Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Сабрнинг бошланиши ва охирги, чегараси

07:38 / 03.04.2013 | "Зикр Аҳлидан Сўранг" | 3318

Сабрнинг бошланиши ва охирги, чегараси шариатда қандай белгиланган? Ғаззолийда "Сабр ҳаромдир" деган гап бор, шунинг изоҳи қандай?

&нбсп;


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

САБР 

«Сабр» сўзининг маъноларидан бири танглик ила ўзини тутиб туришдир. Ушбу мақомда биз учун сабрнинг худди шу маъноси зарур.
Сабрнинг истилоҳий маъноси ҳақида уламолар бир-бирини тўлдирувчи бир неча таърифларни айтганлар:
Роғиб: «Сабр нафсни ақл ва шариат тақозо қилганидек тутиб туришдир ёки иккиси тақозо қилган нарсадан тутиб туришдир», деган.
Муновий: «Сабр ҳиссий ва ақлий оғирлик ва аламларга чидашдир», деган.
Сабрнинг таърифида айтилган гаплардан:
Сабр нафсни қайғу ва аччиқланишдан, тилни шикоятдан ва аъзоларни ташвишдан тутиб туришдир.
Сабр нафснинг фозил ахлоқларидан бири бўлиб, қилиниши яхши ва гўзал бўлмаган нарсалардан сақланишдан иборатдир.  
Сабр Қуръон ва Суннат аҳкомларида собит туришдир.
Сабр бало етганда гўзал одоб ила туришдир.
Сабр изтироб пайтида қалбнинг собит туришидир.
Сабрнинг турлари:
Ҳилмий айтади: 
«Сабр уч турлидир: Жабборнинг тоатига сабр қилиш. Жабборнинг маъсиятидан сабр қилиш. Жабборнинг имтиҳонига сабр қилиш».
Ибн Қайюм айтади:
«Сабр ўзи боғланган нарса эътиборидан уч қисмга бўлинади: Амр ва тоатларни адо этишга сабр. Наҳий ва хилофларни қилмасликка сабр. Қазои қадарларга рози бўлишга сабр».
Ферузободий айтади:
«Сабр уч турлидир: Аллоҳга сабр. Аллоҳ билан сабр. Аллоҳ учун сабр».
Аллоҳ таоло сабрни Қуръони Каримда бир юз учта оятда зикр қилган. Қуйида ўша оятларда баъзиларини намуна учун қисқача ўрганамиз.
1. Тоатларга сабр қилиш ҳақидаги оятлардан.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:
 «Сабр ва намоз ила ёрдам сўранг. Ва, албатта, у нафси синиқлардан бошқаларга жуда катта ишдир», деган (45-оятлар).
Биз, ёрдам сўранг, деб таржима қилган ибора араб тилида «истаъийну» деб келган. Бу сўзнинг маъноси бир ишга уриниб туриб, яна қўшимча ёрдам сўрашни англатади.  
Демак, мусулмон киши ҳар бир ишга астойдил уринади ва шу билан бирга, Аллоҳдан ёрдам сўрайди. Сабр кўпчилик хаёл қилганидай салбий маънода, яъни, нима бўлса ҳам сабр қиляпман, деб ҳаракатсиз туриш эмас, балки Аллоҳнинг айтганини бажариш жараёнида дуч келадиган машаққатларни енгишдан иборат.  
Энг бош сабр ҳавою нафсни, роҳат-фароғатни, мансабни тарк қилиб, Аллоҳнинг айтганига юришга чидамдир.
Намоз эса, бандани Аллоҳга боғлаб турувчи нарса бўлиб, инсон намоз орқали қувват, матонат, чидам ва бардошга эришади. Пайғамбар алайҳиссалом қачон бошларига қийин иш тушса, намоз ўқишга шошилар эдилар.
Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида:
«Ёки Аллоҳ сизлардан жиҳод қилганларни билмасдан ва сабрлиларни билмасдан туриб, жаннатга кираверамиз, деб ҳисоблайсизми? ! » деган (142 - оят).
Аллоҳ таоло ушбу оятда мусулмонларнинг ғалаба  ва мағлубият, мукофот ва жазо ҳақидаги тасаввурларини тўғриламоқда. Олий мақсадларга, жаннатга эришиш осон эмаслигини баён қилмоқда. Ҳа, албатта, бу йўл қийинчилик ва машаққатларга тўла. Мақсадга эришиш учун ўзидаги ҳамма имкониятларни охиригача ишга солиш керак.  
Аммо бунинг ўзи кифоя қилмайди. Балки сабр ҳам лозим. Сабр ғалабага эришгандан сўнг ўз бурчини адо этиш вақтида ҳам зарур.  
Шунинг учун бўшашмаслик ва хафа бўлмаслик  керак. Ҳақ йўлини билгандан кейин, қанчалик қийин бўлмасин, ундан собитқадам билан бориш лозим.  
Аллоҳ таоло «Тоҳа» сурасида:
 «Аҳлингни намозга амр эт ва ўзинг унга сабр қил. Биз сендан ризқ сўрамасмиз. Биз сенга ризқ берамиз. Оқибат тақвоникидир», деган (132- оят).
Мусулмоннинг бурчи аҳлини, оиласини мусулмон қилишдир. Бу ишда намоз муҳим ўрин тутади. Шунинг учун аҳлингни, оила аъзоларингни намоз ўқишга буюр. Ўзинг ҳам сабр ила намозда бардавом бўл ва аҳлингни намозга ундашда давом эт.
2. Бало-синов-ларга сабр қилиш ҳақидаги оятлардан:
Аллоҳ таоло «Муҳаммад» сурасида:
«Ва таъкидки, Биз сизларни синармиз, токи сизлардан мужоҳидларни, сабрлиларни билсак ва хабарларингизни имтиҳон этсак», деган (31 - оят).
Албатта, синов кўп нарсаларни ошкор қилади. Синов бўлмай, ҳама иш равон кетаверса, одамлар бир-бирларининг ҳақийқатини била олмайдилар. Ким ҳақиқий мўмин, ким мунофиқлиги ҳам аён бўлмайди. Аксинча, синов йўқ пайтида мунофиқлар олдинги сафга чиқиб, ўзларини фидокор қилиб кўрсатадилар. Худди шу маънога оятнинг давомида ишора қилинмоқда.
«…токи сизлардан мужоҳидларни, сабрлиларни билсак ва хабарларингизни имтиҳон этсак. . . ».
Билгандан сўнг ундан ўз ўрнида фойдаланиш керак. Гоҳ хурсандлик, гоҳ хафалик, гоҳ енгиллик, гоҳ оғирлик, гоҳ бахтиёрлик, гоҳ мусийбат билан синов ўтиши инсон руҳидаги, нафсидаги ўша беркитилган нарсаларнинг ошкор бўлишига ёрдам беради. Инсонларнинг бу нарсаларни англаши келажак ҳаётларида ёрдам беради.  
Аслида мўмин банда синов ва имтиҳонни орзу қилмайди, балки Аллоҳдан доимо офият ва раҳматни сўрайди. Шундан сўнг ҳам синов-имтиҳонга учраса, сабр қилади. Бунинг ҳикмати борлигини идрок қилади, ҳамма нарса Аллоҳнинг хоҳиши билан бўлишига иймон келтиради. Ўзига Аллоҳнинг раҳмати ва офияти етишини кутади.
Аллоҳ таоло «Луқмон» сурасида:
 «Эй ўғилчам, намозни тўкис адо қил, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар ва ўзингга етган мусийбатга сабр қил. Албатта, булар азм этилажак ишлардандир», деган (17 - оят).
Мўмин-мусулмон одам гоҳида қаршиликка учрайди. Одамлардан унга турли озорлар етади. Шундай ҳол рўй берса:
«. . . ўзингга етган мусийбатга сабр қил».
Сабр қилмасанг, иш битмайди.
Мўмин бандага амр қилинган ишлар азму қарор билан адо этилиши лозим бўлган аҳамиятли ишлардир. Шунинг учун ҳам уларни адо этишда сабр керак бўлади.
Аллоҳ таоло «Зумар» сурасида:
 «Сен (Менинг тарафимдан): «Эй иймон келтирган бандаларим, Роббингизга тақво қилинг. Бу дунёда гўзал амал қилганларга гўзаллик бордир. Аллоҳнинг ери кенгдир. Албатта, сабр қилгувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ берилур», деб айт», деган (10 - оят).
Баъзи уламоларимиз, сабр қилувчиларга ажрлари берилаётганда ҳисоблаб ўтирмасдан, улгуржи бериб юборилади, деб таъвил қилганлар.
3. Сабр набий ва солиҳларнинг сиймосидир.
Аллоҳ таоло «Анбиё» сурасида:
«Ва Исмоил, Идрис ва Зул-кифлни эсла. Уларнинг ҳар бири сабр қилгувчилардандир.  
Ва уларни Ўз раҳматимизга киритдик. Албатта, улар солиҳлардандир», деган (85 – 86 - оятлар).
Бу ерда Исмоил алайҳиссаломнинг сабр-тоқатларига алоҳида урғу берилмоқда. Исмоил алайҳиссалом ҳақийқатда юқори даражада сабр намуналарини кўрсатганлар. У киши ўсимлик ўсмайдиган саҳроларда сабр қилиб ўсганлар. Байтуллоҳни қуришда оталари Иброҳим алайҳиссаломга сабр ва матонат билан ёрдам берганлар. Ўзларини қурбонлик учун сўйиш амри келганида ҳам сабр қилганлар.
Идрис алайҳиссалом ҳам қавмларининг кирдикорларига сабр қилганлар. Ушбу оятда ҳам у кишининг сабр сифатлари ёд этилмоқда.
Зул-кифл алайҳиссалом ҳам сабр қилгувчилар қаторига қўшилмоқдалар.
Сабрлари туфайли Аллоҳ таоло уларни ўз раҳматига киритди. Яхшиликлар ато этди. Улар аҳли солиҳлардан бўлдилар. Шунинг учун ҳам Қуръонда зикр қилинмоқдалар.
Аллоҳ таоло «Аҳқоф» сурасида:
«Бас, азму матонат соҳиби бўлган Пайғамбарлар сабр қилгандек сабр қил, уларга (азоб етишига) шошилма! Улар ваъда қилинган нарсани кўрганларида худди (бу дунёда) кундуздан бир лаҳзагина турганга ўхшарлар. Бу етказишдир! Бас, фақат фосиқ қавмларгина ҳалок қилинур, холос! », деган (35 - оят).
«Улул азм», яъни азму матонат соҳиби бўлган Пайғамбарлар - Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Ийсо алайҳиссаломлардир. Бу буюк Пайғамбарларнинг ҳар бирларининг бошларига иймон йўлида, дину диёнат йўлида қанчадан-қанча кулфатлар ёғилган. Лекин улар сабр матонатда зарбулмасал бўлганлар.  
Бу ҳақийқатни кўпчилик, жумладан, Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотнинг умматлари ҳам яхши биладилар. Шунинг учун ўз даврларида Макка мушрикларининг қаршиликларига учраб, қийин ҳолга тушганларида «Улул азм» номини олган буюк Пайғамбарлардан ўрнак олишга чақирилаяптилар.  
«Бас, азму матонат соҳиби бўлган Пайғамбарлар сабр қилгандек, сабр қил, уларга (азоб етишига) шошилма! »
У зоти бобаракот бу илоҳий амрга амал қилдилар ва ўзлари ҳам «Улул азм» Пайғамбарлар сафидан ўрин олишга муяссар бўлдилар.

Сабр ҳақида келган ҳадислардан намуналар:
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўзи эшитган озорга сабр қилишда Аллоҳ таолога тенг келадиган бирор зот йўқ. Улар У зотга тенгдош қилурлар. Улар У зотга бола қилурлар. Шундай бўлса ҳам У зот уларни ризқлантирур ва афв қилур», дедилар».
Икки Шайх ривоят қилган.
Ўзига озор берганларнинг қилмишларига сабр қилиш ва уларни афв қилиб юбориш Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири экан.  
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тақсим қилдилар. У зот баъзи тақсимларига ўхшатиб тақсим қилдилар. Шунда ансорлардан бир киши:
«Аллоҳга қасамки, бу тақсимлашда Аллоҳнинг розилиги ирода қилинмади», деди.
Бас, мен: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар бераман», дедим-да, У зотнинг ҳузурларига бордим. У зот саҳобалари билан эканлар. Мен У зотга у айтган гап ҳақида сир равишда хабар бердим. Бу У зотга оғир ботди. Юзлари ўзгариб, ғазаблари чиқиб кетди. Ҳатто мен: «У зотга хабар бермасам бўлар экан», дедим.  
Сўнгра У зот:
«Аллоҳ Мусони раҳмат қилсин! У бундан ҳам кўпроқ озор еб, сабр қилган эди», дедилар».
Икки Шайх ва Термизий ривоят қилган.
Бу ривоятда номи зикр қилинмаган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қаттиқ озор берган одам Меътаб ибн Қушайр номли мунофиқ эди.
Ушбу ҳадиси шарифнинг бошқа ривоятини ҳам ўрганиш жараёнида тўлиқроқ маълумот олсак ажаб эмас.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ҳунайн куни бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: тақсимлашда баъзи одамларни устун қўйдилар. У зот Ақраъ ибн Ҳобисга юзта туя бердилар. Уяйнага ҳам шунча бердилар. Арабларнинг ашрофларидан баъзиларига ҳам бердилар ва ўша куни уларни тақсимлашда устун қўйдилар.  
Шунда бир киши:
«Аллоҳга қасамки, бу тақсимлашда адолат қилинмади. Бунда Аллоҳнинг розилиги ирода қилинмади», деди.
Бас, мен: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар бераман», дедимда у зотнинг ҳузурларига бориб, у айтган гап ҳақида хабар бердим.  
У зотнинг юзлари ўзгариб тери бўяладиган қизил қонга ўхшаб кетди ва:
«Агар Аллоҳ ва Унинг Расули адолат қилмаса, ким адолат қилади? ! Аллоҳ Мусони раҳмат қилсин! У бундан ҳам кўпроқ озор еб сабр қилган эди», дедилар.
Шунда мен: «Бундан кейин у зотга гап кўтариб келмасам бўлар экан», дедим».
Муслим ривоят қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қалбларини улфат қилиш лозим бўлган кишиларга ўлжадан кўп нарса берган эдилар. Уларнинг ичида ушбу ривоятда номлари зикр қилинган Ақраъ ибн Ҳобис, Уяйна ва бошқалар бор эди. Тақсимлашдаги ҳикматни англаб етмаган Меътаб ибн Қушайр номли мунофиқ бу ишда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни адолатсизликда айблашга бориб етди. Аммо У зот ушбу тақсимлаш айни адолат эканини ва ҳалиги танқидчининг гапи озор эканини баён қилдилар. У зот ўзларига озор берган одамни жазолашга қодир бўлсалар ҳам сабр қилиб, уни афв этдилар.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган», дедилар».
Бешовлари ривоят қилган.
Ушбу ривоят Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг узун ҳадисларидан олинган иқтибосдир. Мазкур ҳадисда шулар айтилади:

