Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Каромат ҳақида

00:00 / 20.06.2011 | eski savollar | 5408

Ҳурматли Шайх ҳазратлари, бир вақтлар атрофимизда кўп тарқалган гуруҳ вакилларининг кароматлар ҳусусидаги бир гаплари ҳалигача бизни иккилантириб келмоқда. 

Улар: «Авлиёлардаги Аллоҳнинг кўрсатган кароматлари Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари давригача бўлганига каромат сифатида ишонамиз. У даврдан кейингисини кароматми, сеҳрми ёки кўзбўямачиликми эканлигини аниқлаб берувчи пайғамбар ёки унинг тарбиялаган саҳобалари бўлмагани учун уларга ишона олмаймиз. Чунки ўзини авлиё қилиб кўрсатиб, лекин кўнглида сеҳр бўлиши ҳам мумкин-ку», деган эдилар. 

Сизнинг раддиянгиз орқали уларнинг кимлигини билиб олдик. Сиздан илтимос, ушбу масалада ҳам бизга муаммога ойдинлик киритиб берсангиз. Китобчани ўқиганимизга анча вақт бўлди ва ҳозирда уни топиш имконини қила олмадик. Агар ўша китобчада ушбу муаммонинг ечимини берган бўлсангиз, қайта саволимиз учун сиздан узр сўраймиз.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

ВАЛИЙЛАР ВА КАРОМАТЛАР

«Валий» сўзи арабча бўлиб, «яқин дўст» деган маънони англатади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Ўзининг маълум бир бандалари валий эканини, баъзи бир бандалар У Зотнинг авлиёлари эканини айтиб ўтган.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида:

إِنَّ وَلِيِّيَ اللَّهُ الَّذِي نَزَّلَ الْكِتَابَ وَهُوَ يَتَوَلَّى الصَّالِحِينَ

«Менинг валийим Китобни нозил қилган Аллоҳдир. У солиҳларни дўст тутадир», деган (196-оят).

Аллоҳ таоло яна Юнус сурасида:

أَلَا إِنَّ أَوْلِيَاءَ اللَّهِ لَا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلَا هُمْ يَحْزَنُونَ

«Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг дўстларига хавф йўқдир ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар», деган (62-оят).

Аллоҳнинг валий – дўстларига ҳам бу дунёда, ҳам охиратда ҳеч қандай хавф йўқдир. Улар икки дунёда ҳам тўлиқ омонликдадирлар. Улар бу дунёда Аллоҳга валий бўлганлари учун У Зотнинг кўрсатмалари бўйича ҳалол-пок, тўғри яшаганлари учун уларга ҳеч нарса хавф-хатар солмайди. Уларнинг соғлигига, мол-мулкига, обрў-эътиборига, оиласига, жонларига, умуман, ҳеч нарсаларига ҳеч қандай хавф йўқ.

Шунингдек, охиратда ҳам уларга дўзахнинг, ундаги азоб-уқубатларнинг ҳеч қандай хавфи йўқ.

Аллоҳнинг валий – дўстлари бу дунё ва охиратда ҳеч хафа ҳам бўлмаслар. Улар доимо хурсанд бўлурлар.

Ана ўша бахтиёр шахслар, Аллоҳнинг валийси бўлиш шарафига муяссар бўлганлар, икки дунёда хавфдан холи бўлганлар, икки дунёда хафа бўлмайдиганлар кимлар?

الَّذِينَ آمَنُوا وَكَانُوا يَتَّقُونَ

«Улар иймон келтирганлар ва тақво қилганлардир» (Юнус сураси, 63-оят).

Демак, Аллоҳнинг дўсти бўлиш жуда ҳам осон экан. Бунинг учун аввало У Зотга иймон келтириш, иккинчидан эса тақводор бўлиш, яъни Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб яшаш лозим экан. Кимнинг иймонида заррача хато бўлса ёки Аллоҳнинг кўрсатмалари асосида эмас, ўзганинг йўлида ҳаёт кечирса, ёхуд ўз-ўзига йўлланма тузиб олса, у одам Аллоҳга дўст бўлиш бахтидан маҳрумдир. Аллоҳга дўст бўлганларга эса:

لَهُمُ الْبُشْرَى فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَفِي الْآخِرَةِ لَا تَبْدِيلَ لِكَلِمَاتِ اللَّهِ ذَلِكَ هُوَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ

«Уларга дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам хушхабар бор. Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ. Ана ўша ўзи буюк ютуқдир» (Юнус сураси, 64-оят).

Аллоҳнинг валийлари – дўстларига икки дунё саодатининг хушхабари бор. Улар иймонлари ва тақволари туфайли, Аллоҳнинг инояти ила аввало бу дунёда саодатли ҳаёт кечирадилар. Охиратда эса худди шу иймонлари ва тақволари сабабли жаннатга дохил бўладилар.

Мазкур хушхабар Аллоҳнинг сўзларидир.

«Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ. Ана ўша буюк ютуқдир» (64-оят).

Қуръони Карим таърифи бўйича валий, унинг сифатлари ва даражаси шундан иборат.

Аҳли тасаввуф эса валийни турлича таърифлаганлар. Агар эътибор бериладиган бўлса, ўша таърифлар валийнинг тақво ва ибодатнинг, яхши хулқ ва олиймақом исломий сифатларнинг соҳиби ўлароқ, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилган банда эканлиги хусусидадир.

Аммо валий маъносидаги тушунчаларда ҳаддан ошиш ҳам бўлган. Шийъа мазҳабидагилар валий алоҳида бир мартаба бўлиб, у фақатгина Ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга берилганлиги ҳақидаги фикрни олдинга суришган.

Баъзи тарихчиларнинг таъкидлашларича, валий ҳақидаги тушунчани биринчи бўлиб тасаввуфга киритган ва бу ҳақда алоҳида китоб ёзган шахс Ҳаким Термизийдир.

Валийлар ҳақидаги фикрлар аста-секин ҳаддидан ошиб бориб, эътиқодга мутлақо зид бўладиган гапларни ҳам айтишгача етганлар.

Масалан, Муҳйиддин ибн Арабий ва баъзи унга ўхшаганлар: «Хотамул авлиё анбиёлардан афзал бўлади», дейишгача етганлар.

Доктор Соиҳ Али Ҳусайн ўзининг «Ламаҳот минат-тасаввуфи ва тарихиҳи» номли китобида: «Ибн Атоуллоҳ Сакандарийнинг «Шайхимиз Абул Аббос розияллоҳу анҳунинг «Агар валийнинг ҳақиқати кашф қилинса, унга ибодат қилинарди. Чунки унинг сифатлари ва белгилари У Зотнинг сифатларидандир», деган гапларини нутқ қилиш менинг тилимга қанчалар оғирлигини билсангиз эди», дейди.

Аммо ўзини билган сўфийлар валийни Қуръони Карим ва Суннати мутоҳҳара маъноларидан келиб чиқиб таъриф қилганлар.

Бу ҳақда Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ: «Валий Аллоҳ таолони билувчи, унинг тоатида бардавом бўлувчи ва У Зотга ихлос ила ибодат қилувчидир», дейди.

Замонлар ўтиши билан валийлар хусусида турли қарашлар вужудга келгач ва ихтилофлар кучайгач, уламоларимиз валийлар ва уларнинг кароматлари ҳақидаги масалани ақоид китобларимизга киритишга мажбур бўлганлар.

Қуйида «Шарҳи талхийси ақоиди Таҳовия» китобидан ушбу масалага бағишланган жойини борича тақдим қиламиз:

ВАЛИЙ ҲЕЧ ҚАЧОН НАБИЙ 
МАРТАБАСИГА ЕТА ОЛМАЙДИ

«Авлиёлардан бирортасини анбиёларнинг бирортасидан афзал кўрмаймиз. Битта набий ҳамма валийдан афзалдир, деймиз».

Шарҳ: Яъни «Авлиёлардан бирортаси, ким бўлишидан қатъи назар, анбиё алайҳиссаломларнинг бирортасидан афзал бўла олмайди, деб эътиқод қиламиз. Агар ҳамма авлиёлар битта набий билан солиштирилса, набий улардан устун чиқади ва мартабаси юқори бўлади, деймиз».

Муаллиф «Иттиҳод» мазҳабидагиларга («Банда кўп ибодати билан Аллоҳга бирлашиб кетади», деб эътиқод қилувчиларга) раддия қилмоқда. Шунингдек, суфийларнинг жоҳилларига ҳам. Чунки улар: «Баъзи авлиёлар анбиёлардан афзал», дейдилар.

Аммо ҳақиқий, истиқоматдаги сўфийлар ваҳийга ва шариатга амал қилишга буюрадилар.

Аллоҳ таоло халойиқнинг ҳаммасини, жумладан, авлиёларни ҳам пайғамбарларга эргашишга амр қилган. Аллоҳ таоло:

وَمَا أَرْسَلْنَا مِن رَّسُولٍ إِلَّا لِيُطَاعَ بِإِذْنِ اللَّهِ

«Қайси бир Росулни юборган бўлсак, Аллоҳнинг изни ила фақат итоат қилиниши учун юборганмиз», дейди (Нисо сураси, 64-оят).

Бошқа бир оятда эса:

قُلْ إِن كُنتُمْ تُحِبُّونَ اللَّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللَّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَّحِيمٌ

«Сен: «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинг. Аллоҳ сизни севадир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир», деб айт. Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир», деб айт», деган (Оли Имрон сураси, 31-оят).

Ким куфрни ботин тутиб, Исломни зоҳир қилса (яъни ичида валийни набийдан афзал кўриб, тилида: «Набий валийдан афзал», деса) ёки ўзининг куфр ақийдасини Ислом ҳижоби ила беркитса, у зиндиқдир, тавбаси қабул бўлмас. Агар қўлга тушмасдан олдин ўз ихтиёри билан тавба қилсагина, тавбаси қабул бўлади.

АВЛИЁЛАРНИНГ КАРОМАТЛАРИ

«Уларнинг кароматларига ва ишончли кишилардан тўғри қилинган ривоятларига ишонамиз».

Шарҳ: Уларнинг икроми учун содир бўлган кароматларини тасдиқлаймиз. Аммо Дажжол ва унга ўхшаганларга синов учун берилган одатдан ташқари ишларни тасдиқламаймиз. Шунингдек, улардан адолатли, ишончли йўллар билан собит бўлган ривоятларни тасдиқлаймиз. Ҳар бир жоҳил ва ёлғончи қилган ривоятни ёки уларга нисбат берилган расул ва набий шаънига нолойиқ бўлган нарсаларни эмас.

Пайғамбардан одатдан ташқари иш содир бўлса ва одамлар шунга ўхшаш нарсани қилишдан ожиз қолсалар, мўъжиза бўлади.

Пайғамбардан бошқа аҳли тақво ва солиҳ одамдан одатдан ташқари иш содир бўлса, каромат бўлади. Нотўғри йўлда юрган одамдан шундай иш содир бўлса, сеҳр ёки синов бўлади.

Валлоҳу аълам.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077

Топ рейтинг www.uz Openstat