Ассалому алайкум, Шайx ҳазратлари. Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳнинг хоҳиши ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ оила қуриш ёшига кирдик. Совчилар қизнинг уйига бориб, уларнинг розилигини олишади ва келин-куёвни учраштиришади. Саволим шу: кўришганда қиздан қандай саволлар сўраш керак? Қандай саволлар сўраса, шариатга тўғри келади?
- Ва алайкум ассалом! Оила қуриш ниятидаги кишиларнинг бир-бирлари билан кўришишлари фақат шариат ҳукмига биноан ўтиши керак: ўзлари хилватда ёлғиз қолишлари мумкин эмас; маҳрамлардан бирор шахс улар билан бирга бўлиши шарт.
Йигит қизнинг юзига, икки қўлига назар солса бўлади.
Ҳанафий мазҳабида «қадамига ҳам», дейилган. Юз – жамолнинг ойнаси, ундан кишининг чиройи ҳақида тўлиқ хулоса чиқариб олиш мумкин. Қўлдан эса баданнинг бошқа қисмлари, ориқлик, семизлик каби ҳолатлар тўғрисида хулоса чиқариб олинади. Ҳаракатдан, юриш-туришдан шундоқ ҳам тасаввур олса бўлаверади.
Бериладиган саволлар турлича бўлиши мумкин. Дин, диёнат, ибодат, баъзи вазиятларни қандай тушуниш ва бошқа одоб-ахлоқ доирасидаги гапларни гаплашса бўлаверади.
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077