Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Сизу бизни яратгувчимизни ким яратган?

17:57 / 25 октабрь | Azizbek Toirov | 441

Ассалому алайкум! Домла берадиган саволим ноўрин бўлса мени маъзур тутинг. Сиз билан бизни ва бутун оламни яратгувчи Зот қандай яралган?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! "Фалон эркак ўғил туғибди" деса унга нима деб жавоб берасиз? Аниқки “У эркак киши, у туғилишига сабаб бўладиган киши, у туғмайди” дейсиз ва савол берувчини “Ахмоқмисан” дейсиз.  Худди шунингдек Аллоҳ таоло Яратувчи Зот, У Зот ҳақида “Уни ким яратган” дейиш “Бир эркак ўғил туғибдими” дейишга ўхшайди. Эркакни ўғил туғмаслигини ақлингиз тан олмоқда, аммо нега Яратувчи Зотни ҳеч ким яратмайди деган гапни ақлингиз олмайди. Бу ҳақида “Ҳадис ва Ҳаёт” китобида қуйидагича берилган: 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: يَأْتِي الشَّيْطَانُ أَحَدَكُمْ فَيَقُولُ: مَنْ خَلَقَ كَذَا؟ مَنْ خَلَقَ كَذَا؟ حَتَّى يَقُولَ مَنْ خَلَقَ رَبَّكَ؟ فَإِذَا بَلَغَ ذَلِكَ فَلْيَسْتَعِذْ بِاللهِ وَلْيَنْتَهِ. رَوَاهُ الثَلَاثَةُ  

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шайтон бирингизга келиб: «Буни ким яратди? Уни ким яратди?» дейди. Ҳатто: «Роббингни ким яратди?» ҳам дейди. Қачон шунга етганда, у Аллоҳдан паноҳ сўрасин ва бас қилсин», дедилар».
Учовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда инсон хаёлидан кечадиган баъзи васвасалар шайтондан эканлиги баён қилинмоқда. Шу билан бирга, ўша шайтон васвасасини қайтариш йўли ҳам кўрсатилмоқда. Шайтон Одам Ато билан ўзи орасида бўлиб ўтган машҳур можародан буён одам боласига душмандир. У Қиёмат кунигача одамзодни васваса қилишга қасам ичган. Шунинг учун ҳам, инсон ҳаргиз бу лаънатланган душманини унутмаслиги керак. Гоҳида хаёлига келиб қоладиган васвасали фикрлар, «уни ким яратган, буни ким яратган» каби саволлар бора-бора «Роббингни ким яратган?» каби телба фикрга олиб келиши ҳам турган гап. Шунинг учун мазкур ҳолат юзага келганда дарҳол: «Аъузу биллаҳи минашшайтонир рожийм», деб Аллоҳдан паноҳ сўрасин, мазкур хаёлларни миясидан қувсин! Шу билан иш тугайди. Ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб кетади. Акс ҳолда оқибати чатоқ бўлиши мумкин.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Шайтон васвасасининг ҳақлиги.
2. «Уни ким яратди, буни ким яратди?» деб бориб, «Роббингни ким яратди?» дейишгача бориб қолиш ҳам мумкинлиги.
3. Бундай ҳолатларда Аллоҳдан паноҳ сўраш лозимлиги.
4. Бундай саволларни дарҳол тўхтатиш лозимлиги.
Сиртдан содда кўрингани билан бу ҳадисда зикр қилинган масала ўта муҳимдир. Васваса кишилар учун энг нозик ва энг хатарли нарса, у ақийда бобида зарар етказади. У туфайли инсон диндан чиқиб, кофир бўлиши ҳеч гап эмас. Ушбу ҳадисда ана шундай катта муаммони ҳал этиш йўли тақдим этилмоқда. Ҳозирги кунда мусулмон оламида ҳам, ундан ташқарида ҳам васваса хасталигига учраганлар кун сайин кўпайиб кетаётгани ҳеч кимга сир эмас. Руҳий ва асабий касаллар сони тинимсиз ўсиб бормоқда. Бу эса ушбу ҳадиси шариф ва кейинги келадиган ҳадисларнинг ҳикматига инсоният қанчалик муҳтож эканлигини кўрсатади. 

وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: يَأْتِي الشَّيْطَانُ أَحَدَكُمْ فَيَقُولُ: مَنْ خَلَقَ السَّمَاءَ؟ مَنْ خَلَقَ الْأَرْضَ؟ فَيَقُولُ اللهُ، فَمَنْ وَجَدَ مِنْ ذَلِكَ شَيْئًا فَلْيَقُلْ آمَنْتُ بِاللهِ وَرُسُلِهِ  

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шайтон бирингизга келиб:
«Осмонни ким яратган? Ерни ким яратган?» дейди. У:
«Аллоҳ», дейди.
Ким шунга ўхшаш нарсани сезса, дарҳол «Аманту биллаҳи ва Русулиҳи» 
(Аллоҳга ва Унинг Расулларига иймон келтирдим), десин», дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ва ўтган ҳадисни тафсир қилиб келмоқда. Васвасанинг аввалги босқичидаёқ Аллоҳга ва У Зотнинг пайғамбарларига бўлган иймонни эълон қилиб, шайтонни қувиш ҳақида маслаҳат берилмоқда.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: قَالَ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ -إِنَّ أُمَّتَكَ لَا يَزَالُونَ يَقُولُونَ مَا كَذَا؟ مَا كَذَا؟ حَتَّى يَقُولُوا هَذَا اللهُ خَلَقَ الْخَلْقَ فَمَنْ خَلَقَ اللهَ؟- رَوَاهُمَا الشَّيْخَانِ  

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ азза ва жалла: «Албатта, умматинг: «Бу нима, бу нима?» дейишда давом эта бориб, ҳатто «Аллоҳ халойиқни халқ қилди, бас, Аллоҳни ким халқ қилди?» ҳам дейдилар», дер», дедилар».
Икки ҳадисни икки Шайх ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифга ўхшаш ҳадислар ҳадиси қудсий деб номланади. Оддий ҳадисларнинг маъноси Аллоҳ таолодан, лафзи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бўлади. Ҳадиси қудсийда эса маъно ҳам, лафз ҳам Аллоҳдан бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўчирма гап тарзида етказадилар.
Бу ҳадиси шарифда ҳам васваса борлиги исбот қилинмоқда. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat