Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Қалбимда касал борми?

07:36 / 10.11.2016 | Muhammad Mustafo | 1298

Ассалому алайкум! Устозлар, баъзан бирор кишининг охирати учун фойдали ишни қилаётганини кўрсам, унга хасад қиламан. Сабаби (у яхши амал қилиб, охиратини обод қилмоқда. Мен бўлса, орқада қолиб кетяпман деган ўй ўтади.) Ушбу ҳолат доим эмас, аммо баъзан бўлиб туради. Шундай бўлишига нима сабаб? Менинг қалбимда бирор касал борми?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Иймон сабаб. عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ  رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: لَا حَسَدَ إِلَّا فِي اثْنَتَيْنِ رَجُلٌ آتَاهُ اللهُ مَالًا فَسَلَّطَهُ عَلَى هَلَكَتِهِ فِي الْحَقِّ، وَرَجُلٌ آتَاهُ اللهُ الْحِكْمَةَ فَهُوَ يَقْضِي بِهَا وَيُعَلِّمُهَا. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фақат икки нарсадан бошқада ҳасад йўқ. (Биринчиси) Аллоҳ бир одамга молу дунё берса-ю, у ўшани тўғри йўлда сарф қилса, (иккинчиси) Аллоҳ бир одамга илм берса-ю, у ўша илми ила ҳукм чиқарса ва таълим берса», дедилар». Икки Шайх ва Термизий ривоят ривоят қилганлар. Шарҳ: Бу ҳадиснинг ровийси Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишмиз. «Ҳасад» аслида бошқага берилган неъматнинг заволини орзу қилишни англатади. Бу гуноҳ ҳисобланади. Гоҳида «ҳасад» сўзи «ҳавас қилиш» маъносида, яъни бошқа кишига берилган неъматни кўриб, уни ўзида ҳам бўлишини орзу қилиш маъносида ҳам ишлатилади. Бунга араблар «ғибта» дейдилар. Ушбу ҳадиси шарифдаги «ҳасад» сўзи ана ўша ғибта – ҳавас қилиш маъносида келган. Демак, фақат икки нарсадагина бировга берилган неъматни кўриб туриб, ўзига ҳам ўшандай неъмат берилишини орзу қилиш мумкин. «(Биринчиси) Аллоҳ бир одамга молу дунё берса-ю, у ўшани тўғри йўлда сарф қилса». Яъни, «Менга ҳам Аллоҳ шу одамга бергани каби молу дунё ато қилганида, мен ҳам шу одамга ўхшаб, уни яхшилик йўлида сарф қилар эдим», деб ҳавас қилса бўлади. «(Иккинчиси) Аллоҳ бир одамга илм берса-ю, у ўша илми ила ҳукм чиқарса ва таълим берса». Ўша одамга ҳам бошқа мусулмонлар ҳавас қилса бўлади. Илм билан ҳукм чиқариш ўша илм тақозо этган нарсага ўзи амал қилиш ва одамларни ҳам шунга чақиришдан иборатдир. Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Мол-дунёни тўғри йўлда сарфлашга тарғиб. 2. Мол-дунёси йўқ кишилар ҳам, агар молу дунёси бўлса, яхшилик йўлида сарфлашни орзу қилишларига тарғиб. 3. Илмга амал қилиб, уни одамларга ўргатишга амр. 4. Бошқаларни ҳам илм олиш, унга амал қилиб, бошқаларга ўргатишга тарғиб. Ҳаётимизда бу ҳадисга амал қилишга ниҳоятда муҳтож эканлигимизни айтиб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Ҳозирги кунда мол-дунёси борлар уларни Аллоҳ таолонинг розилиги учун сарфламайдилар. Аксинча, кўпроқ Аллоҳ таолонинг ғазабини келтирадиган ишларга ишлатадилар. Ваҳоланки, мулкдор, бадавлат кишиларимиз бундан тийилишлари, Аллоҳ берган молу дунёни Аллоҳ таоло рози бўладиган савоб ишларга сарфлашлари лозим. Ортиқча мол-дунёси йўқлар эса мулкдорларга ёмон маънодаги ҳасад кўзи билан қарайдилар. «Нима учун менда йўқ мол-дунё унда бўлиши керак?» деган ҳасад билан куйиб, ёнадилар. Фақат ҳасад ўтида ёнибгина қолмай, ўша биродарининг мол-дунёси завол топишини ҳам истайдилар. Аслида эса бадавлат одамга ҳасад эмас, ҳавас қилишимиз керак. «Фалончига кўз тегмасин. Аллоҳ таоло молу дунё неъматини керагича берибди, ўзига буюрсин! Аллоҳ таоло бизга ҳам унга берганидек мол-дунё ато этса, биз ҳам яхши, ҳалол-пок, савоб йўлларга сарф қилишимизни насиб этсин», дейдиган бўлишимиз лозим. Ҳозирги кунда илмлиларимиз ўзи ниҳоятда кам. Илми борлар ичида илмига амал қиладиганлар ундан ҳам кам. Илмсизларимиз эса жуда ҳам кўп. Илмлиларга ҳасад қилиб, уларга душманлик қиладиганлар ундан-да бисёр. Бу ҳолда ҳеч қачон яхшиликка эриша олмаймиз. Агар унга эришмоқчи бўлсак, худди ушбу ҳадисда иршод қилинганидек, ҳаммамиз илм олишга интилиб, олим бўлишга ҳаракат қилиб яшамоғимиз лозим. Аллоҳ томонидан илм берилганлар ўзига берилган илмга амал қилишлари, бошқаларга таълим беришлари ва ўша илмга амал қилишни уларга ҳам тайинлашлари керак. Илми йўқларимиз эса илмлиларга ҳавас ва эҳтиром назари билан қараб, «Аллоҳ бизга ҳам илм берса, унга амал қилиб, бошқаларга ўргатсак эди», деган ниятда бўлишлари зарур. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat