Ассалому алайкум, Шайх ҳазратлари!
Аллоҳ таоло сизга куч-қувват, тани сиҳатлик берсин. Аллоҳ юзингизни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам нурли, ёруғ қилсин!
Устоз, қуйидаги оятни тушунишга ёрдам берсангиз, илтимос.
«Ва Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсалардан енглар. Ўзингиз ишонган Аллоҳга тақво қилинг».
(Ҳукм чиқариш, жумладан, нима ҳалолу нима ҳаромлигининг ҳукмини чиқариш ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хосдир. Ким Аллоҳ «ҳалол» деган нарсани ҳаром деса ёки Аллоҳ ҳаром қилган нарсани «ҳалол», деса, кофир бўлади. Ундай одам Аллоҳнинг илоҳлик сифатига – шариат ҳукмларини чиқариш сифатига шерик бўлишга уринган бўлади. Шунингдек, бир киши ўзи учун ҳам бундай ҳукмни чиқариб, сўнг бу ишни қайси бир диндорлик сифатини зиёда қилишга уриниш, деб ўйлаши ҳам нотўғридир. Бундай иш диндаги ғулув – ҳаддан ошиш ҳисобланади.)
Вазиятни кенгроқ тушунтирсам, устоз. Биз мусофирмиз. Илгари берган саволларимда шундай ҳодисани билдирган эдим: ҳалол бўлмаган гўшт маҳсулотларига «ҳалол» тамғасини қўйиб, ҳалол дўкон ва ресторанларга тарқатишини эшитган эдик. Яқин биродаримиз шу ишда ишлаб, ташлаб чиқди. Шундан кейин сўраб-суриштириб, тақводор биродарларнинг маслаҳатига кўра, жудаям ишонарли гўшт дўконларидан гўшт оладиган, овқатланишда ҳам ўшандай ишонарли жойда овқатланадиган бўлдик. Лекин ҳамма ҳам, хабари йўқ бошқалар ҳам гўштни қўлидан келганича «ҳалал» деган гўшт дўконлардан олиб ейишади. Шундай вазиятлар ҳам бўлди: биродарлар билан дўконга кириб қолганда ёки меҳмондорчиликка борганда «Нега ундан олмайсиз? У бўлмайдими? Нега бу жойда овқатланмайсиз?» деб сўрашади. Сизнинг «Ўртада ихтилоф чиқармаслик учун тақводор одам тақводор бўлмаган одамни айбламасин. Агар у ўшани қилмаса, тақводор бўлмаган одам тақводорни ҳам айбламасин» деганга яқин маънодаги бир гапингизни ўқиган эдим. Юқоридаги оятдан ҳалол-ҳаром масаласи жуда ҳам нозик масала эканлиги маълум бўлади. Шуни билиб туриб, ўшандай вазиятда мен унга «Ҳалал» деб ёзилгани билан ҳалол эмас», деб айтмадим. «Аллоҳдан қўрқаман, лекин мен шундан сотиб оламан», деб қўя қолдим ёки «Шу ошхонада овқатланаман», деб чуқурлашмасдан, бундай дейишимга сабабни қисқача қилиб: «Ўша «ҳалал» тамғасини босиб, бундан бизнес йўлида фойдаланаётганлар бор», дедим.
Бир биродаримиз маслаҳат бериб: «Аллоҳ йўлида ибодат қилаётган бўлсангиз, таомингизга, луқмангизга эҳтиёт бўлинг», деган эди. Еб турган луқмамизга эътиборли бўлишимиз, бу таомлардан
оиламиз, болаларимиз еб-ичиб катта бўляпти, шунинг учун уларнинг келиб чиқишига жиддий қарашимиз керак. Нафақат гўшт маҳсулотлари, бу ёқда шоколаддан тортиб, сақичларгача қарамаса бўлмайди, уларнинг таркибини эринмасдан қараб, текшириб, кейин сотиб оламиз. Чунки таркибида нима борлиги ҳаммаси ёзилган – нима қўшилган, қанча миқдорда. Одам уни 1-2 марта кўргандан кейин ўзи ҳам ажратадиган бўлиб қолади. Масалан, таркибида «Е» ҳарфли маҳсулотлар жуда кўп.
Устоз, бизнинг шубҳали нарсларни тарк этишимиз, яъни шундай йўлда тақво қилишимиз ғулувга кетганга ўхшаб қолмайдими? Бизнинг ниятимиз ҳадисга биноан, фақат Аллоҳнинг розилиги учун ўша ҳаром билан ҳалол ичидан шубҳали нарсаларни тарк қилиш, холос. Устоз, Аллоҳ йўлида маслаҳат беринг, илтимос!
Аллоҳ таоло дин йўлида қилаётган ишларингизга Ўзи ёрдамчи бўлсин!
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
سَمِعْتُ النُّعْمَانَ بْنَ بَشِيرٍ يَقُولُ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «الْحَلَالُ بَيِّنٌ وَالْحَرَامُ بَيِّنٌ، وَبَيْنَهُمَا مُشَبَّهَاتٌ لَا يَعْلَمُهَا كَثِيرٌ مِنَ النَّاسِ، فَمَنِ اتَّقَى الْمُشَبَّهَاتِ اسْتَبْرَأَ لِدِيِنِهِ وَعِرْضِهِ، وَمَنْ وَقَعَ فِي الشُّبُهَاتِ كَرَاعٍ يَرْعَى حَوْلَ الْحِمَى، يُوشِكُ أَنْ يُوَاقِعَهُ. أَلَا وَإِنَّ لِكُلِّ مَلِكٍ حِمًى، أَلَا إِنَّ حِمَى اللهِ فِي أَرْضِهِ مَحَارِمُهُ، أَلَا وَإِنَّ فِي الْجَسَدِ مُضْغَةً إِذَا صَلَحَتْ صَلَحَ الْجَسَدُ كُلُّهُ، وَإِذَا فَسَدَتْ فَسَدَ الْجَسَدُ كُلُّهُ. أَلَا وَهِيَ الْقَلْبُ».
Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумо айтади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: «Ҳалол очиқ-ойдиндир, ҳаром ҳам очиқ-ойдиндир. Улар орасида кўп одамлар билмайдиган шубҳали нарсалар бор. Ким шубҳали нарсалардан сақланса, дини ва шаъни учун ўзини пок тутибди. Ким шубҳали нарсаларга тушса, худди қўриқхона атрофида чўпонлик қилиб, унга ўтиб кетай деган чўпонга ўхшайди.
Огоҳ бўлинг! Ҳар бир подшоҳнинг қўриқхонаси бордир.
Огоҳ бўлинг! Аллоҳнинг ердаги қўриқхонаси – ҳаром қилган нарсаларидир.
