Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Тож кийдирилиши тўғрими?

08:48 / 09.11.2016 | Banda | 1257

Ассалому алайкум! Кимки Қуръонни тўлиқ ўрганиб ёд олса, қиёмат куни ўша кишининг ота-онасига тож кийдирилар экан. Шу тўғрими?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! وَلِأَبِي دَاوُدَ: مَنْ قَرَأَ الْقُرْآنَ وَعَمِلَ بِمَا فِيهِ أُلْبِسَ وَالِدُهُ تَاجًا يَوْمَ الْقِيَامَةِ، ضَوْءُهُ أَحْسَنُ مِنْ ضَوْءِ الشَّمْسِ فِي بُيُوتِ الدُّنْيَا لَوْ كَانَتْ فِيكُمْ فَمَا ظَنُّكُمْ بِالَّذِي عَمِلَ بِهَذَا Абу Довуднинг ривоятида: «Ким Қуръонни ўқиса ва ундаги нарсага амал қилса, унинг ота-онасига қиёмат куни тож кийдирилади. Агар у орангизда бўлса эди, унинг зиёси бу дунё уйларидаги қуёшнинг зиёсидан ҳам яхшироқ бўлар эди. Энди бунга амал қилганга нима бўлишини ўзингиз билиб олаверинг», дейилган. Шарҳ: Яъни Қуръони Каримни ўқимаган ота-онага шунчалик такрим ва ташриф бўлса, Қуръони Каримни ўқиган ва унга амал қилганнинг ўзига қанчалар такрим ва ташриф бўлишини ҳар ким ўзи билиб олаверсин. Шундай бўлганидан кейин ҳар бир ота-она ўзининг ҳар бир боласига Қуръони Каримни ўқитишга ўтсин. Шундай бўлганидан кейин ҳар биримиз Қуръони Каримни ўқишга ва унга амал қилишга ўтайлик. عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: إِنَّ الَّذِي لَيْسَ فِي جَوْفِهِ شَيْءٌ مِنَ الْقُرْآنِ كَالْبَيْتِ الْخَرِبِ Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, ичида Қуръондан бирор нарса бўлмаган одам хароба уйга ўхшайди», дедилар». Шарҳ: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръондан ҳеч нарсани ёдламай юрган одамни ажойиб ўхшатиш ила сифатлабдилар: хароба уйга ўхшатибдилар. У ҳам сиртидан уйга ўхшаб кўринади. Девори бор, яна уйда бўладиган баъзи нарсалари ҳам бор. Аммо аслида у тўлақонли уй эмас. Хароба. Ичига назар солган одам ундан ҳазар қилади. Унинг ичи ифлос, қаралмаган, турли ахлатлар билан тўлган. Қуръондан бирор нарса ёдламаган одам ҳам сиртидан одамга ўхшайди. Аммо ичи.... Хароба уйга ўхшаб қолмаслик учун Қуръони Каримдан ёд олишимиз керак. Ундан қанча кўп ёд олсак, ичимиз шунча обод ва гўзал бўлиб бораверади. عَنْ عَبْدِ اللهِ  رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: مَنْ قَرَأَ حَرْفًا مِنْ كِتَابِ اللهِ فَلَهُ بِهِ حَسَنَةٌ، وَالْحَسَنَةُ بِعَشْرِ أَمْثَالِهَا، لَا أَقُولُ الم حَرْفٌ وَلَكِنْ أَلِفٌ حَرْفٌ وَلَامٌ حَرْفٌ وَمِيمٌ حَرْفٌ Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳнинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, унга бунинг учун бир савоб бўлур. Ҳар бир савоб эса ўн мисли(га кўпайтирилур). «Алиф. Лаам. Мийм – бир ҳарф» демайман. Балки «Алиф» бир ҳарф, «Лаам» бир ҳарф, «Мийм» бир ҳарф», дедилар». Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Қуръони Карим қироати битмас-туганмас савоб манбаи экани баён қилинмоқда. Қуръони Каримни ўқиган одамга ҳар бир ҳарф учун алоҳида савоб берилар экан. Умумий қоидага биноан, ҳар бир савоб ўнга кўпайтириб бериларди. Бундан Қуръони Каримни ўқиган одам учун ҳар бир ҳарфни ўқиганига ўн савоб берилиши келиб чиқади. Бунинг ҳаммаси Қуръони Каримнинг чексиз фазлга эга бўлганидандир. Бас, шундай бўлганидан кейин бир ҳарф бўлса ҳам, Қуръони Каримни ўқишга ҳаракат қилмоғимиз зарур. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat