Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Қалбдаги ниятга боғлик бўлган гуноҳлар ва бошқа масалалар

00:00 / 19.01.2010 | eski savollar | 7593

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатли!

Муҳтарам устоз! Сизга айрим саволларим бор эди. Ижозатингиз билан уларни ҳавола қиламан.

1. «Сунний ақийдалар» китобида ўлганларга савобни бағишлаш бобида «Ақийдатут-Таховийя» китобининг шарҳидан иқтибос келтирилган:
«Тирикларнинг дуо ва садақаларидан ўлганларга манфаат бордир». Дуонинг ўтганларга манфаат бериши тўғрисида Қуръондан, Суннатдан, ижмоъдан ва қиёсдан далил келтирилганидан сўнг: «Баданий ибодат бўлмиш дуо ўлганга манфаат берганидан кейин, рўза, намоз каби бошқа баданий ибодатлар ҳам манфаат бериши турган гап. Чунки орада фарқ йўқ», дейилган.
Устоз, ўлганга тирикларнинг дуоларидан, садақа, рўза, ҳаж, Қуръон қироати каби амалларидан манфаат етиши ҳақида маълумотга эга бўлдим. Ўлганларга намоз ўқиб, савобини бағишлаш масаласида батафсил тўхталиб ўтсангиз. Мазкур бағишлаш қай тарзда бўлади? Намоз ўқиб, охирида ўлганларга Аллоҳдан мағрифат ва омонлик сўраладими ёки бўлмаса, ўша намоздан ҳосил бўлган савобнинг ўзи уларга бағишланадими?

2. Имом Ғаззолийнинг «Иҳёу улумид-дийн» асаридаги «Қалб ажойиботлари китоби»нинг «Банданинг жазоланишига олиб келадиган қалб васвасалари, хоҳишлари, ўй-хаёллари, қасдлари ва булардан афв қилиниб кечириладиганлари» боби охирида қуйидагилар айтилган: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яхшилик қалб таскин топган нарсадир, гарчи сенга фатво беришса ҳам, фатво беришса ҳам», дедилар. (Табароний ривояти). Айтамизки, фатво берувчи қалб бир нарсанинг ижобийлигига ҳукм қилса, унда хато қилган бўлса ҳам, савоб олади. Ҳаттоки агар бир инсон «таҳорат қилдим» деб ўйлайдиган бўлса, унга намоз лозим бўлади. Агар намоз ўқиб бўлганидан сўнг таҳорат қилмагани эсига тушиб қолса, ўқиган намозига савоб олади. Агар эсига тушганидан кейин уни тарк қилса (яъни қайтадан ўқимаса), бу иши туфайли жазоланади. Яна ким тўшагида бир аёлни ўзининг хотини деб ўйлаб, у билан бирга бўлса, осий бўлмайди, гарчи у ёт аёл бўлса ҳам. Агар уни ёт хотин деб ўйлаб туриб, у билан бирга бўлса, гарчи хотини бўлса ҳам, осий бўлади. Буларнинг ҳаммаси аъзолар эътибори билан эмас, балки қалбга эътиборан бўлади». (Иқтибос тугади). Мазкур нозик масалани батафсил тушунтириб берсангиз.

3. Яна ўша бобда шундай дейилган: «Агар бир сабаб билан гуноҳ ишдан тўсилиб қолса ёки Аллоҳдан қўрққанидан эмас, балки бир узр туфайли тарк қилса, унга бир гуноҳ ёзилади, чунки ишни қилишга қасди қалбидан ихтиёрий бир ишдир». Бир киши кечаси ёки тонг отганда бир мусулмонни ўлдиришга ёхуд бир аёл билан зино қилишга азм этса-ю, лекин ўша кечаси ўлиб қолса, шу фикрида қатъий турган ҳолда ўлиб, шу ниятда тирилади, деб ҳисобланади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадис бунга қатъий далилдир. У зот: «Икки мусулмон қиличлари билан бир-бирига йўлиқса, ўлдирувчи ҳам, ўлдирилган ҳам дўзахдадир», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, бу-ку ўлдирувчи, ўлдирилганнинг ҳоли нега бундай?» дейишди. «Чунки у ҳам шеригини ўлдиришни хоҳлаганди», дедилар. Энди қандай қилиб «Аллоҳ таоло ният ва қасд сабабли жазоламайди» деб гумон қилинади?» (Иқтибос тугади).
Инсон қалбидаги гуноҳга етаклайдиган қатъий ният ва қасд масаласида барча уламоларнинг фикрлари ҳам шундайми? Инсон юқоридаги ҳолатда қалбидаги қасди учун жазоланадими? Агар жазоланадиган бўлса, бу ўша гуноҳни қилгандаги гуноҳ билан баробар бўладими?

4. «Ибодати Исломия» китобида «Шийъа ва мўътазила мазҳабида бўлган киши мусулмонми ёки йўқми?» деган саволга қуйидагича жавоб берилган: «Ислом динининг ҳақлигига иймон келтириб, қибла томонга қараб намоз ўқиганлари мусулмондир. Баъзи масалаларда хато эътиқод қилганлиги учун гуноҳкордир. Уларни бесабаб «кофир» дейиш яхши эмас. Чунки улар Аллоҳ таолонинг борлигига ва бирлигига ишонишади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг ҳақ пайғамбари эканлигига, Каломи шарифга иймон келтиришади».

Устоз, ақоид китобларида қадария, мўътазила каби фирқаларнинг буткул кофирлигига фатво берилганми? Ёки улар кофир эмасми? Қиёмат куни уларнинг ҳоли нима бўлади?Жавобларингиз учун ташаккур!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

1. Бизнинг мазҳабимизда ўтганларга намоз ўқиш йўқ бўлгани учун, сиз ўқиган ва бошқа китобларимизда бу гап айтилмаган. Шунинг учун намоздан кейин дуо қабул бўлиши эътиборидан, намозни ўқиб бўлгандан кейин ўтганларнинг ҳаққига дуо қилса бўлади.

2. Имом Ғаззолийнинг мазкур китоби тасаввуфга оидлиги маълум. Унда кўпроқ олиймақом бўлишга ҳаракат қилаётганларга боғлиқ гаплар айтилади. Мисол учун, «Ғийбат қилса, рўзаси очилади» деган гапларга ўхшаш. Сиз келтирган гаплар ҳам ўшанга ўхшаш гаплардир. Яъни улар омма учун эмас, олий мақомларга эришишга ҳаракат қилаётган хос кишилар учундир. Чунки бошқа уламолар умумий тарзда айтган гапларда бу маънолар йўқ.

Аввало сиз мисол келтирган ҳадиснинг тўлиқ матни билан танишиб олсак.

عَنْ وَابِصَةَ بْنِ مَعْبَدٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «الْبِرُّ مَا اطْمَأَنَّتْ إِلَيْهِ النَّفْسُ، وَالْإِثْمُ مَا حَاكَ فِي النَّفْسِ وَتَرَدَّدَ فِي الصَّدْرِ وَإِنْ أَفْتَاكَ النَّاسُ وَأَفْتَوْكَ». رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالطَّبَرَانِيُّ.

Вобиса ибн Маъбад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яхшилик кўнглинг тўлган ва қалбинг рози бўлган нарсадир. Ёмонлик кўнглингда тўқилган, кўксингда тараддудланган нарсадир. Агар одамлар сенга фатво берсалар ҳам», дедилар».

Аҳмад ва Табароний ривоят қилишган.

Имом Ғаззолийнинг гапларини тўғри тушуниш учун аввало ушбу ҳадиснинг маъносини яхши билиб олиш лозим бўлади.

Сизга янада яхшироқ тушунарли бўлиши учун гапни узоқроқдан бошлаймиз.

Катта давлатларнинг вакиллари ва руҳонийлар иштирокида яхшилик ҳақида бўлиб ўтган бир баҳс. Ислом динида яхшилик ва ёмонлик тушунчалари эътиқодий масала саналади. Динимиз таълимотларига кўра, барча яхшиликларнинг асоси тақводир. Яъни Аллоҳ таолонинг ғазабидан қўрқиб, Унинг розилигидан умидвор бўлиб қилинган ҳар бир эзгу амалимиз, У Зот азза ва жалланинг буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтишимиз яхшиликдир. Ёмонлик эса шу айтилганларнинг тескарисидир.

Инсон ўзи учун, оиласи, бола-чақаси ва бошқа яқинлари учун, ўзи яшаб турган жамият учун қилиши мумкин бўлган барча яхшиликлар ва акчинча, сақланиши лозим бўлган ёмонликлар Қуръони Каримда ҳамда суннати набавияда батафсил баён этиб қўйилган. Демак, ёмонликлардан сақланмоқчи бўлган одам Аллоҳ таолонинг Китобини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини яхши ўрганиши ҳамда уларга қатъий амал қилиши зарур. Аммо Қуръони Каримни ва ҳадиси шарифларни ҳали яхши ўрганмаган одам ҳам умумий маънода яхшилик ва ёмонлик нима эканини билиши мумкин.

Аллоҳ таоло бунинг ҳам чорасини кўриб қўйган. У Зот азза ва жалла ҳар бир одамнинг кўксига «қалб» деб аталмиш латиф бир жисмни жойлаштириб, унга яхшилик ва ёмонликни фарқлаш қобилиятини ато этиб қўйган. Юқоридаги ҳадис айнан шу маънони таъкидлайди.

Яъни бирор ишни қилаётганимизда ўша ишдан кўнглимиз тўлиб, қалбимиз рози бўлиб турса, дилимизда ҳеч бир ғашлик сезмасак, демак, шу қилаётган ишимиз тўғри ва яхшидир, ўзимиз учун ҳам, ўзгалар учун ҳам яхшиликдир. Аксинча, кўнглимизда бир фикр туғилса-ю, уни юзага чиқаришга иккилансак, оқибати хайрли бўлишидан шубҳалансак, дилимизда ғашлик пайдо бўлса, демак, бу ўйлаган ишимиз нотўғри экан, ёмон экан, ўзимиз учун ҳам, ўзгалар учун ҳам ёмонлик экан.

Ҳадиснинг зоҳирига қарайдиган бўлсак, бу гап яхши ёки ёмонлиги қатъий таъкидланмаган ёхуд киши ҳали ҳукмини билиб улгармаган масалалар ҳақида айтилгандек. Динда қатъий таъкидланган амаллар борасида эса қалбга қараб эмас, шариатнинг ҳукми бўйича иш юритилади.

Масалан, намоз вақти кирганда намозхон таҳорати бор ёки йўқлиги ҳақида шубҳаланиб қолди. Аниқ эслай олмаяпти: таҳорати борми ёки йўқми? Шунда шаръий ҳукм бўйича гумонининг ғолиб тарафига қарайди. «Таҳоратим бор» деган гумони ғолиб бўлса, бемалол намозини адо этаверади. Агар таҳорати синганини аниқ билмаса, кўнглидаги озгина шубҳа туфайли бетаҳорат бўлиб қолмайди.

Аксинча, «таҳоратим йўқ» деган гумони ғолиброқ. Бу ҳолда «таҳорати йўқ» деб ҳукм қилинади.

Биринчи ҳолатда, яъни «таҳоратим бор» деган гумони ғолиб бўлганда намоз ўқиб бўлгач, таҳорати йўқлиги маълум бўлиб қолса, гумон билан ўқиган намози бекор бўлади. Солиҳ амалининг, аниқроғи, нияти ва ихлосининг савобидан бебаҳра қолмайди-ю, аммо намознинг фарзлиги бўйнидан соқит бўлмайди. Таҳоратини янгилаб, намозни бошқатдан ўқиши шарт бўлиб қолади.

Иккинчи ҳолатда – «таҳоратим йўқ» деган гумони ғолиб бўлган ҳолатда ўз-ўзидан намоз ўқиш учун қайтадан таҳорат қилади. Бу – шаръий ҳукм. Лекин ушбу шаръий ҳукмга қалбнинг ҳолати асос қилиб олингани учун имом Ғаззолий «фатво берувчи қалб…» деб таърифлаганлар.

Маълумки, имом Ғаззолий ҳадис илмида пешқадам бўлмаганлар. Баъзан заиф ҳадисларга таянган ҳолда анча фикрларни айтиб юборганлар. Бу гап хусусан, биз баҳс юритаётган ушбу «Иҳёу улумид-дийн» китобига ҳам тегишли. Аммо юқорида келтирилган ҳадис саҳиҳ бўлиб, имом Аҳмаднинг «Муснад» ва Табаронийнинг «Муъжамул кабийр» китобларида келган.

Имом Ғаззолий ушбу ҳадиснинг фақат зоҳирий маъносини бироз шарҳ қилиб, сизни ўйлантириб қўйган баъзи нозик гапларни гапирибдилар. Тўғрироғи, ўз услубларига содиқ қолган ҳолда, масалани бўрттириб кўрсатиш учун ҳаётда кўп учрайдиган биттаси ва деярли мумкин бўлмаган иккинчи воқеани мисол келтирибдилар. Одатда, хусусан, катта ёшли намозхонлар орасида таҳорати бор-йўқлигидан шубҳаланиш, иккиланиш, гумон қилиш ҳоллари кўп учрайди. Иккинчи мисол эса ҳаётда бундай воқеа учрамаса ҳам, бундай бўлиши мумкин бўлмаса ҳам, масалани бўрттириб кўрсатиш учун «фаразан шундай бўлса» деган маънода келтирилган. Такрор айтамиз, имом Ғаззолий бу гапларни мисол учун гапирганлар. Ҳар икки мисолни жамлаб, умумий хулоса қиладиган бўлсак, динда жорий бўлган энг муҳим қоидалардан бири ҳақида гап бораётганини англаб оламиз. Бу қоида: янглиш ва хато қасддан бўлмаса, хусусан, тўғрилигига ишонган ҳолда нотўғри иш қилиб қўйилса, хатони англаган заҳоти тавба қилиб, ҳолат тўғриланса, банданинг маъзур бўлишидир.

Аммо адашганини англаган заҳоти тавба қилиб, хато тўғриланмаса, батаҳқиқ, очиқ-ойдин гуноҳкор бўлади, гарчи аввалида янглишганини билмаган, ўзини тўғри йўлда деб ўйлаган бўлса ҳам.

Бор гап шу.

Имом Ғаззолийнинг ушбу бобда айтмоқчи бўлган гаплари мана шундан иборат.

Аммо юқоридаги ҳадиснинг ботиний маъноси ҳам бор. Бу ҳақда имом Ғаззолий ушбу бобда ҳеч нарса демайдилар. Аммо бошқа китобларида, хусусан, «Мукошафатул қулуб» ва «Кимёи саодат» асарларида юқоридаги ҳадиснинг ботиний маъносига мос келувчи кўпгина гапларни айтганлар.

Бу – тақво масаласи.

Маълумки, имом Ғаззолий диний илмларнинг деярли барчасини пухта ўрганиб, илмнинг ҳар бир жабҳасида етук асарлар ёзиб, охири тасаввуф йўлини тутиб, шу илмда қалблари қарор топиб, руҳлари таскинга эришган.

Тасаввуфнинг моҳияти – руҳни тарбиялаш ва бу йўлда тақвони бош шиор қилиб олишдир.

Тасаввуф фақат гуноҳларни ёки гуноҳга олиб борувчи йўлларни тарк этишгина эмас.

Бу йўлда руҳни тарбиялаш учун баъзи ҳалол нарсаларни ҳам тарк қилинади. Юқоридаги ҳадиснинг ботиний маъноси ана шу ҳақда: «Яхшилик кўнглинг тўлган ва қалбинг рози бўлган нарсадир. Ёмонлик кўнглингда тўқилган, кўксингда тараддуланган нарсадир. Агар одамлар сенга фатво берсалар ҳам».

Маълумки, шариат ҳалол ёки мубоҳ деган нарсани ҳаром дейиш куфрга далолат қилади. Аммо тақво йўлида баъзида мубоҳ ва ҳатто айрим ҳалолларни тарк қилувчи мутасаввиф шариатга мутлақо қарши чиқмайди. Ҳеч бир солик ҳалолни ёки мубоҳни ҳаром деб ўзича ҳукм чиқариб олмайди. Аслида Аллоҳ таолодан энг кўп қўрқувчилар ҳам, энг кўп умидвор бўладиганлар ҳам мутасаввифлар, яъни руҳий тарбия билан шуғулланувчилардир. Айнан Аллоҳ таолонинг азаматини, қудратини, қаҳрини ва адолатини теран тушунганлари учун ҳам руҳий тарбияга, яъни тасаввуфга алоқадор мўмин-мусулмонлар баъзи мубоҳ ва айрим ҳалол нарсалардан ўзларини тийиб, риёзат чекиб, нафсларини, руҳиятларини тарбиялаб борадилар. Масалан, бошқаларга нисбатан камроқ ухлайдилар, камроқ овқатланадилар, камроқ гапирадилар ва ўта содда кийинадилар ва ҳоказо. Аксинча, баъзи ишларни ва ибодатларни бошқалардан кўра кўпроқ бажарадилар. Масалан, кўп-кўп садақа берадилар, хайрли ишларда фаол қатнашадилар, нафл намозларни, хусусан, таҳажжудни кўп ўқийдилар, Аллоҳни кўп зикр қиладилар ва ҳоказо.