Огоҳ бўлинг! Танада бир парча гўшт бор, у соғлом бўлса, бутун тана соғлом бўлади. У бузилса, бутун тана бузилади. Огоҳ бўлинг! Ўша нарса қалбдир».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф энг улуғ ҳадислардан ҳисобланади. Уламоларимиз айтадилар: «Бу ҳадис Исломга мадор бўлган учта ҳадиснинг биридир, шунинг учун уни Исломнинг учдан бири, десак бўлади. Бу ҳадисдан бошқа қолган икки ҳадис: «Амаллар ниятга боғлиқ», деб бошланувчи ва «Киши Исломининг гўзаллиги ўзига беҳуда бўлган нарсани тарк қилишидадир», ҳадисидир».
Имом Абу Довуд: «Ушбу уч ҳадисга «Сизлардан бирингиз то ўзи яхши кўрган нарсани ўзгаларга ҳам раво кўрмагунича комил мўмин бўлмайди», деган ҳадис ҳам қўшилади», деганлар.
Бу ҳадиси шарифнинг улуғлиги шундаки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унда ейиш, ичиш, кийиш, никоҳдаги ва бошқа ҳамма соҳалардаги нарсаларнинг ҳалол бўлиши қоидасини баён қилиб берганлар.
Шунингдек, у зот бу ҳадисда ҳаром нарсаларни ҳам баён қилиб, ҳалолга уриниш, ҳаромдан ҳазар қилишга чақирадилар. Шу билан бирга, ҳалол билан ҳаромнинг ўртасида шубҳали нарсалар борлигини, ким дини ва обрўсини пок сақлай деса, шубҳали нарсалардан эҳтиёт бўлиши зарурлигини таъкидлайдилар. Шубҳали нарсаларга яқинлашиш худди подшоҳ ўзи учун хос қилган қўриқхона ёнида ҳайвон боқишдек хатарли эканлигини баён қиладилар.
Сўнгида эса бу жабҳада энг муҳим масала – қалб масаласи эканлигини, ҳалол-ҳаромда қалб солиҳ бўлиши лозимлигини тушунтирадилар.
Имом Ибн Арабий: «Биргина ушбу ҳадиснинг ўзидан ҳамма аҳкомларни чиқариб олиш мумкин», деганлар.
Имом Қуртубий эса: «Бу ҳадис ҳалол ва бошқа нарсаларни батафсил равишда ҳамда барча амаллар қалбга боғлиқ эканлигини ўз ичига олгандир. Шунинг учун ҳам барча аҳкомларни қайтариб унга солиштириб кўриш мумкин», деганлар.
Энди ҳадиси шарифни таҳлил қилиб чиқайлик:
«Ҳалол очиқ-ойдиндир».
«Ҳалол» сўзи луғатда «тугунни ечиш» деган маънони билдиради.
Шариатда эса ҳаромлик тугуни ечилган, яъни ҳаромлик сифати йўқ нарсага ҳалол деб айтилади. Чунки ҳаром нарсанинг ман қилиш тугуни бўлади. Ҳалол нарсада ана ўша тугун бўлмайди.
Ҳадиси шарифда «ҳалол очиқ-ойдиндир», дейилиши жуда кенг маънони англатади. Аввало, нималар ҳалол эканлиги очиқ-ойдин: сув, сут, мева сувлари каби ичимликлар, нон, мева, полиз экинлари, Аллоҳнинг исми айтиб сўйилган ҳалол ҳайвонларнинг гўштлари, рухсат берилган кийимлар ва никоҳга олинган аёллар ҳалолдир.
Қолаверса, ушбу нарсаларга ишончли, шариатда рухсат берилган йўл билан эга бўлиш лозим. «Ҳалол касб» деганда айнан шу маънода, яъни ҳалол нарсага ҳалол йўл билан эга бўлиш ҳақида гап бормоқда. Бу ҳолат ҳам очиқ-ойдин, уни ҳамма билади. Ҳалол меҳнат, мерос, ҳадя, икки тараф розилиги билан бўлган тижорат туфайли қўлга кирган мулк ҳалол бўлади. Бу оддий ҳақиқатни билиш учун алоҳида тайёргарлик кўришнинг кераги йўқ. Мусулмон одам учун ҳалол нарсани талаб қилиш, ҳалолдан мол-мулк топиш фарз ҳисобланади. Уламоларимиз: «Ушбу ҳадиси шариф баъзи бир жоҳилларнинг «Дунёда сув ва набототдан бошқа ҳалол нарса қолмади», дейишларига раддиядир. Шубҳа ва ҳаромнинг доирасини кенгайтириш жоҳиллик ва илмсизлик аломатидир», деганлар.
Ўтган далил ва ҳужжатлардан келиб чиқиб, уламоларимиз ўзига ҳаромлик сифати илашмаган ва касб қилиш сабабига ҳаром ёки макруҳ иш аралашмаган нарсани мутлақ ҳалол, деб таърифлайдилар.
Демак, мусулмон киши ўзи ҳалол бўлган нарсани шариатда ҳалол қилинган йўл билан топиб, фойдаланиши керак. Аллоҳ таолонинг амри шу.
Аллоҳ таоло:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ كُلُوا مِمَّا فِي الْأَرْضِ حَلَالًا طَيِّبًا وَلَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُّبِينٌ
«Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар ва шайтоннинг изидан эргашманглар. Чунки у сизларга очиқ-ойдин душмандир», дейди (Бақара сураси, 168-оят).
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло фақат мўминларни эмас, балки барча одамларни ҳалол нарсаларни ейишга даъват қилмоқда. Аллоҳ таоло ер юзидаги ноз-неъматларни бандалари учун яратган. Уларнинг ҳалолларидан ейишга умумий рухсат бермоқда. Ҳалол неъматларни номма-ном санаб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Улар жуда кўп. Ҳаром ва нопок нарсалар жуда ҳам оз.
Ейдиган нарсанинг ҳалол бўлишига Ислом динида катта аҳамият берилади. Жумладан, ушбу оятда ҳам бу нарса алоҳида таъкидланмоқда.
Ўтган аҳли солиҳларимиздан Саҳл ибн Абдуллоҳ: «Нажот уч нарсада: ҳалол ейиш, фарзларни адо этиш ва Пайғамбар алайҳиссаломга эргашишдадир», деганлар.
Ояти каримада шайтоннинг изидан эргашиш ҳалол ризқларни ейишга зид қилиб саналмоқда. Яъни бу «шайтоннинг йўлида юрганларгина ҳалол емайдилар», деганидир. Шайтон инсонларга ҳалол едирмаслик билан уларни Аллоҳ таолонинг итоатидан чиқаради. Шайтонга алданган нодон инсон эса ҳалол-ҳаромни фарқламай, улкан гуноҳ қилаётганини ўзи билмайди, ҳатто ҳис этмайдиган даражага тушади. Унга ҳаромни емасликни насиҳат қилсангиз, «Есам нима бўпти?» дейди. Мана шу ҳоли унинг шайтонга қул эканлигига бир далилдир.
Аллоҳ таоло Моида сурасида:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تُحَرِّمُوا طَيِّبَاتِ مَا أَحَلَّ اللَّهُ لَكُمْ وَلَا تَعْتَدُوا إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ الْمُعْتَدِينَ
وَكُلُوا مِمَّا رَزَقَكُمُ اللَّهُ حَلَالًا طَيِّبًا وَاتَّقُوا اللَّهَ الَّذِي أَنتُم بِهِ مُؤْمِنُونَ
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ сизга ҳалол қилган пок нарсаларни ҳаром қилманг. Ҳаддингиздан ошманг. Аллоҳ ҳаддидан ошувчиларни севмас. Ва Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсалардан енглар. Ўзингиз ишонган Аллоҳга тақво қилинг», дейди (87-88-оятлар).
Бу оятда Аллоҳ покиза ва ҳалол деган нарсаларни ҳаром деб ҳукм чиқариш мумкин эмаслиги таъкидланмоқда. Чунки ҳукм чиқариш, жумладан, нима ҳалолу нима ҳаромлигининг ҳукмини чиқариш ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хосдир. Аллоҳ ҳалол деган нарсани ким ҳаром деса ёки Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ким ҳалол деса, кофир бўлади. Ундай одам Аллоҳнинг илоҳлик сифатига, яъни шариат ҳукмларини чиқариш сифатига шерик бўлишга уринган ҳисобланади.
Шунингдек, бир кишининг ўзи учун ҳам бундай ҳукмни чиқариб, диндорлик сифатини зиёда қилишга уриниши ҳам нотўғридир. Бундай иш динда ҳаддан ошиш ҳисобланади. Ушбу оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳам шуни таъкидлайди.
Имом Ибн Жарир Табарий қуйидагиларни ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни ўтириб, одамларга насиҳат қилдилар, аммо ортиқча қўрқитмадилар. Сўнгра туриб кетдилар. Шунда у кишининг саҳобаларидан баъзилари: «Агар янги бир иш қилмасак, нима деган одам бўламиз. Насоролар ўзларига бир қанча нарсаларни ҳаром қилишган, биз ҳам ҳаром қилайлик», дейишди.
Баъзилари ўзига гўшт ейишни ҳаром қилди, баъзилари соннинг юқори қисмини ейишни ҳаром қилди. Бошқалари кундузи овқат ейишни, яна бошқалари аёлларни ўзларига ҳаром қилди.
Бу гап Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борганида:
«Аёлларни, таомни ва уйқуни ўзига ҳаром қилганларга нима бўлди?! Огоҳ бўлинглар, мен ухлайман ҳам, бедор ҳам бўламан, рўза ҳам тутаман, оғзим ҳам очиқ бўлади, аёлларни никоҳимга ҳам оламан. Ким мендан ўзини тортса, у мендан эмас», дедилар. Шунда Аллоҳ таоло «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ сизга ҳалол қилган пок нарсаларни ҳаром қилманг. Ҳаддингиздан ошманг», оятини нозил қилди.
Аллоҳ таоло Ўзи белгилаб берганидан кам ишни қилиш нуқсон ва гуноҳ бўлганидек, Унинг белгилаб берганидан ортиқча қилишга уриниш ҳам тажовузкорлик ва гуноҳ ҳисобланади.
Шу қоидага кўра, Аллоҳ таоло ҳалол қилиб қўйган нарсани ўзига ҳаром қилиб, ўзини ўша нарсадан тийиш билан гўё Аллоҳга қурбат ҳосил қилишга уриниш ҳам гуноҳдир. Чунки ҳалол ва ҳаром қилувчи ягона Зот – Аллоҳ таолонинг Ўзидир.
قَالَ أَنَسُ بْنُ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: جَاءَ ثَلَاثَةُ رَهْطٍ إِلَى بُيُوتِ أَزْوَاجِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَسْأَلُونَ عَنْ عِبَادَةِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَلَمَّا أُخْبِرُوا كَأَنَّهُمْ تَقَالُّوهَا، فَقَالُوا: وَأَيْنَ نَحْنُ مِنَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَدْ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ وَمَا تَأَخَّرَ. قَالَ أَحَدُهُمْ: أَمَّا أَنَا فَإِنِّي أُصَلِّي اللَّيْلَ أَبَدًا. وَقَالَ آخَرُ: أَنَا أَصُومُ الدَّهْرَ وَلَا أُفْطِرُ. وَقَالَ آخَرُ: أَنَا أَعْتَزِلُ النِّسَاءَ فَلَا أَتَزَوَّجُ أَبَدًا. فَجَاءَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: «أَنْتُمُ الَّذِينَ قُلْتُمْ كَذَا وَكَذَا؟ أَمَا وَاللهِ إِنِّي لَأَخْشَاكُمْ لِلّٰهِ وَأَتْقَاكُمْ لَهُ، لَكِنِّي أَصُومُ وَأُفْطِرُ، وَأُصَلِّي وَأَرْقُدُ، وَأَتَزَوَّجُ النِّسَاءَ، فَمَنْ رَغِبَ عَنْ سُنَّتِي فَلَيْسَ مِنِّي». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ.
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Анас розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Уч киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари ҳақида сўраш учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалолларининг уйларига келишди. Уларга хабар қилинган эди, буни оз санагандай бўлиб, «Биз қаёқда-ю, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқдалар?! У зотнинг олдингию кейинги гуноҳлари мағфират қилинган бўлса», дейишди. Улардан бири: «Мен абадул‑абад туни билан намоз ўқиб чиқаман», деди. Бошқаси эса: «Мен бир умр рўза тутаман, оғиз очиқ юрмайман», деди. Яна бошқаси: «Мен аёллардан четда бўламан, абадул‑абад уйланмайман», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар ва шундай дедилар: « Шундай, шундай деганлар сизларми?! Ҳой! Аллоҳга қасамки, мен сизларнинг Аллоҳдан энг қўрқадиганингизман, Унга энг тақво қиладиганингизман, лекин мен рўза ҳам тутаман, оғиз очиқ ҳам юраман, намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам, аёлларга уйланаман ҳам. Ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас!»
Шу билан Аллоҳ таоло ҳалол қилган нарсаларни ўзига ҳаром қилиб, онт ичиш ёки вазифа қилиб олиш бекор қилинди. Ҳамда ҳеч кимнинг Аллоҳ таоло ҳалол қилган нарсаларни ҳаром қилишга ҳаққи йўқлиги таъкидланди.
Кейин эса яна бир бор Аллоҳ ризқ қилиб берган нарсаларнинг ҳалолини ейиш ва бу борада фақат Унгагига тақво қилиш таъкидланди:
«Ва Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсалардан енглар. Ўзингиз ишонган Аллоҳга тақво қилинг».
Анфол сурасида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
فَكُلُوا مِمَّا غَنِمْتُمْ حَلَالًا طَيِّبًا وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَّحِيمٌ
«Ўлжага олган нарсаларингиздан ҳалол-пок ҳолда енглар. Аллоҳга тақво қилинглар. Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир» (69-оят).
Ўлжага олинган молларни ҳалол қилиб бериш ҳам Аллоҳ таолонинг мусулмонларга кўрсатган бир марҳаматидир. Шунингдек, Аллоҳ таоло асирлар учун, яъни уларни озод қилиш учун олинадиган молни ҳам ҳалол қилди. Бу нарса олдинги пайғамбарлар умматларига ҳалол қилинмаган эди.
Ўлжа ва тўлов моли дунё иши бўлгани учун эҳтиёткорлик қилинмаса, ҳаром аралашиб қолиши эҳтимоли бор. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло «Аллоҳга тақво қилинг», демоқда.
Юқорида айтиб ўтганимиз – мусулмонларга берилган инъомларнинг ўз ўрни бор, улар ҳам яхши. Аммо энг катта неъмат Аллоҳ талодан мўминларга келадиган мағфират ва раҳматдир.
«Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир».
Аллоҳ таоло Наҳл сурасида айтади:
فَكُلُوا مِمَّا رَزَقَكُمُ اللَّهُ حَلَالًا طَيِّبًا وَاشْكُرُوا نِعْمَتَ اللَّهِ إِن كُنتُمْ إِيَّاهُ تَعْبُدُونَ
«Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган нарсалардан ҳалол-пок ҳолда енглар. Ва агар Унгагина ибодат қиладиган бўлсангиз, Аллоҳнинг неъматига шукр қилинглар» (114-оят).
Одам Аллоҳ таоло унга ризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсаларни ейиш билан бирга, Унинг неъматига шукр ҳам этади. Бу эса Унга ибодат қилиш доирасига киради. Шунинг учун ҳам оятда «Ва агар Унгагина ибодат қиладиган бўлсангиз», дейилмоқда.
Яна ҳадиси шарифнинг шарҳига қайтамиз.
«Ҳаром очиқ-ойдиндир», яъни махфий ёки билиб олиш қийин бўлган нарса эмас.
«Ҳаром» луғатда «ман қилиш»ни англатади.
Шариатда эса ҳеч қандай шубҳасиз, очиқ-ойдин равишда ман қилинган нарса ҳаромдир.
Буни ҳам билиб олиш учун алоҳида тайёргарлик кўришнинг кераги йўқ. Ароқ, нажосат тушган сув каби ичимликлар, чўчқа гўшти, Аллоҳнинг исми айтилмай сўйилган ҳайвонларнинг гўшти, эркак кишиларга ипак кийимлар ва никоҳида бўлмаганлар билан жинсий алоқада бўлиш кабилар ҳаромдир.
Шу билан бирга, ўзи ҳалол бўлган нарсаларга шариатда ман қилинган йўл билан эга бўлинса, улар ҳам ҳаромга айланиб қолади. Мисол учун, зулм, ўғрилик, рибохўрлик, алдамчилик, порахўрлик йўли билан топилган ҳар бир нарса, ўзи қанча пок бўлса ҳам, топувчига ҳаромдир.
Шунинг учун ҳам уламоларимиз мутлақ ҳаромни: «Ўзида ҳаромлик сифати бор ёки ман қилинган йўл билан топилган нарсадир», деб таърифлайдилар. Мусулмон киши учун ҳаромдан ҳазар қилиш фарздир.
Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни ҳаром йўл билан бировнинг молини ейишдан қатъий равишда қайтарган. У Зот Бақара сурасида шундай дейди:
وَلَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُم بَيْنَكُم بِالْبَاطِلِ وَتُدْلُوا بِهَا إِلَى الْحُكَّامِ لِتَأْكُلُوا فَرِيقًا مِّنْ أَمْوَالِ النَّاسِ بِالْإِثْمِ وَأَنتُمْ تَعْلَمُونَ
«Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб, одамларнинг молларидан бир қисмини гуноҳ ила ейишингиз учун уни ҳокимларга ташламанг» (188-оят).
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мусулмонларни бир-бирларининг молини ботил – ҳаром йўл билан ейишдан қайтармоқда.
Ушбу ояти каримани тушунтириш учун Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Бу бир одам қарздор бўлади, лекин ўзига қарши ҳужжат йўқлигидан фойдаланиб, у молни олганидан тонади, дегани. Бировнинг молини ҳаромдан еб, гуноҳкор бўлаётганини билиб туриб, ҳокимга арз қилади», деган эканлар.
Гўё ҳоким ҳукм қилса, гуноҳ гуноҳликдан тушиб, ҳаром мол ҳалолга айланиб қоладигандек. Ҳолбуки, ҳокимнинг ҳукми ила ҳалол ҳаром бўлиб қолмайди ёки аксинча бўлмайди. Балки ҳамма нарсани кўриб-билиб турувчи Аллоҳ таолонинг ҳукми билан ҳалол ёки ҳаром бўлади. Ҳоким ҳамма нарсани кўра олмайди, била олмайди. У сиртдан кўрганига, талашаётганларнинг гапларига, уларнинг ҳужжатларига қараб ҳукм чиқаради.
عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّمَا أَنَا بَشَرٌ، وَإِنَّكُمْ تَخْتَصِمُونَ إِلَيَّ، وَلَعَلَّ بَعْضَكُمْ أَنْ يَكُونَ أَلْحَنَ بِحُجَّتِهِ مِنْ بَعْضٍ، فَأَقْضِي نَحْوَ مَا أَسْمَعُ، فَمَنْ قَضَيْتُ لَهُ بِحَقِّ أَخِيهِ شَيْئًا فَلَا يَأْخُذْهُ، فَإِنَّمَا أَقْطَعُ لَهُ قِطْعَةً مِنَ النَّارِ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Мен бир инсонман, холос. Сизлар хусуматлашиб олдимга келасизлар. Эҳтимол, бирингиз бошқангиздан кўра ҳужжат келтиришга устароқ бўлар ва мен эшитганимга қараб ҳукм чиқарарман. Кимга биродарининг ҳаққидан бирор нима ҳукм қилиб юборсам, олмасин, чунки унга дўзахнинг бир парчасини кесиб берган бўламан».
Имом Бухорий ривоят қилган.
Зоҳирга қараб ҳукм чиқаргани учун ҳоким гуноҳкор бўлмайди.
Имом Қуртубий «Оятдаги «ботил йўл билан емаслик»ка ҳаромнинг барча турлари: қимор, алдамчилик, ҳаром нарсаларни сотиб мол топиш, ҳаром касбларни қилиб мол топиш ва бошқалар киради», деганлар.
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида эса:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَأْكُلُوا الرِّبَا أَضْعَافًا مُّضَاعَفَةً وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
«Эй иймон келтирганлар! Рибони бир неча баробар қилиб еманг. Аллоҳга тақво қилинг, шоядки нажот топсангиз», деган (130-оят).
Ҳофиз ибн Касийр раҳматуллоҳи алайҳнинг ривоят қилишларича, берилган қарзнинг муддати тугаб қолганда қарз берувчи қарздорга: «Ёки қарзингни тўла, ёки рибони кўпайтир», дер экан. Тўласа тўлади, бўлмаса қарз муддатини чўзиш эвазига рибонинг миқдорини ҳам кўпайтирар экан. Ҳар йили шундай бўлавергандан кейин рибо бир неча баробарга кўпайиб кетар экан. Ушбу ояти каримада ўша ҳолат муолажа қилинмоқда.
Нафси бузуқ баъзи кимсалар бу оятни ушлаб олиб, «Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Рибони бир неча баробар қилиб еманг», деган, демак, бир неча баробар оширмай, маълум фоиз еса бўлаверади», деган даъволарни ҳам қилишади. Бу даъволар жоҳиллик иллатидир, Аллоҳ таоло ҳаром этган нарсани ўзига ҳалол қилиб олиш йўлидаги ғаразли ҳаракатдир. Ҳолбуки, ояти карима воқеликдан келиб чиқиб, жоҳилият даврининг энг ёмон одатларидан бирини аста-секинлик билан муолажа этмоқда. Қолаверса, рибо ҳақида Қуръони Каримда фақат битта шу оятгина бор эмас, ахир. Рибонинг ҳаромлигини баён қилувчи асосий оятлар Бақара сурасида келган. Унда: «Рибонинг сарқитини ҳам тарк этинг», дейилган.
Гуноҳни, жумладан, рибохўрликни ҳамма ҳам осонгина тарк қилавермайди. Бунинг учун аввало Аллоҳ таолога тақво қилиш лозим:
«Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, нажот топсангиз».
Албатта, Аллоҳга тақво қилган ва бу дунёю у дунёда нажот топишдан умидвор бўлган одамлар рибохўрлик қилмайдилар.
Нисо сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди:
وَآتُوا الْيَتَامَى أَمْوَالَهُمْ وَلَا تَتَبَدَّلُوا الْخَبِيثَ بِالطَّيِّبِ وَلَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَهُمْ إِلَى أَمْوَالِكُمْ إِنَّهُ كَانَ حُوبًا كَبِيرًا
«Ва етимларга ўз молларини беринг. Нопокни покка алмаштирманг. Уларнинг молларини ўзингизнинг молларингизга қўшиб еманг. Зеро, бу катта гуноҳ эрур» (2-оят).
Ушбу оятдаги хитоб умуман, мусулмонлар оммасига, хусусан, етимларнинг кафилларига қаратилгандир. Балоғатга етмаган ёш болалар отаси ўлиб қолса, етим бўлишади. Уларни ота томонидан ёки улар бўлмаса, бошқа томондан бўлган қариндошлари ёхуд умуман, бошқа бирорта мусулмон ўз кафолатига олади. Етимга кафил бўлган киши унинг барча ишларига, шу жумладан, молу мулкига ҳам раҳбарлик қилади. Етим бола ёш бўлиб, мол-мулкни тўғри тасарруф қилишга салоҳияти етмагани учун кафил унинг мол-мулкини муҳофаза этишга масъул бўлади. Бола балоғатга етиши билан етимлиги тугайди. Энди у ўз ҳолича тасарруф қилишга ўтади. Вояга етган одам инсон сифатида ўз мол-мулкини тасарруф қилиш имконига эга бўлади. Шунинг учун ҳам оятдаги «Ва етимларга ўз молларини беринг», деган жумлани «вояга етганларида» деган қўшимча билан англатиш керак бўлади. Жоҳилиятда етимларнинг ҳаққига эътибор берилмайди. Бу ҳақ доимо поймол қилинади, етимнинг ҳаққига хиёнат авж олган. Исломда эса уларнинг ҳақлари тўла муҳофаза қилинган.
«Нопокни покка алмаштирманг» жумласида бировнинг молини ўз молига алмаштирмаслик, хусусан, етимларнинг молини ўз молига алмаштирмаслик тушунилиши лозим. Бу ҳол турлича кўринишларда бўлиши мумкин. Биз «мол» деганда фақат пулни тушуниб қолганмиз. Чунки узоқ давом этган худосиз тузум бошқа мулкка эгаликни ман қилган эди. Юқоридаги жумлани «Уларнинг яхши молларини ўзингизнинг сифатсиз молингизга алмаштириб қўйманг», деб тушунса бўлади. Мисол учун, етимнинг яхши уйи, ери, чорваси, улуши ва бошқа мулклари бўлиши мумкин. Кафил етимнинг ўша яхши, сифатли молларини ўзиники қилиб, ўрнига ўзининг сифатсиз молини берса, нопокни покка алмаштирган ҳисобланади. Яъни кафил ўзи учун нопок бўлган молни олиб, ўрнига ўзининг ҳалол молини берган – алмаштирган бўлади.
«Уларнинг молини ўзингизнинг молларингизга қўшиб еманг».
Бу иборада ҳам етимларнинг ҳимояси яққол кўриниб турибди. Кафилларинг «Мен шу етимга кафилман, унга қараяпман, тарбия қиляпман», деган даъволар билан ўзига топширилган етимнинг молларини ҳам ўз молларига қўшиб, еб юбориш одати бўлган. Бу ҳол етимга нисбатан катта зулмдир. Ояти карима етимнинг молини ейишни ман этиб, бу ишни катта гуноҳ деб эълон қиляпти:
«Зеро, бу катта гуноҳ бўлур».
Нисо сурасида Аллоҳ таоло айтади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُم بَيْنَكُم بِالْبَاطِلِ إِلَّا أَن تَكُونَ تِجَارَةً عَن تَرَاضٍ مِّنكُمْ
«Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Аммо ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли» (29-оят).
Бировнинг молини ботил йўл – ҳаром йўл билан ейишга рибо, қимор, порахўрлик, алдамчилик, нархни сунъий равишда кўтариш, ўғрилик, қиморбозлик, товламачилик ва бошқалар киради.
«Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг».
Ояти каримада ботил йўл билан бировнинг молини ейишдан
«Аммо ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли», деб истисно қилинмоқда. Албатта, ҳалол ризқ топишнинг йўли фақат тижорат эмас. Аммо бу мақомда тижоратнинг зикр қилинишига сабаб – ботил йўл билан мол ейишнинг баъзи турларида тижоратга ўхшашлик бор. Мисол учун, Арабистон яриморолида рибохўрлик авж олган эди. Аллоҳ таоло бу ишни ҳаром қилганида мушриклар «Рибо ҳам тижоратга ўхшаш», деган даъвони илгари сурдилар. Шунга ўхшаш тушунмовчиликлар ёки ноўрин даъволарнинг бўлмаслиги учун ўзаро розилик билан бўлган тижорат истисно қилинмоқда. Чунки тижорат ҳалол меҳнатдир. Тожир меҳнат қилиб, молу пулини ишга солиб, ишлаб чиқарувчи ва харидор орасида восита бўлади. Бу вазифани бажариш учун орада анчагина хизматларни адо этади. Унинг келажакда фойда кўриш-кўрмаслиги, фойданинг оз ёки кўп бўлиши гумон. У касод бўлиш, синиб, молсиз-пулсиз қолиш эҳтимолларини ҳам бўйнига олиб бу ишга қўл уради. Энг муҳим омиллардан бири – тижорат икки тарафнинг розилиги билан бўлади. Харидор рози бўлмаса, олиш-олмасликда эркин, бошқа томонга кетаверади.
Бу маънодаги ҳадиси шарифлар жуда ҳам кўп. Бир луқма ҳаром таом еган одамнинг неча кунлаб дуоси қабул бўлмаслигини биламиз.
Айниқса мусулмон киши ҳаром йўл билан мол-дунё касб қилишдан худди чўчқанинг гўштини ейишдан ҳазар қилгандек ҳазар қилиши керак. Ҳаром йўл билан мол-дунё топган одам икки дунёда шарманда бўлади. Бу дунёда азоб-уқубат, турли бало-офатларга йўлиқиб, у дунёда жаҳаннам ичида туриб, қорнига таом ўрнига оловни ейди.
«Улар орасида кўп одамлар билмайдиган шубҳали нарсалар бор».
Яъни ҳалол билан ҳаром орасида шубҳали нарсалар бордир. Бундай нарсаларни шариат илмларини пухта биладиган уламоларгина биладилар.
Демак, баъзи нарсаларнинг ҳалоллиги ҳам, ҳаромлиги ҳам очиқ-ойдин билинмайди. Ҳалол дейин деса, ҳаромга ўхшайди, ҳаром дейин деса, ҳалолга ўхшайди. Бундай нарсалар «шубҳали нарсалар» дейилади. Асосий мушкуллик худди шу нарсалардадир.
«Шубҳа» сўзи луғатда «ўхшаш» деган маънони билдиради. Яъни шубҳали нарса ўзидан бошқа нарсага ўхшашдек туюлади. Унинг аниқлиги йўқ бўлади.
Уламоларимиз ҳалол ва ҳаром бобидаги шубҳали нарсани «Икки хил эътиқодни тақозо қилувчи икки нарса содир бўлгани учун икки хил эътиқодга сазовор бўлган нарса шубҳали нарса дейилади», деганлар.
Демак, шубҳали нарсалар бир неча хил бўлади:
1. Бир нарсанинг ҳалоллиги ҳақида бир томондан, ҳаромлиги ҳақида иккинчи томондан далил келган бўлса, улардан қайси бири олдин эканлиги билинмаса, у шубҳали нарса бўлади.
Бунга уламоларимиз «Мухобара» номли муомалани мисол қиладилар.
2. Шариатда ҳукми баён қилинган бўлса ҳам, машҳур бўлмагани учун кўпчилик билмайди.
Мисол учун, калтакесакдан катта, эчкэмардан кичик зобб номли ҳайвон ҳалол, аммо ўша ҳайвон яшамайдиган жойларда буни кўпчилик билмайди.
3. Умумий маъно ёки қиёсдан олинадиган ҳукм бўлиб, уламолар турлича тушунган нарсалар.
4. Шариатда мубоҳлиги ёки мубоҳ эмаслиги ҳақида ҳукм келган, аммо вақтинчалик ёки доимий эканлиги ҳақида ихтилоф бор нарсалар.
Ёввойи эшак, хачир ва отга ўхшаш нарсаларнинг ҳукмини, ҳалол ёки ҳаромлигини мужтаҳид уламолар оят, ҳадис, ижмоъ, қиёс ва бошқа фиқҳий қоидалар билан солиштириб ўрганиб чиқадилар. Сўнгра уларнинг ҳалол ёки ҳаром эканлиги ҳақида ҳукм чиқарадилар. Шундан кейин улар ҳалоллик ёки ҳаромлик сифатини олади. Юқорида келтирилган фикрлар мазкур ҳайвонларнинг зотидаги ҳалоллик ёки ҳаромлик ҳақидаги маълумотларга асосланади.
Аммо зоти ҳалол нарсанинг бирор кишига ҳалол мулк бўла олишига тегишли шубҳалар ҳам бир неча хил бўлади:
Биринчи хили – ҳалол ёки ҳаром қилувчи сабабда шубҳа пайдо бўлиши.
Мисол учун, бир одам асли ҳалол қушга ўқ отди. Бу хилдаги овланган қуш аслида ҳалол бўлади. Лекин отилган қуш сувга тушса-ю, овчи уни сувдан олиб чиққанда ўлган бўлса, шубҳа бўлади. Қуш отилган ўқ билан ўлдими ёки сувга тушиб, бўғилиб ўлдими, билиб бўлмайди. Уламолар бу ва бунга ўхшаш шубҳали ҳолатларда ҳаромлик устун эканлигига фатво чиқарганлар.
Бундай шубҳалар айниқса ҳалол билан ҳаромнинг аралашиб кетишидан келиб чиқади. Мисол учун, бир дона ҳаром ўлган ҳайвон гўшти ҳалол йўл билан сўйилган битта ёки ўнта ҳайвоннинг гўштига аралашиб кетса, ҳамма гўшт шубҳали бўлиб қолади. Ҳаром гўштни ажратиб олишнинг имкони бўлмаганлиги учун мазкур ҳалол гўштлар ҳам ҳаром, деб эълон қилинади.
Яна бир мисол:
Бир йигитнинг эмикдош синглиси бор, унга уйланиши шариат ҳукми бўйича ҳаром. Лекин ўша қиз ким эканлиги айнан маълум эмас. Фақат бешта-ўнта ёки маълум адад қизлардан бири эканлиги билинади, холос. Ушбу ҳолатда шариат ҳаром қилган кишини никоҳлаб олиш шубҳаси туғилади ва адад чегараланган бўлганлиги учун шубҳадан қочиб, уларнинг бирортасига ҳам уйланмаслик вожиб бўлади.
Иккинчи хили – чегараланган ҳаром нарса чегараланмаган ҳалол нарсага аралашиб кетиши. Бу ҳолда ҳам шубҳа ҳосил бўлади. Лекин катта мушкуллик эътиборидан шариат бундай ҳолатларда ҳалолликни ғолиб ҳисоблайди.
Мисол учун, ўзи билан эмикдош бўлган қиз шаҳарнинг қизларидан бири эканлигини яхши билади. Аммо ким эканлигини билиб бўлмайди. Шу сабабдан ҳамма аёллар унга ҳаром, деб эълон қилинмайди, балки хоҳлаганига уйланаверади. Уламоларнинг иттифоқи шундай.
Шунингдек, мол-дунёга ҳаром аралашгани маълум, лекин ўша ҳаромнинг миқдори номаълум. Шунинг учун олди-сотди ёки емоқ-ичмоқни тарк қилиш вожиб бўлмайди. Бундай бўлса, кишилар катта тангликда қоладилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромларнинг вақтида рибохўрлик, ўғрилик содир бўлган, кўп мол-мулкка аралашиб кетган, лекин пул муомаласи ёки ўғирланган нарсалар жинсидан бўлган ашёларни сотиб олиш ман қилинмаган. Уламоларимиз: «Бунга ўхшаш нарсаларни сўраб-суриштириб, четлашга уриниш васвасадир», дейдилар.
Учинчи хили – чегараланмаган ҳаром чегараланмаган ҳалолга аралашиб кетиши. Бундай пайтда ҳаромлигига ҳужжат-далил бўлган нарсагина ҳаром деб айтилади. Бошқа нарсалар ҳалоллик ҳукмини олади. Чунки шариатнинг ҳукми бўйича аслида моллар ҳалолдир. Кишилардаги фисқ ғолибдир. Шариат қоидаси бўйича асл билан ғолиб тўқнашиб қолса ва ғолибнинг аниқ белгиси бўлмаса, асл устун келади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромларнинг даврида ҳаромдан топилган мол-дунё, рибохўрликдан келадиган фойда, ўлжадан беркитиб олинган нарсалар, баъзи талаб олинган моллар аралашиб кетган. Мазкур нарсаларнинг ҳаром ҳолида ҳалол молларга аралашиб кетишига қарамай, ҳеч ким бозорни ёпишга ёки олди-берди қилмасликка амр қилмаган.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу насроний аёлнинг идишидан таҳорат қилганлар. Саҳобаи киромлар ғайридин юртлардан келтирилган кийим-кечак ва бошқа матоларни сотиб олиб, ишлатганлар.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, шубҳали нарсаларда етук олим кишилардан сўраб олиб, тасарруф қилиш керак бўлади. Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинки, ўтган мужтаҳид олимларимиз бундай масалаларни ниҳоятда яхшилаб ҳал этиб, китобларга ёзиб кетганлар.
Ҳозирги уламолар ана шу китоблардан фойдаланган ҳолда жавоб беришлари осон. Ўтган вақтларда мавжуд бўлмаган масалаларни эса Ислом фиқҳи мажмаъ (академия)ларидаги уламолар ҳал қилмоқдалар.
«Ким шубҳали нарсалардан сақланса, дини ва шаъни учун ўзини пок тутибди».
Яъни ҳалоллигида шубҳа бор нарсадан сақланган одам дини ва обрўсини поклаган бўлади. Шунинг учун муайян шубҳали нарсадан узоқда бўлиш лозим.
Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ўзингни шубҳага солган нарсани тарк эт, ўзингни шубҳага солмаган нарсани ол!» деган гаплари қоидадир.
Шубҳали нарсага нисбатан муносабат бир неча хил бўлади:
1. Вожиб. Ўзиники ёки ўзганики эканлиги аниқ бўлмаган молни олмаслик.
2. Мустаҳаб. Молининг кўпи ҳаром бўладиган одам билан муомала қилмаслик.
3. Макруҳ. Аллоҳ таоло рухсат берган нарсаларни ва ҳадисларни олмаслик.
عَنْ عُقْبَةَ بْنِ الْحَارِثِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: تَزَوَّجْتُ امْرَأَةً، فَجَاءَتْنَا امْرَأَةٌ سَوْدَاءُ فَقَالَتْ: أَرْضَعْتُكُمَا. فَأَتَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقُلْتُ: تَزَوَّجْتُ فُلَانَةَ بِنْتَ فُلَانٍ، فَجَاءَتْنَا امْرَأَةٌ سَوْدَاءُ فَقَالَتْ لِي: إِنِّي قَدْ أَرْضَعْتُكُمَا. وَهْيَ كَاذِبَةٌ، فَأَعْرَضَ، فَأَتَيْتُهُ مِنْ قِبَلِ وَجْهِهِ، قُلْتُ: إِنَّهَا كَاذِبَةٌ. قَالَ: «كَيْفَ بِهَا وَقَدْ زَعَمَتْ أَنَّهَا قَدْ أَرْضَعَتْكُمَا، دَعْهَا عَنْكَ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Имом Бухорий ва Имом Термизийлар Уқба ибн Ҳорисдан ривоят қилишади:
«Бир аёлга уйландим. Кейин олдимизга бир қора танли хотин келиб: «Икковингни ҳам эмизганман», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб: «Фалончининг қизи фалончига уйлангандим. Кейин олдимизга бир қора танли хотин келиб, менга: «Мен икковингни ҳам эмизганман», деди. У ёлғончи аёл», дедим. У зот юзларини ўгириб олдилар. Мен яна рўпараларига ўтиб, «У ҳақиқатан ҳам ёлғончи аёл», дедим. У зот: «Ахир у икковингни ҳам эмизганини даъво қилган бўлса, қандай қилиб у (аёлинг) билан бўласан?! Уни қўй», дедилар».
Демак, шубҳа тушганлиги учун шундай дедилар.
Лекин шубҳанинг ҳам чегараси бор. Бўлиши қийин нарсаларни ўзига фараз қилиб, турли хаёллар билан турли шубҳалар қилиш васваса дейилади.
Уламоларимиз бундай васвасага бир қанча мисоллар келтирадилар. Шу юртда менинг қариндошларим ўтган экан, бу ердан уйлансам, билмай, қариндошимга уйланиб қўймай деб, бутун бошли бир юртдан уйланишни тарк қилиш, очиқ жойдаги сувни нажосат тушган бўлиши мумкин, деб ишлатмаслик, бирор кийимни менинг қўлимга тушишидан олдин нажосат теккан бўлиши мумкин, деб ювишга ўхшаш ишлар шулар жумласидандир.
Имом Қуртубий: «Бундай ишлар парҳезкорлик эмас, шайтоний васвасадир. Чунки буларда шубҳа маъносидаги ҳеч нарса йўқ. Бундай нарсаларнинг содир бўлиши шариатни билмасликдан келиб чиқади», дейдилар.
Имом Ҳарамайннинг оталари Имом Абдуллоҳ ибн Юсуф Жувайнийга янги кийимни бўяш, қуритиш вақтида ерга тушиши бор, нажосат тегиши бор, деб, ювиб ташлаб киядиган кишилар зикр қилинди. У кишининг қаттиқ аччиқлари чиқди ва шундай дедилар: «Бу хорижийларнинг тариқатидир! Уларни Аллоҳ таоло ноўрин жойда ташвиш қилиш ва эҳтиёт бўладиган жойда бепарво бўлиш балосига учратган. Буни қилувчи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, саҳоба ва тобеъинларнинг ишига эътироз қилувчидир. Чунки у зотлар янги кийимни ювмасдан кияр эдилар. Уларнинг асрларидаги кийимнинг ҳоли бизнинг асримиздаги кийимнинг ҳоли каби эди. Агар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша кийимларни ювишга амр қилган бўлсалар, махфий қолмас эди».
Албатта, бу шаклдаги васвасага берилиш Ислом шариати руҳидан узоқ нарсадир. Лекин муайян шубҳали нарсалардан эҳтиёт бўлиш зарур. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифнинг давомида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу нарсага алоҳида
эътибор бермоқдалар:
«Ким шубҳали нарсаларга тушса, худди қўриқхона атрофида чўпонлик қилиб, унга ўтиб кетай деган чўпонга ўхшайди».
Яъни ҳалоллигида шубҳа бор нарсаларни олиб, еб-ичиб, ишлатиб юрган одам ҳаромга тушиши турган гап. Чунки табиийки, мазкур қўриқхонага энг яқин жойда ҳайвон боққан одамнинг ҳайвонлари қўриқхонага кириб қолиши ва ундан ўтлаб қўйиши жуда ҳам осон. Чунки жуда яқин жойда турибди, бир ҳаракат билан қўйми, молми ёки бошқа ҳайвонми, қўриқхона ўтидан ейиши ва эгаси жавобгар бўлиб қолиши ҳеч гап эмас.
Шубҳали нарсаларга яқин юрадиган одамнинг ҳоли ҳам худди шундай. Хоҳлаган лаҳзада ўзи билмай қолиб, ҳаромни олиб еб ёки муомалага киритиб қўйиши мумкин.
Оқибатда обрўси тўкилиб, динига путур етиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам динини, обрўсини пок ҳолда сақлаш ниятида бўлган киши шубҳали нарсаларга умуман яқинлашиши керак эмас.
Худди шу маънони яна ҳам кучлироқ таъкидлаш мақсадида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бошқа бир мисол келтирадилар:
«Огоҳ бўлинг! Ҳар бир подшоҳнинг қўриқхонаси бордир».
Ўша қўриқхонада подшоҳнинг ҳайвонларидан бошқа ҳар қандай ҳайвоннинг юриши қатъиян ман қилинган. Ушбу қоидани бузган одам эса тегишли жазога тортилган. Подшоҳнинг жазосидан қўрққан одам қўриқхонага ўзи ҳам яқинлашмайди, ҳайвонини ҳам яқинлаштирмайди. Эҳтиёт бўлмаган одам эса подшоҳнинг жазосига тортилиши ҳеч гап эмас.
«Огоҳ бўлинг! Аллоҳнинг ердаги қўриқхона-
си–ҳаром қилган нарсаларидир».
Яъни, Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалари худди подшоҳнинг қўриқхонасига ўхшайди. Ким ўша ҳаром қилинган нарсаларга яқинлашса, унинг ҳаромга йўлиқиши осонлашади, ҳаром ишни қилган одам эса Унинг жазосига учрайди. Ҳаром ишни қилган одам учун икки дунёда ҳам турли-туман жазолар бордир.
Ҳаром нарсаларни еган, улардан фойдаланган кимсаларнинг бу дунёда соғлиқлари бузилиши, турли бало-офатларга гирифтор бўлиши ҳамда охиратда уларга нисбатан ўзига яраша оғир жазолар тайин қилиниши муқаррар.
«Огоҳ бўлинг! Танада бир парча гўшт бор, у соғлом бўлса, бутун тана соғлом бўлади. У бузилса, бутун тана бузилади. Огоҳ бўлинг! Ўша нарса қалбдир».
Бу иқтибосда «солиҳ» сўзининг «бузуқ» сўзига қарама-қарши маънода ишлатилганига эътибор беришимиз керак.
Ушбу жумлаларда қалбнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти баён қилинмоқда.
«Қалб» сўзи луғатда «бир нарсани ағдариш» деган маънони англатади. У бир хилда турмай, у ёқ-бу ёққа ағдарилиб турганлиги учун ҳам «қалб» деб аталган. Ислом тушунчаси бўйича қалб икки хил: зоҳирий ва ботиний бўлади.
Зоҳирий қалб кўкракнинг чап томонида жойлашган конус шаклли гўшт парчасидир. У инсоннинг зоҳирий – жисмоний қисмига жон вазифасини ўтайди.
Ботиний қалб эса нуроний, латиф, билувчи нарса бўлиб, инсонни инсон қилувчи нарса ҳам ўшадир. У инсоннинг ақлий, руҳий-маънавий ҳаётига тириклик бахш этади.
Қалб бизнинг тилимизда «юрак» ҳам дейилади. Ушбу ҳадиси шарифда таъкидланишича, қалб инсоннинг ёмон ёки яхши бўлиши учун асосий омил бўлар экан. Унинг ёмон ёки яхши бўлиши эса ҳалол ва ҳаромга боғлиқ.
Ушбу ҳақиқат қадим замонда фақат руҳий-маънавий жиҳатдан тушунилган. Ҳаромхўрлик қилган одам гуноҳкор бўлиши ва охиратда дўзахга тушиши маъносидагина тушунилган.
Ҳозирги кунда эса юрак жисмимизни ҳаётда ва соғликда тутиб турадиган нарса сифатида билинади. У ишлаб турса, жисмда ҳаёт бўлади, у соғлом бўлса, жисм ҳам соғлом бўлади, у хаста бўлса, жисм ҳам хаста бўлади, деб фикр қилинади.
Аслида эса ҳадисдан ушбу икки тушунчанинг умумлаштирилган маъноси тушунилмоғи лозим.
Илмий равишда собит бўлишига қараганда, Ислом шариатида ҳаром қилинган нарсаларни таом сифатида тановул қилган одам хасталикка чалинар экан. Чунки Ислом зарарли нарсаларни ҳаром қилган. Ҳаром нарса истеъмол қилинганидан сўнг танада қонга айланади. Юрак эса қон ҳайдайдиган аъзодир. Зарарли нарсалардан пайдо бўлган зарарли қон юракнинг хасталанишига сабаб бўлиши эса илмий ҳақиқатдир. Юрак хаста бўлгандан кейин эса ҳадиси шарифда айтилганидек, жисмнинг ҳаммаси бузуқ бўлади.
Худди шу ҳолат ботиний қалбга нисбатан ҳам ҳосил бўлади. Ўғрилик, порахўрлик, рибохўрлик, алдамчилик, босқинчилик каби ҳаром йўллар билан ўзига мол-мулк топган одамлар гуноҳкор бўладилар. Мазкур гуноҳларнинг зарари эса уларнинг ботиний қалбларини хаста қилади. Ҳаромхўрлик давом этаверса, маънавий хасталик бориб-бориб, маънавий ўлимга айланади.
Шунинг учун ҳам «Қалб жисмга нисбатан подшоҳ кабидир», дейилади. Подшоҳдан яхши амр чиқса, фуқароларга яхши бўлганидек, юракдан яхши ниятлар чиқса, жисмнинг бошқа аъзоларига яхши бўлади.
Ҳар доим бўлганидек, ҳозирда ҳам ушбу буюк ҳадиси шарифни яхшилаб тушунишга, унга яхши амал қилишга жуда ҳам муҳтожмиз.
Ҳалол нима эканлигини билиб олиб, доимо ҳалолга етишиш учун ҳаракат қилишимиз керак. Ҳаром нима эканлигини яхшилаб билиб олиб, доимо ундан ҳазар қилишимиз лозим.
Шубҳали нарсалардан узоқда бўлиш жуда ҳам зарур. Уламолардан сўраб-суриштириб, ўзимизга ҳалоллиги аниқ бўлган нарсанигина раво кўришимиз зарур.
Агар уламолар шубҳали нарсаларнинг ҳалоллигига фатво бермасалар, унга мутлақо яқин йўламаслигимиз керак.
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077