Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ашъарий ва имом Мотуридий ҳақида маълумот бергансиз

00:00 / 18.11.2009 | eski savollar | 6375

Ассалому алайкум. Устоз, саволимнинг мавзусини ўқиб, «Сунний ақийдалар» номли китобимни ўқисанг бўлмайдими?» дейишингиз мумкин, лекин ушбу китобда келган маълумотлар орқали ашъария ва мотуридия ҳақида, тўғриси, жуда кам маълумот олдим. Асосан имом Ашъарий ва имом Мотуридий ҳақида маълумот бергансиз. Ҳозирча араб тилини мукаммал билмаганлигим сабабли ашъарийлар ва мотуридийлар ақийдасини ўрганиб чиқишга имконим йўқ (Ақийда китобларнинг аксари араб тилида). Шунинг учун сиздан имкон қадар, қисқа бўлса ҳам, ашъарийлар ва мотуридийлар ақийдасини тушунтириб беришингизни сўрайман.

Гап шундаки, Саудия Арабистони Дин ишлари вазирлиги қошидаги имомлар ва хатиблар кенгаши (адашмасам, вазирлик ва кенгаш номини тўғри келтирдим) томонидан чиқарилган «Усусул ақийда» номли китобни шарҳ қилиш жараёнида ашъария ва мотуридия адашган секта сифатида зикр қилинганини эшитдим (аудио дарсни эшитиш вақтида). Шунинг учун масала ақийда бобида кетаётганлиги сабабли сиздан ашъария ва мотуридия ҳақида тўлиқ маълумот сўраяпман. Агар ашъария ва мотуридия ақийдасида адашган жойлари бўлса, нимада адашган, агар адашмаган бўлса, ҳужжати қандай ва ниҳоят, ўзи қайси масалаларда улар адашишган деб ҳисобланади? Илтимос, кўп саволларга қисқа жавоб берганингиздек, менинг саволимга ҳам қисқа эмас, балки тўлиқроқ жавоб қайтарсангиз. Имкон қадар мени қийнаётган саволни тўғри шакллантиришга ҳаракат қилдим, агар савол тузишда камчилигим бўлса, умид қиламанки, Аллоҳ учун камина биродарингиз ҳақида яхши гумонга боргайсиз.

Агар бу маълумотни қаердан олганимни билишни истасангиз, китобнинг номи «Усусул-ақийда», Саудия Арабистони Дин ишлари буйича вазирлик қошидаги имом ва хатиблар кенгаши ва «Иброҳим ибн Абдулазиз ал-Иброҳим» фонди томонидан нашр қилинган.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Одатда сизга ўхшаб шикоят қиладиган ва шарт қўядиганларнинг саволларига жавоб бермайман. Аммо сиз кўтарган масала ўта муҳим бўлгани учун қисқароқ бўлса-да, жавоб беришга қарор қилдим.

Мен айтмаган гапда нима учун мени айблайсиз? Ҳали менга савол берганингиз ва мен сизга «Сунний ақийдалар» номли китобимни ўқисанг бўлмайдими?» деганим йўқ, шекилли?! Савол беришнинг одоби шунақа бўладими? «Сунний ақийдалар» китобидан бу саволга жавоб топа олмаслигингиз аниқ. Чунки у китоб бу каби масалаларни ёритиш учун ёзилган эмас.

Мен бировга «Фалон китобни ўқинг» десам, мазкур саволга ўша китобда жавоб бўлади. Шунинг учун ўша гапни айтган бўламан. Ёзган китобларимда жавоби бўлмаган саволларга қўлдан келганича жавоб бераман. Лекин мен ҳам бир ожиз бандаман. Ҳамма нарса, жумладан, ҳар бир саволга тўлиқ жавоб бериш қўлимдан келмайди. Бунинг учун вақтим, кучим ва илмим ҳам етмайди. Бунинг устига, сизга ўхшаганлар таъна ва дашном беришини ўйлаб кўрмай, islom.uz сайтидаги саволларга жавоб беришдан бошқа ишларни ҳам бўйнимга илиб олганман. Ўзимча китоб ёзаман дейман, уларни рус тилига таржима қиламан дейман, овоз ва суратли дисклар чиқараман дейман, ҳафтада тўрт кун дарс ўтаман дейман, турли радиоларга маълумот бераман дейман, ҳар куни асрдан шомгача уйимда одамларни қабул қилиб, саволларига жавоб бераман дейман, одамлар хафа бўлмасин дея маросимларига боришга ҳам мажбурман, бунинг устига, бир неча халқаро ташкилотларга ҳам аъзо бўлганим учун уларнинг ҳам хизматлари чиқиб туради. Шунинг учун баъзи кишиларга китобларимда бор маълумотларни ўқиб олишни тавсия қилишга мажбур бўлиб қоламан.

Агар жанобларига бу гаплар ёқмаган бўлса, узр сўрайман. Узр сўраш билан бирга, саволингизга фикри ожизимда борича жавоб беришга ва бунда «Сунний ақийдалар»да сиз ўқиган баъзи маълумотларни яна такрорлашга ижозатингизни сўрайман.

Саволингиз ақийда масаласига тегишли бўлгани учун бироз муқаддима келтиришга тўғри келади. Имом Ғаззолий: «Калом бир илм бўлиб, унинг мақсади аҳли суннанинг ақийдасини аҳли бидъатнинг ташвишидан муҳофаза қилиш ва қўриқлашдир. Аллоҳ таоло Ўз бандаларига Ўз Набийси тилида ҳақ ақийдани илқо қилди. Унда уларнинг дини ва дунёсининг салоҳи бордир. Шунингдек, у ҳақда Қуръон ва хабарлар нутқ қилди.

Сўнгра шайтонлар ўз васвасаси ила бидъатчиларга суннатга хилоф ишларни илқо қилди. Улар ўша ишларни гапирдилар ва аҳли ҳақнинг ақийдасини бузмоқчи бўлдилар.

Аллоҳ бир тоифа мутакаллимларни пайдо қилди ва уларнинг ҳимматини тартибга солинган калом ила суннатнинг нусрати йўлида ҳаракатга солди. Шу орқали аҳли бидъатнинг суннатга хилоф равишда чиқарган алдамчиликлари фош қилинди. Ана шундан илми калом пайдо бўлди».

Илми калом пайдо бўлган вақтга келиб, ақийдага оид масалаларга аввалги вақтларга ўхшаб фақат Қуръон ва Суннатдан далил келтириш билан кифояланиш етмай қолган эди. Қарши тараф ақлий далил ҳам келтиришни талаб қилар эди.

Калом масалалари бўйича баҳслар мусулмон оламидаги ўша вақтнинг кўзга кўринган ақийдавий мазҳаблари: Аҳли сунна вал жамоа, мўътазилийлар, муржиъийлар, хаворижлар ва шийъалар ўртасида бўлган.

Кейинчалик Аллоҳнинг каломига тегишли баҳслардан Аллоҳнинг сифатларига, Ислом давлати бошлиғи – имомга оид масалаларга, қазо ва қадар масалаларига ва ҳатто баъзи фиқҳий масалаларга ҳам ўтилган.

Вақт ўтиб, турли халқ ва тоифаларнинг Исломга киришлари билан уларнинг ақийда ва фикрлари ҳам кириб кела бошлади. Шу билан бирга, ғайримусулмонлар томонидан Ислом ақийдаларига қарши фикрий ҳужум ва танқидлар ҳам авж ола бошлади.

Ана шундай ҳамлалардан Ислом ақийдасини ҳимоя этиш ва раддиялар қилиш учун илми калом соҳиблари ғайримусулмонлар билан тортишувларни бошладилар. Бу ишда Аҳли сунна вал жамоа уламолари ҳам, мўътазилалар ҳам ва бошқалар ҳам иштирок этдилар.

Аввал бу тортишувлар тўғри йўналишда ва бир маромда кетди. Кейинчалик эса бошқа илм ва соҳаларда бўлгани каби турли бурилишлар ва хатолар юзага кела бошлади. Илми калом бобига бўлган-бўлмаган турли-туман масалалар аралашиб кетди.

Шунингдек, мутакаллимлар орасига ҳам ҳар хил шахслар аралашиб кетди. Натижада ҳақиқий илми каломни сохтасидан, ҳақни ботилдан ажратиб олиш қийин бўлиб қолди.

Ана шундай оғир бир пайтда соф Ислом ақийдасини сақлаб қолиш учун ҳаракат қиладиган уламолар етишиб чиқдилар. Улар Қуръони Карим ва Суннат таълимотлари асосида, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари услубида ақийда масалаларини ёрита бошладилар. Уларга Аҳли сунна вал жамоа номи берилди.

Кейинроқ одамларга тушунарли бўлиши учун матнларни таъвил қилишга ҳам мажбур бўлинди. Турли китоблар битилди. Аҳли сунна вал жамоанинг ақийда бобидаги таълимотлари тўпланиб, тартибга солинди. Охири келиб ақийдавий мазҳаб шаклланди ва ўз имомларига ҳам эга бўлди.

«Аҳли сунна вал жамоа» деган ном бундан аввал ҳам бор эди. Аммо кейинроқ, юқорида номлари айтиб ўтилган турли фирқаларга муқобил ўлароқ, айни шу ном ишлатила бошланди. «Аҳли сунна» деганда «суннатга юрганларнинг йўли» ва «ҳадисга амал қиладиганлар» деган маънолар кўзда тутилган.

Бу борада имом Ашъарий ва Мотуридий аҳли сунна вал жамоанинг ақийда бўйича имомлари деб тан олиндилар.

Бу икки имом Ислом оламининг икки тарафидан – Ашъарий басралик, Мотуридий самарқандлик бўлса ҳам ва бир-бирлари билан кўришмаган бўлсалар ҳам, бир хил ишни бир хил вақтда, бир хил тарзда адо этганлари ҳамда икковларининг бирданига Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг имоми деб эътироф қилиниши бу мазҳабнинг ақийдаси доимо барча юртларда маълум ва машҳур эканига ёрқин далилдир.

ИМОМ АБУЛҲАСАН АЛ-АШЪАРИЙ

Абулҳасан Алий ибн Исмоил Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳининг насаблари улуғ саҳобий Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳуга бориб тақалади. У киши Бағдодда яшаб, ҳижрий 336 санада ўша ерда вафот этганлар.

Абулҳасан Алий ибн Исмоил Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ дастлаб мўътазилийларнинг бошлиғи Абу Алий Жибоийдан дарс олган ва кези келиб, ўзи ҳам мўътазилийларга бош бўлган. Кейин тавба қилиб, мўзътазилийларга қарши чиққан, уларнинг айбларини фош қилган ва Аҳли сунна вал жамоанинг имоми бўлишга эришган.

Имом Абулҳасан Алий ибн Исмоил Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ Аҳли сунна вал жамоа ақийдаси бўйича бир нечта китоблар ёзган. Улардан баъзиларини эслаб ўтайлик.

1. «Мақолатул Исломиййин».

Имом Абулҳасан Алий ибн Исмоил Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг бу китобларида Аҳли сунна вал жамоанинг ақийдасини баён қилиб берган.

2. «Ал-Ибона».

Имом Абулҳасан Алий ибн Исмоил Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ бу китобда Аҳли сунна вал жамоанинг мазҳабини имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг қавллари асосида баён қилиб, мўътазилий ва жаҳмийларга раддиялар қилган.

3. «Рисолатун ила аҳлис-сағр».

Имом Абулҳасан Алий ибн Исмоил Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ мўътазилийларга маълум бир масалаларда раддия қилади ва ўзларининг имом Аҳмад мазҳабида эканликларини баён этади.

Абулҳасан Алий ибн Исмоил Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг мазкур уч китобида оят ва ҳадисларни таъвил қилиш йўлига ўтмайди. Салаф уламолари, хусусан, имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳининг йўлларини тутади.

4. «Ал-Ламаъ».

Имом Абулҳасан Алий ибн Исмоил Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг бу китобида аввалги уч китобидагидан бошқача йўл тутиб, ақлий далилга ҳам эътимод қилади. Шундай қилиб, у киши бу китобда салаф уламолар йўлидан эмас, кейинги, таъвил йўлини тутганлар изидан боради.

Имом Абулҳасан Алий ибн Исмоил Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳининг ҳаётлари ва мазҳабларини чуқур ўрганган уламолардан шайх Муҳаммад Абу Заҳра раҳматуллоҳи алайҳ қуйидаги хулосаларни қиладилар: «Қуръони Карим ва ҳадиси шарифда келган ақийдаларни олган ва тушунтиришнинг барча услубларини қўллаган.

Ташбиҳга оид оятларнинг зоҳирини – сиртқи маъносини олган. Аммо ташбиҳга ўтмаган. У Аллоҳ таолонинг бандаларнинг юзига ўхшамаган юзи ва У Зотнинг махлуқотларнинг қўлига ўхшамаган қўли борлигига эътиқод қилган.

Ақоидга оҳод ҳадислардан ҳужжат келтирган.

Аҳли ҳавонинг барчасидан, мўътазилийлардан четда бўлган.

Абулҳасан Алий ибн Исмоил Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳининг мазҳаби ўртача ва мўътадил мазҳабдир. У киши ақийдаларга далил келтиришда ҳам нақлдан, ҳам ақлдан истифода қилган. Абулҳасан Алий ибн Исмоил Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ Аллоҳ таолонинг, Унинг расулларининг ва охират кунининг Қуръони Карим ва ҳадиси шарифда келган васфларини собит қилади. Ақлий ва мантиқий далилларни ҳужжат қилиб келтиради.

Шунингдек, у киши фалсафий масалалардан ҳам фойдаланган. Чунки Абулҳасан Али ибн Исмоил Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ мўътазилийлар, файласуфлар, қарматийлар, ботинийлар, рофизийлар ва бошқаларга раддиялар қилган. Бу ишда эса ўшаларни қаноатлантириш ва зиддиларига далил келтириш лозимдир».

Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳининг ишини давом эттирувчилар кўп бўлди. Ибн Асокир, Абу Исҳоқ Исфиройиний, Абу Бакр Қаффол Шоший, Ҳофиз Журжоний, Абу Муҳаммад Тобарий, Дороний, Абу Бакр Боқиллоний, Абулқосим Қушайрий, Имомул Ҳарамайни, Абу Ҳомид Ғаззолий, Фахрул Ислом Шоший, Фахруддийн Розий шулар жумласидандир.

ИМОМ АБУ МАНСУР АЛ-МОТУРИДИЙ

Имом Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий Самарқандда туғилиб, ўсиб, таълим олиб, ижод қилиб, ҳижрий 333 санада шу ернинг ўзида вафот этган.

У киши ҳанафий мазҳабида бўлиб, Имоми Аъзамнинг шогирдлари имом Муҳаммад ибн Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳининг икки восита ила шогирдлари бўлган. Яъни у кишининг устозлари имом Муҳаммаднинг шогирдлари бўлган.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ фуқаҳолар ва муҳаддислар даъват қилган нарсага чақирган. У киши жуда ҳам машҳур бўлиб, Мовароуннаҳрда барча унга мурожаат қилган. Улар у кишидан фиқҳ, усулул фиқҳ ва бошқа диний илмлар бўйича таълим олганлар.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ усул бўйича «Китобул жадал»ни ва фиқҳда «Маъохизуш-шарийъат»ни таълиф қилганидан кейин шуҳрати яна ҳам ошиб кетди. Шундан кейин илми каломда шуҳрат қозониб, Хуросон аҳлининг мазҳаб соҳибига айланди. Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг ақийдадаги мазҳаби Абулҳасан Ашъарийнинг мазҳабига тенг бўлди.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Таъвилоту аҳлис-сунна» номли тафсирида мўътазила, хавориж, рофиза, карромий, жаҳмий, мушаббиҳа, мунажжим, фолбин ва бошқаларнинг фикрларини муноқаша қилган ва ҳаммаларига раддия берган. У киши Аҳли сунна вал жамоанинг мазҳабини қўллаб-қувватлаган.

Саъдуддин Тафтазоний, имом Таҳовий, имом Умар Насафий, Фахрул Ислом Баздавий, Ибн Ҳумом ва бошқа уламолар ақоид илмининг мотуридия йўналишида кўзга кўринган уламолардан бўлдилар.

АШЪАРИЙ ВА МОТУРИДИЙЛАР
ОРАСИДАГИ ФАРҚЛАР

Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг икки катта имомларининг ақийдаларини солиштириб кўрган шайх Муҳаммад Абдуҳу икки томон ўттизга яқин масалада хилоф қилганларини, аммо аксари уламолар бу хилофлар фақат лафзда экани, жавҳар эса тамоман бир-бирига ўхшаш эканини таъкидлашларини қайд қилган.

Баъзи муҳаққиқ уламолар Мотуридий билан Ашъарийнинг ораларида асосан учта масалада хилоф борлигини айтадилар.

Биринчиси: Ашъарий ҳолни нафий (инкор) қилади ва шунинг учун унинг фикрича, сифати зоидалар йўқ ҳисобланади. Мотуридий эса уларни собит дейди.

Иккинчиси: Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи: «Таквийн сифати бор, у ҳар бир махлуққа шомил сифатдир», дейди. Ашъарий бу номдаги сифат йўқлигини айтади.

Бу масалани чуқур ўрганган мутахассислардан Аҳмад Амийн ўзининг «Зуҳрул Ислом» номли китобининг 4-жузида: «Мотуридий ва Ашъарий фарқли қараган масалалар ҳақида алоҳида китоблар ҳам битилган. Баъзилар уларни қирқта масалага етказган», деган. Шу билан бирга, бошқа олимлар каби Аҳмад Амийн ҳам мазкур масалалардаги фарқланишни хилоф деб бўлмаслигини таъкидлаб: «Менимча, уларнинг орасидаги хилоф лафзий бўлган, холос», дейди.

Мотуридий ва Ашъарий фарқли қарашган масалаларнинг бу шаклда бўлиши икки имомнинг ўзлари эргашган фиқҳий мазҳаблари таъсирида бўлганлиги очиқ-ойдин кўриниб туради.

Имом Мотуридий ҳанафий, имом Ашъарий эса шофеъий мазҳабида бўлганлари учун баъзи масалаларда ўз мазҳаблари тушунчаларидан келиб чиқиб фикр юритган бўлишлари табиий. Келинг, мисол келтирайлик.

Учинчиси: Иймоннинг зиёда ёки ноқис бўлиши.

Ашъарийлар: «Иймон зиёда ва ноқис бўлади», дейдилар. Мотуридийлар: «Иймон зиёда ва ноқис бўлмайди», дейдилар. Бу тортишувларга уларнинг иймонни турлича таърифлаганлари сабаб бўлган:

«Иймон тасдиқ, иқрор ва амалдан иборат», деганлар «Иймон зиёда ва ноқис бўлади», дейишган.

«Иймон тасдиқ ва иқрордир», деганлар «Иймон зиёда ёки ноқис бўлмайди, лекин амал зиёда ва ноқис бўлади», дейишган.

Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ бу маънони қуйидагича ифода этган: «Иймон Аллоҳ таолодан келган нарсани тасдиқлаб, уни тилда иқрор қилишдир. Аммо амал зиёда бўлади. Иймон эса зиёда ҳам, ноқис ҳам бўлмайди».

Икки тараф қуйидаги оятларни ўз таърифларига биноан тафсир қилиб, бирлари зоҳирий маънони олса, иккинчилари амалга таъвил қилади.

إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ الَّذِينَ إِذَا ذُكِرَ اللَّهُ وَجِلَتْ قُلُوبُهُمْ وَإِذَا تُلِيَتْ عَلَيْهِمْ آيَاتُهُ زَادَتْهُمْ إِيمَانًا وَعَلَىٰ رَبِّهِمْ يَتَوَكَّلُونَ

1. «Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қилувчи ва Роббларига таваккул қилувчиларгина мўминлардир» (Анфол сураси, 2-оят).

وَيَزِيدُ اللَّهُ الَّذِينَ اهْتَدَوْا هُدًى

2. «Ва Аллоҳ ҳидоятга юрганларнинг ҳидоятини зиёда қилади» (Марям сураси, 76-оят).

وَيَزْدَادَ الَّذِينَ آمَنُوا إِيمَانًا

3. «...ва иймонлиларнинг иймони зиёда бўлиши учун...» (Муддассир сураси, 31-оят)

 لِيَزْدَادُوا إِيمَانًا مَّعَ إِيمَانِهِمْ

4. «У иймонларига иймон зиёда бўлиши учун…» (Фатҳ сураси, 4-оят).

فَزَادَهُمْ إِيمَانًا وَقَالُوا حَسْبُنَا اللَّهُ وَنِعْمَ الْوَكِيلُ

5. «…бу уларнинг иймонларини зиёда қилди ва: «Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У нақадар яхши вакил», дедилар» (Оли Имрон сураси, 173-оят).

وَإِذَا مَا أُنزِلَتْ سُورَةٌ فَمِنْهُم مَّن يَقُولُ أَيُّكُمْ زَادَتْهُ هَٰذِهِ إِيمَانًا ۚ فَأَمَّا الَّذِينَ آمَنُوا فَزَادَتْهُمْ إِيمَانًا

6. «Улардан бирон сура нозил қилинган вақтда: «Бу сиздан кимнинг иймонини зиёда қилди?» дейдиган кимсалар бор. Бас, иймон келтирганларнинг иймонини зиёда қилди…» (Тавба сураси, 124-оят)

Қазо ва қадарнинг таърифи

Ашъарийлар қазо ва қадарни қуйидагича таърифлайдилар:

«Қазо» – Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсаларнинг келажакда қандай бўлишини азалдан билишидир».

«Қадар» – ўша нарсаларнинг Аллоҳнинг азалий илмига мувофиқ равишда вужудга келишидир».

Мотуридийлар «қазо» ва «қадар» лафзларининг ўрнини алмаштирадилар.

Имом Абулҳасан Ашъарий ва имом Абу Мансур Мотуридий Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг икки тенг ҳуқуқли ақийдавий мазҳаб имомларидир.

Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби мусулмонлар жумҳурининг асл ақийдавий мазҳаби ўлароқ, юқорида зикр қилинган ва улардан бошқа турли фирқаларга муқобил бўлган мазҳаб сифатида асрлар оша мўмин-мусулмонларнинг асосий ақийдавий мазҳаби дея тан олиниб келмоқда.

Ашъарийлар ва мотуридийлар орасидаги фарқлар озлигини юқорида ҳам айтиб ўтдик. Аммо бошқа масалаларда бир-бирини кўрмаган икки улуғ имомнинг илмий изланишлари бир хил натижа берган. Бу ҳам Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби ҳақ эканининг далилидир.

Сиз саволингизда «Ҳозирча араб тилини мукаммал билмаганлигим сабабли ашъарийлар ва мотуридийлар ақийдасини ўрганиб чиқишга имконим йўқ», дебсиз. Мен эса «Араб тилини билмасангиз ҳам, бу ишни қилиш имконингиз бор», дейман. Чунки сиз айтган тараф ва китобдан бошқа мусулмонларнинг барчаси ва ақийда китобларининг ҳаммаси, жумладан, сиз айтиб ўтган «Сунний ақийдалар» китоби ҳам «Аҳли сунна вал жамоа» мазҳаби, яъни мотуридий ёки ашъарий мазҳабидадир.

Фақатгина сиз айтган юртдаги баъзи одамлар, ташкилот ва китоблар ҳамда уларга боғлиқ шахс ва тарафларгина яқиндан бошлаб бошқача фикрга ўтиб олишган. Шунинг учун мотуридий ёки ашъарий мазҳаблари нима учун адашган экани ҳақида улардангина сўрашингиз мумкин. Улар нафақат мотуридий ёки ашъарий мазҳабларини, балки ўзларидан бошқа барча мусулмонларни адашган деб даъво қилишади. Аммо Аҳли сунна вал жамоа ақийдавий мазҳаби уламолари уларнинг ҳар бир гапларига узил-кесил жавобларни беришган.

Сиз билан биз эса ақийда бобидаги мазҳабимизни яхши билишимиз ва ундаги таълимотларни ихлос билан ўрганишимиз ҳамда турли бузғунчиларнинг гапларига учмаслигимиз керак.

Ашъария ва мотуридия ақийдалари ҳақида бундан ҳам кенгроқ маълумот олишни истасангиз, Аҳли сунна вал жамоа имомларининг ушбу мавзудаги асарларини, хусусан, «Ал-фиқҳул Акбар» асарини ўқиб чиқишингиз шарт. Чунки ашъария ва мотуридия таълимотлари айнан мана шу китобларда баён қилинган таълимотларга асосланган ҳамда Аҳли сунна вал жамоанинг ақийдавий масалаларини маълум бир тартибга келтириб, уларни илмий жиҳатдан асослаб берган. Яъни яна бир бор такрорлаб айтамизки, ашъарийлар ва мотуридийлар ақийдаси Аҳли сунна вал жамоанинг ақийдасидан бошқа нарса эмас. Биз бу маслани яқинда нашр этилиши мўлжалланган «Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» номли китобимизда янада кенгроқ ёритишга ҳаракат қилдик.
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077 

Топ рейтинг www.uz Openstat