Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Пушаймон қилса

17:33 / 21.10.2015 | Ahror Farhadov | 1489

Ассаламу алейкум! Кимдир ёлғон гапириб ва ортидан гуноҳини англаб пушаймон қилса, қандай йўл тутади?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Тил офатларидан еттинчи офат – ёлғон. Ёлғон араб тилида «кизб» дейилади ва луғатда ростнинг тескарисини англатади. Уламолар ёлғонни қуйидагича таърифлайдилар: Журжоний: «Ёлғон хабар унинг воқеликка тўғри келмаслигидир», деган. Ибн Ҳажар: «Ёлғон бир нарса ҳақида қасддан бўлсин, ноқасддан бўлсин, унга хилоф нарсани гапиришдир», деган. Ёлғон сўзда бўлиши билан бирга, амалда ҳам бўлади. Бунда ёлғончи бўлмаган нарсани бўлган қилиб кўрсатиш учун ҳийла ишлатади. Ёки бунинг акси бўлиб, бўлган нарсани бўлмаган қилиб кўрсатишга уринади. Қуръони Каримнинг Юсуф сурасида бунга далил бор: وَجَاؤُواْ أَبَاهُمْ عِشَاء يَبْكُونَ ۝ قَالُواْ يَا أَبَانَا إِنَّا ذَهَبْنَا نَسْتَبِقُ وَتَرَكْنَا يُوسُفَ عِندَ مَتَاعِنَا فَأَكَلَهُ الذِّئْبُ وَمَا أَنتَ بِمُؤْمِنٍ لِّنَا وَلَوْ كُنَّا صَادِقِينَ ۝وَجَآؤُوا عَلَى قَمِيصِهِ بِدَمٍ كَذِبٍ «Кечқурун йиғлаган ҳолларида оталарига келиб: «Эй отамиз, биз Юсуфни матоҳларимиз олдида қолдириб, ўзимиз қувлашиб кетсак, уни бўри еб қўйибди. Агар ростгўй бўлсак ҳам, сен бизга ишонмассан», дедилар. Ва унинг ёлғон қонга бўялган кўйлагини келтирдилар» (16-18-оятлар). Ўғиллар оталарини ишонтириш мақсадида ашёвий далил деб, Юсуфнинг кўйлагини ёлғондан қонга бўяб олиб келишди. Улар ҳам сўз ила, ҳам амал ила ёлғон тўқишди. ЁЛҒОННИНГ САБАБЛАРИ Кишининг ёлғон ишлатишига бир неча сабаблар бор: 1. Фойда жалб қилиш. Ёлғончи ўзига фойда етишини кўзлаб, одамларни алдаб, ўз манфаати учун ёлғон гапиради. 2. Зарарни қайтариш. Ёлғончи ўзига етиши мумкин бўлган зарарни қайтариш мақсадида ҳам ёлғон тўқийди. У ўзича шу тўғри йўл, деб ўйлайди. Аммо икки ҳолатда ҳам ўзига бу дунё ва охират зарарини жалб қилаётганини ўйламайди. 3. Сўзини чиройли ва гапни гўзал чиқармоқчи бўлиш. Бунда ёлғончи тўғри сўз ва рост гап ила одамларга ёқиш, уларнинг эътиборини тортиш имкони йўқ бўлганидан, уларга ёқадиган гап-сўз излаб, ёлғон тўқийди. Ёлғон гапириш одатига айланиб қолгани ва нафси шу нарсани истайдиган бўлиб қолгани сабабли бу ишни қиладиганлар ҳам бор. 4. Душмандан ўч олиш мақсади. Бунда ёлғончи душманини шарманда қилиш ва ундан ўч олиб, кўнгли тўлиши учун ёлғон тўқийди. 5. Ўз обрўсини орттириш мақсади. Бунда ёлғончи ўзини аҳли фазл, олим, уддабурон қилиб кўрсатиб, мақтаниш учун ёлғон тўқийди. ЁЛҒОННИНГ ТУРЛАРИ Асли йўқ нарсани тўқиш. Бор нарсага маънони ўзгартириб юборадиган даражада қўшимча қўшиш. Бор нарсага маънони ўзгартириб юборадиган даражада нуқсон етказиш. Бор нарсани гапираётганда маънони ўзгартириб юборадиган даражада ибораларни ўзгартириш. ЁЛҒОННИНГ ҲУКМИ Имом Ибн Ҳажар ва имом Заҳабий: «Узрсиз ёлғон гуноҳи кабирадир», деганлар. Аллоҳ таолога ва Расулуллоҳ алайҳиссаломга қасддан ёлғон тўқиш куфрдир. Қуръони Каримда ёлғон ҳақида бир юз олтмиш еттита оят бор. Аллоҳ таоло Наҳл сурасида марҳамат қилади: إِنَّمَا يَفْتَرِي الْكَذِبَ الَّذِينَ لاَ يُؤْمِنُونَ بِآيَاتِ اللّهِ وَأُوْلئِكَ هُمُ الْكَاذِبُونَ ۝ «Ёлғонни фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганларгина тўқирлар. Ана ўшалар – ўзлари ёлғончилардир» (105-оят). Аслида ёлғонни фақат иймонсиз кофирларгина тўқийдилар. Чунки кофирларда савоб, гуноҳ деган тушунча йўқ. Ёлғон гапирса, гуноҳ бўлиши, у дунёда азобланиши ҳақида эътиқоди бўлмагани учун ўйламасдан ёлғон тўқийверадилар. Мўминлар эса ёлғонни катта гуноҳ деб биладилар. Ёлғон гапириш туфайли охиратда азобга дучор бўлишларидан қўрқадилар. عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ : أَنَّ رَسُولَ اللهِ  قَالَ: «آيَةُ الْمُنَافِقِ ثَلَاثٌ: إِذَا حَدَّثَ كَذَبَ، وَإِذَا وَعَدَ أَخْلَفَ، وَإِذَا اؤْتُمِنَ خَانَ». رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мунофиқнинг белгиси учта: агар сўзласа, ёлғон сўзлайди, ваъда берса, бажармайди ва унга омонат топширилса, хиёнат қилади», дедилар». Тўртовлари ривоят қилишган. عَنْ صَفْوَانَ بْنِ سُلَيْمٍ  أَنَّهُ قَالَ: قِيلَ لِرَسُولِ اللهِ : أَيَكُونُ الْمُؤْمِنُ جَبَاناً؟ فَقَالَ: «نَعَمْ». فَقِيلَ لَهُ: أَيَكُونُ الْمُؤْمِنُ بَخِيلًا؟ فَقَالَ: «نَعَمْ». فَقِيلَ لَهُ: أَيَكُونُ الْمُؤْمِنُ كَذَّابًا؟ فَقَالَ: «لَا». رَوَاهُ مَالِكٌ. Имом Молик ривоят қилган ҳадиси шарифда Сафвон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Мўмин қўрқоқ бўладими?» деб сўралди. «Ҳа», дедилар. «Мўмин бахил бўладими?» деб сўралди. «Ҳа», дедилар. «Мўмин ёлғончи бўладими?» деб сўралди. «Йўқ», дедилар». عَنْ قَيْسِ بْنِ أَبِي حَازِمٍ قَالَ: سَمِعْتُ أَبَا بَكْرٍ  يَقُولُ: إِيَّاكُمْ وَالْكَذِبَ، فَإِنَّ الْكَذِبَ مُجَانِبٌ لِلْإِيْمَانِ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ. Қайс ибн Абу Ҳозимдан ривоят қилинади: «Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг «Ёлғондан ҳазир бўлинглар! Албатта, ёлғон иймондан четлатувчидир», деганини эшитдим». Байҳақий ривоят қилган. Ёлғон ҳақидаги гаплардан намуналар: – Умар ибн Хаттоб: «Мени рост пастлатгани (аслида унинг паслатиши нодир) ёлғон кўтарганидан (аслида унинг кўтариши нодир) яхшироқдир», деган. – Арваа исмли аёл Саъид ибн Зайд ибн Амр ибн Нуфайл билан ҳовли талашиб, хусумат қилди. Шунда у (Саъид ибн Зайд): «Бу аёлни ўз ҳолига қўйинглар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким бир қарич ерни ноҳақ олса, қиёмат куни етти қават ер унга тавқи лаънат бўлади», деганларини эшитганман. Аллоҳим! Агар бу аёл ёлғончи бўлса, кўзини кўр қилгин ва қабрини ҳовлисида қилгин», деди. Мен ўша аёлнинг кўр бўлиб, деворларни пайпаслаб юрганини кўрдим. У: «Менга Саъид ибн Зайднинг дуоси тегди», дер эди. Бир куни ҳовлисида кетаётиб, қудуққа тушиб кетди ва ўша қудуқ унга қабр бўлди». Ёлғоннинг зарарлари: 1. Ёлғон ўз эгасини парчалайди. 2. Ёлғон ўз эгасини дўзахга олиб боради. 3. Ёлғон узоқни яқин, яқинни узоқ қиладиган саробдир. 4. Ёлғон мурувват, жамол ва чиройни кетказади. 5. Ёлғон ақл ўғрисидир. 6. Ёлғончи хору зор бўлади. 7. Ёлғон дину дунёни бузади. 8. Ёлғон пасткашлик аломатидир. Исломда ёлғон ҳаром ва катта гуноҳ ҳисобланса ҳам, ундан каттароқ зарарни қайтариш учун уч ҳолатда истисно тариқасида ёлғон ишлатишга рухсат берилган. 1. Одамлар орасини ислоҳ қилиш. Мусулмонларнинг бир-бирлари билан урушиб юришлари жуда ҳам ёмон иш. Бу ёмон иш оқибатида инсонларнинг ва жамиятларнинг ораси бузилади. Кишиларнинг бир-бирлари билан хусуматлашишлари, урушишлари барча бало-офатларнинг бошидир. Шунинг учун бу ҳолат пайдо бўлиши билан қандай қилиб бўлса ҳам уни бартараф қилишга ўтиш зарур. Бу йўлда ҳатто ёлғон гапирилишига ҳам рухсат берилади. Одамларнинг орасини ислоҳ қилиш учун ёлғон гапирган одам фақатгина яхшилик учун ёлғон гапиради. 2. Урушда ғалаба қилиш учун. Душман билан бўлаётган қуролли қарама-қаршилик ҳаёт-мамот жанги бўлади. Бу жангда душман қўлидан келган барча ишларни, жумладан, ёлғонни ҳам ишга солади. Агар аскар енгилса, барча уммат ва миллат душман асорати остида қолади. Шунинг учун ҳам кўпчилик манфаати йўлида душманни доғда қолдириш учун ёлғон гапиришга рухсат берилган. 3. Оиланинг аҳиллигини сақлаб қолиш учун. Ҳар бир жамиятда оиланинг аҳиллиги алоҳида аҳамият касб этади. Аҳил оилада ўсган болалар салоҳиятли фуқаро бўлиб ўсадилар. Ота-онанинг жанжаллари садоси остида ўсган болалар эса салоҳиятли фуқаро бўлишлари қийин. Шунинг учун ҳам эр-хотин орасидаги ўзаро аҳиллик жуда ҳам муҳимдир. Ана ўша аҳилликни сақлаб қолиш мақсадида эр-хотинга бир-бирларига яхшилик маъносида ёлғон гап айтишларига рухсат берилган. Ушбу истисно тариқасида рухсат берилган уч ҳолатдан бошқа ҳолларда ёлғон гапириш мутлақо мумкин эмас. عَنْ أُمِّ كُلْثُومٍ بِنْتِ عُقْبَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، وَكَانَتْ مِنَ الْمُهَاجِرَاتِ الْأُوَلِ اللَّاتِي بَايَعْنَ النَّبِيَّ ، أَنَّهَا سَمِعَتْ رَسُولَ اللهِ  وَهُوَ يَقُولُ: «لَيْسَ الْكَذَّابُ الَّذِي يُصْلِحُ بَيْنَ النَّاسِ وَيَقُولُ خَيْرًا وَيَنْمِي خَيْرًا». قَالَتْ: وَلَمْ أَسْمَعْ يُرَخَّصُ فِي شَيْءٍ مِمَّا يَقُولُ النَّاسُ كَذِبٌ إِلَّا فِي ثَلَاثٍ: الْحَرْبُ، وَالْإِصْلَاحُ بَيْنَ النَّاسِ، وَحَدِيثُ الرَّجُلِ امْرَأَتَهُ وَحَدِيثُ الْمَرْأَةِ زَوْجَهَا. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ. وَلَفْظُ أَبِى دَاوُدَ: مَا سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ  يُرَخِّصُ فِي شَيْءٍ مِنَ الْكَذِبِ إِلَّا فِي ثَلَاثٍ: كَانَ يَقُولُ: «لَا أَعُدُّهُ كَاذِبًا»، الرَّجُلُ يُصْلِحُ بَيْنَ النَّاسِ يَقُولُ الْقَوْلَ وَلَا يُرِيدُ بِهِ إِلَّا الْإِصْلَاحَ، وَالرَّجُلُ يَقُولُ فِي الْحَرْبِ، وَالرَّجُلُ يُحَدِّثُ امْرَأَتَهُ وَالْمَرْأَةُ تُحَدِّثُ زَوْجَهَا. Умму Кулсум бинти Уқба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Бу аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган биринчи муҳожиралардан бўлган эди: «У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Одамлар орасини ислоҳ қилган каззоб эмас, хайрни айтади ва хайрни етказади», деганларини эшитган экан. У киши айтади: «Мен у зотнинг одамлар «ёлғон» дейдиган нарсадан бирор нарсага рухсат берганларини эшитмаганман. Илло, уч нарсада: урушда, одамлар орасини ислоҳ қилишда ва эрнинг ўз хотинига ва хотиннинг ўз эрига гапиришида рухсат берганлар». Тўртовлари ривоят қилишган. Абу Довуднинг лафзида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёлғондан бирор нарсага рухсат берганларини эшитмаганман. Илло уч тоифани «Ёлғончи ҳисобламайман» дер эдилар: одамлар орасини ислоҳ қилган одамни. У бир гапни айтса, унда ислоҳдан бошқани ирода қилмайди; урушда (ҳийла билан) сўзлаган кишини; (меҳр-муҳаббатни кучайтириш учун) ўз хотинига сўз айтган эрни ҳамда ўз эрига сўз айтган хотинни», дейилган. Гапни буриб гапириш, яъни киши оғир ҳолга тушиб қолганида сиртидан бошқа, ичидан бошқа маъно берадиган гапни айтиб, очиқ-ойдин ёлғон гапирмай, қутулиб кетишга рухсат бор. عَنْ عِمْرَانَ بْنِ حُصَيْنٍ ، عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: «إِنَّ فِي الْمَعَارِيضِ لَمَنْدُوحَةً عَنِ الكَذِبِ». رَوَاهُ ابْنُ عَدِيٍّ وَالبَيْهَقِيُّ. Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, гапни буриб гапиришда ёлғондан қочиш имкони бордир», дедилар». Ибн Адий ва Байҳақий ривоят қилишган. Ислом оламида Қуръони Каримни махлуқ дейиш фитнаси чиққанида, халифа ҳаммани бу гапни айтишга мажбур қилишга ўтган. Навбат имом Шофеъийга келганда у киши: «Албатта, мана булар махлуқдирлар», деб тўрт бармоқларини кўрсатганлар. Тафтишчилар ўзларича, тўрт илоҳий китобни: Забур, Таврот, Инжил ва Қуръонни махлуқ деб айтди, деб тушунганлар. Имом Шофеъий бўлсалар тўрт бармоқни ирода қилганлар. Ўзининг золимлиги билан донг таратган Ҳажжож саҳобаларнинг бирларидан: «Мен ҳақимда нима дейсан?» деб сўраган. Шунда у киши: «Сен қоситсан», деган. Араб тилида «қосит» сўзининг икки қарама-қарши маъноси бор. Бу сўз ҳам одил, ҳам жабр қилувчи маъноларини билдиради. Мазкур саҳобий розияллоҳу анҳу Ҳажжожга: «Сен қоситсан», деганида ўша ерда турганлар унга: «Сени мадҳ этди», дейишган. Аммо Ҳажжожнинг ўзи: «Йўқ, у мени жабр қилувчи демоқда», деган.(“Руҳий тарбия” китобидан). Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat