Ассалому алайкум! Яқинда бир китобда қуйидаги жумлани ўқиб қолдим: «Иймон амал эмас, амал иймон эмас». Биз биламизки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадисга мувофиқ: «Амаллар ниятга боғлиқдир».
Биз гоҳида беихтиёр эшитиб турадиган қуйидаги сўзлар бор: «Иймони зиёда бўлди» ёки «Иймони заиф бўлди». Албатта, бу нарсалар инсоннинг қилган ибодатига, савобли ёки гуноҳ ишларига (яъни амалларига) боғлиқ бўлиши керак деб уйлайман. Бундан келиб чиқиб, иймонни амалдан ажратиш тўғримикан?
«Иймон амал эмас, амал иймон эмас» деган гап иймоннинг таърифига оиддир. Бу гапнинг ниятга боғлиқлик жойи йўқ. Буни қуйидаги мақолани ўқиб, тушуниб олишингиз мумкин.
ИЙМОННИНГ ТАЪРИФИ
Бу масалада «Шарҳи Ақийдатут-Таҳовия» китобида қуйидагилар айтилади: «Иймон – тил билан иқрор қилиш ва қалб ила тасдиқ қилишдир».
Шарҳ: Бу иймонни изҳор қилиш эътиборидан тасдиқлашдир. Чунки тасдиқлаш ички иш бўлиб, у беркилган бўлади. У фақат иқрор ёки тасдиққа далолат қилувчи ишлар билангина билинади.
Аммо мавжудлик ва ҳақиқатга айланиш жиҳатидан эса иймон – дил билан тасдиқ қилишдир. Тил билан иқрор қилиш унинг аломати ва изҳоридир.
Иймоннинг тасдиғи ҳақида турлича фикрлар бор:
1. Молик, Шофеъий, Аҳмад, Авзоъий, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, бошқа аҳли ҳадислар, Мадина аҳли, аҳли зоҳир ва мутакаллимлардан бир жамоа: «Иймон – қалб ила тасдиқ қилиш, тил билан иқрор қилиш ва аъзолар билан амал қилишдир», деганлар.
2. Бизнинг асҳобларимиздан кўплари Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ зикр қилган нарсага, яъни «Иймон – тил билан иқрор қилиш ва қалб билан тасдиқ қилишдир», деган фикрга иттифоқ қилганлар.
3. Абу Мансур Мотуридий ва Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳимо: «Тил билан иқрор қилиш ортиқча рукндир, аслий эмас. Аслий рукн – қалб билан тасдиқ қилишдир. Иқрор эса унинг аломатидир, шунинг учун узрлилар учун шарт эмасдир», дейдилар.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ билан бошқа Аҳли сунна имомлари орасидаги ихтилофлар суратда, холос. Уларнинг «Гуноҳи кабира иймондан чиқармайди, балки уни қилган одам Аллоҳнинг хоҳишига ҳавола қилинади, Аллоҳ хоҳласа азоблайди, хоҳласа афв қилади» деган фикрда иттифоқ қилиб туриб, қалбдаги иймон учун аъзоларнинг амали лозимми ёки иймондан бир жузми, деган гапни айтишлари лафзий низодан бошқа нарса эмас. Бу ерда ақийдага тегадиган нарса йўқ.
Агар бу масалада Аҳли сунна орасидаги низо фақат лафзий низо бўлса, уларнинг бир тоифаси иккинчисига душманлик қилишларига ва шу боис тафриқага тушишларига ҳеч ҳожат йўқ.
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ далиллар келтириб, иймон ҳақиқатига луғавий жиҳатдан назар солганлар. Бошқа имомлар раҳматуллоҳи алайҳим эса иймон ҳақиқатига шаръий таъриф жиҳатидан назар солганлар. Чунки шариатда тасдиққа намоз, рўза, ҳаж ва шунга ўхшаш нарсалардаги каби васф ва шартлар қўшилган.
Лекин ҳеч ким ҳеч қачон «Иймон келтиришнинг ўзи кифоя. Намоз, рўза, ҳаж, закот ва бошқа шу каби амаллар шарт эмас» деган гапни айтмайди.
Аксинча, иймон келтирган мўминнинг энг биринчи вазифаси иймонини амаллари билан, ибодатлари билан, хулқи билан тасдиқлашидир.
Тилида иймон келтириб, хулқида ўзгариш бўлмаган, ибодатларни ва энг аввало намозни ўз вақтида адо этишга шошилмаган кимсанинг иймони шубҳали, охирати хатарлидир.
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2019 йил 03-07/3341