган қавлини тафсир қилиб: «Шайтон одам боласининг қалбида чўккалаб ўтирган бўлади. Қачон у унутса ва ғофил бўлса, васваса қилади. Қачон зикр қилса, беркинади», деган.

Васвасанинг зарарларидан:

1. Васваса шакка йўлдир. Аллоҳ таоло ҳақидаги шак куфрдир.

2. Васваса инсоннинг ўзига ва ўзгаларга бўлган ишончини йўққа чиқаради.

3. Васваса одамларнинг васвасачидан нафратини қўзитади ва улардан уни узоқлаштиради.

4. Васвасачининг ибодати мукаммал ва фикри барқарор бўлмайди.

5. Васвасачи ўзига ўзи шиддатли ишларни танлаб, охири ман қилинган нарсаларга ҳам ўтади.

6. Васвасачи охир-оқибат ваҳимачи ва жинни бўлиши ҳам бор гап.

Шундай экан, сиз айтган васвасалардан тезроқ халос бўлишга ҳаракат қилиш лозим. Бунинг учун аввало Аллоҳ таолодан паноҳ сўраш («Аъуузу биллаҳи минаш-шайтонир-рожийм») ва уч марта такбир айтиш («Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар») ҳамда ўшандай фикрларни хаёлдан қувиб солиш керак.

Такрор бўлса-да айтаманки, киши хаёлига келган фикр учун жавобгар эмас. Аммо ўшандай бузуқ фикрлар, куфроний гаплар хаёлига келганда шайтоннинг шарридан паноҳ сўраб, Аллоҳ таолога юзланмаса, Аллоҳни зикр қилиш орқали шайтонни қувишга ҳаракат қилмаса, аксинча, сиз айтгандай, ақийдага зид фикрларни ривожлантириб, тилига чиқарса ёки амалга айлантирса, шак-шубҳасиз, катта гуноҳ қилган бўлади. Аллоҳ асрасин!
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077

Топ рейтинг www.uz Openstat