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Ансорийлардан бир қанча одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан (мол) сўрадилар. Бас, У зот уларга бердилар. Сўнгра яна сўрадилар, яна бердилар. Сўнгра яна сўрадилар, яна бердилар. Ҳатто, ҳузурларидаги нарса қолмади. Шунда У зот:
«Ҳузуримда нима яхшилик бўлса, сизларга бермай олиб қолмасман. Ким иффат талаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилур. Ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур. Ким сабр талаб қилса, Аллоҳ уни сабрли қилур. Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган», дедилар».  
Бешовлари ривоят қилишган.
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон инсон ўзига берилган ризқ қанча бўлса, ўшанга чидаб, қаноат ҳосил қилиб юриши яхши экани тарғиб қилинган. Мусулмон инсон турмушни яхши таъмин қилиш учун имкониятидаги барча ҳалол воситаларни ишга солиб, ҳаракат қилаверади. Аммо ризқ бериш Аллоҳдан эканини ҳеч қачон унутмайди. Шунинг учун ўзига берилган ризқ-насибани Аллоҳнинг иродасидан, деб билади. Оз бўлса, норози бўлмайди, кўп бўлса, ховлиқиб кетмайди. Чунки Аллоҳнинг иродасига қарши чиқиш мусулмон одам учун тўғри эмас.
Мазкур ривоятларда мусулмон инсон ўзига берилган ва берилмаган ризққа нисбатан қандай тутиши лозимлиги ҳақида бир неча кўрсатмалар берилмоқда:
Иффатли бўлиш.  
Бировнинг молидан умидвор бўлишни ор деб, билиш. Ким ўзини иффатли тутишга уринса, Аллоҳ таоло уни иффатли қилиб қўйиши турган гап.
Ўзида бировнинг сариқ чақасига ҳам эҳтиёжи йўқлигини изҳор қилиш.  
Бундай одамни Аллоҳ таоло кўзини тўқ қилиб қўйгани учун ундан ҳеч бир очкўзлик содир бўлмас экан.
Кам бўлса ҳам ўзига берилган ризққа сабр қилиш.  
Сабр Аллоҳ таоло томонидан бандага инъом этилган энг катта ва кенг ато ҳисобланади. Сабрли киши ризқнинг озига ҳам, йўқчиликка ҳам чидаб ўзини хор қилмай, бошини тик тутиб кун кўради. Сабр неъматидан бебаҳра банда эса дунёнинг ярмига эга бўлса ҳам, очкўзлигини билдириб қўяди.
Мусулмон одам Аллоҳ томонидан берилган етарли ризққа сабр қилиб қаноатли бўлиб ўтса, дунёдаги энг катта нажотга эришган шахс бўлади.
Ҳақиқий бойлик молу-дунёнинг кўплигида эмас, нафснинг тўқлигидадир.
Ушбу таълимотларни ҳар бир мусулмон яхшилаб ўрганиб, ўзига сингдириб олиши ва ҳаётга татбиқ қилиши лозим. Ана шундагина орамизда беш танга пул куйига тушиб, одам ўлдирадиганлар, ўғрилик, порахўрлик, рибохўрлик қиладиганлар, фирибгарлик, алдамчилик, ёлғончилик ва бошқа разолатларни қиладиганлар қолмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамларга аралашиб, уларнинг озорларига сабр қилган мусулмон уларга аралашмайдиган ва озорларига сабр қилмайдиган мусулмондан яхшидир», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Бундан одамларнинг озоридан қўрқиб, уларга аралашмай қўйиш дуруст эмаслиги чиқади. Одамларга аралашиб уларнинг озорларига сабр қилган одам савоб олади. У ўша аралашиши давомида уларга яхшилик ҳам қилиб юрган бўлади. Одамларга аралашмаган киши эса кўпчиликка фойда етказишдан бош тортган бўлиши мумкин.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтадилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирсам, У зот беморликдан қийналаётган эканлар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, сиз беморликдан қаттиқ қийналмоқдасиз-ку? ! » дедим.
«Шундай. Албатта, мен беморликдан сизлардан икки кишининг қийналганича қийналурман», дедилар.
«Сизга икки ҳисса ажр бўлиши учун шундайдир-да? » дедим.
«Шундай. Худди шундай. Қай бир мусулмонга бирор мусийбат етса, бирор тикон кирса ҳам, албатта, Аллоҳ унинг сабабидан ўша банданинг ёмонликларини худди дарахт ўз баргларини тўкканидек тўкадир», дедилар У зот».
Икки Шайх ривоят қилишган.  

Абу Молик ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган узун ҳадисда  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жумладан:
«. . . Сабр зиёдир», деганлар.
Муслим, Термизий ва Насаийлар ривоят қилган.  
«Зиё» бир жисмнинг ўзидан чиққан ёруғликдир. Мисол учун, қуёшдан чиққан ёруғлик «зиё» дейилади.  
Бир жисм ўзидан бошқадан олган ёруғликни қайтариб чиқарса, «нур» дейилади. Мисол учун, ой қуёшдан олган ёруғликни қайтариб таратгани учун «ой нури» дейилади.  
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «У қуёшни зиё, ойни нур қилган зотдир», деган. Зиё нурдан кучли бўлади.
Сабрнинг зиё бўлиши, аввало инсон сабр ила маъсиятлар зулматидан чиқади. Қолаверса, сабр бора-бора мўмин инсон қалбидаги зиёга айланади. Чунки Аллоҳнинг дини ва тоати йўлидаги қийинчиликларга сабр қиладиган одамнинг қалбида зиё пайдо бўлади. Ўша зиё ибодатлар ва турли машаққатларнинг янглиш йўлини унга ёритиб беради.  
Шунингдек, сабрнинг зиёси мўмин кишига қабрида ҳам, қиёмат кунида ҳам фойда беради.
Кўпчилик орасида сабр тушунчаси нотўғри талқин қилинади. Сабр деганда, биров томонидан қилинган зулмга жавоб бермай, жим туриш тушунилади. Аслида еса бу сабр эмас, қўрқоқликдир. Сабр эса ижобий тушунчадир.  
Исломда сабр дейилганда, аввало иймон-эътиқод, дину диёнат йўлида қийинчиликларга сабр қилиш тушунилади. Аллоҳнинг амрини бажариш, қайтарганларидан қайтишга нафсни мажбур қилиб, чидатиш тушунилади.  
Сабр деганда, Аллоҳнинг калимаси ер юзида ҳамма калималардан устун бўлиши учун кураш қийинчиликларига дош бериш назарда тутилади. Ислом дини адолатидан бутун дунёни баҳраманд қилиш учун олиб бориладиган даъват машаққатларига чидаш, ҳалол, пок юриш, яшаш ва ишлаш қийинчилигига чидашни сабр дейилади.

 

Сабрнинг фойдаларидан:
1. Сабр оғир вазиятларда нафсни тутишга ёрдам беради.
2. Сабр моддий ва маънавий талабларни амалга оширишда шошилишга ва қўполликнинг олдини олишга ёрам беради.
3. Сабр ғазабни қўзғайдиган нарсалар содир бўлганда ўзни тутиб олишга ёрам беради.
4. Сабр хавф туғилганда ўзни ўнглаб олишга ёрдам беради.
5.   Сабр таъмагирлик қўзийдиган вазиятларда ўзни ўнглаб олишда асқотади.
6. Сабр моддий ва маънавий яхшиликларга эришиш йўлидаги жисмоний ва руҳий аламларга чидашда ёрдам беради.
7. Сабр иймон баркамоллиги ва Ислом гўзаллиги далилидир.
8. Сабр қалбда ҳидоят ҳосил қилишга ёрам беради.
9. Сабрнинг самараси Аллоҳ таолонинг ва одамларнинг муҳаббатидир.
10. Сабр ер юзида тамкин топиш сабабчисидир.
11. Сабр жаннатга эришиш ва дўзахдан қутилишдир.
12. Сабр Аллоҳ таоло билан бирга бўлишдир.
13. Сабр қиёмат кунидаги катта қўрқинчдан омонликдир.
14. Сабр мардлик ва яхши оқибатнинг аломатидир.
15. Сабр Аллоҳ таолонинг раҳмати ва баракотидир.

 САБРНИНГ ТУРЛИ ИСМЛАРИ

Сабр икки хил бўлади:
Биринчиси - баданий сабр.
Бунда қийинчиликларга бадан ила чидалади.   
У феълий - амалий бўлиши мумкин. Мисол учун, оғир ва машаққатли ишларни ва ибодатларни чидам ҳамда сабот билан адо этиш.
Яна баданига етган оғирликни кўтариш билан ҳам бўлади. Мисол учун калтакка, оғир беморликка ёки жароҳатга чидаш.
Мазкур турдаги сабр шариатга мувофиқ бўлса, мақталган иш бўлади.
Иккинчиси - маънавий сабр.
Бунда табиати тортган ва ҳавойи нафс иштаҳа қилган нарсаларга сабр қилинади. Мана шу сабр энг кучлисидир.  
Худди шу сабр ўзи боғлиқ бўлган нарсага қараб турли исмлар билан аталади:
Агар қорин ва фарж шаҳватига сабр қилиш бўлса, иффат деб номланади.
Агар дод - вой қилмасдан мусийбатга чидаш бўлса, сабр дейилади.
Агар бойликни кўтариш бўлса, ўзини тутиб олиш дейилади.
Агар замон қийинчилигига инжиқлик қилмаслик бўлса, бағри кенглик дейилади.
Агар майишатпарастликдан юз ўгириш бўлса, зуҳд дейилади.
Агар оз насибага сабр қилиш бўлса, қаноат дейилади.

