Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Марҳумга 7, 40, йиллик

00:00 / 14.02.2012 | eski savollar | 1623
Ассалому алайкум.Ҳазрат сизга бир саволим бор эди. Инсон ўлгандан кейинги 7, 40, йиллик эҳсонлари биъдатлиги ҳақида эшитган эдим ва бундан маййитнинг руҳи қийналиши ҳақида ҳам эшитган эдим. Лекин яқинда биттасидан эшиттимки, бу нарсалар ўз-ўзидан пайдо бўлмаган. Бунга сабаб қилиб инсон ўлгандан кейин 7 кундан кейин маййит ишади, 40 кунда эса маййит ёрилади, 1 йилдан кейин эса маййитнинг суяклари суякларидан (бўғимларидан) ажралади деди, шу жараёнларда маййит азобланади шунинг учун эҳсон қилиб азоби енгиллашишини айтди.Шунга ўхшаш эҳсонлар қилиш керакми ёки Қуръон тиловат қилиб яширин равишда ўз молларидан эҳсонлар қилиб турса ҳам бўлаверадими? Савол жавоб саҳифангизда савоб ишларни марҳумларга бағишласа марҳумга етиб бориши ва шу баробарда ўзига ҳам етишини ўқиган эдим. Устоз юқорида берилган саволимга кенгроқ тушунтириб берсангизҲурматли устоз бизга ажратган вақтингиздан рози бўлинг.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- Ўша киши айтган кунларда ўликларда мазкур ўзгаришлар бўлса ҳам, шариатда ўша куни эҳсон қилиш ҳақида кўрсатма йўқ. Шариатда йўқ нарсани ўзича қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ўликка яхшилик қиламан деган одам дуо қилсин, Қуръони Карим тиловат қилиб савобини бағишласин ва бошқа шариатда кўрсатилган ишларни қилсин.Аввало, мусийбатга учраганлар дафндан кейинги уч кун ичида бошқаларга таом қилиб беришлари макруҳдир. Мусийбатзадаларга уларнинг яқинлари ва қўшнилари таом тақдим қилишлари мустаҳабдир. Меросхўрларнинг ичида балоғатга етмаган болалар бўлса, бошқаларга таом қилиб бериш ҳаромдир. Мазкур уч кундан кейин маййит аҳли таом қилиб, улашса, дурустлиги юзага чиқади. Аммо, шариатда «уч», «йигирма», «қирқ», «йил» ва бошқа номлар билан аталадиган маросимлар йўқ. Катта китобларда ҳам, кичикларида ҳам, арабчасида ҳам, ажамчасида ҳам бу номларнинг бирортасини топиб бўлмайди.Китобларда «Мотам муносабати ила қилинадиган таом «вазийма» дейилади» деган гап бор, холос.Ўша вазийманинг куни, ҳажми, унга пишириладиган таомнинг тури ва бошқа нарсалари белгиланган эмас. Бундай эҳсонни киши ўзидан, оиласидан, қаромоғидагилардан орттирганда, балоғатга етмаган болаларнинг ҳаққини аралаштирмасдан, кўнгли истаган пайтда қилиши мумкин. Бунда турли бидъат-хурофотларни аралаштирмаслик шарт. Фақиҳлар бу борадаги ҳужжат ва далилларни таҳлил қилиб, жумладан, қуйидаги хулосага келганлар: Маййитга савоби етадиган нарсалар:Барча уламолар маййитнинг дуо, истиғфор, садақа ва ҳаж каби баданий-молиявий ибодатлардан манфаат олишига иттифоқ қилганлар.Уламолар намоз ва Қуръон қироати каби баданий ибодатлардан маййит фойда олиши ҳақида бир оз ихтилоф қилганлар.Ҳанафийларнинг ихтиёр қилган қавллари бўйича, қорилар қабрнинг олдида ўтириб, қироат қилсалар, бўлади. Бошқа ерлардаги қироатнинг ҳам савоби етиши ҳақида шубҳа йўқ. Чунки, Қуръон қироати бўлган ерга раҳмат ва барака нозил бўлади. Қуръон қироатидан кейинги дуонинг қабул бўлиши осон.Ҳанбалийлар: «Қабр олдида қироат қилса бўлади», деганлар ва унга «Йаасийн»ни ўлганларга ўқиш ҳақидаги ҳадисларни далил қилганлар.Моликийлар: «Маййитга унинг ўлимидан кейин ва қабр олдида қироат қилиш макруҳ, чунки аввалгилар бундай қилмаган», деганлар. Аммо, уларнинг кейинги уламолари: «Қуръон қироати ва зикр қилиб, савобини маййитга бағишлаш мумкин ва бағишловчига ҳам ажр бўлади», дейишган.Аввалги Шофеъийлар: «Маййитга ўзининг амалидан бошқа амал манфаат бермайди», деганлар. Аммо, бу мазҳабнинг кейинги уламолари масалани ўрганиб, таҳқиқ қилиб чиққач: «Ўлганларга «Фотиҳа» ва бошқа сураларнинг қироати савоби етади», деганлар. Одамлар шунга амал қилганлар.Шундай қилиб, тўрт мазҳабнинг барчаси Қуръон қироатининг савоби ўтганларга етишига иттифоқ қилганлар.Ўтганларни, хусусан, ота-оналарни йўқлаш, руҳларини шод қилиш ва ортларидан савоб юбориш ҳақида сўз юритилар экан, қуйидаги ҳадиси шарифни ёдга олиш зарур бўлади.Анас ибн Моликдан эшитган кишидан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:«Албатта, амалларингиз ўлган яқинларингиз ва қарин¬дошларингизга кўрсатилур. Агар яхши бўлса, улар башорат олурлар. Агар бошқача бўлса: «Аллоҳим, бизни ҳидоят қилганинг каби ҳам ҳидоят қилмай туриб уларни ўлдирмагин», – дейишади».Аҳмад ривоят қилган.Демак, вафот этган ота-онамиз ва яқинларимизни ёдлашимиз йилда бир ёки икки марта ёзиладиган дастурхон пайтидагина эмас, ҳар лаҳзада бўлиши лозим.Аллоҳ таоло барча фарзандларга ота-оналарига тириклик чоғида барча яхшиликларни қилиб, розиликларини топиб, дуоларини олишни насиб этсин. Ўтганларидан кейинги ҳақларини ҳам шараф билан адо этишга муяссар қилсин!

Топ рейтинг www.uz Openstat