Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Аросат

16:08 / 25.04.2017 | Dilshoda | 2535

Ассалому алайкум! Азиз устозлар, Аллоҳ таоло сизлардан рози бўлсин! Аросат ҳақида турли таърифларни эшитганман. Лекин диний адабиётларда фақат жаннат ва дўзах ҳақида ўқиганман, қидириб ҳам топа олмадим. Илтимос, бу борада маълумот берсангиз. Хайрли ишларингиз учун ташаккур. Саволим хато бўлса, узр сўрайман.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! “Аъроф” сураси 46-49-оятларида :

وَبَيْنَهُمَا حِجَابٌ وَعَلَى الأَعْرَافِ رِجَالٌ يَعْرِفُونَ كُلاًّ بِسِيمَاهُمْ وَنَادَوْاْ أَصْحَابَ الْجَنَّةِ أَن سَلاَمٌ عَلَيْكُمْ لَمْ يَدْخُلُوهَا وَهُمْ يَطْمَعُونَ۝

46. Ораларида тўсиқ бор. Аъроф устида ҳаммаларини сиймоларидан танийдиган кишилар бордир. Жаннат соҳибларига: «Сизга салом бўлсин!» – дея нидо қилурлар. Тама қилган ҳолларида унга кирмай турурлар. Яъни жаннат аҳли ва дўзах аҳлининг орасида тўсиқ бор. Бу тўсиқ «Ҳадид» сурасида «девор» деб аталади. Ўша деворнинг номи «Аъроф». Деворлар жуда баланд бўлиб, дўзах аҳли ҳар қанча уринсалар ҳам, ундан ўтиб, жаннатга кира олмайдилар. Баъзи ривоятларда, «Ўша девор устидан боғлар униб, анҳорлар оқиб туради», дейилади. Демак, унинг қалинлиги ҳам хийлагина. Жаннат билан дўзах орасида тўсиқ бўлиб турган баланд ва кенг девор – Аъроф устида одамлар бор. Бу одамлар кимлар экани ҳақида уламолар ўртасида икки хил фикр мавжуд. Биринчиси: улар яхшилик ва ёмонликлари тенг келиб, на жаннатга, на дўзахга ҳукм бўлмай қолган кишилардир. Иккинчиси: пайғамбарларнинг ҳақ даъватларини ўз қавмига етказиб, уларни яхшиликка бошлаган даъватчилар, уламолар ва шуҳадолардир. Ана шу икки маънодан келиб чиқиб, ояти кариманинг охирги «Тама қилган ҳолларида унга кирмай турурлар» жумласига ҳам икки хил маъно берилади. Агар «Аъроф эгалари»ни яхшилиги ва ёмонлиги тенг келиб қолиб, жаннатга ҳам, дўзахга ҳам ҳукм бўлмай қолганлар, десак, жаннатга тама қилиб, кирмай турганлар уларнинг ўзлари бўладилар. Аммо уларни олий мартабали уламо ва шуҳадолар, десак, жаннатдан тамагирлик жаннат эгаларининг жаннатга киришларидан олдинги ҳолатларига ишорадир. Ҳамда «Аъроф эгалари» жаннатга киришларидан олдин уларга «Сизга салом бўлсин!» – деб турган бўладилар. Биз иккинчи маънони ихтиёр қилдик. Чунки Аъроф – жаннатнинг ҳам устидаги олиймақом жой. Унинг юзида турган одамлар халойиқни юқоридан кузатишяпти. Улар ишонч билан яхшиларга яхши, ёмонларга эса уларга муносиб тарзда сўз қотмоқдалар. Жаннат эгаларини олқишлаб, дўзах аҳлини итоб қилмоқдалар. Ўзларини нима кутаётганини билолмай, қиёмат саҳнида изтироб чекиб турганлар бунга журъат эта олмас эдилар. «Аъроф эгалари» аҳли жаннатга салом бериб бўлганларидан кейин:

وَإِذَا صُرِفَتْ أَبْصَارُهُمْ تِلْقَاء أَصْحَابِ النَّارِ قَالُواْ رَبَّنَا لاَ تَجْعَلْنَا مَعَ الْقَوْمِ الظَّالِمِينَ۝

47. Кўзлари олов соҳиблари томон бурилганда эса: «Роббимиз, бизни золим қавмлар билан бирга қилмагин», – дерлар. Чунки дўзах аҳлининг аҳволи ғоятда аянчлидир. Ўша золим қавмларнинг дўзахдаги ҳолини кўрган ҳар бир банда беихтиёр Аллоҳ таолодан ўзини улар билан бирга қилмаслигини ўтиниб сўраши турган гап. Шу пайт «Аъроф соҳиблари» дўзахнинг қаърида азоб чекаётганлар ичида бу дунёда ўзларига таниш бўлган кишиларни кўриб қоладилар. Шунда: وَنَادَى أَصْحَابُ الأَعْرَافِ رِجَالاً يَعْرِفُونَهُمْ بِسِيمَاهُمْ قَالُواْ مَا أَغْنَى عَنكُمْ جَمْعُكُمْ وَمَا كُنتُمْ تَسْتَكْبِرُونَ۝ 48. Аъроф соҳиблари ўзлари сиймоларидан танийдиган кишиларига нидо қилиб айтадилар: «Тўплаганингиз ва қилган кибру ҳавоингиз сизга асқотмабди-ку!

أَهَؤُلاء الَّذِينَ أَقْسَمْتُمْ لاَ يَنَالُهُمُ اللّهُ بِرَحْمَةٍ ادْخُلُواْ الْجَنَّةَ لاَ خَوْفٌ عَلَيْكُمْ وَلاَ أَنتُمْ تَحْزَنُونَ۝

49. «Аллоҳ уларни раҳматига олмас», деб қасам ичганингиз анавиларми?! «Жаннатга киринглар! Сизга хавф йўқ ва сиз маҳзун ҳам бўлмассиз!» Яъни кейин уларнинг нигоҳи дўзахда азобланаётган, дунё ҳаётида сиймолари таниш бўлган одамларга тушади. Шунда Аъроф аҳли уларга бу дунёдаги амалларини эслатиб, айни ҳолларига ачинадилар ва аччиқ нидо қиладилар: «Тўплаганингиз ва қилган кибру ҳавоингиз сизга асқотмабди-ку!» Моддий дунёда ҳар бир ишни жамлаган мол-дунёингиз туфайли осон ҳал қилар эдингиз. Молу дунё бўлса, истаган нарсани бажариш мумкин, деган хаёлда эдингиз. Бугун қиёмат саҳнида жамлаган молингиз асқотмабди-ку?! Унинг ёрдамида дўзах азобидан қутула олмабсиз-ку?! Бу дунёдан кибру ҳаво билан ўтдингиз, ҳамма нарса меники, деб даъво қилдингиз, мен ўзим зўр бўлганимдан шундай бўлди, деб пуч хаёлларга бордингиз, агар қиёмат қоим бўлса ҳам, усталик қилиб ишимни ўнглаб оламан, деб гумон қилдингиз, энди нима бўлди? Ҳолингиз чатоқ-ку?! Кибру ҳавоингиз асқотмабди-ку? «Аллоҳ уларни раҳматига олмас», деб қасам ичганингиз анавиларми?!» Бу сўзларни Аъроф аҳли бу дунёда бечораҳол, заиф яшаб ўтиб, оқибатда жаннатга дохил бўлган кишиларга ишоратан, дўзахийларга қарата айтадилар. Қуръони Карим нозил бўлаётган саодат асрида кофирлар худди шундай деганлар. Улар бу даъводан ҳозир ҳам кечганлари йўқ. Аммо ҳаммалари ҳам қиёматда ушбу итобга ўхшаш итобни эшитишлари турган гап. Кофирлар жаҳаннам азобини чекиб, ҳоллари танг бўлиб турганда, ушбу таънани эшитиб, ҳоллари яна ҳам баттар бўлади. Улар мўмин кишиларни дунё ҳаётидаги заиф ҳоллари учун назар-писанд қилмас эдилар. Дунё ва башар тақдирини ўз ўлчовлари билан ўлчаб, «Борди-ю, қиёмат қўпса ва унда жаннат ҳақиқатда бор бўлиб, Аллоҳ баъзи бир одамларни раҳмат қиладиган бўлса, унда, албатта, бизни раҳмат қилади-да, анави заифларга раҳмат қилармиди», дер эдилар. Уларнинг ишончлари шу даражада кучли эдики, бу гапларини тасдиқлаш учун қасам ҳам ичган эдилар. «Хўш, энди нима бўлди?! Ўша сиз назар-писанд қилмаганлар ана уларми?! Жаннатда юришибди-ку? Аллоҳ уларга раҳмат қилибди-ку?! «Жаннатга киринглар! Сизга хавф йўқ ва сиз маҳзун ҳам бўлмассиз!» – дейилди-ку!» Дўзах аҳлида бу дашномларга қарши жавоб йўқ. Бу дунёдаги кибру ҳаво, гердайишлари ҳам беҳуда. Аҳволлари оғир. Дўзах борган сари қизиб бормоқда. Ичгани бир томчи сув йўқ. Жаннат аҳлига маза, остиларидан муздек сув оқиб турибди. Ичаман десалар, анвойи шароблар муҳайё. Улардан сув сўралса, қандай бўлар экан? ("Тафсири ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat