Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Намозда шимнинг пойчаси

09:56 / 20.11.2016 | Otabek | 2035

Ассалому алайкум! Кўпчилик  намозга турганда шимини пастини шимариб тўпиқларини очиб қўяди. Нимага деб сўрасам- «шим тўпиқни бостириб, ёпиб турган ҳолда ўқилган намозда савоб йўқ ва тўпиқни устида турса бу «кибр» дейишябди. Бу ҳақида ҳадислар борми? Жавобингиз учун катта раҳмат.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом!

КАЛТА ИШТОН КИЙИШ МАСАЛАСИ

Кўпчилик орасида баъзи ихтилофчи гуруҳларни «калта иштонлар» деб аташ ҳам одат бўлган. Бу ўша гуруҳга мансуб кишиларнинг ушбу ишга алоҳида эътибор бериб, кўпчилик билан у ҳақда тортишганлари, кийинишда ўзларига ўхшамаганларни қаттиқ айблаб, турли фатво ва ҳукмлар чиқарганларидан келиб чиққан одат бўлса керак. Ҳозирда одамлар орасида унча кўп гапирилмаётган бўлса ҳам, барибир бу гап борлиги, унга кишилар яна тўқнаш келишлари мумкинлиги эътиборидан, ушбу масалада уламоларнинг қарашларини баён қилиб қўйишни маъқул топдик. Бу масалада ихтилоф чиқарадиганлар ушбу мавзуда келган ҳадиси шарифларга бир ёқлама қарашлари асосида иш тутганлари учун тушунмовчилик келиб чиққанлигини кўпчилик уламолар таъкидлайдилар. Бу гапни ҳадиси шарифлардан мисоллар келтириш йўли билан баён қилсак, тушунарли бўлар, деган умиддамиз.

وَقَالَ عَبْدُ الرَّحْمَنِ رَضِي اللهُ عَنْهُ: سَأَلْتُ أَبَا سَعِيدٍ عَنِ الْإِزَارِ، فَقَالَ: عَلَى الْخَبِيرِ سَقَطْتَ، قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم: «إِزْرَةُ الْمُسْلِمِ إِلَى نِصْفِ السَّاقِ، وَلَا حَرَجَ -أَوْ لَا جُنَاحَ - فِيمَا بَيْنَهُ وَبَيْنَ الْكَعْبَيْنِ، مَا كَانَ أَسْفَلَ مِنَ الْكَعْبَيْنِ، فَهُوَ فِي النَّارِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالْبُخَارِيُّ وَالنَّسَائِيُّ

Абдурраҳмон розияллоҳу анҳу айтди: «Абу Саъиддан изор ҳақида сўрадим. Шунда у: «Хабардорини топдинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки, «Мусулмоннинг изор тутиши икки болдиргачадир. Ундан икки тўпиққача танглик – ёки гуноҳ – йўқ. Икки тўпиқдан пастга тушган нарса дўзахдадир». Абу Довуд, Бухорий ва Насаий ривоят қилишган. Янги зоҳирийлар ушбу ва шунга ўхшаш маънодаги ҳадисларнинг зоҳирий маъносини маҳкам ушлаб олиб, шалвор ёки шимининг пойчаси тўпиғидан пастга тушган ҳар бир одамнинг дўзахга тушиши ҳақида фатво чиқаришдан толмайдилар. Улар ўзларининг бу ишларида бирор масалада ҳукм чиқаришдан олдин бир мавзудаги ҳадисларни жамлаб, солиштириб кўриш қоидасига амал қилмаганлари учун шундай хулосага келишган. Аслида эса агар бирор ҳадис маъносини яхши тушуна олмай қолсак ёки барор ғайриоддий ҳолатни кўрсак, дарҳол шу мавзудаги бошқа ҳадисларни ўрганиб чиқишимиз лозим бўлади. Ана ўшанда умумий солиштириш йўли билан мазкур ҳадисни тўғри тушуниш имконига эга бўламиз. Янги зоҳирийларнинг «пойчаси тўпиғидан пастга тушган одам дўзахий бўлиши» ҳақидаги гапидан хабардор бўлганлар «Наҳотки, иймонда, Исломда, ибодатда, тақвода юрган одам ҳам биргина пойчаси тўпиғидан пастга тушгани учун дўзахий бўлса», деган гапни хаёлига келтириши турган гап. Аммо Аҳли сунна вал жамоа ақийдавий мазҳабидаги мўътараф фиқҳий мазҳабларга эргашган мусулмонлар оммасининг фақиҳлари бу масалага эски ва янги зоҳирийлардан фарқли қараганлар. Улар бу масалани ҳам, бошқа масалалар каби, бирор масалада ҳукм чиқаришдан олдин бир мавзудаги ҳадисларни жамлаб, солиштириб кўриш қоидасига амал қилган ҳолларида ҳамда Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дини, қиёматгача боқий қолувчи, барча замонлар ва маконларда инсониятга икки дунё саодати йўлини кўрсатиб берувчи дини бўлмиш Исломнинг умумий мақсадлари, ҳикматлари ва қоидалари асосида ҳал қилганлар. Улар аввало кийиниш борасида Исломнинг умумий таълимотларига назар ташлаганлар ва бу ҳақда қуйидаги икки ривоят ва уларга ўхшаган бир қанча матнларни топганлар.

عَنْ عَمْرِو بْنِ شُعَيْبٍ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ جَدِّهِ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: «كُلُوا، وَاشْرَبُوا، وَالْبَسُوا، وَتَصَدَّقُوا فِي غَيْرِ إِسْرَافٍ وَلَا مَخِيلَةٍ». رَوَاهُ النَّسَائِيُّ

Амр ибн Шуаъйбдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Енглар, ичинглар, кийинглар ва садақа қилинглар, исроф ва мутакаббирлик бўлмаса бас», дедилар». Насоий ривоят қилган. Ушбу ҳадиси шариф инсон ҳаётида ҳар куни, ҳар доим такрорланиб турадиган ҳолатлардаги умумий исломий қоидани баён қилмоқда. Кимлардир еб-ичиш, кийиш ва садақа ишларида тарки дунё йўлини тутиб, имкони бор нарсани қилмасдан, ўзини ўзи қийнайди. Албатта, ҳозир бу тоифадагилар оз. Кимдир ҳаётни еб-ичиш, кийинишу ўйин-кулгидан иборат деб тушунади. Бутун имкониятларини мазкур нарсаларга сарфлайди. Еб-ичишда ҳам, кийинишда ҳам, садақа қилишда ҳам доимий ва чегарасиз равишда исрофга йўл қўяди. Энг ёмони, бу масалада дунёқарашлари нотўғри бўлганидан, ейдиган таомлари, ичадиган ичимликлари, киядиган кийимлари ва қиладиган садақалари ила манманлик, мутакаббирлик қиладилар. Ҳозирда худди шу тоифа кўпчиликни ташкил этади.

وَقَالَ ابْنُ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: كُلْ مَا شِئْتَ، وَالْبَسْ مَا شِئْتَ، مَا أَخْطَأَتْكَ اثْنَتَانِ سَرَفٌ أَوْ مَخِيلَةٌ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Модомики сенда икки нарса: исроф ва манманлик бўлмаса, хоҳлаганингни е, хоҳлаганингни кий». Бухорий ривоят қилган. Машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббоснинг бу ҳикматли гаплари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимотларини у зотдан эшитган кишининг ўз иборалари билан айтиши десак, хато бўлмас. Яна шуни таъкидлашимиз лозимки, ушбу ривоятларда Аллоҳ таоло ҳалол қилган, ҳалол-пок йўл билан топилган неъматлар ҳақида сўз кетмоқда. Имом Бухорий ривоят қилган ушбу икки ривоятда Исломдаги кийиниш қоидалари исроф ва манманликдан четланиш асосида эканини тушуниб олдик. Буни кийими ила манманлик қилиб юрганларни қораловчи ҳадислар ҳам таъкидлайди.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ  رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: «بَيْنَمَا رَجُلٌ يَمْشِي، قَدْ أَعْجَبَتْهُ جُمَّتُهُ وَبُرْدَاهُ، إِذْ خُسِفَ بِهِ الْأَرْضُ، فَهُوَ يَتَجَلْجَلُ فِي الْأَرْضِ، حَتَّى تَقُومَ السَّاعَةُ». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши ўзининг соч шокиласига ва кийимига маҳлиё бўлиб юриб бораётганида, бирдан уни ер ютиб юборди. Энди у қиёмат қоим бўлгунча ерга ботиб бораверади», дедилар». Икки шайх ривоят қилишган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтган умматлардан бир киши ўзининг чиройига, кийимига зеб бериб, мутакаббирлик қилгани қандай оқибат билан тугаганини ажойиб васф қилиб, сиз билан биз мусулмонларни ўша шахсга ўхшашдан қайтармоқдалар. Мазкур бадбахтликка гирифтор бўлган одам сочини ҳавас билан ўстирган экан. Унинг сочи елкасига тушиб турар экан. Кийимни ҳам бошқаларга кўз-кўз қилиш учун танлаб кийган экан. Бир куни «…ўзининг соч шокиласига ва кийимига маҳлиё бўлиб юриб бораётганда, бирдан уни ер ютиб юборди». Бунга ўхшаш нобакорларни, арзимаган нарса ила ўзини ўзгалардан устин қўядиганларни, кийими ила манманлик ва мутакаббирлик қиладиганларни ер ҳам ўз устида олиб турмай, ютиб юборишга тайёр экан. Аммо ер уни ютиши билан иш битиб қолмайди. Балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда айтганларидек: «Энди у қиёмат қоим бўлгунча ерга ботиб бораверади». Яъни у қиёматгача ер ютиш азобини чекиб, қийналиб туради. Қиёмат куни эса унинг абадий ҳоли қандай бўлишини Аллоҳ таолонинг Ўзи белгилайди. Ким ана шундай ҳолга учрамай деса, зинҳор-базинҳор кийими билан манманлик қилмасин.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ  صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: «الْإِسْبَالُ فِي الْإِزَارِ وَالْقَمِيصِ وَالْعِمَامَةِ، مَنْ جَرَّ مِنْهَا شَيْئًا خُيَلَاءَ، لَمْ يَنْظُرِ اللهُ إِلَيْهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Осилтириш изорда, кўйлакда ва саллададир. Ким ўша нарсалардан бирортасини манманлик ила осилтириб юрса, Аллоҳ қиёмат куни унга назар солмас», дедилар». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган. Биз «осилтириш» деб таржима қилган ибора араб тилида «исбол» дейилади ва кийим-бошга тегишли гапларда кибр ва мақтанчоқлик учун мазкур кийимларни керагидан ортиқ узайтириб олишни англатади. «Изор» кишининг белидан пастига тутиладиган лунгисифат кийимдир. Инсоннинг белидан пастини тўсиш учун кийиладиган бошқа номдаги либослар ҳам шу маънога қўшилади. «Кўйлак» арабчада «қомийс» дейилиб, ўзларининг одатларидаги кўйлакни англатса-да, шунга ўхшаш бошқа кийимларни ҳам ўз ичига олади. Кўйлакни осилтиришга унинг енгини керагидан ортиқ равишда манманлик учун узайтириб олиш ҳам киради. «Салла» – маълум ва машҳур бош кийими. Уни шариатга номувофиқ осилтириш бир учини кибр ила ҳаддан ташқари узун ташлаб юришдир. Кўриниб турибдики, кийимни осилтириб юриш фақат шалвор ёки шимга эмас, бошқа кийимларга ҳам оид экан. Ҳаммасида ҳам осилтириш кибру ҳаво, мутакаббирлик ила бўлиши қораланган экан. Энди ўз-ўзидан, кийимни осилтириб юриш кибр ва манманлик учун бўлмаса-чи, деган савол пайдо бўлади. Худди шу савол саҳобаи киромларда ҳам бўлган. Қуйида ана шу саволни ва унинг жавобини ўзида жамлаган ҳадиси шарифни ўрганамиз.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: «مَنْ جَرَّ ثَوْبَهُ خُيَلَاءَ، لَمْ يَنْظُرِ اللهُ إِلَيْهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ»، قَالَ أَبُو بَكْرٍ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّ أَحَدَ شِقَّيْ إِزَارِي يَسْتَرْخِي إِلَّا أَنْ أَتَعَاهَدَ ذَلِكَ مِنْهُ، فَقَالَ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم: «لَسْتَ مِمَّنْ يَصْنَعُهُ خُيَلَاءَ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким манманлик ила кийимини судраб юрса, қиёмат куни Аллоҳ унга назар солмас», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, изоримнинг бир тарафини ушлаб юрмасам, у тушиб қолади?» деди Абу Бакр. «Сен манманлик билан қиладиганлардан эмассан», дедилар». Бешовлари ривоят қилишган. Қадимда ҳам, ҳозирда ҳам баъзи одамлар манманлик, гердайиш, мутакаббирлик ва атрофдаги бошқа кишиларни камситиш учун турли йўлларни қўллаб келишган ва келмоқдалар. Ана шу номаъқул йўллардан бири кийим-бош ила манманлик қилишдир. Ислом манманлик ва мутакаббирликнинг барча турларини ҳаром қилгани ҳаммага маълум. Ана ўшалар қаторида Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини Ислом кийим-кечак ила манманлик қилиш, гердайишни ҳам ҳаром қилгандир. Ҳаром қилганда ҳам, қаттиқ оҳангда ҳаром қилганлигини ушбу ҳадиси шарифдан билмоқдамиз. «Ким манманлик ила кийимини судраб юрса, қиёмат куни Аллоҳ унга назар солмас». Ўша пайтда Арабистон шароитида кийим билан мутакаббирлик қилиш кийимни керагидан узун қилиб олиб, бошқаларни писанд қилмасдан, узун кийимни ерга судраб юриш билан ифода қилинар эди. Бу ҳадиси шарифда «ким ўша ишни қилса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унга қарамаслиги, ундай нобакор банда ўз Роббининг назаридан қолиши» ҳақида сўз юритилмоқда. Қиёмат куни бундай ҳолга дучор бўлиши банда учун чексиз мусибатдир. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу гапни эшитиши билан, ҳассос инсон Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу дарҳол ларзага тушдилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, изоримнинг бир тарафини ушлаб юрмасам, у тушиб қолади?» деди Абу Бакр». «Изор» тикилмайдиган, киндикдан пастига тутиб олинадиган кийим эканини юқорида айтиб ўтган эдик. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг изорлари қўл билан ушлаб юрилмаса, бир тарафи ерга тушиб қоладиган экан. Шу ҳолат ҳам қиёмат куни мазкур бахтсизликка сабаб бўладими, деган савол беришларидан у кишининг ўзлари ҳақларида қайғураётганлари кўриниб турибди. Ҳақиқатан ҳам, шундай бўлиши мумкинми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саволга қуйидаги жавобни бердилар: «Сен манманлик билан қиладиганлардан эмассан», дедилар». Демак, асосий иллат манманликда экан. Айниқса Абу Бакр розияллоҳу анҳуга ўхшаш етук инсонлардан манманлик содир бўлиши эҳтимолдан узоқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гувоҳликларининг ўзи етарли. Мусулмон инсон манманлик, мутакаббирликнинг ҳар қандай кўринишларидан доимо узоқда бўлиши керак. Жумладан, ҳозир сўз юритилаётган кийим-бош билан кеккайишга асло йўл қўймаслиги керак. Бунинг эҳтиёт чораси ўлароқ, манманликка олиб борадиган кийимларга яқинлашишдан ҳам сақланиш лозим бўлади. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, бу масаланинг бир жойигина ихтилофларга сабаб бўлади. Кийимни манманлик ила осилтириб юриш ҳаром эканлигида ҳеч ким хилоф қилмайди. Хилоф изор ва унинг ўрнини босадиган шим, шалвор каби кийимлар манманликсиз тўпиққа тушириб юрилса нима бўлади, деган саволнинг жавобидадир. Бу саволнинг жавобига янги ва эски зоҳирийлар қаттиқ гапларни айтадилар. Улардан бошқалар эса Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ҳадисларини далил қилиб, «Манманлик учун бўлмаса, унча қаттиқ гапга ўрин йўқ», дейишади. Имом Санъоний ўзларининг «Субулис-салом» номли китобларида «Изорни манманликсиз тўпиқдан пастга тушириб юришни Нававий ва бошқалар «макруҳ» дейишган» деган гапни келтирганлар. Нима бўлганда ҳам, ушбу масала ихтилофларга сабаб бўлмаслиги лозим. Шариатнинг кийим борасидаги талаби – авратни тўсадиган ва манманликдан, кибру ҳаводан холи ҳолда кийинишдир. Демак, кимдир кўпчиликка нисбатан калтароқ кийинадими ёки сал узунроқми, агар у кибру ҳаводан холи бўлса, ҳеч қандай гапга ҳожат йўқ. Аммо шу ўринда айтиб ўтиш шарт бўлган баъзи гаплар бор: масжидга, намозга қандай кийимда ҳозир бўлиш масаласи. Бу масалада тафсилотларга ортиқча тўхталиб ўтирмасдан, фақат ниҳоий фикрларимизни баён қилиш билан чекланамиз. Аввало, намоз учун ўзида бор бўлган энг яхши кийимларни кийиш марғубдир. Иккинчидан, кийим намозни хушуъ ва хузуъ билан ўқиш учун ҳалақит бермайдиган даражада бўлиши керак. Яъни у ниҳоятда тор ёки ниҳоятда кенг, ҳаддан ташқари узун ёки жуда калта бўлмаслиги лозим. Шундай қулай кийиниш керакки, ҳар гал рукуъ ва сажда қилаётганда кийимни тўғрилаб олишга ҳожат қолмасин. Учинчидан ва энг муҳими, шундай кийиниш лозимки, рукуъ ва сажда қилаётганда аврат жойлар (масалан, бел, киндик атрофи) очилиб қолмасин. Акс ҳолда ўзининг ҳам намози бузилиши ва ён атрофида намоз ўқиётганларнинг ҳам намозлари ноқис бўлишига сабаб бўлиб қолиши мумкин. (“Ихтилофлар, сабаблар, ечимлар” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat