Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Лаънатланган дарахт ҳақида

00:00 / 11.03.2007 | eski savollar | 1197
Ассалому Алайкум шайх ҳазратлари. Сизга бир нечта саволим бор эди:1. Қуръонда лаънатланган дарахт бор экан, у қайси?2. Пайғамбаримиз ҳаётлик чоғларида иймон келтирган, лекин уларни кўриш насиб қилмаган инсонларни қандай номлашган?Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

1. Имом Бухорий ва бошқа муҳаддислар ривоят қилишларича, Қуръонда лаънатланган дарахтдан мақсад Заққум дарахтидир. Ушбу Заққум дарахти ҳақида ас-Соффат сурасида: «...ёки Заққум дарахтими? Дарҳақиқат, Биз уни золимлар учун фитна қилиб қўйдик. Албатта, у дўзах қаъридан чиқадиган дарахтдир. Унинг шингиллари худди шайтонларнинг бошларига ўхшайди. Бас, албатта, улар ундан егувчилардир ва ундан қоринларини тўлдиргувчилардир. Сўнгра, албатта, улар учун унинг устидан қайноқ сувли ичимлик бўлур», дейилган. Ушбу оятдан ҳам Заққум дарахти нима учун Қуръонда лаънатлангани аниқ кўриниб турибди.Яна Заққум дарахти ҳақида Духон сурасида қуйидагилар зикр қилинади: «Заққум дарахти гуноҳкорларнинг таомидир. У қорамой каби қоринларида қайнар. Худди қайноқ сувдек», дейилган. Бу оятлар ҳам Заққум дарахти ҳақида маълумотлар бермоқда. Ҳамда унинг нақадар ёмон нарса эканини янада ойдинлаштирмоқда.Қуръони Каримнинг Воқеъа сурасида ҳам Заққум зикр қилинган. Аллоҳ таоло ўша сурада: «Сўнгра сиз, эй адаштиргувчи ва ёлғонга чиқаргувчилар, Заққум дарахтидан егувчилардирсиз. Ундан қорнингизни тўлдиргувчидирсиз», дейди.Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Исро ва Меърож кечасининг эртасига одамларга Заққум дарахтини ҳам кўрганларини айтиб бердилар. Мушриклар бу гапни ёлғонга чиқардилар. Абу Жаҳл бўлса: «Муҳаммад сизларни тошларни ҳам куйдириб юборадиган дўзах ўти билан қўрқитаётган эди. Энди эса, ўша олов ичида Заққум дарахти ўсади, демоқда», деди.Кейин хурмо ва қаймоқ олиб келишни буюрди. Буйруғи ижобат бўлгач эса: «Биз заққум деганда мана буни тушунамиз, бундан бошқа заққум йўқ. Келинглар, заққумга марҳамат», деб хурмо ва қаймоқни танаввул қила бошлади. Бу иши ўтакетган беодоблик ва истеҳзо эди.Шундай қилиб, Қуръонда лаънатланган Заққум дарахти ҳам одамлар учун синов бўлди. У тўғридаги хабар туфайли баъзи кишилар иймондан янада нафратланиб, узоқлашдилар. Заққум дарахти билан кофирларни қўрқитиш уларнинг янада туғёнга кетишига сабаб бўлди. Шу билан Аллоҳ таоло одамларни иҳота қилиб (ўраб) туришини яна бир бор исбот этди. У зот шунинг учун ҳам Макка мушриклари талаби ила Пайғамбарликни тасдиқловчи оят-мўъжиза туширишни истамай турган экан. Агарки мўъжизани туширган чоғида ҳам кофирлар иймонга келмас, балки янада кўпроқ ундан нафрат қилар эканлар. Заққум дарахти туфайли бир қанча одам диндан чиққанлиги ҳам шуни кўрсатади. Кофирлар ва иймони заифлар ҳар нарсани ўз тарозуси билан ўлчайдилар. Уларнинг фикрича, ўт-олов бор жойда дарахт ўсиши мумкин эмас. Нега? Чунки олов билан дарахт табиатан бир-бирига зид нарсалар эмиш. Лекин улар Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага қодир эканини унутиб қўйишган. Зотан, ҳўл, сувли ёғочга ёниш қобилиятини берган ҳам Аллоҳнинг Ўзи. Иброҳим алайҳиссаломга оловни совуқ ва саломатлик қилиб қўйган ҳам Аллоҳнинг Ўзи. Аслида, бунга ўхшаш мисоллар жуда кўп, тафаккур қилсалар, топар эдилар. Аммо уларнинг ниятлари бузуқ, кўнгиллари пок эмас, шунинг учун мўъжизалар ҳам уларга акс таъсир қилади.2. Улар саҳоба бўла олмаган мусулмонлар ҳисобланади.

Топ рейтинг www.uz Openstat