Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Жахл устида қилинган амал ҳукми ва ғазабни муолажаси

12:47 / 27 сентабрь | Ummu F | 6124

Ассалому алайкум! Турмуш ўртоғим 5 вақт намоз ўқийдилар. Аслида яхши инсон. Аммо жахллари жуда тез. Шундай вазиятларда мени турли тухматлар ҳатто зинокорликда айблаб, куракда турмас гаплар билан хақорат қилиб урадилар. Табиийки бу холат оиламизнинг бошқа аъзолари билан муносабатимни хам ёмонлашишига олиб келяпти. Ўзларига келганларида тавба қилишларини айтсам "жавобини ўзим бераман" деб бепарво бўляптилар. Бу нарса тўхташ ўрнига кучайиб боряпти. Улар каналларни кузатиб борадилар. Сизлардан илтимос жахл устида қилинган амалларнинг қиёматдаги хукми хақида нималар дейилган?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Жаҳлдор бўлиш бу инсоннинг лойига қориштирилган нарса. Тўғри ишлатилса жуда ҳам фойдали сифат. Чунки ўрни келса Аллоҳнинг розилиги учун ҳам ғазаб қилиш керак бўлади. Нотўғри фойдаланса ўта аянчли оқибатларга олиб келади. Руҳий тарбия машойихлари: “Ғазаби чиққан инсон ўша ғазабини ичига ютса, тўлалигича нурга айланади” деганлар. Аллоҳ таоло мўминнинг сифати борасида "Оли Имрон" сурасида қуйидагича марҳамат қилади: 

 الَّذِينَ يُنفِقُونَ فِي السَّرَّاء وَالضَّرَّاء وَالْكَاظِمِينَ الْغَيْظَ وَالْعَافِينَ عَنِ النَّاسِ وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ۝

134. Улар енгилликда ҳам, қийинчиликда ҳам нафақа қиладиганлар, аччиғини ютадиганлар ва одамларни афв қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севадир.
Тақводорларнинг сифатларидан бири:
«...аччиғини ютадиганлар...»
Ғазабини ютиш энг қийин ишлардан ҳисобланади. Ғазаб инсонда турли муносабатлар ила қўзғалиб туради, уни жиловлаб олиш ҳар бир кишининг ҳам қўлидан келавермайди. Лекин тақводор киши бу оғир ишни эплаши мумкин. Яъни қалбида тақводорлик мавжуд бўлган инсонгина ғазабдан ғолиб чиқа олади.
Исломда ғазабни ютиш улуғ ахлоқлардан ҳисобланади. Қуръони Карим оятларидан ташқари, бу олий сифатнинг мақтови Пайғамбаримизнинг ҳадисларида, салафи солиҳларимизнинг ишлари ва сўзларида ўз аксини топган.
Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадисда келишича, бир киши Пайғамбар алайҳиссолату вассаломга:
– Эй Аллоҳнинг Расули, менга насиҳат қилинг, – деди. У зоти бобаракот:
– Ғазаб қилма, – дедилар. Сўраган одам кейинчалик эътироф этиб, бундай дейди:
«Расуллуллоҳ алайҳиссалом шу гапни айтганларида, ўйлаб кўрсам, ғазаб ҳамма ёмонликни ўзида жамлаган экан».
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом:
«Ким (жазо беришга) қодир бўлиб туриб, ғазабини ютса, қиёмат куни Аллоҳ уни халойиқ олдида чақириб туриб, ҳурлардан хоҳлаганини танлаб олишга имкон беради», – деганлар.
Мазкур тақводорларнинг яна бир сифатлари:
«...ва одамларни афв қиладиганлардир». Бу сифат ғазабни ютиш сифатини тўлдириб келади. Чунки иш чиройли ҳал бўлиши учун ғазабни ютиб қўйишнинг ўзи кифоя эмас. Олийжаноблик кўрсатиб, ғазабини ютган одам бу олийжаноблигини тугал қилайин деса, айбдорни афв қила олиши, кечира билиши ҳам керак.
Имом Ҳоким ривоят қилган ҳадисда: «Кимки ўзи учун жаннатда бинолар қурилишини ва даражалари кўтарилишини хоҳласа, зулм қилганни афв этсин, бермаганга берсин ва орани узганга силаи раҳм қилсин», – дейилади.
Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссолату вассалом:
«Қиёмат куни бир жарчи: «Одамларни афв қилганлар қани?! Ажрингизни олгани Роббингизнинг ҳузурига келинг!» – деб чақиради. Афв қилган ҳар бир мусулмон жаннатга киришга ҳақлидир», – деганлар.
«Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севадир».
Юқорида зикр қилинган сифатнинг соҳиблари яхшилик қилувчи саналадилар. Демак, уларни Аллоҳ яхши кўрар экан. ("Тафсири Ҳилол" китобидан).

НОЎРИН ҒАЗАБ

«Ғазаб» луғатда розиликнинг тескарисидир. Аслида, ғазаб шиддат ва қувват маъноларини англатади. Араблар қаттиқ харсангни «ғазба» дейишади. Ғазаб ҳам шундан олинган. Зотан, у қаттиқ жаҳл чиқишини англатади. Уламолар ғазаб хусусида бир-бирини тўлдирувчи бир неча таърифлар айтганлар. Журжоний «Таърифот»да ғазабни: «У қалбнинг қони қайнаганда кўксида ҳосил бўладиган бахтсизликдан шифо топадиган ўзгаришдир», деб таърифлаган (167-бет). Имом Ғаззолий: «Ғазаб қалб қонининг интиқом талабида ғалаён қилишидир», деган. Имом Ғаззолий ғазабнинг даражалари ҳақида сўз юритиб шундай дейди: «Одамлар ғазабнинг қувватида уч даражада – тафрийт (камлик), ифрот (ортиқчалик) ва мўътадилликда бўлурлар». Тафрийт (камлик) ғазаб қувватининг бутунлай йўқ бўлиши ёки заифлигидир. Бундай инсон ҳамиятсиз одам дейилади ва жуда ҳам мазаммат қилинади. Шунинг учун ҳам имом Шофеъий: «Кимнинг ғазаби қўзғатилганда ҳам ғазаби чиқмаса, эшакдир», деган. Бу даражанинг самараси аччиқ бўлади. Бундай одамлар ўзига номуссизлик ва хорликни раво кўрадиган бўладилар. Ифрот (ортиқчалик) сифати ғолиб бўлганда эса ғазаб инсонни ақл, дин ва тоат чегарасидан чиқиб кетишгача олиб боради. Ундай ғазабда одамнинг қалб кўзи ҳам, назари ҳам кўр бўлади, тафаккури ва ихтиёри ҳам қолмайди. Ғазабдаги мўътадиллик мақталган ҳолат бўлиб, унда киши ақл ва диннинг ишорасига мунтазир бўлиб туради ва ҳамият лозим бўлганда қўзғалади, ҳилм керак бўлганда босилади. Ғазабни мўътадил ҳолда ушлаб туриш Аллоҳ таоло бандаларидан талаб қилган мустақимлик ҳолатидир. Мана ўша ҳолат ўртачаликдир. Бас, ким ўзида ғазабда футурга кетиш, ҳатто рашки сусайиб қолганини ёки ўзига мос бўлмаган хорликни ҳам қабул қилишга мойилликни ҳис қилса, нафсини даволаши керак. Ким ўзида ноўрин ғазабни, ҳаддан ошишни, ман қилинган ишларни қилишга рағбатни ҳис қилса, ўзидаги ғазаб оловини ўчириш ҳаракатида бўлсин. Банда ғазаб масаласида икки нотўғри ҳолатнинг ўртасини тутиш пайидан бўлсин. Мана шу мўътадиллик сиротул мустақиймдир». Қуръони Карим ва Суннати мутоҳҳарада ноўрин ғазаб қаттиқ қораланиб, уни ютиш тарғиб қилинган. Аллоҳ таоло Шууро сурасида марҳамат қилади:

وَالَّذِينَ يَجْتَنِبُونَ كَبَائِرَ الْإِثْمِ وَالْفَوَاحِشَ وَإِذَا مَا غَضِبُوا هُمْ يَغْفِرُونَ۝

«Катта гуноҳлар ва фаҳш ишлардан четда бўладиган ва ғазабланган вақтда кечириб юборадиганлар учундир» (37-оят). Яъни бирор киши ғазабини чиқарса, кечириб юбора оладиган ҳалим бўлиш, ғазаб чиққан вақтда уни ичига ютиб, ўша ғазаб чиқишига сабабчи одамни кечириб юбориш олий даражадаги ахлоқ доирасига киради. Лекин бу, умуман ғазаб қилмаслик керак, дегани эмас. Баъзи ҳолатларда ғазабга келиш ҳатто вожиб ҳам бўлади, олийжаноблик ҳисобланади. Ояти каримада «ғазабланган вақтда» дейилаётганининг ўзиданоқ билса бўладики, Исломда инсондаги мавжуд сифатларни инкор этиш йўқ, уларни йўққа чиқаришга уринилмайди, балки уларни тартибга солиб, яхшиликка йўналтирилади, холос. Ислом инсонни нафси учун беҳуда ғазабланишдан қайтаради, ғазабини ютишни мадҳ этади. Лекин шу билан бир қаторда, Аллоҳ учун, дину диёнат учун, номус учун ғазабланишни вожиб қилади. Демак, ҳамма нарса, жумладан, ғазаб ҳам, ҳилм ҳам, ўрнида бўлиши керак. Шоир айтганидек, «Ноўрин ҳалимлик жаҳолатдир». Исломда ғазабни ютиш улуғ ахлоқлардан ҳисобланади. Қуръони Карим оятларидан ташқари бу олий сифатнинг мақтови Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларида, салафи солиҳларимизнинг ишлари ва сўзларида ўз аксини топган.

عَنْ حُمَيْدِ بْنِ عَبْدِ الرَّحْمَنِ، عَنْ رَجُلٍ مِنْ أَصْحَابِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: قَالَ رَجُلٌ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَوْصِنِي. قَالَ: «لَا تَغْضَبْ». قَالَ: قَالَ الرَّجُلُ: فَفَكَّرْتُ حِينَ قَالَ النَّبِيُّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم مَا قَالَ، فَإِذَا الْغَضَبُ يَجْمَعُ الشَّرَّ كُلَّهُ. رَوَاهُ أَحْمَدُ

Ҳумайд Ибн Абдурраҳмондан, у Набий алайҳиссаломнинг саҳобаларининг биридан ривоят қилади: 

«Бир киши Набий алайҳиссолату вассаломга: «Эй Аллоҳнинг Расули, менга насиҳат қилинг», деди. «Ғазаб қилма», дедилар. «Набий алайҳиссалом шу гапни айтганларида ўйлаб кўрсам, ғазаб ҳамма ёмонликни ўзида жамлаган экан». 

Аҳмад ривоят қилган.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم فَقَالَ: عَلِّمْنِي شَيْئًا، وَلَا تُكْثِرْ عَلَيَّ لَعَلِّي أَعِيهِ. قَالَ: «لَا تَغْضَبْ» فَرَدَّدَ ذَلِكَ مِرَارًا كُلُّ ذَلِكَ يَقُولُ: «لَا تَغْضَبْ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Менга бир нарса ўргатинг. Кўпайтириб юборманг. Шоядки, англаб олсам», деди. «Ғазаб қилма!» дедилар. У ўз сўзини бир неча марта такрорлади. У зот ҳар сафар: «Ғазаб қилма!» дедилар». 

Бухорий, Термизий ва Аҳмад ривоят қилишган.

عَنْ سَهْلِ بْنِ مُعَاذٍ  رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنْ أَبِيهِ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: «مَنْ كَظَمَ غَيْظًا وَهُوَ قَادِرٌ عَلَى أَنْ يُنْفِذَهُ دَعَاهُ اللهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ عَلَى رُؤُوسِ الْخَلَائِقِ حَتَّى يُخَيِّرَهُ مِنْ أَيِّ الْحُورِ الْعِينِ شَاءَ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ

Саҳл ибн Муъоз розияллоҳу анҳудан, у отасидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ғазабини унга амал қилишга қодир бўлиб туриб ичига ютса, Аллоҳ уни қиёмат куни халойиқнинг олдида чақириб, ҳури ийнлардан истаганини танлаш ихтиёрини беради», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. Ғазабнинг зарарлари: 1. Ғазаб Роҳман ва Роҳийм – Аллоҳ таолонинг ғазабини келтиради. 2. Ғазаб шайтонур-рожиймни рози қилади. 3. Ғазаб одамлар орасини бузади. 4. Ғазабдан ҳасад ва фисқу фасод чиқади. 5. Ғазаб ақл ва диндаги нуқсоннинг аломатидир. 6. Ғазаб ортидан узр айтиш ва надомат келади. 7. Ғазаб кўзни кўр, қулоқни кар қилади. 8. Ғазаб ўз эгасига одамлар нафратини келтириб чиқаради. ("Руҳий тарбия" китобидан).

أبي الدرداء قال : قلت : يا رسول الله دلني على عمل يدخلني الجنة ، قال : لا تغضب ولك الجنة. رواه الطبراني

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади : 

Мен : “Эй Аллоҳнинг расули мени жаннатга киргизувчи амалга далолат қилинг” дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Ғазаб қилма ва сенга жаннат бўлади” дедилар. 

Табароний ривояти. Бу ҳадис саҳиҳдир. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat