Ассалому алайкум, ҳурматли Устоз.
Жоду ва иссиқ-совуқ қилинган одамни даволашда Қуръон ва ҳадисда келган дуо ёки амаллар ҳақида маълумот берсангиз. Чунки кўпчилик биродарларимиз фолбинга боришга мажбур бўлишяпти. Такрор савол ёки хатолик бўлса, узр. Аллоҳ розилиги йўлидаги хизматларингизнинг ажрини Ўзи рози бўладиган даражада мукофотласин.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
- Ва алайкум ассалом!
СЕҲРНИНГ МУОЛАЖАСИ
Аллоҳ таолонинг бу дунёда жорий қилиб қўйган қонун-қоидаларини тааммул билан ўйлаб кўрган киши турли офатлар ва беморликларнинг ориз бўлиши ҳам борлиқдаги муқаддар қонун-қоидалардан бири эканлигини англаб етади. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таоло томонидан бўладиган синовдир.
Ким «Солиҳ бандалар бало ва мусибатлардан узоқда бўлади», деб ўйласа, хато қилади. Солиҳ кишига офат ва мусибатларнинг етиб туриши Аллоҳ таолонинг унга бўлган муҳаббатининг аломатидир. Солиҳ кишига, жумладан, беморликларнинг етиб туриши Аллоҳ таолонинг унга яхшиликни ирода қилганлиги аломатидир. Бундай кишилар учун офат ва беморликлар гуноҳларининг каффоратидир.
Ҳа, агар мусибатга учраган банда солиҳ бўлса, мусибат унинг учун гуноҳларга каффорат ёки даражотларининг кўтарилишидир. Агар осий бўлса, мусибат унинг учун ёмонликларини ювиш ва бу дунёнинг бевафо эканлигини эслатишдир.
Гоҳида бандага сеҳр ва кўз тегиши орқали ҳам мусибат етади. Шунинг учун мусулмон одам мазкур икки нарсадан сақланиш йўлларини яхши билиб олиши лозим. Сақланиш муолажа қилишдан кўра осонроқдир. Сеҳр ва кўз тегишидан сақланиш бир неча услублар орқали амалга ошади.
1. Тавҳид ила руҳни тетиклаштириш.
2. Борлиқдаги барча нарсанинг тасарруфини фақатгина Аллоҳ таолонинг Ўзи қилишига иймон келтириш.
3. Яхшиликларни кўп қилиш.
4. Сеҳргарлиги ва кўзи борлиги билан машҳур бўлган одамлардан узоқда бўлиш.
5. Сеҳр ва кўз тегишидан Аллоҳдан паноҳ сўраб, керакли дуо ва зикрларни ўқиб юриш.
6. Мазкур дуо ва зикрлар ҳақ эканлиги ва уларнинг фойдаси борлигига иймон келтириш. Мазкур иймон қанча кучли бўлса, таъсир ҳам шунча кучли бўлади.
7. Мазкур дуо ва зикрларни айтганда қалб ҳозир бўлиши. Чунки ғофил қалб ила қилинган дуо қабул бўлмайди.
8. Кундузги дуо ва зикрлар бомдод намозидан ва кечкилари аср намозидан кейин айтилади.
9. «Оятул Курсий», Бақара сурасининг охирги икки ояти, Ихлос, Фалақ ва Ан-Наас суралари сеҳр ва кўз тегишидан сақланиш учун ўқилади. Бошқа дуолар ва зикрлар «Ҳадис ва Ҳаёт» туркуми, «Тиб ва дам» китобининг тегишли жойида келган.
10. Сеҳрланиб қолганлик ва кўз текканлик аломатлари қуйидагича: кишининг аъзолари соғ бўлатуриб, бошининг у ер-бу ери оғриса, юзи сарғайса, кўп терласа ва бавл қилса, иштаҳаси йўқолса, юраги бежо бўлса, белининг ва икки курагининг пастида оғриқ бўлса, узрсиз хафалик ва юрак сиқилиши бўлса, унга сеҳр ёки кўз теккан бўлади.
Шунингдек, бекордан-бекорга хавфсирайверса, аччиғи чиқаверса, одамларга қўшилгиси келмай қолса, дангаса бўлиб қолса, уйқуси келаверса, қўйингки, тиббиётга оид бўлмаган ҳолатларга учраса, унга сеҳр ёки кўз теккан бўлади.
Мусулмон одамнинг иймони ва қалби кучли бўлиб, васвасага йўл қўймаслиги лозим.
Сеҳр қилинган одам бир неча йўл билан муолажа қилинади.
Биринчиси: сеҳрнинг жойи аниқ бўлса, уни олиб, Фалақ ва Ан-Наас сураларини ўқиб туриб, тугунлари ечилади. Сўнгра куйдириб юборилади.
Иккинчиси: сеҳрни ўзига ўхшаш сеҳр билан муолажа қилиш. Бу иш ҳаромдир.
Учинчиси: Шаръий дам солиш йўли билан муолажа қилинади. Бунда Фотиҳа, Фалақ ва Ан-Наас суралари ёки Набиййимиз Муҳаммад алайҳиссаломдан ривоят қилинган дуолар ўқилади.
Имом Абдурраззоқ «Мусаннаф» номли китобида сеҳрнинг муолажаси ҳақида қуйидаги маънони келтирган: «Сидрнинг баргидан еттита олинади. Уларни икки тошнинг орасига олиб, туйилади. Унга Каафирун, Ихлос, Фалақ ва Ан-Наас суралари уч марта ўқилади. Сўнгра сувга солиб ичилади ва ғусл қилинади. Аллоҳ шифо бергунча такрор қилинади».
Тўртинчиси: сеҳр қилинган нарса қоринда бўлса, ич суриш, бошқа жойда бўлса, қон олиш билан бўшатиш.
11. Дам солишнинг шартларидан бири – Аллоҳнинг исмлари ва сифатлари ҳамда ривоят қилинган дуолар билан бўлишидир.
12. Дам солиш араб тилида ёки (бошқа тилда бўлса) маъноси тушунарли бўлиши шарт.
13. Дам солиш ўзича таъсир қилмаслиги, шифони фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина беришига эътиқод қилиш шарт.
14. Дам солувчи тақводор, солиҳ мусулмон бўлиши керак. У қанчалар тақводор бўлса, таъсири шунчалик кучли бўлади.
15. Дам солиш жараёнида сидқидилдан Аллоҳга юзланиш ва ёлвориш лозим.
16. Киши ўзига ўзи дам солгани афзал.
17. Дам солдирувчи киши солиҳ мўмин бўлиши керак.
18. Дам солдирувчи киши шифони ихлос билан Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўраши лозим.
19. Шифо бўлмаяпти, деб шошилмаслиги керак.
20. Кўз тегишидан хавфсираган жойларга тумор, кўзнинг шакли, отнинг тақаси каби нарсаларни осиш жоиз эмас.
21. Сеҳргарлар одамларни ўзига ишонтириш учун тақводор бўлиб кўринишга ҳаракат қилишади. Бунинг учун улар намоз ўқишлари, зикр қилишлари ва одамларни жалб қиладиган яна бошқа ишларни ҳам амалга оширишлари бор.
22. Сеҳргарларнинг аломатлари кўп. Шулардан бири – улар беморнинг ва унинг онасининг исмини сўрашади. Ҳолбуки, шаръий дам солишда бу исмларнинг ҳеч кераги йўқ.
23. Сеҳргарлар баъзи кийимларини ёки кийим парчаларини келтиришни сўрашади.
24. Сеҳргарлар маълум сифатга эга бўлган ҳайвонни келтиришни сўрашади. Уларни жинларга атаб сўйишлари ёки қонини беморга суртишлари мумкин. Бу ҳам сеҳргарликнинг аломати.
25. Сеҳргарлар маъносини тушуниб бўлмайдиган тилсим ва шаклларни чизишади.
26. Сеҳргарлар беморга тўртбурчак шакллар ичига турли ҳарфлар ва рақамлар ёзилган варақлар беришади.
27. Сеҳргарлар беморларга одамларга аралашмай, маълум муддат алоҳида хонада яшашни буюришади ва ҳоказолар.
Агар сиз айтган шаръий маънода дам солдиришни истасангиз-у, дам солувчида 21–27-бандларда баён этилгани каби сеҳргарлик аломатларини кўриб қолсангиз, дарҳол у ерни тарк қилишингиз лозим.
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077