Ассалому алайкум, Шайх ҳазратлари!
1. Тўрт ракъатли қазо намозининг ҳар ракъатига сура зам қилинадими ёки аввалги икки ракъатигами?
2. Умуман, қазо намози ўз вақтида ўқилмаган намознинг ўрнига ўтадими? Битта фарз амал – «вақт» бажарилмаяпти. Албатта, Аллоҳдан умид қиламизки, зора ўша ўқимай қолдирган намозимнинг ўрнига қабул қилса.
- Ва алайкум ассалом!
Қазо намози тўрт ракъатли бўлса-ю, унинг йили, куни аниқ бўлмаса, барча ракъатларда зам сура қилинади, деган уламолар бор.
Қилиниши лозим бўлган нарсани белгиланган вақтидан кейин қилишга «қазо» дейилади.
Бир намоз вақтида ўқилса, «адо» дейилади. Вақтидан кейин ўқилса, «қазо» дейилади. Иложи борича намозни қазо қилмаслик керак. Узрли сабаб билан ўтиб кетса, қазосини ўқиш керак бўлади.
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ نَبِيُّ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ نَسِيَ صَلَاةً، أَوْ نَامَ عَنْهَا، فَكَفَّارَتُهَا أَنْ يُصَلِّيَهَا إِذَا ذَكَرَهَا رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ
Имом Бухорий ва Имом Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким намозини эсдан чиқариб қўйган бўлса ёки ундан ухлаб қолса, эслаганда уни ўқиб олсин. Унинг бундан бошқа каффорати йўқдир», деганлар.
Ухлаб қолган ва эсдан чиқарган одам дангасага ёки қасд ила намозни тарк этган одамга қиёс қилинади. Чунки намознинг фарзлиги ҳар доим зиммада бордир. Фарз нарса адо қилинмагунча зиммадан тушмайди.
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077