Ана шу ишларининг барчасида «кўнгиллари тўлган ва қалблари рози бўлган» даражада амал қилишга ҳаракат қиладилар. Бу йўлда одамларнинг таъна-маломатларидан ҳам, турли фатволардан ҳам чўчимайдилар.

Чунки иймонли қалби буюрган ишни қилган ва қалби қайтарган ишдан қайтган одам асло янглишмайди. Зеро, Қалблар Аллоҳ таолонинг измидадир, уларни Аллоҳ таолонинг Ўзи бошқариб туради. Аслида иймон тилдаги иқрорга эмас, аввало қалбдаги тасдиққа боғлангани ҳам бежиз эмас. Солиҳ қалблар Аллоҳ таолонинг элчиларидир. Қалб бизни ёмонликдан қайтариб, яхшиликка буюриб турувчи содиқ дўстимиздир. Унга қулоқ тутсак, яхшиликка, яхшиликнинг асоси бўлган иймонга эришамиз, иншааллоҳ.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِيمَا يَرْوِي عَنْ رَبِّهِ تَبَارَكَ وَتَعَالَى قَالَ: «إِنَّ اللهَ كَتَبَ الْحَسَنَاتِ وَالسَّيِّئَاتِ ثُمَّ بَيَّنَ ذَلِكَ، فَمَنْ هَمَّ بِحَسَنَةٍ فَلَمْ يَعْمَلْهَا كَتَبَهَا اللهُ عِنْدَهُ حَسَنَةً كَامِلَةً، وَإِنْ هَمَّ بِهَا فَعَمِلَهَا كَتَبَهَا اللهُ عَزَّ وَجَلَّ عِنْدَهُ عَشْرَ حَسَنَاتٍ إِلَى سَبْعِمِائَةِ ضِعْفٍ إِلَى أَضْعَافٍ كَثِيرَةٍ، وَإِنْ هَمَّ بِسَيِّئَةٍ فَلَمْ يَعْمَلْهَا كَتَبَهَا اللهُ عِنْدَهُ حَسَنَةً كَامِلَةً، وَإِنْ هَمَّ بِهَا فَعَمِلَهَا كَتَبَهَا اللهُ سَيِّئَةً وَاحِدَةً». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ. 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз Роббларидан ривоят қилиб айтадилар: «Аллоҳ яхшиликлар ва ёмонликларни ёзиб қўйди. Сўнгра ўшани баён қилди. Ким бир яхшиликни қасд қилса-ю, унга амал қилмаса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида баркамол бир яхшилик қилиб ёзиб қўяди. Агар уни қасд қилиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ азза ва жалла уни Ўз ҳузурида ўнтадан етти юз яхшиликкача, ундан ҳам бир неча марта кўп қилиб ёзади. Агар бир ёмонликни қасд қилса-ю, унга амал қилмаса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида бир яхшилик қилиб ёзади. Агар у(ёмонлик)ни қасд қилиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ уни бир ёмонлик қилиб ёзади».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Ислом шариатининг гўзаллигини кўринг! У қанчалик даражада яхшилик тарафдори экани-ю, ёмонликка қанчалик қарши экани ушбу ҳадисда аниқ баён қилинмоқда. Қилинган амалга бериладиган ажру савоб асосан банданинг ихлосига қараб бўлар экан! Чунки бир хил ният билан бир амални бажарган кишиларнинг бирига ўн ҳисса савоб берилса, иккинчисига етти юз ҳисса, учинчисига ундан бир неча баробар кўп савоб ато этилиши айтилмоқда. Савоб ихлосга қараб бўлар экан!

Ҳа, ихлос ана шундай нарса. Ихлос билан қилинган ибодатнинг савоби ана шундай кўп бўлади.

Ихлос туфайли банда ўз Роббига қилган ибодатининг лаззатини топади, кўнгли мусаффо бўлади, қалби нурга тўлади ва амали учун қўшимча савоб олади.

Ихлосли банда ваъз-насиҳат ва ибратлардан ўзига тезда фойда олади.

Ихлос Аллоҳ томонидан бандага бериладиган улкан мукофот ва неъматдир. Ҳадиси қудсийлардан бирида айтилишича, Аллоҳ таоло шундай деган экан: «Ихлос Менинг сирларимдан биридир. Ўз бандаларимдан кимга муҳаббат қилган бўлсам, ўшанинг қалбига ихлосни жойлаганман. Унга фаришта таниш бўлиб, ёза олмайди ҳам, шайтон таниш бўлиб, буза олмайди ҳам».

Ушбу биз ўрганаётган ҳадис ҳам ҳадиси қудсий бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Аллоҳ таолодан ривоят қиладилар. Келинг, ҳадис матни билан яқиндан танишиб чиқайлик:

«Аллоҳ яхшиликлар ва ёмонликларни ёзиб қўйди».

Яъни Аллоҳ таоло барча яхшиликларни ва ёмонликларни тақдир қилиб, Лавҳул маҳфузга ёзиб қўйди.

«Сўнгра ўшани баён қилди».

Яъни кейин ўша ёзиб қўйилган яхшиликлар нима-ю, ёмонликлар нималигини юборган динлари орқали бандаларига баён қилди. Қайси амал яхши-ю, қайси амал ёмонлиги ҳаммага аён бўлди.

«Ким бир яхшиликни қасд қилса-ю, унга амал қилмаса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида баркамол бир яхшилик қилиб ёзиб қўяди».

Чунки яхшиликни қасд қилишнинг ўзи яхши нарса. Яхшиликни қасд қилган банда тезда уни қилиши ҳам аниқ. Шунинг учун унга тарғиб бўлсин деб, доимо яхшилик ниятида юриши учун қилган ниятига ҳам, гарчи у амалга ошмаса-да, бир яхшилик савоби ёзилади.

«Агар уни қасд қилиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ азза ва жалла уни Ўз ҳузурида ўнтадан етти юз яхшиликкача, ундан ҳам бир неча марта кўп қилиб ёзади».

Яъни банда ўзи қасд қилган яхшилигини амалга оширса, Аллоҳ таоло банданинг ихлосига қараб, ўша яхшиликни Ўз ҳузурида ўнтадан то етти юзгача, ундан ҳам бир неча марта кўпроқ яхшилик қилган, деб ёзади ва ўшанинг савобини беради.

Демак, ният билан яхшилик қилган мусулмон одамга бериладиган энг оз ажр унинг қилган яхшилигига нисбатан ўн баробар кўп бўлади. Кўпи эса банданинг ихлосига қараб, ўн биттадан бошлаб, етти юз ва ундан яна Аллоҳнинг Ўзи билганича кўпайтирилади. Бу ҳам Ислом шариатининг мислсиз гўзалликларидан, осонлигидан.

Банда ичини пок қилиши, қалбини мусаффо тутиши ва бунинг самараси ўлароқ пайдо бўлган ихлоси туфайли бировлар бир ишни қилиб олган савобдан, худди ўша ишни қилиб туриб, сон-саноқсиз марта кўп савоб олиши мумкин.

«Агар бир ёмонликни қасд қилса-ю, унга амал қилмаса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида бир яхшилик қилиб ёзади».

Яъни банда бир ёмонликни қасд қилди. Сўнгра гуноҳ бўлишидан, Аллоҳнинг азобига йўлиқишидан қўрқиб, ўша ёмонликни қилмади. Шунинг ўзи яхшилик, балки яхшиликнинг бошланишидир. Аллоҳдан қўрқиб, ёмонликни тарк қилган одам энди яхшилик қилишга ўтади. Бу мукофот эса уни доимо яхшиликка чорлайди.

Киши ёмонликни қасд қила туриб, уни амалга оширмагани эвазига бир яхшилик қилгандай савоб олиши учун аввало Аллоҳдан қўрқиб, ўша ёмонликни тарк этиши шарт. Агар бошқа сабаб билан тарк этса, қилган ниятига яраша гуноҳ ёзилади.

Мисол учун, бирор кимса бир мусулмоннинг устидан иғво-бўҳтон қўзиш учун борса-ю, масъул одамни топа олмай, ортига қайтса, унга гуноҳ ёзилаверади. Шунингдек, ҳаром ичимлик ичмоқчи бўлган киши дўкондан ўша ичимликни топа олмагани учунгина ичмаса, қилган ёмон ниятига яраша унга ҳам гуноҳ ёзилаверади. Аммо аввал айтилганидек, ният қилгандан кейин Аллоҳдан қўрқиб, ёмонликни тарк қилса, яхшиликнинг савоби ёзилади.

«Агар у (ёмонлик)ни қасд қилиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ уни бир ёмонлик қилиб ёзади».

Бу ҳам Аллоҳнинг фазли ва марҳамати. Агар кўп қилиб ёзаман деса, яхшиликни кўпайтириб ёзганидек, ёмонликни ҳам кўпайтириб ёзиши мумкин эди. Аллоҳ таоло ундай қилмайди.

Ушбу ҳадисдан оладиган фойдаларимиз:

1. Аллоҳ таоло азалдан яхшилик ва ёмонликларни Лавҳул маҳфузга ёзиб қўйгани.

2. Аллоҳ таоло яхшилик нима-ю, ёмонлик нималигини Ўз махлуқотларига баён қилиб бергани.

3. Мўмин банда яхшиликни қасд қилгани учун ҳам савоб олиши.

4. Мўмин банда қасд қилган яхшилигини амалга оширса, ўнтадан етти юзгача ва ундан ҳам кўп савоб олиши мумкинлиги.

5. Мўмин банданинг қилган амалига савобнинг кўпайиши унинг ихлоси даражасига боғлиқлиги.

6. Мўмин банда бир ёмонликни қасд қилса-ю, сўнгра Аллоҳдан қўрқиб, уни тарк этса, яхшилик ёзилиши.

7. Банда бир ёмонликни қасд қилганидан сўнг уни амалга оширса, бир ёмонлик деб ёзилиши.

Ушбу ҳадиси шарифдан Ислом дини қанчалар яхшилик тарафдори эканини, кишилар ихлосли бўлишлари учун уларни қанчалар рағбатлантирганини билиб оламиз.

Қайси бир дин, тузум бировга фақат яхшиликни ният қилгани учун, унга амал қилмаса ҳам мукофот беради?

Исломдан бошқа қайси бир дин ёки тузум бир яхшиликка етти юз ва ундан кўп баробар мукофот беради?

Исломдан бошқа қайси бир дин ёки тузум қилган ёмон ниятидан қайтган киши учун яхшилик қилганга тенг мукофот беради?

Бу ишларнинг ҳаммасида инсондан ортиқча ҳаракат ёхуд азият талаб қилинмайди. Фақат бир нарса – ихлос талаб этилади. Ихлос эса қалбни мусаффо, ботинни пок тутиб, худди Аллоҳни кўриб тургандек, У Зотга суюмли бўлиш учун уриниш, холос. Ана шу ихлос қанчалик кучли бўлса, қилинган яхши амалнинг савоби шунчалик кўпаяверади.

Ислом дини ана шундай осон дин.

Ислом ана шундай яхшилик тарафдори бўлган дин.

Аммо биз мусулмонлар ўз динимизга муносибмизми? Ислом бизга берган имтиёзлардан фойдаланиб, ўзимиз учун кўпроқ ажр-савоб жамлашга уриняпмизми? Қиладиган яхши амалимизни чин ихлос билан, фақат Аллоҳнинг розилиги учун қилаяпмизми? Бандалик билан адашиб қилган ёмон ниятларимиздан Аллоҳ таолодан қўрқиб, қайтмоқдамизми?

Умуман, бизда ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган маънолар ҳақида тушунча борми? Ҳар бир ниятимиз, қасдимиз Аллоҳга маълум бўлиб, унга яраша савоб ёки гуноҳ номаи аъмолимизга ёзилиб бораётганини биламизми? Ҳар бир қилган амалимизга яраша маълум савоб ёки гуноҳ олаётганимизни ҳар доим ҳис этамизми?

 Аввал билмасак, энди билдик. Энди ушбу ҳадисга амал қилишимиз лозим. Фақат яхшиликни қасд қилишга ўтайлик. Қасд қилган яхшиликларимизни чин ихлос билан амалга оширишга ўтайлик. Адашиб, баъзи бир ёмонликни қасд қиладиган бўлсак, дарҳол ундан қайтадиган бўлайлик. Ана шунда чин мусулмон бўлиб, икки дунё саодатига эришамиз.

4. Сиз келтирган китобда айтилган гаплар тўғри. Мўътазилийларнинг кофир бўлиб, диндан чиқиб кетганлари ҳақида гап йўқ. Хато тушунчалари, куфрга кетган гаплари ҳақида сўзлар бор. Қадариянинг кофирлиги эса ҳадис ила собит бўлган.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الْقَدَرِيَّةُ مَجُوسُ هَذِهِ الْأُمَّةِ، إِنْ مَرِضُوا فَلَا تَعُودُوهُمْ، وَإِنْ مَاتُوا فَلَا تَشْهَدُوهُمْ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қадария ушбу умматнинг мажусийларидир. Улар касал бўлса, кўргани борманглар, ўлса (жанозасига) ҳозир бўлманглар», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Бу ҳадис мусулмонлар ичидан чиқадиган маълум бир тоифа – қадария ҳақидадир.

Бу тоифа қадар масаласида адашгани сабабли ушбу номни олган. Аниқроғи, қадарни инкор қилганлари учун шундай аталган. Бу тоифага мансуб одамлар қадарга ишонмайдиган кишилардир. Улар: «Дунёдаги бандага хос ишлар банданинг ихтиёри билан бўлади, банда ўз амалини ўзи халқ қилади», дейишади.

Қадария тоифаси бошқа мазҳаблар каби алоҳида бир тоифа бўлиб ажралмаган, имомлари бўлмаган, давомчилари маълум минтақаларга тарқалган эмас. Балки ким юқоридаги эътиқодда бўлса, ўшанга «қадария» дейилаверган. Қадария мазҳабининг энг кўзга кўринган тамсилчилари мўътазилийлардир.

Мўътазилийлар алоҳида ақийдавий мазҳаб, йўналиш соҳиблари бўлиб, бошқа баъзи бир ақийдавий масалаларда ҳам Аҳли сунна вал жамоа мазҳабига хилофлари мавжуд. Жумладан, қадар масаласида ўзига хос эътиқодда бўлганлари учун уларни «қадария» ҳам дейилади.

Қадария мазҳабига юрганларнинг асосий хатоси инсонга берилган ихтиёрга муболаға билан қараб, Аллоҳнинг шомил ихтиёрини чеклашга уринишдир. Улар инсонда ихтиёр борлигига далолат қилувчи оят ва ҳадисларни ҳаддан ошириб, унинг ихтиёри чеклангани ва Аллоҳнинг ихтиёрига тобелиги ҳақидаги далилларни ўз фикрларига мослаб таъвил қилиш билан овора бўлишган ва оқибатда залолатга кетишган.

Ушбу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қадария ушбу умматнинг мажусийларидир», демоқдалар, яъни қадария мазҳабига юрганлар Ислом умматининг мажусийлари эканини эълон қилмоқдалар. Нима учун? Бу саволга уламоларимиз қуйидагича жавоб берадилар: «Маълумки, мажусийлар оташпарастлардир. Улар қуёшга ёки оловга ибодат қилишади. Уларнинг эътиқодлари бўйича икки асл илоҳ бор: нур худоси ва зулмат худоси, яъни яхшилик худоси ва ёмонлик худоси. Ҳамма яхшиликларни нур худоси, барча ёмонликларни эса зулмат худоси қилади.

Қадария мусулмонлардан бир тоифа бўлиб, «Қадар йўқ», дейишади. Улар: «Банда ўзининг ихтиёрий амалларини ўзи яратади», дейишади. Шу эътиқодларига биноан, уларнинг фикрича, Холиқ иккита бўлади: Аллоҳ таоло ва ўз ихтиёрий амаллари бўйича инсон. Шунинг учун, яъни «икки холиқ бор» деб эътиқод қилганлари учун ҳам қадария «иккита илоҳ бор» деб эътиқод қилувчи мажусийларга ўхшатилган».

Қадариянинг фикри ўта хатарли бўлгани учун ҳам бу ҳадиснинг давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни уларга умуман яқинлашмасликка амр қилмоқдалар.
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077

Топ рейтинг www.uz Openstat