Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

ОИЛАДАГИЛАРНИ ВА ЯҚИНЛАРНИ ДИНГА ДАЪВАТ ҚИЛИШ

00:00 / 12.08.2010 | eski savollar | 724
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу! Муҳтарам устоз сизга динга даъват қилиш масаласида бир саволим бор эди.1. Рамазон ойи кириб келишидан олдин рафиқамнинг укаси (яъни қайн укам) Россия давлатларидан бирида ишлаб қайтди. Ўзи ёш, ҳали уйланмаган. Аллоҳ Ўзи тавфиқ бериб, ўша ёқларда қалбига ислом неъматини жойлади, алҳамдулиллаҳ. Лекин у ерларда зарур адабиётлар, қолаверса бир йўл кўрсатувчи устознинг йўқлигидан укамиз ўзи мустақил равишда ислом билимларини имкони борича ўрганган, айрим исломий маърузаларни ҳам тинглаб борган. Масжидларга қатнаяпти, намозларини ўқийди, ҳаромлардан четланади, лекин аҳли оиласидаги ота-она, ака-ука, сингилларига қолаверса бошқа таниш-билишларига нисбатан даъват қилишда айрим одобсизлик ва жоҳилликларга йўл қўймоқда. Ислом кенглик, осонлик динидир. Унга ҳикмат ва чиройли мавъиза билан даъват қилинади. Укамизнинг даъватларида эса бу нарса кўринмаётгандай туюлади. Мисол учун, қайнотам, илгари намоз ўқимаган, ўғиллари сабаб бўлиб, у Россиядалигида, эртага келса ўғлимни олдида шарманда бўлмай деб, намоз ўқишни ўргандилар. (илоҳим чин қалбдан ибодат қилаётганликлари рост бўлсин!) Қон босими борлиги сабабли иссиқ пайтларда соғлиги ёмонлашади, натижада жамоатга ва жума намозларига бора олмайди. Лекин ўзи намозларни ўқиб турибди. Шунинг учун мендан гоҳида шаръий масалаларни сўраб турадилар, мен енгил томонини олиб, тушунтиришга ҳаракат қиламан. Мақсадим қайнотамнинг қалби динга нисбатан совиб қолмасин, дейман. Лекин қайн укам келганидан бери, отасини ҳам масжидга чиқса бўлмайдими, акасини ҳадеб ишни ўйлайвермай, Худо деб, ибодат қилса бўлмайдими, каби сўзлар билан гўёки динга даъват қилмоқда. Феъли ниҳоятда тор, яхши гап билан тушунтириш албатта қийин кечади. Шунинг учун муҳтарам устоз маслаҳат ва насиҳатларингизни биздан дариғ тутманг. Динга қандай даъват қилинади, унинг одоблари, ҳикматлари ва даъватчи эътиборга олиши лозим бўлган нозик нуқталарини батафсил баён қилиб берсангиз. Бошқа биродарлар ҳам ўрганиб олсалар, мақсадга мувофиқ бўларди. Аллоҳ сизни ўз паноҳида асрасин!Эътибор ва жавобингиз учун ташаккур!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- Саволингизга Қуръони Каримнинг бир ояти ва унинг тафсири ила жавоб беришга ижозат этгайсиз. Аллоҳ таоло “Наҳл” сурасида марҳамат қилади:“Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил. Ва улар ила гўзал услубда мужодала эт. Албатта, Роббинг Ўз йўлидан адашганларни ўта билгувчи ва ҳидоят топгувчиларни ҳам ўта билгувчидир».Ушбу оятда Аллоҳ таоло Ислом даъвати, асослари ва услубларини Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у киши орқали даъватчи умматларига баён қилиб бермоқда.Аввало, «Роббингнинг йўлига»Яъни, даъват Аллоҳнинг йўлига бўлмоғи керак экан. Баъзи шахсларга, гуруҳларга, тоифаларга эмас, фақат холис Аллоҳнинг йўлига бўлиши керак.Иккинчидан, «ҳикмат» Демак, даъват ҳикмат билан амалга оширилиши керак. Бунда даъват қилинаётганларнинг ижтимоий, маданий савияси ва бошқа омилларни эътиборга олиб, оғир келмайдиган йўсинда даъват қилиш лозим.Учинчидан, «ва яхши мавъиза ила даъват қил».Шунингдек, даъват яхши мавъиза орқали йўлга қўйилмоғи керак. Кишиларни қизиқтириш, рағбатлантириш учун чиройли сўз ва гапларни топиб гапириш зарур бўлади. Уларни нафратлантирмаслик лозим.Тўртинчидан, «Ва улар ила гўзал услубда мужодала эт».Ҳар бир даъватчи кишилар билан гўзал услубда мунозара қилиши керак. Аллоҳнинг йўлига даъват, аввало, фикрий ҳаракатдир. Фикрий ҳаракат бор жойда мунозара бўлиши турган гап. Ислом даъватчиси мунозарани ғоятда гўзал услубда олиб боришга тайёр бўлиши керак. У рақиби билан талашиб, тортишиб, бақир-чақир, уруш-жанжал этмасдан, рақибининг табъига йўл топиб, унга қаноат ҳосил қилдириб, ўзи сезмаган ҳолда Исломга мойил бўлиб қоладиган даражада усталик билан мунозара олиб бориши лозим.Бешинчидан, «Албатта, Роббинг Ўз йўлидан адашганларни ўта билгувчи ва ҳидоят топгувчиларни ҳам ўта билгувчидир».Яъни, даъватчи ўз вазифаси даъват қилиш эканини, ҳидоят ва залолат Аллоҳга боғлиқлигини ҳеч қачон унутмаслиги керак.Исломга даъватнинг асосий қоидалари шулардан иборат.

Топ рейтинг www.uz Openstat