Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Сеҳр туфайли эр-xотин ўртасида фарзанд бўлмаслиги мумкинми?

00:00 / 03.11.2009 | eski savollar | 12599

Ассалому алайкум. Сеҳр туфайли эр-xотин ўртасида фарзанд бўлмаслиги мумкинми? Агар шундай бўлса, уни қайтаришнинг қандай йўли бор? Сеҳр-жоду беш маҳал намоз ўқийдиган одамга ҳам таъсир қиладими?


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

СЕҲР

Аллоҳ таоло Тоҳо сурасида марҳамат қилади:

وَلَا يُفْلِحُ السَّاحِرُ حَيْثُ أَتَىٰ

 «...сеҳргар қаерда бўлса ҳам нажот топмас» (69-оят).

Ушбу жумла ояти кариманинг бир бўлагидир. Ояти карима Мусо алайҳиссалом ва Фиръавннинг сеҳргарлари орасида бўлиб ўтган муборазани васф қилувчи ояти карималар сиёқида келган бир оят бўлиб, унинг тўлиғи қуйидагича:

«Қўлингдаги нарсани ташлагин, уларнинг қилган ҳунарини ютиб юборур. Уларнинг қилган ҳунари сеҳргарнинг ҳийласи, холос. Сеҳргар қаерда бўлса ҳам нажот топмас».

Ўша пайт Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни қўллади. У Зот Мусо алайҳиссаломга нима қилиш кераклигини ўргатди:

«Қўлингдаги нарсани ташлагин, уларнинг қилган ҳунарини ютиб юборур».

«Қўлингдаги асони ерга ташлагин, сеҳргарлар кўрсатаётган сеҳрни ютиб юборади», деди.

«Уларнинг қилган ҳунари сеҳргарнинг ҳийласи, холос».

Ундан бошқа нарса эмас. Уларнинг ишлари фақат ҳийла-найранг, холос.

«Сеҳргар қаерда бўлса ҳам нажот топмас».

Ҳийла-найранг билан ҳеч ким ҳеч қачон нажот топмаган. Бу сафар ҳам нажот топмас. Фиръавнлар ва уларнинг гумашта сеҳргарлари доимо ҳийла-найранглар ила халқнинг кўзини бўяб келганлар. Уларнинг ботили ҳақ кўринмаган пайтда ўтади, холос. Ҳақ келганида ботил йўқ бўлади. Сен Роббингдан ҳақни келтирдинг, энди уларнинг ботили йўқолади.

Сеҳрнинг Қуръони Каримдаги маъносини яхшироқ билиб олиш учун Бақара сурасидаги қуйидаги ояти каримани ҳам ўрганиб олайлик:

وَاتَّبَعُوا مَا تَتْلُو الشَّيَاطِينُ عَلَىٰ مُلْكِ سُلَيْمَانَ ۖ وَمَا كَفَرَ سُلَيْمَانُ وَلَٰكِنَّ الشَّيَاطِينَ كَفَرُوا يُعَلِّمُونَ النَّاسَ السِّحْرَ وَمَا أُنزِلَ عَلَى الْمَلَكَيْنِ بِبَابِلَ هَارُوتَ وَمَارُوتَ ۚ وَمَا يُعَلِّمَانِ مِنْ أَحَدٍ حَتَّىٰ يَقُولَا إِنَّمَا نَحْنُ فِتْنَةٌ فَلَا تَكْفُرْ ۖ فَيَتَعَلَّمُونَ مِنْهُمَا مَا يُفَرِّقُونَ بِهِ بَيْنَ الْمَرْءِ وَزَوْجِهِ ۚ وَمَا هُم بِضَارِّينَ بِهِ مِنْ أَحَدٍ إِلَّا بِإِذْنِ اللَّهِ ۚ وَيَتَعَلَّمُونَ مَا يَضُرُّهُمْ وَلَا يَنفَعُهُمْ ۚ وَلَقَدْ عَلِمُوا لَمَنِ اشْتَرَاهُ مَا لَهُ فِي الْآخِرَةِ مِنْ خَلَاقٍ ۚ وَلَبِئْسَ مَا شَرَوْا بِهِ أَنفُسَهُمْ ۚ لَوْ كَانُوا يَعْلَمُونَ

 «Ва Сулаймон подшоҳлигида шайтонлар тиловат қилган нарсага эргашдиларСулаймон куфр келтиргани йўқ. Лекин шайтонлар одамларга сеҳрни ўргатиб, кофир бўлдилар. Ва Бобилда икки фаришта – Ҳорут ва Морутга нозил қилинган нарсага эргашдилар. Икковлари токи: «Биз синовмиз холос, кофир бўлмагин», демасдан олдин ҳеч кимга ўргатмас эдилар. Бас, икковларидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганишар эди. Ва улар у ила Аллоҳнинг изнисиз бирор кишига зарар етказувчи эмасдилар. Ва зарар келтирадиган, фойда келтирмайдиган нарсани ўрганурлар. Ва батаҳқиқ, биладиларки, уни сотиб олган кишига охиратда насиба йўқ. Агар билсалар, ўзларини сотган нарса нақадар ёмон!» (102-оят)

Яъни яҳудийлар Аллоҳнинг Китобини худди билмагандек, ортларига ирғитиб юбориб, Сулаймон алайҳиссаломнинг подшоҳликлари ҳақида шайтонлар айтиб юрадиган нарсага эргашиб кетишди.

Маълумки, Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга ҳам набийлик, ҳам подшоҳликни берган эди. Шу билан бирга, у кишига бутун ҳайвонларнинг тилини ўргатиб, жинларни хизматларида ҳозиру нозир қилиб қўйган эди. Бу илоҳий мўъжизалар у кишининг Набий эканликларини тасдиқлаш учун берилган эди.

Одамлардан баъзилари Сулаймон алайҳиссаломга Аллоҳ таоло берган мазкур мўъжизаларни кўриб, иймонга келди ва иймонлиларнинг иймонлари мустаҳкамланди. Аммо кофирлар, душманлар ва шайтонлар «Сулаймон сеҳргар, у ўз сеҳрининг кучи билан турли ҳайвонлар билан муносабатда бўлмоқда, жинларни ишлатмоқда», деган гапларни тарқатишди. Бундай миш-мишни тарқатишда яҳудийлар қавми жонбозлик кўрсатди. Шунда Аллоҳ таоло набийларга берган мўъжизалар билан сеҳрнинг фарқини амалий суратда кўрсатиш учун Бобилга Ҳорут ва Морутни юборди. Уларга хоҳлаган кишиларга сеҳр ўргатиш вазифаси топширилган эди. Аммо сеҳр ўрганиш учун келганларга аввал: «Биз синовмиз холос, кофир бўлмагин», демасдан олдин ҳеч кимга ўргатмас эдилар».

Яъни «Биз фитна учун, одамларни синаш учун юборилганмиз, сеҳрни ўрганган кофир бўлади, сен ҳам уни ўрганиб, кофир бўлма», деган маънода огоҳлантиришар эди. Келган одам бу гаплардан кейин қайтиб кетса кетди, кетмаса кофир бўлишини билиб туриб ҳам «Ўрганавераман» деса, ўргатишарди. Мана шунинг ўзидан набийлик мўъжизаси билан сеҳр ўртасидаги энг катта фарқ намоён бўлади. Набийлик мўъжизаси илоҳий неъмат бўлиб, фақат Аллоҳ таоло томонидан берилади. Сеҳр эса ўргатувчидан ўрганса бўладиган, ёмонликка ишлатиладиган бир нарсадир. Ушбу ояти карима мазкур масалани муолажа қиларкан, «Сулаймон сеҳргар бўлган», деган даъвога: «Сулаймон куфр келтиргани йўқ», деган жавоб келмоқда. Шундан англашиладики, сеҳр куфрга тенглаштирилмоқда. Бу маънони «Лекин шайтонлар одамларга сеҳрни ўргатиб, кофир бўлдилар», деган жумла янада таъкидламоқда.

Бу ишлар Бобилда бўлгани ҳам айтилмоқда. Шунингдек, Ҳорут ва Морут исмлари ҳам зикр қилинмоқда:

«Ва Бобилда икки фаришта – Ҳорут ва Морутга нозил қилинган нарсага эргашдилар».

Ҳорут ва Морут кимлиги тўғрисида тафсирчилар турли фикрларни айтганлар. Лекин бу фикрларнинг ҳаммаси ҳам ишончли манбага асосланмаганини уламоларимиз алоҳида таъкидлаганлар. Шунинг учун оятдаги ибораларнинг таркибидан келиб чиқиб, бу икки исм эгалари фаришта бўлган, деб айтганларнинг фикри қувватлироқ чиққан. Аллоҳ таоло инсонларни хоҳлаган усулда, хоҳлаган воситалар ила синаб кўради, бунинг ҳеч ажабланадиган жойи йўқ.

Кофирликни ҳам бўйнига олиб сеҳрни ўрганганлар бу сеҳрларини нимага ишлатишади?

«Бас, икковларидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганишар эди».

Демак, улар сеҳрни яхшилик учун ўрганишмас экан. Улар сеҳрни ёмон нарсага ишлатишар экан. Аммо:

«Ва улар у ила Аллоҳнинг изнисиз бирор кишига зарар етказувчи эмасдилар».

Ушбу жумлада дунёдаги ишларнинг бориши ҳақидаги исломий тасаввур ўз аксини топган. Яъни дунёда нима иш содир бўлса, барчаси Аллоҳнинг изни билан содир бўлади. Тўғри, Аллоҳ ҳар бир ишнинг юзага чиқиши учун сабабларнинг вужудга келишини шарт қилган. Аммо ўша сабаблар ҳам Аллоҳнинг изни билан таъсир қилади. Калом илми уламолари бу маънони тушунтириш учун оловни мисол қилишади. Оловни пахтага тутсанг, пахта куяди. У оловдаги куйдириш хусусияти туфайли куядими ёки ўзидаги куйишга бўлган қобилият туфайли куядими? Чунки оловда куймайдиган нарсалар ҳам бор-ку.

Хуллас, ҳаммаси Аллоҳнинг изни билан бўлади. Агар Аллоҳ таоло хоҳласа, оловдан куйдириш хусусиятини олиб қўяди. У Зот куйдиришга изн бермаса, олов ҳеч нарсани куйдира олмайди. Мисол учун, Иброҳим алайҳиссаломни мушриклар катта гулханга ташлаганларида, Аллоҳ таолонинг амри ила олов у зотни куйдирмаган.

Шунингдек, сеҳргарлар ҳам сеҳрни қилаверишади. Аммо Аллоҳнинг изни бўлмаса, ҳеч кимга зарар етказа олишмайди.

Ояти каримадаги «Ва зарар келтирадиган, фойда келтирмайдиган нарсани ўрганурлар» жумласи сеҳр фақат зарарли нарса эканини тасдиқлайди. Бу эса яҳудийларнинг сеҳрни мақтаб айтадиган гапларига раддиядир. Шу билан бирга, сеҳрни ўрганган, уни ёмонликка ишлатганларга охиратда ҳеч қандай насиба қолмайди.

«Ва батаҳқиқ, биладиларки, уни сотиб олган кишига охиратда насиба йўқ».

Шунингдек, одамларни касал қилиш мақсадида уларга қарши сеҳр ишлатган сеҳргарлар ҳам нажот топмайдилар.

Сеҳр тўғрисидаги ушбу ояти карима ва бошқа унга тегишли матнлар асосида уламолар узоқ тортишганлар. Ҳатто алоҳида китоб ёзганлар ҳам бор.

Бу тортишувлар «Сеҳр нима? Унинг ҳақиқати ҳақида нима деймиз? Сеҳрда нарсаларнинг табиати ўзгарадими ёки одамларнинг кўзига ўзгаргандек кўриниб, ўзи асл ҳолида қоладими?» каби масалалар устида бўлган. Аммо сеҳр ёмон нарса эканлиги, уни ўрганиш мусулмон одам учун мумкин эмаслиги хусусида ихтилоф йўқ.

Тажриба шуни кўрсатадики, баъзи одамларда ғайриоддий хусусиятлар бўлади. Айниқса ҳозирги кунда телепатия, магнит уйқуси, экстрасенс ва бошқа хусусиятлар ҳақида шов-шувлар кўпайган. Аммо илмий асосдаги аниқ хулоса йўқ. Баъзи кишиларда бошқа кишиларга таъсир ўтказиш хусусияти борлиги аниқ. Сеҳр ҳам ўша нарсаларга ўхшаш бир ҳолат бўлиши мумкин. Ана шу хусусият билан таъсир ўтказиб, эр билан хотинни ажратиб юбориш ёки кишилар соғлиғига футур етказиш мумкин. Лекин бунақа ишларнинг барчаси Аллоҳнинг изни билан бўлишини унутмаслик керак.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: سَحَرَ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَهُودِيٌّ مِنْ يَهُودِ بَنِي زُرَيْقٍ يُقَالُ لَهُ لَبِيدُ بْنُ الْأَعْصَمِ، حَتَّى كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُخَيَّلُ إِلَيْهِ أَنَّهُ يَفْعَلُ الشَّيْءَ وَمَا يَفْعَلُهُ، حَتَّى إِذَا كَانَ ذَاتَ يَوْمٍ أَوْ ذَاتَ لَيْلَةٍ دَعَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ثُمَّ دَعَا ثُمَّ دَعَا ثُمَّ قَالَ: «يَا عَائِشَةُ، أَشَعَرْتِ أَنَّ اللهَ أَفْتَانِي فِيمَا اسْتَفْتَيْتُهُ فِيهِ؟ جَاءَنِي رَجُلَانِ فَقَعَدَ أَحَدُهُمَا عِنْدَ رَأْسِي وَالْآخَرُ عِنْدَ رِجْلَيَّ، فَقَالَ الَّذِي عِنْدَ رَأْسِي لِلَّذِي عِنْدَ رِجْلَيَّ - أَوِ الَّذِي عِنْدَ رِجْلَيَّ لِلَّذِي عِنْدَ رَأْسِي -: مَا وَجَعُ الرَّجُلِ؟ قَالَ: مَطْبُوبٌ، قَالَ: مَنْ طَبَّهُ؟ قَالَ: لَبِيدُ بْنُ الْأَعْصَمِ، قَالَ: فِي أَيِّ شَيْءٍ؟ قَالَ: فِي مُشْطٍ وَمُشَاطَةٍ وَجُفِّ طَلْعَةٍ ذَكَرٍ، قَالَ: فَأَيْنَ هُوَ؟ قَالَ: فِي بِئْرِ ذِي أَرْوَانَ». قَالَتْ: فَأَتَاهَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي أُنَاسٍ مِنْ أَصْحَابِهِ ثُمَّ قَالَ: «يَا عَائِشَةُ، وَاللهِ لَكَأَنَّ مَاءَهَا نُقَاعَةُ الْحِنَّاءِ، وَلَكَأَنَّ نَخْلَهَا رُءُوسُ الشَّيَاطِينِ»، فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَفَلَا أَحْرَقْتَهُ؟ قَالَ: «لَا، أَمَّا أَنَا فَقَدْ عَافَانِي اللهُ، وَكَرِهْتُ أَنْ أُثِيرَ عَلَى النَّاسِ شَرًّا، فَأَمَرْتُ بِهَا فَدُفِنَتْ». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Бану Зурайқ яҳудийларидан Лабийд ибн Аъсам деб аталадиган бир яҳудий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сеҳрлади. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир нарса қилаётгандек бўлиб туюлар эди, аммо қилмасдилар. Ниҳоят бир куни ёки бир кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилдилар, сўнгра яна дуо қилдилар, сўнгра яна дуо қилдилар. Кейин: «Эй Оиша, сездингми? Аллоҳ мен У Зотдан фатво сўраган нарсам ҳақида фатво берди. Ҳузуримга икки киши келди. Улардан бири бошим тарафга, бошқаси оёқларим тарафга ўтирди. Бошим тарафдаги оёқларим тарафдагига ёки оёқларим тарафдаги бошим тарафдагига: 

«Бу кишининг дарди нима?» деди. Униси:

«Сеҳрланган», деди.

«Уни ким сеҳрлади?» деди.

«Лубайд ибн ал-Аъсам», деди.

«Қайси нарсада?» деди.

«Тароқда, тараганда тушган сочда ва эркак хурмо гулкосасининг қобиғида», деди.

«У нарса қаерда?» деди.

«Зу Арвон қудуғида», деди».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан бир гуруҳ одамлар билан ўша ерга бордилар. Кейин (қайтиб келиб):

«Эй Оиша, Аллоҳга қасамки, у(қудуқ)нинг суви худди ҳинонинг ивитилганидек. Хурмолари худди шайтонларнинг бошларидек», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, уни куйдириб юборганингизда эди», дедим.

«Йўқ. Менга Аллоҳ офият берди-ку. Одамларга бирор ёмонлик қўзғатишни кариҳ кўрдим. Буюрдим, у кўмилди», дедилар».

Икки шайх ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳодиса ҳақида шунга ўхшаш бошқа ривоятлар ҳам бор. Уларда бу ерда зикр қилинмаган бошқа тафсилотлар ҳам зикр қилинган. Шунингдек, ушбу ривоят ва унда зикр қилинган ҳодиса ҳақида турли ихтилофлар ҳам бор.

Баъзи кишилар «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сеҳр таъсир қилса, набийликларига футур етиб қолмайдими», деган мулоҳазаларни ҳам қилганлар.

Лекин муҳаққиқ уламоларимиз бу ҳақда қуйидаги хулосани айтганлар: «Саҳиҳ ҳадисларда собит бўлган нарсани инкор қилинмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан сеҳр қилингани маълум. Лекин у зотга қилинган сеҳр набийликларига футур етказмагани ҳам собит».

Авваллари, моддапарастлик авж олган даврда сеҳр кишининг соғлиғига зарар етишига сабаб бўлиши ҳақида гапирилса, кулги-масхарага сабаб бўлиши мумкин эди. Энди эса, аксинча, кўпчилик ҳамма дардлар ортида сеҳр ва унга ўхшаш нарсалар турганига ишонадиган бўлиб қолди.

Исломда ҳамма нарса ўз воқелигига қараб, мўътадиллик ила баҳоланади. Хасталиклар асосан маълум ва маъруф сабаблар туфайли ориз бўлади. Уларни тиб йўли билан муолажа қилинади. Шу билан бирга, баъзи ҳолларда хасталикнинг ориз бўлишига сеҳр сабаб бўлиши ҳам мумкин. Ундай ҳолатда беморни даволаш учун сеҳрга қарши воситалар ишга солинади.

Сеҳрнинг таърифи

«Сеҳр» сўзи луғатда чиқиб келган жойи дақиқ ва латиф, сабаби махфий бўлган ҳар бир нарсага ишлатилади.

Имом Бухорий Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, баёнда ҳам сеҳр бор», деганлар.

«Фалончини сеҳрлаб қўйди» деган иборада «алдади» ёки «эс-ҳушини олиб қўйди» маъноси бўлади.

Аслида сеҳр бир нарсани ҳақиқатидан бошқа тарафга буришдир. Бунда сеҳргар ботил нарсани ҳақиқат қилиб кўрсатиши кўзда тутилган.

«Лисонул араб» китобида айтилишича, арабларнинг сеҳрни «сеҳр» деб аташларига сабаб шуки, у соғлиқни беморликка ва яхши кўришни ёмон кўришга буриб юборади.

Сеҳрнинг таърифида уламолар турли фикрларни айтишган.

Байзовий айтади: «Сеҳрдан мурод, ҳосил бўлиши учун шайтонга яқинлашиладиган, инсон ўзи қила оладиган нарсадир. Бу нарса ёмонликда ва нафсининг ифлослигида иблисга муносиб бўлган кимсаларгадина ҳосил бўлади.

Аммо ҳийла, турли асбоб ва даволар воситасида одамларни ажаблантирадиган нарсаларни қилиш, қўлини чаққон ҳаракатлантириб, ҳунар кўрсатиш мазаммат қилинмайди. Бундай ишларни «сеҳр», яъни фокус дейиш унинг дақиқлигидан, холос. Сеҳр аслида сабаби махфий нарсадир».

Таҳонавий «Кашшофу истилоҳотил фунун» номли китобида сеҳр ҳақида қуйидаги таърифни келтиради: «Сеҳр илмнинг бир нави бўлиб, уни жавҳарларнинг хусусиятларини ва юлдузларнинг буржларини билишдан истифода қилинади. Ана ўша нарсадан сеҳр қилинган кишига ҳайкал олинади ва унинг учун бурждаги махсус вақтни кутилади. Сўнгра шариатга хилоф куфр ва фаҳш сўзларни талаффуз қилинади. Унга шайтонларнинг ёрдами ила эришилади. Уларнинг ҳаммасининг жамланишидан сеҳр қилинган кишида ғаройиб ҳолатлар юзага келади».

Қалюбий сеҳрни қуйидагича таърифлайди: «Сеҳр шариатда ифлос руҳларни махсус сўз ва амаллар орқали ишлатиб, одатдан ташқари ҳолатларни келтириб чиқаришдир».

Ҳанбалийлар сеҳрни қуйидагича таърифлайди: «Сеҳр тугунлар, сўзлар, дам солиш ёки бир нарсаларни ёзиш ёхуд қилиш орқали кишининг бадани, қалби ёки ақлига бевосита таъсир қилишдир».

Мазкур таърифларни жамлаб ўргансак, уларнинг ҳар бирида сеҳрнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида сўз бораётганини кўрамиз. Демак, ушбу таърифларнинг йиғиндисидан сеҳрни тўлиқроқ англаб оламиз.

Сеҳрга алоқаси бор нарсалар

1. Шаҳваза.

Бу нарса бизда «бахшилик» деб ҳам юритилади. Бу аслида қўли енгилликдан иборат бўлиб, чаққон ҳаракатлар билан бироз ҳийла ишлатиб, бирор нарсани бошқача қилиб кўрсатишдан иборатдир. Буни қилувчи шахс ўзининг бирор ерига беркитиб олган нарсани беморнинг ичидан олган қилиб кўрсатади.

2. Нашра.

Бу дам солишнинг бир тури бўлиб, унда «жин теккан» деб гумон қилинаётган одам муолажа қилинади. Бошқача қилиб айтганда, беморни ўраб олган дардни нашр қилинади, яъни «ёзиб юборилади» деган даъво қилинади. Бу иш ҳам сеҳр ҳисобланади.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан нашра ҳақида сўралганда, «У шайтоннинг амалидандир», дедилар».

3. Азаимхонлик.

Бу сўз «азиймат»дан олинган бўлиб, «қасам ичиш» деган маънони билдиради. Унда азаимхон маълум исмлар билан қасам ичиб, жин текканларга шифо сўрайди. Уларнинг даъвосича, мазкур исмлар Сулаймон алайҳиссалом жинларнинг қабилаларига муваккал қилиб қўйган фаришталарнинг исмлари эмиш. Агар ўшалардан бирининг исми билан қасам ичилса, у ўзига тобе жинни ишга солар эмиш.

4. Тилсим.

Булар юлдузларга боғлиқ, деб гумон қилинган исмлардир. Улар баъзи бир маъдан ёки бошқа нарсаларда бўлиб, ўшалар билан кишиларни даволаш даъво қилинади.

5. Авфоқ.

Бунда ҳандасий шаклларнинг ичига турли рақамлар махсус услубда чизилади. Ўша шакллар солинган қоғоз ўзи билан олиб юрилса, туғишни осонлаштиради, бир лашкарнинг бошқаси устидан ғалабасини таъминлайди, маҳбусни қамоқдан чиқаради деган даъволар қилинади.

6. Мунажжимлик.

Бу сўз луғатда юлдузга назар солишни англатади. Аммо истилоҳда фалакдаги шакллардан ердаги ҳодисаларни билиб олишни даъво қилишдан иборатдир.

Сеҳрнинг ҳақиқати

Баъзи тоифа ва шахслар сеҳрни тамомила инкор қилиб, унинг ҳақиқати ва таъсири йўқ, қуруқ хаёлдан бошқа нарса эмас, деган бўлсалар ҳам, Аҳли сунна мазҳаби жумҳури сеҳрни иккига бўлганлар:

Биринчиси: ҳийла, чаққонлик, устомонлик каби ишлар билан ажабланарли ишларни кўрсатиш. Бироз ўйлаган одам унинг оддий иш эканини тушуниб олади. Бу турни ажнабий тилда «фокус» дейилади.

Иккинчиси: ҳақиқати, таъсири бўлиб, бу нарса кишининг баданида, руҳий ҳолатида, ақлида ўзини кўрсатади. Бу хилдаги сеҳрни ҳанафийлар, шофеъийлар ва ҳанбалийлар тўлалигича собит нарса деб тан олганлар. Улар ўзларининг бу гапларига юқорида зикр қилинган оят ва ҳадисларни далил қилиб келтирганлар.

Сеҳрнинг ҳукми

Сеҳр қилиш ҳаром ва гуноҳи кабирадир.

Сеҳрни ҳалол деб эътиқод қилган киши кофир бўлишига ҳамма фуқаҳолар иттифоқ қилишган.

Ҳанафий, моликий ва ҳанбалий фуқаҳолар: «Сеҳрни ўрганиш ҳаром ва куфрдир», деганлар.

Баъзи ҳанафийлар: «Душманнинг сеҳрини қайтариш ва эр-хотиннинг орасини яхшилаш учун сеҳрни ўрганиш мумкин», деганлар.

Ҳанафийлар: «Сеҳргарнинг сеҳри куфрдан иборат бўлса ёки сеҳрини одамларга зарар етказишга ишлатган бўлса, у қатл қилинади», деганлар.

Сеҳр қилгани учун ҳақ олиш жоиз эмас.

Сеҳрнинг муолажаси

Аллоҳ таолонинг бу дунёда жорий қилиб қўйган қонун-қоидаларини тааммул билан ўйлаб кўрган киши турли офатлар ва беморликларнинг ориз бўлиши ҳам борлиқдаги муқаддар (тақдир қилиб қўйилган) қонун-қоидалардан бири эканини англаб етади. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таоло томонидан бўладиган синовдир.

Ким «Солиҳ бандалар бало ва мусибатлардан узоқда бўлади» деб ўйласа, хато қилади. Солиҳ кишига офат ва мусибатларнинг етиб туриши Аллоҳнинг унга бўлган муҳаббати аломатидир. Солиҳ кишига мусибатларнинг, жумладан, беморликларнинг етиб туриши Аллоҳ таолонинг унга яхшиликни ирода қилгани аломатидир. Бундай кишилар учун офат ва беморликлар гуноҳларининг каффоратидир.

Ҳа, агар мусибатга учраган банда солиҳ бўлса, мусибат унинг учун гуноҳларга каффорат ёки даражотларининг кўтарилишидир. Агар осий бўлса, мусибат унинг учун ёмонликларини ювиш ва бу дунё бевафолигини эслатишдир.

Гоҳида бандага сеҳр ва кўз тегиши орқали ҳам мусибат етади. Шунинг учун мусулмон одам мазкур икки нарсадан сақланиш йўлларини яхши билиб олиши керак. Сақланиш муолажа қилишдан кўра осонроқдир. Сеҳр ва кўз тегишидан сақланиш бир неча услублар билан амалга ошади:

1. Тавҳид ила руҳни тетиклаштириш.

2. Борлиқдаги барча нарсанинг тасарруфини фақатгина Аллоҳ таолонинг Ўзи қилишига иймон келтириш.

3. Яхшиликларни кўп қилиш.

4. Сеҳргарлиги ва кўзи борлиги билан машҳур бўлган одамлардан узоқда бўлиш.

5. Аллоҳдан сеҳр ва кўз тегишидан паноҳ сўраб, керакли дуо ва зикрларни ўқиб юриш.

6. Мазкур дуо ва зикрлар ҳақ экани ва уларнинг фойдаси борлигига иймон келтириш. Мазкур иймон қанча кучли бўлса, таъсир ҳам шунча кучли бўлади.

7. Мазкур дуо ва зикрларни айтганда қалби ҳозир бўлиши. Чунки ғофил қалб билан қилинган дуо қабул бўлмайди.

8. Кундузги дуо ва зикрлар бомдод намозидан кейин, кечкилари эса аср намозидан кейин айтилади.

9. Сеҳр ва кўз тегишидан сақланиш учун «Оятул Курсий», Бақара сурасининг охирги икки ояти, Ихлос, Фалақ ва Ан-Нас суралари ўқилади.

10. Сеҳрланиб қолганлик ва кўз текканлик аломатлари қуйидагича: кишининг аъзолари соғ бўла туриб бошининг у ер-бу ери оғриса, юзи сарғайса, кўп терласа ва бавл қилса, иштаҳаси йўқолса, юраги бежо бўлса, белининг ва икки курагининг пастида оғриқ бўлса, узрсиз хафалик ва юрак сиқилиши бўлса, унга сеҳр ёки кўз теккан бўлади.

Шунингдек, бекордан-бекорга хавфсирайверса, аччиғи чиқаверса, одамларга қўшилгиси келмай қолса, дангаса бўлиб қолса, уйқуси келаверса, қўйингки, тиббиётга оид бўлмаган ҳолатларга учраса, унга сеҳр ёки кўз теккан бўлади.

Мусулмон одамнинг иймони ва қалби кучли бўлиши, васвасага йўл қўймаслиги лозим.

Сеҳр қилинган одам бир неча йўл билан муолажа қилинади.

Биринчиси: сеҳрнинг жойи аниқ бўлса, уни олиб, Фалақ ва Ан-Нас сураларини ўқиб туриб, тугунлари ечилади. Сўнгра куйдириб юборилади.

Иккинчиси: сеҳрни ўзига ўхшаш сеҳр билан муолажа қилиш. Бу иш ҳаромдир.

Учинчиси: шаръий дам солиш йўли билан муолажа қилинади. Бунда Фотиҳа, Фалақ ва Ан-Нас суралари ёки Набий алайҳиссаломдан ривоят қилинган дуолар ўқилади.

Имом Абдурраззоқ «Мусаннаф» номли китобида сеҳрнинг муолажаси ҳақида қуйидаги маънони келтирган: «Сидрнинг баргидан еттита олинади. Уларни икки тошнинг орасига олиб туйилади. Унга Кафирун, Ихлос, Фалақ ва Ан-Нас суралари уч марта ўқилади. Сўнгра сувга солиб ичилади ва ғусл қилинади. Аллоҳ шифо бергунча такрорланади».

Тўртинчиси: сеҳр қилинган нарса қоринда бўлса, ич суриш, бошқа жойда бўлса, қон олиш билан бўшаш.

11. Дам солишнинг шартларидан бири бу ишнинг Аллоҳнинг исмлари ва сифатлари ҳамда ривоят қилинган дуолар билан бўлишидир.

12. Дам солиш араб тилида ёки маъноси тушунарли бўлиши шарт.

13. Дам солиш ўзича таъсир қилмаслиги, шифони фақат Аллоҳнинг Ўзигина беришига эътиқод қилиш шарт.

14. Дам солувчи тақводор, солиҳ мусулмон бўлиши керак. У қанчалар тақводор бўлса, таъсири шунча кучли бўлади.

15. Дам солиш жараёнида сидқидилдан Аллоҳга юзланиш ва ёлвориш лозим.

16. Киши ўзига ўзи дам солгани афзал.

17. Дам солдирувчи киши солиҳ мўмин бўлиши керак.

18. Дам солдирувчи киши шифони ихлос билан Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўраши лозим.

19. Шифо бўлмаяпти, деб шошилмаслиги керак.

20. Кўз тегишидан хавфсираган жойларга тумор, кўзнинг шакли, отнинг тақаси каби нарсаларни осиш мумкин эмас.

21. Сеҳргарлар одамларни ўзига ишонтириш учун тақводор бўлиб кўринишга ҳаракат қилишади. Бунинг учун улар намоз ўқишлари, зикр қилишлари ва бошқа одамларни жалб қиладиган ишларни амалга оширишлари бор.

22. Сеҳргарларнинг аломатлари кўп. Масалан, улар беморнинг ва унинг онасининг исмини сўрашади. Ҳолбуки, шаръий дам солишда бу исмларнинг ҳеч кераги йўқ.

23. Сеҳргарлар сеҳрланганнинг баъзи кийимларини ёки кийим парчаларини келтиришни сўрашади.

24. Сеҳргарлар маълум сифатга эга ҳайвон келтиришни сўрашади. Уларни жинларга атаб сўйишлари ёки қонини беморга суртишлари мумкин. Бу ҳам сеҳргарликнинг аломати.

25. Сеҳргарлар маъносини тушуниб бўлмайдиган тилсим ва шаклларни чизишади.

26. Сеҳргарлар беморга тўртбурчак шакллар ичига турли ҳарфлар ва рақамлар ёзилган варақлар беришади.

27. Сеҳргарлар беморларни одамларга аралашмай, маълум муддат алоҳида хонада яшашга буюрадилар ва ҳоказо.
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077

Топ рейтинг www.uz Openstat