Ассалому алайкум, Шайх ҳазратлари. Саволим шуки, суннатга мувофиқ таъзия уч кундан ортиқ эмас, деб эшитдим. Лекин бизда 7, 20, 40 ва йил оши деган маросимлар бор. Шулар ҳақида тушунча берсангиз. Жавоб учун раҳмат. Илмингизга илм қўшилсин, Аллоҳ сиздан рози бўлсин ва бизга ҳам илм берсин. Омин.
- Ва алайкум ассалом!
Таъзия ва унга боғлиқ нарсалар
Таъзия билдириш маййит аҳлига тасалли бериш, уларни сабрга чақириш, қазои қадарга рози бўлишга тарғиб қилиш ва ажр олишга ундаш билан бўлади.
Таъзия уч кунгача бўлади. Чунки Расулуллоҳ алайҳиссалом мотамнинг уч кун бўлишини таъкидлаганлар. Сафарда бўлган одам уч кундан кейин таъзия билдирса ҳам бўлади.
Ҳанафий мазҳаби бўйича таъзия қабул қилиш учун масжиддан бошқа жойда уч кун ўтирса бўлади. Биринчи куни афзал. Таъзия асосан мусибат етган уйда бўлади.
Энди ўтганларни йўқлаб, эҳсон қилиш ҳақида сўз юритсак.
Бизда турли омиллар сабабидан ўтган яқинларни, хусусан, ота-онани йўқлаб, уларга ортларидан савоб юбориш ниятида таом пишириб, одамларни чорлаш кенг тарқалган. Кўпчилик ўтганларга савоб бағишлаш, деганда айнан шу ишни тушунадиган бўлиб қолишган.
Диндан узоқлашиш ва яна бошқа турли сабабларга кўра ўтганларга атаб «уч», «йигирма», «қирқ», «йил» ва бошқа номлар билан аталадиган маросимлар ўтказиш одатга айланган. Бу каби маросимларни ўтказишнинг ўзига хос «қоида»лари ҳам шаклланган. Уларга биноан кун санашнинг ҳам услуби бор: маросимни тоқ кунларда қилиш керак эмиш. Қилинадиган таомларнинг ҳам тайини бор. Яна шунга ўхшаш бидъат-хурофотлар анчагина. Бу ишларда асосан аёллар ва маҳаллалардаги маросимчиларнинг гапи гап бўлади. Баъзи жойларда маййит дафн қилинган куни жонлиқ сўйиб, таом пиширишга киришиб кетилади. Юқорида номи айтилган маросимларнинг қилинмаслиги ўтганни хорлашдек кўрилади. Хуллас, бу борада шариатга тўғри келмайдиган гаплар ва ишлар анчагина бор.
Шунинг учун ҳам ушбу мақомда бу масалани қисқача ёритиб ўтишни маъқул топдик.
Аввало, дафндан кейинги уч кун ичида мусибатга учраганларнинг бошқаларга таом қилиб беришлари макруҳдир. Мусибатзадаларга уларнинг яқинлари ва қўшнилари таом тақдим қилишлари мустаҳабдир. Меросхўрларнинг ичида балоғатга етмаган болалар бўлса, бошқаларга таом қилиб бериш ҳаромдир.
Мазкур уч кундан кейин маййит аҳли таом қилиб, улашиши дурустлиги юзага чиқади. Аммо шариатда «уч», «йигирма», «қирқ», «йил» ва бошқа номлар билан аталадиган маросимлар йўқ. Катта китобларда ҳам, кичикларида ҳам, арабчасида ҳам, ажамчасида ҳам бу номларнинг бирортаси учрамайди.
Китобларда «Мотам муносабати ила қилинадиган таом вазийма дейилади», деган гап бор, холос.
Ўша вазийманинг куни, ҳажми, унга пишириладиган таомнинг тури ва бошқа нарсалари белгиланган эмас. Бундай эҳсонни ўзидан, оиласидан, қарамоғидагилардан орттирганда, балоғатга етмаган болаларнинг ҳаққини аралаштирмасдан, кўнгил истаган пайтда қилиш мумкин. Бунда турли бидъат-хурофотларни аралаштирмаслик шарт.
Фақиҳлар бу борадаги ҳужжат ва далилларни таҳлил қилиб, жумладан, қуйидаги хулосага келганлар:
Маййитга савоби етадиган нарсалар:
Барча уламолар маййитнинг дуо, истиғфор, садақа ва ҳаж каби баданий-молиявий ибодатлардан манфаат олишига иттифоқ қилганлар.
Уламолар намоз ва Қуръон қироати каби баданий ибодатлардан маййит фойда олиши ҳақида бир оз ихтилоф қилганлар.
Ҳанафийларнинг мухтор (ихтиёр) қилган қавллари бўйича, қорилар қабрнинг олдида ўтириб, қироат қилсалар бўлади. Бошқа жойларда қилинган қироатнинг савоби етиши ҳақида шубҳа йўқ. Чунки Қуръон қироати бўлган жойга раҳмат ва барака нозил бўлади. Қуръон қироатидан кейинги дуонинг қабул бўлиши осондир.
Ҳанбалийлар: «Қабр олдида қироат қилса бўлади», деганлар ва бунга ўтганларга Ёсинни ўқиш ҳақидаги ҳадисларни далил қилганлар.
Моликийлар: «Маййитга унинг ўлимидан кейин ва қабр олдида қироат қилиш макруҳ, чунки аввалгилар бундай қилишмаган», деганлар. Аммо уларнинг кейинги уламолари: «Қуръон қироати ва зикр қилиб, савобини маййитга бағишлаш мумкин ва бағишловчига ҳам ажр бўлади», деганлар.
Аввалги шофеъийлар: «Маййитга ўзининг амалидан бошқа амал манфаат бермайди», деганлар.
Аммо кейинги уламолари таҳқиқ қилиб: «Ўлганларга Фотиҳа ва бошқа суралар қироатининг савоби етади», деганлар. Одамлар шунга амал қилганлар.
Шундай қилиб, тўрт мазҳабнинг барчаси Қуръон қироатининг савоби ўтганларга етишига иттифоқ қилганлар.
Ўтганларни, хусусан, ота-оналарни йўқлаш, руҳларини шод қилиш ва ортларидан савоб юбориш ҳақида сўз юритилар экан, қуйидаги ҳадиси шарифни ёдга олиш зарур бўлади.
عَمَّنْ سَمِعَ أَنَسَ بْنَ مَالِكٍ يَقُولُ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ أَعْمَالَكُمْ تُعْرَضُ عَلَى أَقَارِبِكُمْ وَعَشَائِرِكُمْ مِنَ الْأَمْوَاتِ، فَإِنْ كَانَ خَيْرًا اسْتَبْشَرُوا بِهِ، وَإِنْ كَانَ غَيْرَ ذَلِكَ قَالُوا: اللَّهُمَّ لَا تُمِتْهُمْ حَتَّى تَهْدِيَهُمْ كَمَا هَدَيْتَنَا». رَوَاهُ أَحْمَدُ.
Анас ибн Моликдан эшитган кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Амалларингиз ўлган яқинларингиз ва қариндошларингизга кўрсатилур. Агар яхши бўлса, улар хушхабар олурлар. Агар бошқача бўлса, «Аллоҳим, бизни ҳидоят қилганинг каби уларни ҳам ҳидоят қилмай туриб, ўлдириб қўймагин», дейишади».
Аҳмад ривоят қилган.
Демак, вафот этган ота-онамиз ва яқинларимизни ёдлашимиз йилда бир ёки икки марта ёзиладиган дастурхон пайтидагина эмас, ҳар лаҳзада бўлиши керак.
Аллоҳ таоло барча фарзандларга ота-оналарига тириклик чоғида барча яхшиликларни қилиб, розиликларини топиб, дуоларини олишни насиб этсин. Ўтганларидан кейинги ҳақларини ҳам шараф билан адо этишни муяссар қилсин!
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077