Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Қайноналар ва келинлар ҳақида

00:00 / 12.06.2011 | eski savollar | 5718

Ассалому алайкум! Менинг саволим шундан иборатки, муқаддас динимизда қайноналар ва келинлар ҳақида қандай ҳукм юритилади? Яъни қайнонанинг келин олдида қандай диний ҳуқуқи ва мажбурияти ёки аксинча, келиннинг қайнона олдида қандай ҳуқуқи ва вазифаси ёки бурчи бор? Чунки айрим қайноналаримиз келинларимизга нисбатан бир оз қаттиққўллик қилишаётганини ҳар қадамда учратиш мумкин ёки аксинча, қайноналарини ҳурмат қилмайдиган, эрини онасидан совитувчи келинларимиз ҳам талайгина. Ўзи соппа-соғ бўла туриб, қайноналаримизнинг кирларини келинига ювдириши тўғрими? Ишлайдиган келинга: «Ҳам ҳизматимни қиласан, ҳам ойлигингни олиб келиб берасан», дейиш-чи? Мен аввал қишлоқда яшаганимда қайнонам: «Келинсан, «Кечаси сув олиб келасан», десам, керак бўлса, олиб келасан», дер эдилар. Шундай дейишга уларнинг диний ҳақлари борми? У пайтда турмуш ўртоғим чет элда эдилар. Мен ўшанда: «Мен ҳам кимнингдир жондан азиз боласиман, ҳеч қачон сув олиб келиш учун кечаси ташқарига чиқмайман», деб жавоб берганман. Тўғриси, ўқитувчи бўлганим учунми ёки табиатан урушқоқманми, билмадим, қайнонамнинг кўп гаплари ва талабларидан мантиқ тополмасдан, тез-тез урушиб қолардим. Ҳеч қачон, ҳатто ишимга бориб келиш учун йўлкира бермаган қайнонамнинг ойлигимни сўраши энсамни қотирар эди. «Сени онангга айтиб бераман», деганда «Керак бўлса ўн марта айтиб беринг, онам мени сиздан кўра яхши биладилар», деб уришганман. Учта овсин бир ҳовлида аҳил-иноқ яшаганмиз, овсинларим билан ҳеч қачон уришмаганман. Бир-биримизни ҳурмат қилардик, қайнонамнинг «Сенлар ишни бир-бирингга сансалор қиласанлар», дейишига ҳайрон бўлардим. Баъзида уришганим учун ўзимни айбдор ҳисоблайман. Шунинг учун қайнона ва келин масаласида диний томондан тўлиқ хабардор бўлмоқчи эдим.

Ҳурматли Шайх жаноблари, илтимос, шу масалада менга тўлиқ маълумот беринг. Сизга олдиндан раҳмат, Аллоҳ сиздан рози бўлсин.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- Ва алайкум ассалом! Муқаддас ҳисобланган никоҳ робитаси шарафидан эр-хотиннинг ҳар бирининг ота-оналари ва қариндошлари иккинчисига ҳам ота-она ва қариндошга айланади. Шу боис қайнона ва қайнотага яхшилик қилиш эр-хотиндан ҳар бирига худди ота-онага яхшилик қилишдек бурчга айланади. Хотиннинг қариндошларига силаи раҳм қилиш эрга қанчалик лозим бўлса, эрнинг қариндошларига силаи раҳм қилиш хотинга ҳам шунчалик лозим бўлади.

Адолат юзасидан айтишимиз лозимки, бу борада ҳаддидан ошганлар ҳам йўқ эмас. Хотинни чўри ўрнида кўрадиганлар ҳам оз эмас. Баъзи қайноналарнинг келинларга «Менга чўри бўлсанг, юрасан, бўлмаса кетасан», деганлари ҳам сир эмас. Албатта, бу даражага етиб бориш яхши эмас.

Хотиннинг ўз эрига яхшилик қилиши сирасига унинг ота-онасига ва бошқа қариндошларига яхшилик қилиши ҳам киради. Зотан, эрнинг уларга яхшилик қилиши шариатнинг талабидир. Ота-онага яхшилик қилиш ва қариндошларга силаи раҳм қилиш қанчалик аҳамиятга эга эканлигини ҳар бир мусулмон яхши билади.

Келин-куёвлар ҳам бир-бирларининг ота-оналарини ва қариндошларини худди ўз ота-оналари ва қариндошлари каби кўришлари, ҳурматларини жойига қўйишлари ва уларнинг розиликларини топишга ғайрат қилишлари лозим. Аксинча, қайнона ва қайноталар ҳам ўзларининг келин ва куёвларини худди ўзларининг фарзандларидек кўришлари зарур. Албатта, уларга тегишли бўлган барча қариндошларнинг бир-бирлари билан бўладиган муносабатлари ҳам шунга қараб олиб борилиши керак.

Ана шунда никоҳдан кўзланган энг катта манфаатлардан бири – жамиятдаги уруғлар, қабилалар ва қавмларни қариндошларга айлантириш орқали жамият аъзолари орасидаги ўзаро жипслик ва ҳамкорликни зиёда қилишга эришилади.

Валлоҳу аълам.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077 

Топ рейтинг www.uz Openstat