Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Аёлларга маҳрларини кўнгилдан чиқариб беринг

00:00 / 05.11.2010 | eski savollar | 2837

Ассалому алайкум, ҳурматли Устоз. Бир мўмин киши ўзининг мўмина жуфти ҳалоли – умр йўлдошига қандай маҳр бергани афзал бўлиши ва маҳрнинг ўлчамлари, вақт-соати тўғрисида маълумот олишни хоҳлардим.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

- Ва алайкум ассалом! «Маҳр» ақди никоҳ ёки эр-хотин бўлиш билан эр зиммасига юкланадиган, хотинга бериш лозим бўлган молдир.

Маҳр турли номлар, масалан, Қуръони Каримда «садоқ», «садақа», «ажр», «фарийза», «ниҳла» номлари билан аталган.

Баъзи уламолар маҳрнинг ўнта исми борлигини айтганлар. Бизда «маҳр» номи машҳур бўлганлиги учун шу номни қўллаймиз.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида:

وَآتُوا النِّسَاءَ صَدُقَاتِهِنَّ نِحْلَةً فَإِن طِبْنَ لَكُمْ عَن شَيْءٍ مِّنْهُ نَفْسًا فَكُلُوهُ هَنِيئًا مَّرِيئًا

 «Аёлларга маҳрларини кўнгилдан чиқариб беринг. Агар ундан бирор нарсани сизга рози бўлиб берсалар, уни енглар. Ош бўлсин, офият бўлсин», деган (4-оят).

Ушбу ояти карима маҳр бериш эр учун вожиб эканлигини англатувчи тўртта ояти каримадан биридир. Ақди никоҳ бўлиши билан маҳр бериш вожиб бўлади. Агар қовушмай туриб ажрашадиган бўлсалар ҳам. Лекин маҳр бериш никоҳнинг шарт ёки рукнларидан эмас. Усиз ҳам никоҳ бўлаверади, олди-берди эса қачон бўлса, бўлаверади.

Ушбу оятда эр ўзига хотин бўлишга рози бўлган аёлга маҳрни оғриниб эмас, чин кўнгилдан чиқариб бериши лозимлиги уқдирилмоқда. Маҳр келиннинг мулкига айланишига ҳам ишора қилинмоқда.

Аёл маҳрни олганидан кейин нима қилса, ўзи билади. Жумладан, ушбу оятда зикр қилинганидек, эрига қайтариб берса ҳам, бу – ўзининг иши.

Агар келин ўз ихтиёри билан рози бўлиб, берган маҳрининг ҳаммасини ёки бир қисмини қайтариб берса, эр уни бемалол олиб, тасарруф қилса бўлаверади.

عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «...فَالْتَمِسْ وَلَوْ خَاتَمًا مِنْ حَدِيدٍ...». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. 

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (уйланмоқчи бўлган кишига): «...бир темир узук бўлса ҳам топ», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Ул зот бирор никоҳни маҳрсиз қўймаганликлари собитдир.

Уламоларнинг барчалари никоҳ маҳрсиз бўлмаслигига ижмоъ қилганлар.

Маҳрнинг ози ўн дирҳамдир.

Ўн дирҳам бир динорга тенг келади. Бу нисобга етган молнинг йигирмадан бири, деганидир.

عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا مَهْرَ أَقَلَّ مِنْ عَشَرَةِ دَرَاهِمَ». رَوَاهُ الدَّارَقُطْنِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ. 

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўн дирҳамдан оз маҳр йўқ», дедилар».

Дорақутний ва Байҳақий ривоят қилганлар.

Агар ўндан озни айтган бўлса ҳам, ўн дирҳам вожиб бўлади.

Маҳр пул бўлиши шарт эмас. Кийим, тақинчоқ ёки шунга ўхшаш мулк бўладиган ва ҳалол нарса бўлса, жоиз. Куёв тараф ўн дирҳам ёки унинг қийматидан оз миқдордаги нарсани «маҳр» деб айтган бўлса, барибир, ўн дирҳам ёки унинг қийматидаги нарсани бериши лозим бўлади.

Валлоҳу аълам.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077 

Топ рейтинг www.uz Openstat