Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Мазкур ҳадисга аниқлик киритиб берсангиз

00:00 / 29.09.2009 | eski savollar | 3552

Ассалому алайкум, устоз, мен бир ҳадис эшитган эдим, шу ҳақда аниқроқ жавоб истадим. Илтимос, саволимга жавоб берсангиз. Ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деган эканлар: «Агар мендан кейин набий бўлиши мумкин бўлганда, аниқки, Умар бўларди».


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Сиз нимани сўраётганингизни мен тушунмадим.

Агар «Шундай ҳадис борми ва ишончлими?» деб сўраётган бўлсангиз, ҳа, шундай ҳадис бор ва у саҳиҳ.

عَنْ عُقْبَةَ بْنِ عَامِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَوْ كَانَ بَعْدِي نَبِيٌّ لَكَانَ عُمَرَ بْنَ الْخَطَّابِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар мендан кейин набий бўлганда, албатта Умар ибн Хаттоб бўлар эди», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нима учун бундай деганлар? Умар ибн Хаттобнинг бошқа саҳобалардан нима фарқи бор?» деб сўрамоқчи бўлсангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирор гапни нима учун айтганларини муҳокама қилиш ва уни сизга тушунтириб бериш бизнинг вазифамизга кирмайди. Зотан, Набий алайҳиссаломнинг гапларини муҳокама этишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Ҳадислар, хусусан, саҳиҳ ҳадислар сиз билан бизнинг муҳокама мавзуимиз эмас. Улардан ўзингизга ёққанини қабул қилиб, қолганини ташлаб қўйишга на сизнинг ҳаққингиз бор ва на бизнинг.

Умар ибн Хаттобнинг фазлларини билмоқчи бўлсангиз, ушбу халифа ҳақида ёзилган кўплаб китоблар бор. Ўқиб чиқсангиз, ортиқча шубҳа-гумонларга ўрин қолмайди, иншааллоҳ.

Баъзи гумроҳ кимсалар Умар ибн Хаттоб ҳақидаги мақтов гапларни эшитишганда, «Бир пайтлар ўз қизини тириклай ерга кўмган одам ҳақида шунча олқишлар, мақтовлар ўринлими?» деб фитна чиқармоқчи бўлишади. Аввало, у зот ҳақидаги «ўз қизини тириклай ерга кўмган» деган маънодаги ривоятлар ишончли эмас. Агар мусулмон бўлишларидан олдинги, Ислом динига зид бошқа амаллари ҳам бор-ку, дейиладиган бўлса,  маълумки, Ислом ўзидан аввалги барча гуноҳларни йўққа чиқаради. Аввал қандай ҳолатда юрган бўлса ҳам, қандай гуноҳларга ботган бўлса ҳам, аввалги ҳолатидан тавба қилиб, Исломга киргач, банданинг ўтган барча гуноҳлари кечирилиб, номаи аъмоли Исломга кирган кунидан бошлаб янгитдан очилади. Бу гап барча учун баробар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўплаб саҳобалари ҳақида бошқаларга нисбатан айтмаган мақтов сўзларини айтганлари маълум ва машҳур. Бу – алоҳида бир мавзу.

Ҳазрати Умар ҳақидаги мақтов гапларда ортиқча муболаға йўқлигини билишингиз учун сизга «Ҳадис ва Ҳаёт» туркумидаги китобларнинг 21-жузини ўқиб чиқишни тавсия этаман. Ушбу китобда сиз юқорида мисол келтирган ҳадис мазмунига мос тушувчи яна бошқа кўплаб ҳадислар ва уларнинг шарҳи ҳам берилган. Қуйида ўша китобдаги биргина ҳадисни эътиборингизга ҳавола қиламан:

عَنِ ابْنِ عُمَرَ، قَالَ: قَالَ عُمَرُ: وَافَقْتُ رَبِّي فِي ثَلَاثٍ: فِي مَقَامِ إِبْرَاهِيمَ، وَفِي الْحِجَابِ، وَفِي أُسَارَى بَدْرٍ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Умар: «Роббимга уч нарсада мувофиқ келдим: мақоми Иброҳимда, ўранишда ва Бадр асирларида», деди».

Икки шайх ривоят қилган.

Шарҳ: Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Каъбанинг олдида турганларида: «Эй Аллоҳнинг Расули, мақоми Иброҳимдан намозгоҳ қилиб олсангиз яхши бўларди», деган. Шунда Аллоҳ таоло: «Ва мақоми Иброҳимдан намозгоҳ олинглар» оятини нозил қилган.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Аёлларингизни ўранишга амр қилсангиз, яхши бўлар эди. Чунки уларнинг ҳузурларига яхши ҳам, ёмон ҳам киради», деганларида Аллоҳ таоло ҳижоб оятини нозил қилган.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга асирлардан тўлов олмасликни маслаҳат бердилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу эса тўлов олиш ҳақида маслаҳат бердилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрнинг гапини олдилар. Аллоҳ таоло Умарнинг гапига мувофиқ: «Ер юзида забардаст бўлмагунича набийнинг асирлари бўлиши дуруст эмас эди. Сизлар дунёнинг ўткинчи матоҳини истайсизлар. Аллоҳ эса охиратни истайдир. Ва Аллоҳ азиздир, ҳакимдир» (Анфол сураси, 67-оят) оятини нозил қилди.

Бу қанчалар олиймақом фазилат!

Бундай фазилат Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан бошқа ҳеч кимга насиб қилмагандир.

Валлоҳу аълам.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2019 йил 03-07/3341

Топ рейтинг www.uz Openstat