САБРНИНГ ҚИСМЛАРИ

Баъзи орифлар, сабрнинг мақоми учтадир, демишлар:
Биринчи мақом шаҳватни тарк қилишдан иборат бўлиб, уни тавба қилувчилар даражаси дейилади.
Иккинчи мақом тақдир қилинган нарсага рози бўлишдан иборат бўлиб, уни зоҳидлар даражаси дейилади.
Учинчи мақом Роббининг раво кўрган нарсасига муҳаббат қилишдан иборат бўлиб, уни сиддиқлар даражаси дейилади.
Сабр ҳукм жиҳатидан ҳам бир неча қисмга бўлинади:
1. Фарз.  
Шариатда ҳаром ва ман қилинган нарсаларга сабр қилиш фарздир.
2. Нафл.
Макруҳ – ёқимсиз нарсаларга сабр қилиш нафлдир.
3. Ҳаром.
Шариат ман қилган сабрни қилиш ҳаромдир.
Мисол учун, бир кишининг қўлини бошқаси зулм юзасидан кесса сабр қилиб туриши ҳаромдир. Балки ўзини ҳимоя қилиши фарздир.
Шунингдек, маҳрам аёлларига тажовуз қилганларга рашк қилмай, сабр қилиб туриш ҳам ҳаром.
4. Макруҳ.
Шариат макруҳ санаган томондан етган озорга сабр қилиб туриш макруҳдир.  
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, сабрнинг ўлчови шариатга мувофиқ бўлиши керак.
Сабрнинг даражалари:
Овомнинг даражаси. Қалбни тоатларни қилишга ва гуноҳлардан қайтишга тутиб туриш.
Хосларнинг даражаси. Нафснинг риёзот ва мужаҳодотларда ушлаш, ҳолларнинг йўлида қийинчиликларга солиш ва пардани кўтаришга ҳаракат қилиш.
Хосларнинг хосининг даражаси. Руҳни мушоҳада ва муояна ҳузурида тутиш.  
 доимо сабр керак
Бандага бу дунёда учрайдиган барча нарсалар унинг ҳавойи нафсига мувофиқ келадиган ёки мувофиқ келмайдиган икки турга бўлинади. Банда буларнинг иккисида ҳам сабрга муҳтож бўлади. Демак, банда барча ҳолатларда сабрга ҳожатманддир.
1. Ҳавойи нафсга мувофиқ келадиган сабр ҳақида сўз юритадиган бўлсак, сиҳат – саломатлик, молу дунё, обрў ва мансаб, ёру дўстларнинг кўплиги каби нарсаларда бўлади.
Маълумки, мазкур нарсаларнинг барчаси дунёнинг лаззатбахш матоҳларидан ҳисобланади. Агар банда бу нарсалардан ўзини тиймаса, йўлдан урилиши ва туғёнга кетиши турган гап.
Аллоҳ таоло «Алақ» сурасида:
 «Йўқ! Инсон, албатта, туғёнга кетур. Гар ўзини бой кўрса», деган (5-6 – оятлар).  
Баъзи орифлар: 
«Балога мўмин сабр қилади. Офиятларга фақатгина сиддиқ сабр қилади», деган.
Саҳобалар розияллоҳу анҳум: 
«Қийинчилик синовига учраганимизда сабр қилдик. Осонлик синовига учраганимизда сабр қила олмадик», деганлар.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларини мол, аҳли аёл ва болалар фитнасидан ҳазир бўлишга чақирган.
Энг яхши одам мазкур дунё матоҳларига берилиб кетишдан ўзини тийиб сабр қилган кишидир.  
У дунё матоҳидан ўта хурсанд бўлиб кетмайди, уларга ружуъ қўймайди, маийшатпарастликка берилмайди, ўйин- кулги, кўнгилхуши кетидан қувмайди, ҳавойи нафси иштаҳа қилган нарсаларда сабр қилади.
Ўзига берилган барча неъматларда Аллоҳ таолонинг ҳақини риоя қилади. Молидан инфоқ қилади, бадани ила халойиққа ёрдам беради. Тили ила ростгўйликни тарқатади ва ҳоказо.
Ушбу турдаги сабр шукр билан чамбарчас боғлиқдир.  
2. Ҳавойи нафсга мувофиқ келмайдиган нарсаларга сабр қилиш.  
Бу хилдаги сабр уч қисмга бўлинади: 
Биринчи қисм.
Тоат ва маъсиятга ўхшаш банданинг ихтиёрига боғлиқ нарсаларга сабр қилиш.  
- Тоатга сабр қилиш оғир кечади. Чунки одатда нафс убудият – бандаликни эмас, рубубият – хожаликни иштаҳо қилади. Шунинг учун ҳам ҳар бир банданинг ўз қўл остидаги шахсларга нисбатан ўзини катта олишини кўрамиз.
Бас, убудият нафс учун мутлақо машаққатли кўринади. Сўнгра ибодатлардан баъзилари намозга ўхшаб дангасалик сабабидан ёқмайди. Баъзилари закотга ўхшаб бахиллик туфайли ёқмайди. Баъзилари ҳажга ўхшаб мазкур икки нарса сабабидан ёқмайди. Бас, тоатларга сабр қилиш қийинчиликларга сабр қилишдир.
Тоат қилувчи банда тоатига сабр қилиш учун уч ҳолатга ҳожати тушади.
Биринчиси тоатдан олдинги ҳолат бўлиб, унда ният ва ихлосни тўғрилаш, риёкорлик ва бошқа офатлардан ҳазир бўлишда сабр қилиш керак бўлади. Ният ва ихлоснинг ҳақийқатини билганлар учун бу сабр энг қийин сабрлардан биридир.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг «Ҳуд» сурасида сабрни амалдан олдин келтириб:
 «Магар сабр этган ва амали солиҳ қилганлар», деган (11 – оят).
Иккинчиси амал пайтидаги ҳолат бўлиб, унда банда амални бажариш давомида Аллоҳдан ғофил бўлмасдан охиригача суннат ва одобларни ўрнига қўйиб, сабр қилиши керак бўлади. Бу сабр ҳам қийинлик билан юзага келадиган сабрдандир.
Аллоҳ таоло «Анкабут» сурасида:
«Амал қилгувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши! Улар сабр қилган ва Роббиларигагина таваккул қиладиган зотлардир», деган (58 – 59 – оятлар).
Учинчиси амалдан кейинги ҳолат бўлиб, унда мақтанчоқлик ва риёдан ҳамда амалига манманлик ва миннатни аралаштиришдан тийилишга сабр қилиш керак бўлади. Бу ҳам қийин ҳисобланади.  
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:
 «Эй иймон келтирганлар! Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, молини Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмаса ҳам кишиларга риё учун нафақа қилганга ўхшаб бекорга кетгазманг», деган (264 – оят).
Маъсиятга сабр қилиш ҳам банданинг доимо ҳожати тушиб турадиган ишлардан бири.  
Бу борадаги энг машаққатли иш одатга айланиб қолган маъсиятларга сабр қилишдир. Одат кишиларга сингиб кетган нарса бўлади. Агар одатга шаҳват қўшилиб қолса борми, шайтоннинг навкарларидан икки навкар бирлашади ва уларни енгиш қийинлашади.
Шунингдек, маъсият қилиш осон ишлардан бўлса, унга сабр қилиш ҳам душвор бўлади. Бунга ғийбат, ёлғон, риёкорлик, ўзини мақташ, озорли мазаҳ, ҳақорат каби тил маъсиятлари мисол бўлади.   
Булар катта маъсиятлар бўлса ҳам содир қилиниши осон бўлгани учун кўп қилинади ва ўрганиб қолингани учун инкор ҳам қилинмайди. Гоҳида одамлар бир макруҳи танзиҳий ишни қилган одамни гуноҳи кабийра қилгандан қаттиқроқ инкор қилишади, аммо у билан ўтириб олиб юқоридаги тил маъсиятларини тап тортмай, ҳузур ила қилишаверади.
Ким тилига кучи етмаса, у билан қилинадиган маъсиятларни қайтаришга сабри бўлмаса, ёлғизликни лозим тутиши вожибдир. Унинг нажоти ёлғизликдан бошқада эмас.  
Иккинчи қисм.
Мусийбат ва фалокатларга ўхшаш банданинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган нарсаларга сабр қилиш.  
Яқин кишиларнинг ўлими, молу мулкнинг ҳалокатга учраши, беморлик етиши каби ишларга сабр қилиш ушбу қисм қисмга киради. Бундай мусийбат ва фалокатларга сабр қилиш сабрнинг олий мақомларидан саналади.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:
«Қуръондаги сабр уч турлидир: 
Аллоҳ таолонинг фарзларига сабр қилиш. Унга юз даража берилади.
Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсаларга сабр қилиш. Унга олти юз даража берилади.
Мусийбатга биринчи зарба пайтида сабр қилиш. Унга тўққиз юз даража берилади», деганлар.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:
«Албата, Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкга, жонга меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер.
Улар мусийбат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз», дерлар.  
Ана ўшаларга Роббиларидан саловатлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар ҳидоят топганлардир», деган (155-157 - оятлар).
Қўрқинч деганда душмандан бўладиган хавф-хатар туйғуси тушунилади.  
Қаҳатчилик ёки бошқа сабаблардан келиб чиқадиган очарчилик ҳам Аллоҳ таолонинг бир нави синовидир.  
Шунингдек, Аллоҳ мол-мулкка, ўғри олиш, офат етиши ёки золимларнинг тажоввузи туфайли нуқсон етказиб, жонга, яқин кишиларни, ёр-биродар ва шерикларнинг ўлими, касаллиги билан нуқсон етказиб, меваларга офат етказиш, баракасини кетказиш билан нуқсон етказиш билан синаб кўрамиз, дейди.  
Бошига шундай синов келган, мусийбат етган банда нима қилса яхши бўлади? Бу ҳақда Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб кўрсатма бермоқда:
«Ва сабрлиларга башорат бер. Улар мусийбат етганда, «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз», дерлар».  
Демак, мусийбат етганда мусулмон киши сабрли бўлиши ва Жаноби Ҳақнинг Ўзи ўргатган дуони қилиши керак.  
Бу дуо Қуръон тилида:
«Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун», деб талаффуз этилади. Буни айтишни қисқача «истиржў» дейилади. Эътибор қилинса, истиржўда улкан маъно ётибди.  
«Албатта, биз Аллоҳникимиз». Яъни, барчамиз, бор-будимиз Аллоҳники, ҳақиқий эга Унинг Ўзи. Нимани, қачон, қандай тасарруф қилишни Ўзи  билади.  
«Ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз». Яъни, эртами-кечми барибир Унга қайтишимиз бор. Бизга етиб турган мусийбат ҳам Унинг Ўзидан. Биз сабр қилишимиз лозим ва шундай қиламиз ҳам. Шу боис истиржўга кўп савоблар ваъда қилинган.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 
«Бир куни Абу Салама Р-м. Нинг ҳузурларидан келди-да, Р-м. Дан бир гап эшитиб ундан хурсанд бўлдим. У зот: «Мусулмонлардан бирига мусийбат етганда истижў айтса ва сўнгра «Аллаҳумма ажирни фи мусийбати вахлуф ли хойром-минҳа» - «Аллоҳим, менга мусийбатимда ажр бергин ва унинг ўрнига яхшироғини бергин» деса, айтгани бўлади», дедилар», деб айтди».  
Буларни мен ёдлаб олдим. Абу Салама вафот этганида, истиржў айтдим ва ҳалиги дуони ўқидим. Сўнгра ўзимча «Менга Абу Саламадан яхшироқ эр қайда», дедим.  
Иддам чиққандан сўнг Расулуллоҳ келиб киришга изн сўрадилар. Тери ошлаб ўтирган эдим, қўлимни ювиб, киришларига изн бердим. У кишига ичига хурмонинг юмшоқ қобиғи тўлатилган тери ёстиқ бердим. Ўтирганларидан сўнг, менга уйланмоқчи эканликларини айтдилар.  
У зот гапларини тугатгач, мен: 
«Ё Аллоҳнинг Расули, сизга рағбат қилмаслигим мумкин эмас, лекин мен жуда рашкчи аёлман, сизга ёқмайдиган нарса мендан содир бўлиб, Аллоҳнинг азобига дучор бўлмай, деб қўрқаман. Сўнгра ёшим катта бўлиб қолди, бунинг устига, болаларим бор», дедим.  
Расулуллоҳ алайҳиссалом: 
«Сен айтган рашкни Аллоҳ тезда кетказади. Ёш тўғрида гапирсанг, менинг ҳам ёшим бир ерга бориб қолди. Болаларинг бўлса, улар менинг ҳам болаларим», дедилар. . .  
Аллоҳ менга Абу Саламанинг ўрнига ундан яхши зотни–Расулуллоҳни берди».
Аҳмад ривоят қилган.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
 «Аллоҳ таоло: «Эй ўлим фариштаси, сен бандамнинг фарзандини, кўзининг қорачиғини, қалбининг самарасининг жонини олдингми? » дейди.  
Фаришта: «Ҳа», дейди.  
Аллоҳ: «У нима деди? » деб сўрайди.  
Фаришта: «Сенга ҳамд ва истиржў айтди», дейди.  
Шунда Аллоҳ: «Жаннатда бандамга бир уй бино қилинглар ва уни «Ҳамд уйи», деб номланглар», дейди», дедилар».
Термизий ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирортангизнинг оёқ кийими ипи узилса ҳам, истиржў айтсин. Чунки у ҳам мусийбатлардан», дедилар».
Баззор ривоят қилган.   
Демак, каттаю кичик ҳар бир кўнгилсиз ҳодисада сабр керак. Кўзининг қорачиғи, жигарбанди, боласи ўлганда ҳам, оёқ кийимининг ипи узилганда ҳам. Мусийбат етгандан кейин дарҳол истиржў айтиб, сабр қилиш керак, ҳамма нарса Аллоҳники ва бари Аллоҳга қайтади, деган эътиқодни маҳкам тутиши керак.
Учинчи қисм.
Ўзига озор берган кишидан интиқом олишга ўхшаш келиши ўзига боғлиқ бўлмаган, аммо кетиши унинг ихтиёрида бўлган нарсаларда сабр қилиш.
Мисол учун, бандага биров томонидан гап, ҳаракат ёки унинг жони ёки молига қарши жиноят қилиш ила озор етказилганда, жавоб чораси кўришга қодир бўла туриб сабр қилиш.
Аллоҳ таоло «Иброҳим» сурасида:
«Нима учун биз Аллоҳга таваккул қилмас эканмиз? ! Ҳолбуки, У бизни йўлимизга ҳидоят қилди. Бизга берган озорларингизга, албатта, сабр қиламиз. Таваккул қилувчилар фақат Аллоҳгагина таваккул қилсинлар», дедилар», деган (12 – оят).
Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида:
«Албатта, молу жонда синовга учрайсиз. Албатта, сиздан олдин китоб берилганлардан ва ширк келтирганлардан кўплаб озор эшитасиз. Агар сабр қилсангиз ва тақво қилсангиз, албатта, бу салмоқли ишлардандир», деган (186 – оят).
Аллоҳ таоло «Муззаммил» сурасида:
«Ва уларнинг гапларига сабр қил ва улардан чиройли четлашла, четлаб тур», деган (10 – оят).
Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида:
«Агар иқоб қиладиган бўлсангиз, ўзингизга қилинган иқобга ўхшаш иқоб қилинг. Агар сабр қилсангиз, албатта, у сабр қилгувчилар учун хайрлидир.
Сабр қил, сенинг сабринг фақат Аллоҳ ила бўлур. Улар(ҳоли)га хафа бўлма. Улар қилаётган макрдан сиқилма», деган (126 – 127- оятлар).

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тақсим қилдилар. У зот баъзи тақсимларига ўхшатиб тақсим қилдилар. Шунда ансорлардан бир киши:
«Аллоҳга қасамки, бу тақсимлашда Аллоҳнинг розилиги ирода қилинмади», деди.
Бас, мен: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар бераман», дедимда У зотнинг ҳузурларига бордим. У зот саҳобалари билан эканлар. Мен У зотга у айтган гап ҳақида сир равишда хабар бердим. Бу У зотга оғир ботди. У зотнинг юзлари ўзгариб, ғазаблари чиқиб кетди. Ҳатто мен: «У зотга хабар бермасам бўлар экан», дедим. Сўнгра У зот:
«Аллоҳ Мусони раҳмат қилсин! У бундан ҳам кўпроқ озор еб сабр қилган эди», дедилар.
Икки Шайх ва Термизий ривоят қилган.

 

САБР ДАВОСИ ҲАҚИДА

Сабр қилиш қийин ва машаққатли бўлса ҳам илм ва амал қоришмасидан унинг маъжунини тайёрласа бўлади. Зотан, қалбнинг барча хасталикларига худди шу икки нарса, илм ва амал қоришмасидан даво тайёрланади. Аммо ҳар бир беморлик учун алоҳида илм ва алоҳида амал керак.  
Сабр турли қисмларга бўлингани каби уни ман қилувчи иллатлар ҳам турли-тумандир. Иллатнинг турига қараб иложнинг тури ҳам ўзгаради.
Бу ишнинг батафсил баён қилиш чўзилиб кетишини эътиборга олиб, қисқа бир мисол билан кифояланамиз.
Дейлик, бировнинг жинсий шаҳвати ғолиб келиб, сабр қилишга эҳтиёжи тушиб қолди. Фаржини зинодан тийишга қийналмоқда ёки фаржини тийса ҳам, кўзини тия олмаяпти. Кўзини тийса ҳам, қалбини ва нафсини тия олмаяпти. Нафси уни шаҳватга оид нарсаларни эсига солиб, зикр, фикр ва солиҳ амаллардан қолдирмоқда.
Сабр ўзи диний малаканинг ҳавойи нафс билан курашидан иборат эканини яхши биламиз. Икки курашчидан қай бири ғолиб келишини истасак, ўшани қувватлаб, қарши тарафни заифлаштиришга ҳаракат қилишимиз лозим бўлади. Демак, диний омилни қувватлашга ва ҳавойи нафсни кучсизлантиришга уринишимиз шарт.
Диний омилни қувватлаш икки хил йўл билан бўлади:
Биринчиси - мазкур одамни ҳавойи нафсга қарши курашишнинг бу дунё ва охиратдаги фойда ва самараларидан умидвор қилиш. Бу унга сабрнинг фазли ва унинг оқибати икки дунёда яхшилик эканини яхшилаб англатиш билан бўлади.
Бу услуб маърифий малака бўлиб, иймонга боғлиқ бўлади ва гоҳида кучланиб, гоҳида заифлашиб туради. У кучланганда диний омил ҳам кучланади ва заифлашганда диний омил ҳам заифлашади.
Иккинчиси - диний малакани ҳавойи нафсга қарши курашишни одатлантириш йўли. Бир нарсани кўп такрорлаш туфайли кишида ўша ишни адо этишга қувват ва маҳорат ортиб боради. Такрорлаб турмаганларда қувват ҳам, маҳорат ҳам бўлмайди. Юкчи ва деҳқонларнинг аттор ва ўқитувчилардан кучли бўлишлари ҳам шундан.
Бу ишда кучли бўлиш учун икки хил ишни амалга қўйиш керак. Аввало, адо этиладиган фазилатли ишнинг ортидан келадиган яхшиликларни такрор ва такрор эслатиб, ваъдаларни бериб туриш керак.
Қолаверса, болаларни ёшликдан ҳавойи нафсга, шаҳватга қарши курашиш руҳида атрофлича тарбиялаб ўстириш лозим.
Жинсий шаҳватни заифлаштириш эса уч хил йўл билан амалга оширилади:
1. Аввало, шаҳватни кучлантирувчи озиқ – овқат маҳсулотларига назар солиб, уларнинг турлари ва миқдорини ўрганилади. Кейин даволанаётган одамга рўза тутишни, ифтор вақтида мазкур шаҳватни кучайтирувчи таомларни тановул қилмасликни тавсия қилинади.  
2. Жинсий шаҳватнинг қўзишига сабаб бўладиган омилларни йўқотилади. Мисол учун, шаҳватни қўзғотадиган нарсаларга назар солишнинг олдини олинади.  
Аллоҳ таоло: 
«Сен мўминларга айтгин! Кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Мана шу улар учун покроқдир. Албатта, Аллоҳ нима қилаётганларидан ўта хабардордир. Ва мўминаларга айтгин! Кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар», деган. (Нур: 30-31-оятлар)

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Назар иблиснинг заҳарланган ўқларидан бир ўқдир. Бас, Ким уни Аллоҳдан қўрқиб тарк қилса, У зот азза ва жалла унга ҳаловатини қалбида топадиган иймон ила мукофотлайди», дедилар».  
Тобароний ва Ҳоким ривоят қилган.
3. Энг яхшиси шаҳватни ҳалол йўл – никоҳ йўли билан қондиришга шароит яратишдир.
Бошқа сабрга муҳтож бўлинадиган ҳолатларда ҳам шунга ўхашаш иш тутилади. Ҳар бир муаммони ҳалол йўлларни ишга солиб, атрофлича муолажа қилиш мақсадга мувофиқдир.

Топ рейтинг www.uz Openstat